2.2 Параллелизм ва унинг Усмон Азим шеъриятида тутган ўрни
Поэтик асар ҳажм жиҳатдан қисқалиги ва унда мазмун баёнидан кўра ҳиссий кечинмалар ифодасининг устунлиги матндаги ҳар бир лингвистик бирликнинг ўзида муайян юк ташишини тақозо этади.
Мазмунни ифодалашнинг йўллари кўп, албатта. Бунга, айниқса, шеърий матнларда эҳтиёж катта бўлади. Чунки ифоданинг энг қулай йўли топилмаса, яхши мазмун ҳам тингловчи ёки ўқувчига тўлалигича етиб бормаслиги мумкин. Эътироф этиш керак, бу борада шеърий матн оҳангдорлиги жуда ҳам аҳамиятли бўлади.
Оҳангдорликни таъмин этадиган воситалардан бири – параллелизм ҳодисасики, унга мурожаат этмаган ижодкорнинг ўзи йўқ. Аммо шеърий санъатнинг бу усулидан фойдаланишда шоирлар ўзларига хос бўлган йўлдан борадилар. Бу фикрни Усмон Азим ҳақида ҳам айта оламиз.
Параллелизмнинг юзага келишида тилнинг барча сатҳ унсурлари иштирок этгани боис, тадқиқотчилар уларни, одатда, учга – товуш, ритмик, композицион параллелизмларга ажратадилар ва параллелизм дейилганда ёнма-ён (қўшни) гаплар ёки нутқ бўлакларининг (эга, кесим, тўлдирувчи ва б.) бир хил синтактик тизилишини тушунадилар.75
Усмон Азим шеъриятини кўздан кечириш унинг поэтик индивидуаллигида параллелизм асосий тасвирий-стилистик воситалардан бири эканлиги маълум бўлади. Фикримизни исботлашга киришгунга қадар лингвопоэтикада параллелизм назариясига оид айрим қарашларга тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Параллелизм стилистик фигура сифатида барча халқлар поэзиясида қадимдан кенг тарқалган. Табиат ва жамият ҳаётидан олинган параллел образлар, уларнинг ўзаро қиёсланиши, бу қиёсларнинг поэтик матнда тенгма-тенг, кетма-кет, баъзан қарама-қарши структураларда келтирилиши ёки сўзларнинг тескари тартибда жойлашиши параллелизм фаоллигининг асосий омилларидан бўлган.
Шеърий матн назариясига оид қарашларда мисра, банд, ёки умуман парча таркибида ҳар қандай бирликнинг такрорланиши интонацион инерция яхлитлигини пайдо қилиши ҳақида мулоҳазалар баён этилган.76 Буни кенгроқ кўламда талқин қилиш ҳам мумкин. Яъни ҳар бир шеърий асар яхлит бир матн ҳисобланиши, ундаги ҳар бир лингвистик бирлик иккинчиси билан боғлиқлиги сингари унинг таркибидаги такрор қўлланган элементлар ҳам талаффузига кўра бошқа бирликлардан фарқ қилиб туриши ва бир хил даражада ўзига урғу олиши лозим бўлади.
Мана шу ҳолат шеър мисраларининг ўқилишида ритмо-мелодик ҳолатларини белгилайди ва айнан мана шу матннинг ўзигагина хос бўлган просодикани келтириб чиқаради.77
Бу тасвирий воситага берилган таърифлар анчагина. Масалан, ўзбек тадқиқотчилари атаманинг мазмунини қуйидагича шарҳлаганлар:
А.Ҳожиев параллелизмни ёнма-ён гаплар, синтагмаларнинг бир хил синтактик қурилишга эга бўлиши деб изоҳлайди.78
Ҳ.Ҳомидий ва бошқаларнинг «Адабиётшунослик терминлари луғати»да шундай изоҳларни ўқиймиз: Параллелизм – (гр. parallelos – ёнма-ён борувчи сўзидан) – поэтик нутқ усулларидан бири – икки ҳодисани ёнма-ён қўйиб тасвирлаш орқали уларни бир-бирига қиёс этиш, қарама-қарши қўйиш усули. Бу усул икки ҳодиса (нарса) ўртасидаги ўхшашлик ёки фарқни очиб беради, поэтик нутқнинг ифодали, тасвирнинг жонли ва ёрқин бўлишига хизмат қилади.
…Агар бир хил поэтик ифода айнан ёнма-ён келтирилган бўлса, бу синтактик параллелизм дейилади…
Do'stlaringiz bilan baham: |