Лингвостилистик тажриба методи. Лингвопоэтикага оид бу каби тадқиқотларда лингвостилистик тажриба методи лингвопоэтик таҳлилнинг асосий методларидан бири сифатида тилга олинади (В.Задорнова, А.Липгарт). Бу метод бадиий матн фактлари ўртасидаги ўзаро муносабатни тизим сифатида тушунишга асосланган. Бунинг натижасида ҳар қандай муносабатларнинг қоришиб кетиши, алоҳида олинган бир фактнинг ўзгаришга юз тутиши фавқулодда тез ҳис қилинади ва бу ўзгаришга юз тутган элементни баҳолаш ҳамда вазифасини аниқлашга кўмаклашади. Тадқиқотчи тажриба ўтказаётиб, бир лексемани иккинчиси билан алмаштириш, сўз тартиби ва оҳангнинг ўзгариши ва бунинг натижасида юз берган маъно ўзгаришларини кузатиши мумкин бўлади.
Лингвопоэтиканинг жаҳон тилшунослигида тавсия этилган бу каби таҳлил методларидан ўзбекча бадиий матнлар тадқиқида ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Айни пайтда, лингвопоэтик тадқиқотларнинг бевосита вазифаси шакл ва мазмун яхлитлигида бадиий матн тадқиқи методларини излаш ва ўзбек бадииятининг миллий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда янги таҳлил усулларини тавсия этиш долзаб масалалардан бўлиб ҳисобланади. Ўзбек филолог олимлари М.Йўлдашев ва М.Ёқуббековалар ёзган докторлик диссертацияларида гарчи уларнинг ўзлари тавсифлаш, қиёсий-таснифий, контекстуал, компонент таҳлил, функционал, концептуал, структурал таҳлил методларидан фойдаланганлигини айтишган бўлсалар-да, бу илмий тадқиқотларда юқорида тилга олинган замонавий таҳлил методларидан фойдаланганлиги ҳам яққол сезилиб туради.
Ўзбек лингвопоэтикаси ўз тараққиётининг янги босқичида лингвопоэтик тадқиқотларни замон талабларига жавоб берадиган методлар асосида олиб бориши бу борадаги кузатишларни навбатдаги поғонага олиб чиқади.
Кўзланган мақсаддан келиб чиқиб, бадиий матн тадқиқини турли методлар ёрдамида олиб бориш мумкин ва буларнинг ҳар бири ўрни билан аҳамиятли саналади. Жумладан, лингвопоэтик тадқиқотлар ҳам ана шу таҳлил методларидан фойдаланади ва бунда матн мазмуни ва ифода шаклини яхлитликда олиб қарашга ҳаракат қилинади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, В.Я.Задорнова ва А.А.Липгартлар томонидан ишлаб чиқилган лингвопоэтик таҳлил методлари бугун ҳар қандай ўзбекча адабий матнларни ҳам тадқиқ этиш ҳамда унинг бадиий-эстетик таъсир кўламини белгилашга имкон беради.
Биринчи боб юзасидан қисқача хулосалар
Инсонда борлиқдан нафақат моддий, балки маънавий озиқланиш эҳтиёжи мавжуд экан, бу эҳтиёж таъминотига хизмат қиладиган бадиий асарлар ҳам ёзилаверади. Бу асарларнинг тил материалини илмий тадқиқ этиш эса нафақат ижодкорлар ёки илмталаб инсонларнинг, балки адабий асарларни ўқишга ўзида руҳий эҳтиёж сезадиган кишилар учун ҳам фойдалидир. Бадиий адабиёт ва унинг тили юзасидан олиб борилган тадқиқотлар ижодкор тафаккур оламининг кенгайишига хизмат қилиши баробарида, китобхонлар эстетик дидининг такомиллашувига ҳам кўмаклашиши шубҳасиз. Шу маънода, ўзбек тилидаги бадиий матнларнинг лингвистик таҳлили ҳамиша долзарблигича қолаверади.
Бадиий матннинг шаклланишида асосий омил – ёзувчи омилидир. Унинг ижод йўли ва услуби эса мутлақо индивидуалдир. Унинг маҳорати сабаб, матнда қўлланилган ҳар бир тил материали поэтик бирликка ва фақат шу ижодкор услубига хос бўлган индивидуал воситага айланиши мумкин.
ХХ асрнинг бошларида поэзияни ўрганишда лингвопоэтик йўналишнинг шаклланиши Ю.Тынянов, В.Жирмунский, Р.Якобсон, Б.Эйхенбаум, В.Виноградовларнинг номи билан боғлиқ. Лингвопоэтиканинг назарий асосга қўйилишида, айниқса, Р.Якобсон ва В.Виноградовларнинг хизматлари каттадир.
Бадиий адабиётнинг эстетик таъсири масалалари билан кейинчалик ХХ асрнинг атоқли олимларидан бири О.Ахманова унинг шогирдлари В.Задорнова ва А.Липгартлар шуғулланишди ва лингвопоэтиканинг алоҳида филологик соҳа сифатида шаклланишига катта ҳисса қўшишди.
Ўзбек филологияси илмида бадиий тил муаммолари билан шуғулланиш, унинг назарий асослари ва амалиёт методикасини яратиш ўзининг узоқ тарихига эга. Улуғ Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асари бунинг ёрқин далилидир.
Ўтган асрнинг бошларида Фитрат, Чўлпон, Ойбек, Иззат Султон, кейинчалик Аюб Ғуломов сингари ижодкорлар ва олимлар бадиий тил муаммолари билан шуғулланишган. Йиллар ўтгани сайин бу тадқиқотлар кўламининг кенгайиб, мавзуга оид назарий қарашларнинг тобора такомиллашиб борганлиги кузатилади.
Ўзбек халқи тафаккурида бўлаётан ўзгаришлар, оламни бадиий-эстетик идрок этиш талаб ва имкониятларининг орта бориши билан бадиий матнни илмий тадқиқ этишга бўлган талаблар ҳам кучайиб бормоқда. Бунинг натижасида бугун ўзбек филологиясида матннинг лингвопоэтик ва когнитив, лингвомаданий ва антропоцентрик таҳлили масаласи кун тартибига қўйилди.
Мустақиллик йилларида И.Мирзаев, С.Каримов, М.Ёқуббекова, М.Йўлдошев, Д.Худойберганова, Ё.Одиловларнинг докторлик; Г.Муҳаммаджонова, Д.Шодиева ва бошқаларнинг номзодлик диссертациялари ҳамда бир қатор монографиялар ана шу бўшлиқни тўлдирувчи тадқиқотлар сифатида майдонга келди. Бу амалга оширилган ишлар нафақат бадиий матн, балки ижодкор идиостилини аниқлашнинг янгича методларини ҳам белгилаб берди.
Номлари тилга олинган олимларнинг тадқиқотлари туфайли лингвопоэтиканинг предмети, мақсад ва вазифалари белгилаб олинди. Унинг тилшунослик ва поэтика ўртасидаги оралиқ фан сифатида стилистика билан умумий ва фарқли жиҳатлари ҳамда кузатиш объектлари ва таҳлил методларига аниқлик киритилди. Лингвопоэтика бу – филологиянинг бадиий матндаги стилистик белгиларга эга бўлган тил бирликлари уларнинг вазифалари, қиёсий аҳамияти ва муайян ғоявий-бадиий мазмунини бериш ҳамда эстетик самарадорлик яратиш билан боғлиқ ҳолда қараладиган бўлимидир, деган хулосага келинди.
Бинобарин, лингвопоэтик тадқиқотлар умумфилологик тадқиқотларнинг ўзига хос чўққиси ҳисобланади ва унинг учун инсоний туйғуларнинг юксак ифодаси бўлган тилнинг олий мақомдаги имкониятлари кузатиш объекти сифатида олинади. Ишлаб чиқилган лингвопоэтик таҳлил методлари бугун ҳар қандай ўзбекча адабий матнларни ҳам тадқиқ этиш ва унинг бадиий-эстетик таъсир кўламини белгилашга имкон беради.
Лингвопоэтика артемага бадиий-нутқий шакл бирлиги сифатида қарайди. Артемалар эса адабий матнда бадиий актуаллашган сўз ва сўз бирикмаларидир. Ҳар бир ижодкорнинг поэтик индивидуаллиги хусусида сўз юритилганда айнан ана шу артемалар ва уларнинг бадиий матнда актуаллашуви масаласига эътибор қаратилади.
Ёзувчининг индивидуал услуби масаласи бадиий асар тили муаммоларини ўрганишнинг марказида туради. Уни бадиий адабиёт услублари тараққиётига хос бўлган қонуниятлардан ажратиб олиб ўрганиш мумкин эмас. Лингвопоэтик тадқиқотлар ҳам бевосита шоир ва ёзувчиларнинг ўзига хос бўлган индивидуал услубини таҳлил этиш билан чамбарчас боғлиқ. Ижодкорнинг бадиий маҳоратини ўрганиш унинг тил маҳоратини ўрганиш демакдир.
Ушбу тадқиқотларда билдирилган мулоҳазалар кейинги олиб бориладиган кузатишлар учун назарий манба бўлиб хизмат қила олади. Ҳар қандай матн, унинг ифода шакллари, хусусан бадиий матн ҳақида, матнга лингвопоэтик ёки когнитив ёндашув, экспрессивлик ва эстетик таъсир ҳамда бадиий-эстетик бутунлик тушунчалари, интертекстуаллик, бадиий матннинг лингвопоэтик таҳлил тамойиллари ва методлари ҳақидаги қарашлар шулар жумласидандир. Лингвопоэтик таҳлил жараёнида шакл ва мазмун диалектикаси, тилшунослик ва адабиётшуносликдаги ёндош соҳаларнинг бирлашуви, матнда актуаллашаётган лингвистик бирликларнинг поэтик валентлиги, уларнинг бадиий тафаккурга хос инъикоси каби масалаларга янгича ёндашувлар ҳақидаги илмий маълумотлардан ҳам шу манбалар орқали озиқланиш мумкин.
Тилшунослик, адабиётшунослик, поэтика ва эстетика фанлари учун ғоят муҳим назарий хулосалар беришга хизмат қиладиган бадиий матннинг лингвистик таҳлили коммуникатив-эстетик вазифани бажарадиган индивидуал тил тизимини тадқиқ этишга йўналтирилган лингвостилистик тажриба, семантик-стилистик, қиёсий-стилистик, статистик-стилистик таҳлил, когнитив таҳлил, лингвопоэтиканинг баён типлари, уч босқичли таҳлил, бадиий усул лингвопоэтикаси, лингвопоэтик қиёслаш, лингвопоэтик стратификация сингари ўз таҳлил методларига эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |