Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Мазкур тадқиқот натижалари 2 та халқаро ва 5 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича 26 илмий иш, жумладан, 3 та луғат, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 4 та мақола, жумладан 3 таси республика ҳамда 1 таси хорижий журналларда нашр қилинган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч асосий боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан ташкил топган бўлиб, умумий ҳажми 154 саҳифадан иборат.
Биринчи боб
ПОЭТИК ИНДИВИДУАЛЛИК ТИЗИМИДА ЛИНГВИСТИК ВОСИТАЛАР МУАММОСИ
1.1.Лингвопоэтика ва унинг тилшуносликда ўрганилиши
Ижодкорлар асарлари тилини таҳлил қилиш она тилимизни чуқур ўрганиш йўлларидан биридир. Ўтган асрнинг 30-40-йилларида бошланган бу хайрли иш босиб ўтган йўлга бир назар ташлаш соҳага оид тадқиқот кўламининг аста-секин кенгая бориши баробарида тобора такомиллашиб, илмий асосининг мустаҳкамланиб борганлигини кузатамиз. Халқимизнинг улуғ зиёлилари Ойбек, Аюб Ғуломлар бошлаб берган бу тажриба тилшунослигимизнинг бугунги тараққиёт босқичига келиб ўзининг лингвопоэтик тадқиқотлар даражасига кўтарилди, яъни тилнинг олий мақомдаги қадр-қиммати – тингловчи ва ўқувчига бадиий-эстетик таъсир кўрсатиш, инсон қалбидай чексиз бир ҳилқат тубига яширинган ноёб ҳис-туйғулар рўёбининг олий ифодаси сифатидаги имкониятларини теран англаш минглаб йиллар давомида тўпланган билим ва малака асосида, айни пайтда, замонавий таҳлил методлари асосида тадқиқ этила бошлади. Мустақилликка эришганимиздан кейин инсон омили ва манфаатлари ҳар қачонгидан ҳам юксак поғонага кўтарилгани боис бу тадқиқотларда антропоцентрик, когнитив ва лингвокультурологик тамойиллар асосида олиб бориладиган бўлди.
Биз она тилимизни уммонга қиёслаймиз ва бу ҳаракатимиз энг тўғри амалдир. Чунки бойликнинг бир қисмигина уммон юзасида кўриниб тургани ва асосий қисми унинг қаърида яширингани каби, тил бойлигимизнинг жуда кам қисми юзада, яъни кўпчилигимизга маълум ва тушунарли. Асосий қисми эса яширинган ҳолатда бўлади.
Гарчи тилдан фойдаланиш ҳуқуқига ҳамма эга бўлса-да, ундан фойдаланиш даражаси бир хил эмас. Оддий бир тил истеъмолчиси тил уммонининг юза қисмида жойлашган, кундалик маиший эҳтиёжи учун зарур бўлган сўзлардангина фойдаланса, бадиий ижод билан машғул бўлганлар бу уммоннинг энг тубида бўлган жавоҳирларни ҳам топа олиш ва уни марварид сингари ижод шодасига тера олиш қобилиятига эгадирлар. Шу боисдан ҳам бадиият билан шуғулланувчи ижодкорларнинг тилдан фойдаланиш маҳоратини ўрганиш улар кашф этган она тилимиз бойликларини қайтадан кашф этиш ва тилимиз амалда бўлиш қонуниятларининг бадиий ижод соҳасидаги янги қирраларини очиш билан баробардир.
Биз мазкур диссертация ишимизда ўзбек халқининг севимли фарзанди ва ижодкори, халқ шоири ва ноёб истеъдод соҳиби Усмон Азим шеъриятига ана шу позицияда туриб ёндашамиз.
Биз ижодини тадқиқот объекти қилиб олган адабиётимиздаги йирик фигура Усмон Азим ҳар икки давр – мустабид шўролар даври ва мустақиллик даврида самарали ижод қилган ижодкордир. Шунинг учун унинг асарларини ғоявийлик позициясида, давр ижтимоий-сиёсий, маданий-маиший контекстида ўрганиш ва поэтикасига даврнинг ижтимоий-маданий шарт-шароитларидан келиб чиқиб баҳо бериш мақсадга мувофиқ бўлар. Аммо биз бу йўлдан бормаймиз. Бизни, биринчи навбатда, бу улкан сўз санъаткорининг она тилимиз бойликларидан фойдаланишдаги маҳорати ва индивидуаллиги, бадиият соҳасидаги изланишларида кўмаклашган ифода усуллари қизиқтиради.
Тўғри, ғоясиз бадиий асарнинг ўзи йўқ. Унда хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, муайян маънавий-маърифий фикр, ҳис-туйғу баён этилади. Биз учун уларни ифодалаётган тил воситаларининг танланиши, ифода жараёнида товланишлари, матн структурасида жойлашувидан юзага келадиган маъно оттенкалари, эстетик таъсир кўрсатишга йўналтирилган шаклий ўзгаришлар муҳимдир. Чунки айнан мана шу ҳолатлардагина ижодкорнинг поэтик индивидуаллиги, бадиий тафаккурдаги, она тилининг сиру синоатларини англашдаги салоҳияти намоён бўлади.
Ўзбек бадиий тафаккурининг нодир намуналари бўлган Усмон Азимнинг ижодига филология илмида муносиб баҳо бериб келинган ва келинаётган бўлса-да, масаланинг юқорида қайд этилган жиҳатлари ҳали ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.
Усмон Азим ижодини жаҳон адабиёти контекстида олиб ўрганиш, уларга инсоният асрлар давомида жамлаган олий тафаккур йиғиндиси, айни пайтда, Усмон Азим ифода услубигагина хос бўлган фавқулоддалик ва кутилмаганлик маҳсули деб қараш муҳимдир.
Усмон Азим шеъриятининг бадиий жиҳатларини стилистик ва лингвопоэтик аспектда яхлит тадқиқ этиш унинг ўзбек миллий ва бадиий тафаккури тараққиётида тутган ўрни ҳақида мулоҳаза юритишга кўмак беради. Зеро, унинг шеърий асарлари матнини лингвопоэтик таҳлил этишда биз ҳам ана шу мақсадларни кўзладик.
Буюкларимиз «фан жамият тараққиётини олға силжитувчи куч, восита бўлмоғи лозим»лигини таъкидлаган эдилар.4 Дарҳақиқат, ўзбек тилшунослик илми ҳам жамият маънавиятини, илму маърифатини олға бошловчи локомотив бўлиши, тилимизнинг барча соҳаларида илмий кузатишлар олиб бориб, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари учун тилдан фойдаланишнинг мукаммал саводлиликка асосланган энг қулай ва тушунарли йўллари ва воситаларини тавсия этишлари лозим. Бунинг учун эса тил илмини мукаммал эгаллаш ва тиним билмай оммалаштириш лозим бўлади. Усмон Азим бадииятининг тил хусусиятларини тадқиқ этиш ҳам ана шу йўлдаги саъй- ҳаракатлардан бири ҳисобланади.
Адабий матннинг бадиий-поэтик асар сифатида шаклланишини тил материалисиз тасаввур қилиш мутлақо мумкин эмас. Унинг муаллифи бўлган ижодкор эса бу ноёб материалдан фойдаланишда ўзига хос йўлдан бориши ҳам ижод жараёнидаги табиий бир ҳолдир. Ҳар бир шоир ва ёзувчининг фаолияти ва тилга бўлган муносабати эса индивидуалдир. Бинобарин, лингвистик воситаларнинг бир ижодкор асарлари матнидаги қўлланилиши бошқа бир ижодкор манерасига ҳеч қачон тўғри келмайди. Унинг бу фаолиятини поэтик индивидуаллик тизимида ўрганиш нафақат шоир ва ёзувчининг ижод услуби, балки она тили ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам муайян хулосаларга келиш имконини беради.
Диссертация ишининг мазкур бўлимида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ижодий материали мисолида поэтик индивидуаллик ҳақида сўз юритишдан аввал ушбу масаланинг ўзбек ва жаҳоннинг айрим тилшуносликларидаги ёритилишига доир фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтамиз.
Бадиий асар тили турли усулларда ўрганилиб, бу борада кўплаб илмий тадқиқотлар яратилган бўлса-да, мавзу бугунги кунда ҳам ўзининг долзарблик ва янгилик бўёғини йўқотган эмас. Токи бадиий асарлар яратилаверар экан, уларнинг тилини ва ижодкор поэтик маҳоратини тадқиқ этиш давом этаверади. Нега деганда, ёзувчининг индивидуал услуби, аввало, унинг тилида акс этади.
Бу ҳақида машҳур рус ёзувчиси К.Фединнинг қуйидаги фикрларини келтириш ўринлидир: «Ёзувчининг маҳорати ҳақидаги гапни тилдан бошлаш керак. Тил ҳамма вақт асарнинг асосий материали бўлиб қолади. Бадиий адабиёт бу тил санъатидир. Ҳатто бадиий форманинг бош бўлакларидан бўлган композиция ҳам ёзувчи тилининг ҳал қилувчи аҳамияти олдида кейинда туради. Биз етилмаган ёки ҳатто ёмон композицияли яхши адабий асарларни биламиз. Аммо тили ёмон яхши асарнинг бўлиши мумкин эмас. Ёзувчи умрбод сўз устида ишлаши керак.5
Бу ҳақида Ҳ.Ғуломнинг қуйидаги фикрлари ҳам диққатга сазовордир: «Тил устидаги иш ёзувчи ижодининг туб асосидир. Мавзу танлангач, мақсад аниқлангач, қаҳрамонлар, уларнинг портретлари ва характерлари лўнда тасаввур этилгач, адиб қўлига қалам олиб, асарни бошлар экан, сўз устидаги давомли, машаққатли, бениҳоя иш бошланади. Бу ишда ёзувчининг бисоти – узоқ йиллар давомида йиғиб тўплаган сўз хазинасидан у қунт билан жумла шодалари теради. Ўй-фикрдаги бойлик ҳам, ёзув столларидаги яширин ён дафтарлар ҳам ишга тушади. ...Сўз керак! Янги, оҳори тўкилмаган, воқеага, қаҳрамон ички дунёсига, унинг нозик феъл-атворини очишга хизмат қиладиган, ўқувчини дафъатан ҳайратга солиб қўйишга қодир сўз керак!.. Ўз асарига тилнинг калитини топа билган ёзувчи ўз услубида равон ижод қила олади. Дунёда тил яратишдан мураккаб санъат йўқ».6
ХХ асрнинг бошларида поэзияни ўрганишда лингвопоэтик йўналишнинг шаклланиши Ю.Н.Тынянов, В.М.Жирмунский, Р.О.Якобсон, Б.М.Эйхенбаум ва бошқа атоқли олимларнинг номи билан боғлиқ, – деб ёзади М.Степанов. – Ана шу пайтдан бошлаб поэзия илмий тушунчада, биринчи навбатда, эстетик феномен бўлишдан тўхтади. Поэзиянинг эстетик вазифаси иккинчи планга чекинди. Поэзия ва тил муносабатлари структураси, поэзия ва тилнинг ўзаро таъсири масалалари биринчи планга чиқди.7
Дарҳақиқат, Р.Якобсон лингвопоэтика фанининг асосчиларидан бири бўлди ва унинг ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Олимнинг бу борадаги назарий қарашлари унинг, асосан, «Поэтика масалалари» (1987) асарига жамланган. «Поэтика – бу вербал ахборотларнинг, умуман, поэтик функциясини ва, хусусан, поэзияни лингвистик тадқиқ этишдир», деб ёзган эди у.8 Биз ҳам Р.Якобсон қарашларини ўрганишда ўрни билан И.Мирзаевнинг таржималардан фойдаландик.
Дунё тилшунослигида стилистика ва лингвопоэтиканинг тамал тошларини қўйган олимлардан бири, шубҳасиз, академик В.В.Виноградовдир.
В.Виноградов «Стилистика. Поэтик нутқ назарияси. Поэтика» асарида, биринчи навбатда, лингвостилистика ва лингвопоэтиканинг предметини, уларнинг ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатларини кўрсатиб берди: «...тадқиқотнинг ҳеч бўлмаганда, уч хил доирасини чегаралаш лозим бўлади. Бу – биринчидан, «системалар системаси» сифатидаги тил стилистикаси ёки структурал стилистика, иккинчидан, нутқ стилистикаси, яъни тилдан ижтимоий фойдаланишнинг турли кўриниш ва ҳолатлари, учинчидан, бадиий адабиёт стилистикаси. Поэтик нутқ назарияси ва тарихи ҳамда поэтика айнан кейингиси қаторига киради».9
Шунингдек, В.Виноградов ушбу асарида адабиётшунослик ва тилшунослик ҳамда бошқа санъатшунослик ёндашувлари поэтика доирасида бирлашиб кетишини таъкидлайди. «Поэтика поэтик нутққа суянар ва бир қадар унга асосланар экан, адабий асар структурал элементларининг соф лингвистик таҳлил воситалари ва принциплари билан чегараланиб қолиши, фақат бадиий ижодий қурилишнинг тили ва нутқига алоқадор бўлган категория ва шаклларга ўралашиб қолиши мумкин эмас. У бадиий ижоднинг санъатшунослик ва адабиётшуносликнинг умумий назариялари ҳамда тушунчалари билан бойиб боради. Шундай қилиб, поэтика доирасида адабий-бадиий асарлар структурасини ўрганишнинг ҳам лингвистик, ҳам эстетик-стилистик, ҳам адабиётшунослик ҳамда санъатшунослик усуллари бирлашади».10
Шундай экан, ёзувчининг асардан асарга маҳорати ошиб бориши, ўз устида ишлаш жараёнининг асарларида намоён бўлиши, ёзувчи ва унинг асарларининг адабиётда тутган ўрни масалалари лингвопоэтик таҳлил асосида олиб борилса, ҳам адабиётшунослик, ҳам тилшунослик илмида муаммонинг муваффақиятли ечилишига олиб келади.
В.Виноградов билан бир қаторда тилшунослик ва адабиётшуносликда мавзуга оид жуда кўплаб қарашлар баён этилган. Масалан, акад.Л.В.Шчерба «Бадиий матн лингвистик тадқиқининг мақсади лингвистик воситалар ёрдамида адабий асарнинг ғоявий мазмуни ва у билан боғлиқ бўлган эмоционал мазмунни кўрсатишдир», – деган бўлса, проф. Б.В.Томашевский адабий асарни тушуниш учун тор доирадаги лингвистик маълумот етарли эмаслигини айтган. Р.Будагов ҳам ўзининг «Тил ҳақидаги фан адабиёт ҳақидаги фанга нима бериши мумкин» мақоласида бу икки фан бир-бирига кўп нарса беришини айтади.11
Б.Саримсоқов ҳам ушбу фикрга ҳамфикр бўлиб, шундай ёзади. «...Тилшуносми ёки адабиётшуносми, лингвопоэтикада, бадиийлик (образлилик) масалаларида бирлашиб кетишлари лозим, шундагина улар ҳақиқий филологга айланадилар. Бадиийлик муаммолари соф филологик муаммолардир».12
И.Мирзаев эса лингвопоэтика филологиянинг яхлитлигини тиклаши мумкин бўлган соҳа деб эътироф этилаётганини, бу соҳадаги тадқиқотларни кўпайтириш ва кучайтириш зарурлигини таъкидлайди ва қуйидагиларни ёзади: «филологиянинг яхлитлигини тиклаш тилшунослик, адабиётшунослик, шеършунослик ва бошқаларни асло инкор этмайди, аксинча, улар қўлга киритган ютуқларни матн таҳлилига татбиқ этади ва шу орқали, бир томондан ўқувчининг мазкур фанлар бўйича олган билимларини мустаҳкамлайди ва, иккинчи томондан, унда ҳақиқий филолог (ўз фикрини оғзаки ва ёзма шаклларда аниқ, ихчам, лўнда, мантиқан изчил баён қилиш, нотиқлик санъати) кўникмаларини шакллантиради. Бунга эришишнинг ягона йўли эса матннинг филологик (лингвопоэтик) таҳлилидир».13 Унинг қуйидаги фикрлари ҳам эътиборга моликдир: «Лингвопоэтика тил ва нутқ дихатомиясига монанд иш кўриб, тилнинг умумий муаммоларини қамраб олиш билан бирга, тармоқ фанлар вазифаларини ҳам ўз ичига олади ва шу тарзда филология бирлигини таъминлашга кенг имкониятлар яратади».14 Поэтика поэтик матнларни тушунтиришда бошланғич нуқтадир. Бу, албатта, уларни бошқа жиҳатдан таҳлил қилишга монелик қилмайди. «Шеърий матнни таҳлил қилувчи тилшуноснинг вазифаси «адабийлик» ёки, бошқача айтганда нутқнинг поэтик асарга айланиши ва шу айланишни амалга оширувчи приемлар тизимини ўрганишдир.15 Лингвопоэтика тадқиқ этилаётган асарнинг ўзига хослигини аниқлашда ёрдамлашади ва кенг миқёсдаги умумлашмалар учун материал беради.
Бадиий адабиётнинг эстетик таъсири масалалари билан кейинчалик ХХ асрнинг атоқли олимларидан бири О.С.Ахманова, унинг шогирдлари В.Я.Задорнова ва А.А.Липгартлар шуғулландилар ҳамда лингвопоэтиканинг алоҳида филологик соҳа сифатида шаклланишига катта ҳисса қўшдилар.
В.Задорнова докторлик диссертациясида лингвопоэтик таҳлил методологияси ва унинг бадиий ижод намуналари стилистик тавсифига оид кузатишлардан фарқи масалаларини ўрганган ва «Матннинг лингвопоэтик таҳлили у ёки бу стилистик усулларни аниқлаш эмас, балки бадиий асар ижод намунаси бўлган эстетик таъсирини изоҳлашга йўналтирилган», деган фикрни билдирган ва лингвопоэтиканинг предмети, мақсад ва вазифалари ҳақида қуйидагиларни айтган: «Филологиянинг алоҳида бўлими сифатида лингвопоэтиканинг предмети бадиий матнда эстетик таъсирни таъминлайдиган, ёзувчининг ғоявий-бадиий маслагини гавдалантирадиган тил воситалари мажмуи ҳисобланади». «Лингвопоэтик таҳлилнинг мақсади тилнинг у ёки бу бирлиги (сўз, сўз бирикмаси, синтактик қурилма) бадиий ижод жараёнига қандай жалб этилишини, тил воситаларининг у ёки бу ўзига хос бирикувлари қандай қилиб эстетик самарадорликни вужудга келтиришга хизмат қилишини таҳлил этишдан иборатдир».16
Бошқа бир ўринда ҳам лингвопоэтиканинг предмети ҳақида сўз юритган: «Филологиянинг алоҳида бўлими сифатида бадиий асарда ёзувчининг эстетик таъсир ўтказишини таъминлайдиган, ғоявий-бадиий маслагини юзага чиқаришга кўмаклашадиган тил воситаларининг йиғиндиси лингвопоэтиканинг предмети бўлиб ҳисобланади».17
Лингвопоэтика назариясига оид қарашлар ўз аксини топган энг кейинги манбалардан бири А.А.Липгартнинг «Лингвопоэтика асослари» асаридир. Лингвистика ва поэтиканинг оралиғида юзага келган лингвопоэтика соҳасининг предмети, мақсад ва вазифалари тадқиқига бағишланган ушбу асар чуқур таҳлилларга таяниб ёзилган. Жаҳоннинг турли тилларида чоп этилган мавзуга дахлдор 400дан ортиқ илмий манбанинг ўрганиб чиқилганлиги, В.Виноградов, В.Томашевский, А.Потебня, Р.Якобсон, О.Ахманова, И.Гальперин, М.Бахтин, В.Задорнова сингари таниқли рус филолог олимларининг қарашлари таҳлил учун асос бўлганлиги ҳам шундан далолатдир.
Ўзбек тилшунослигида бадиий асар тилини ўрганишда методологик асос бўлиб хизмат қилган академик В.Виноградов қарашлари А.Липгарт учун ҳам таянч нуқтасини бажарган. Муаллиф бадиий матннинг лингвопоэтик тадқиқи В.Виноградов тадқиқотлари билан узвий боғлиқ эканлигини эътироф этади, рус адабиётининг барча классиклари асарларига берилган лингвопоэтик изоҳлар унинг қаламига мансублигини айтади ва унинг бу борадаги қарашларини китобнинг «Тил функциясининг трихотомия категориал табиати хусусида «алоқа/хабар/таъсир» бўлимида таҳлил қилади. Олимнинг фикрича, бу трихотомия ўзининг категориал характери билан тилнинг бошқа таснифларидан принципиал фарқ қилади ва уни тилнинг барча элементларига татбиқ этиш мумкин бўлади. Тилнинг бу вазифаси функционал услубларда намоён бўлади. Агар қаердадир бу вазифани бажариш меъёри бузилган бўлса, унда ҳам тил бирликларининг қандайдир қўшимча самарадорлик бериши назарда тутилади.18
В.Виноградов таълимотини шарҳлаб, А.Липгарт таъкидлайдики, тилнинг алоқа вазифаси семантик планда лексик сатҳ имкониятларидан кенг фойдаланади ва асосан сўзлашув услубида, хабар-ахборот вазифаси эса, биринчи навбатда, ифода мантиғига асосланган ва семиотик асосга қурилган илмий матнларда кўпроқ намоён бўлади. Тил таъсир вазифасини бажаришга ўтганда деформацияга юз тутиши мумкин ва бунда тил бирликларининг айримлари актуаллашади ва ўзининг потенциал имкониятларини намойиш этади. Бадиий адабиёт тил таъсир кучининг ёрқин намунасидир.
Аллитерация, ассонанс, рифма, оҳангнинг ўзгарувини тартибга солиш ва бошқа суперсегментал воситалар, синтактик параллелизм, сўзни унга хос бўлмаган морфологик шаклда ёки лексик-фразологик қамровда қўллаш тилнинг ана шу таъсир ўтказишга йўналтирилган кўринишларидир. В.Виноградов таклиф этган бу тил трихотомияси лингвопоэтик тадқиқотларда ҳамиша диққат-эътиборда туриши лозим бўлади.
А.Липгарт лингвопоэтик таълимотлар тарихида Москва давлат университетида узоқ йиллар фаолият олиб борган, дунёга танилган олим О.Ахманова ва унинг тилшунослик мактаби вакилларининг хизмати катта эканлигини таъкидлайди ва шу мактаб вакили В.Задорнованинг лингвопоэтикага оид фикрларига эътиборни қаратади.
А.Липгарт гап нима ҳақда бораяпти – умуман асарда иштирок этаётган тил бирликлари ҳақидами ёки таъсир ўтказишга хизмат қилаётганлари ҳақида? деган савол қўяди ва қуйидагича жавоб беради: «Муаллиф томонидан қўлланган барча тил воситаларини лингвопоэтик таҳлил доирасида ўрганиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки уларнинг маълум қисмигина эстетик самара берадиган қўшимча оттенкаларга эга. Агар гап таъсир вазифасини бажаришга йўналтирилган бирликлар ҳақида кетаётган бўлса, унда уларнинг соф лингвопоэтик сатҳ ёки унгача бўлган лингвостилистик сатҳ доирасидаги функционал-стилистик дахлдорлиги аниқланиши зарур».19
А.Липгарт мана шу қарашларга таянган ҳолда лингвопоэтиканинг тушунча аппаратини белгилайди ва унинг лингвостилистикадан фарқли жиҳатларини кўрсатиб беради.
Унинг фикрича, умуман бадиий матнлар эстетик жиҳатдан бир хилда бўлмаса-да, яхлит ҳолда ўқувчига эстетик таъсир ўтказишга қодир дейлик. Бундай пайтда тил бирликларининг соф ахборот характери билан биргаликда улардаги қўшимча хусусиятлардан фойдаланиш ҳам эстетик самарадорликни яратишнинг бир воситасига айланади. Кўпчилик тил истеъмолчиларининг фикрича, эстетик қимматга эга бўлган матн тил нуқтаи назардан кўпинча тўлиқ ёки қисман нейтрал, уларнинг эстетик таъсири эса мутлақ матн композицияси ёки мавзуси билан боғлиқ бўлади.
«Эътиборга лойиқ тил воситаларидан ҳоли бундай матннинг эстетик хусусиятлари таҳлили стилистик аломатларга эга бўлган тил бирликлари учрайдиган матндан сифат жиҳатдан мутлақо фарқ қилади ва умуман матннинг эстетик хусусиятлари ва унинг лингвопоэтик хусусиятлари таҳлилини чегаралаш зарурати шундан келиб чиқади», – дейди А.Липгарт.20 Унинг фикрича, мана шу иккинчиси, яъни лингвопоэтик таҳлил лингвистик тадқиқотлар предмети саналади, биринчиси эса, ҳал этиши зарур бўлган масалаларнинг кўплигидан лингвопоэтика доирасидан ташқарига чиқади. Эстетик таъсир ва таъсир вазифаси терминларини чегаралаш ҳақидаги фикр ҳам шундан пайдо бўлган. Бундан матннинг эстетик хусусиятлари ва лингвопоэтик хусусиятлари таҳлилини бир-биридан чегаралаш керак, деган хулоса келиб чиқади.
А.Липгарт яна қуйидагиларни ёзади: «Ўқувчига эстетик таъсир кўрсатадиган у ёки бу бадиий матнда кўпгина омиллар қаторида стилистик белгиларга эга бўлган тил бирликлари ҳам мавжуд. Ана шу бирликлар тилнинг таъсир вазифасини амалга оширади, яъни муайян шароитларда бу бирликларни лингвопоэтик бирликларга айлантириш хусусиятига ва эстетик қимматга эга бўлади».21 Бинобарин, стилистик белгиларга эга бўлган тил бирликлари эстетик самарадорлик учун хизмат қилади.
А.Липгарт лингвопоэтикага қуйидагича таъриф беради: «Лингвопоэтика бу – филологиянинг бадиий матндаги стилистик белгиларга эга бўлган тил бирликлари уларнинг вазифалари, қиёсий аҳамияти ва муайян ғоявий-бадиий мазмунини бериш ҳамда эстетик самарадорлик яратиш билан боғлиқ ҳолда қараладиган бўлимидир».22
«Лингвопоэтика асослари» асарида А.Липгарт лингвопоэтиканинг мазмун-моҳиятига доир ўз мулоҳазаларини билдириш баробарида унинг стилистикага, адабиётшуносликка муносабатини чуқур таҳлил қилади ва лингвопоэтик таҳлил методларини белгилаб беради. Биз ишимиз давомида олимнинг бу қарашларидан бевосита фойдаланамиз.
Хўш, биз тилнинг эстетик вазифаси ҳақида нималарни биламиз? Тилнинг эстетик вазифаси тушунчаси дастлаб поэтик вазифа термини билан Р.Якобсоннинг «Лингвистика ва поэтика» асарида ишлатилган эди. Тилнинг ижтимоийлик моҳиятини англатувчи алоқа-хабар-таъсир триадасидаги учинчи вазифа доирасида эстетик таъсир кўрсатиш кучи ҳам қамраб олинади. Бадиий адабиётда қўлланиладиган барча лингвистик воситалар тил маданияти талабларига жавоб берган ҳолда, бадиий нутқнинг эстетик кўламдорлигини оширишга хизмат қила олиши мумкин. Демак, тилнинг бошқа вазифалари билан бир қаторда эстетик вазифаси ҳам жуда муҳим категория ҳисобланади. Н.Маҳмудов таъбири билан айтганда, «эстетик вазифа тилнинг асосий коммуникатив вазифасини қулайлаштиради, унинг имкониятларини бойитади. Тил ва нутқ айни шу эстетик вазифаси билан ифодалилик, таъсир қувватини намоён қилади».23 Шунинг учун асар тилини ўрганишдаги вазифалардан бири тилнинг худди шу эстетик қийматини тадқиқ этишга қаратилган бўлади.
Соҳа тадқиқотчиларининг юқорида айтилган фикрларидан шу нарса маълум бўладики, лингвопоэтиканинг асосий ўрганиш объекти – бадиий матн бўлиб, матнни таҳлил қилиш орқали ижодкорнинг бадиий маҳорати, ўзига хос услуби, тил бойликларидан фойдаланиши, ёзувчининг умумхалқ тилига муносабати ўрганилади. Шу боисдан лингвопоэтик тадқиқотлар умумфилологик тадқиқотларнинг ўзига хос чўққиси ҳисобланади ва унинг учун инсоний туйғуларнинг юксак ифодаси бўлган тилнинг олий мақомдаги имкониятлари кузатиш объекти сифатида олинади.
Тилни ўрганишнинг бу кўринишида ҳам диалектик қонуниятлар – мазмун ва шакл яхлитлиги сақлаб қолинади. Лингвопоэтик таҳлилга таъсир вазифасини амалга оширувчи тил элементлари намоён бўладиган, эстетик самарадорликнинг юзага келишига шароит яратадиган лингвостилистик таҳлил ворислик қилади. Тўғри, лингвостилистик таҳлил кўлами ғоятда кенг – у муайян тилдаги барча функционал услуб элементларини қамраб олади. Аслида улар ўртасидаги нозик фарқлардан бири ҳам ана шу. Аммо нутқнинг барча турларини ўрганадиган стилистикадан фарқли ўлароқ лингвопоэтика бадиий матнлар услуби билан шуғулланади.24
Муайян тил бирлигида мавжуд бўлган стилистик оттенкалар ҳали уларнинг лингвопоэтик хусусиятлари ҳақида хулосага келиш имконини бермайди. Бунинг учун улар адабий матн таркибига кириши ва бадиий асар мазмуни такомилида иштирок этиши ҳамда эстетик таъсир воситасига айланиши зарур бўлади.
В.Задорнова ва А.Липгартларнинг таъкидлашича, адабий асарнинг бадиий-нутқий шакли, унинг мазмуни ва тили нисбатида лингвопоэтиканинг предмети ҳисобланади. Бадиий-нутқий шакл бирлиги артема дейилади.
Артема – бу шундай сўз ёки сўз бирикмасики, муаллифнинг махсус ҳаракати натижасида унинг семантик асосидан (асарнинг бадиий мазмуни элементи сифатида) бадиий фикр ўсиб чиқади.
Тропнинг барча турлари (метафоралар, метонимиялар ва бошқ.); бадиий матн мисраларининг контакт бирликлари кесишувидаги услубий алмашинувлар; бадиий аҳамиятга эга бўлган кенгайишлар, қисқарувлар ёки тил шакллари таянч бирликлари семантикасидаги ўзгаришлар; услубий аломатларга эга бўлган лексика (диалектизмлар, оддий сўзлашув элементлари, ижтимоий, ёшга оид ва профессионал жаргонлар)дан фойдаланиш; хронологик материаллар (историзм ва архаизмлар); ксенолексика – ўзга тиллардан олинган ва кодификациялашмаган ўзлашмалар; лексик ва синтактик индивидуал-муаллиф окказионализмлари бадиий-нутқий шакл бирликлари саналади.
Бадиий образнинг нутқий тузилишидаги «туташ элементлар» сифатида бадиий-нутқий шакл бирликлари – артемалар – бадиий актуаллашган сўз ва сўз бирикмалари майдонга чиқади. Ҳар бир артема у ёки бу бадиий образнинг яратилишида қатнашадиган минимал бадиий-маъновий элементни ўзида мужассам этади.
Бадиий ва қурилиш вазифасидан ташқари артемалар маълум бир прагматик вазифани ҳам бажаради: муаллифнинг интенциясини, коммуникатив стратегияси ва воқеликка эстетик муносабатини назарда тутган у ёки бу эстетик самарадорликни юзага чиқаради.25
Ўзбек филологияси илмида ушбу муаммо билан шуғулланиш ўзининг тарихий илдизларига эга. Масалан, ўзбек адабий тилининг тасвирий имкониятлари ва унинг поэтика учун аҳамияти нақадар муҳим эканлигини Алишер Навоий ўзининг «Муҳокамат ул-луғатайн» ва бошқа асарларида бундан олти аср муқаддам ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан исботлаб берган эди.26
Дарҳақиқат, инсон тириклиги ва мавжудлигининг муҳим белгиси бўлган тил инсоният жамоа бўлиб яшай бошлаган пайтларидан то ҳозиргача ўзининг ижтимоий вазифасини мукаммал даражада адо этиб келмоқдаки, бу ҳолатни дунёдаги ҳар бир ривожланган тил, жумладан, ўзбек тили мисолида ҳам кузатишимиз мумкин.
Ўзбек тилининг шаклланиши, туркий халқлар ва миллатимиз тарихий тараққиётида тутган ўрни кейинги асрларда илм аҳли томонидан чуқур ўрганиб келинмоқда ва бу тадқиқотлар тил истеъмолда бўлишининг олий намунаси бўлган бадиий тил муаммоларини ҳам қамраб олган.
Ушбу муаммо ўзбек филологияси фанида ўтган асрнинг бошларида кун тартибига қўйилган эди. Масалан, Абдурауф Фитратнинг «Тилимиз» (1919), «Ёпишмаган гажаклар» (1924), «Адабиёт қоидалари» (1926); Чўлпоннинг «Адабиёт надур?», «Тилимизнинг ишланиши» (1923) номли мақолаларида бадиий асар тилига доир фикрлар баён қилинганлигини эслайлик. 1933-1934 йилларда «Адабий газета» саҳифасида бадиий асар тили ҳақида уюштирилган мунозарада И.Султон, Р.Мажидий, М.Ҳаким сингари ўзбек олимларининг иштироки, Ойбекнинг «Ўзбек поэзиясида тил» (1934) мақоласи, «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» (1936) номли рисолалари муҳим аҳамият касб этган.
XX асрнинг 40-йилларидан эътиборан бадиий адабиёт тили масалаларига алоҳида эътибор берила бошланди. Бундай жиддий кузатишлар А.Ғуломовнинг «Бадиий адабиётнинг тили ҳақида» ва «Бадиий асар тилидаги баъзи камчиликлар ҳақида» номли мақолалари билан бошланган, дейиш мумкин.27
Шундан сўнг Ш.Шоабдураҳмонов томонидан «Равшан» достонининг бадиий тили ҳақида» (1949) ёзилган номзодлик диссертацияси, А.Шомақсудовнинг Муқимий асарлари тилига доир кузатишлари (1953) бу борадаги тадқиқотлар кўламининг кенгайиб боришига сабаб бўлди. Кейинчалик Х.Дониёров ва А.Ашрапов, Р.Қўнғуров, М.Пўлатов ва М.Ҳусаиновларнинг мақолалари пайдо бўлди.28
Собиқ Иттифоқ даврида 1950-60 йилларда «Адабий газета» саҳифаларида, «Адабиётшунослик масалалари» ва «Тилшунослик муаммолари» журналларида бадиий асар тилини ўрганиш масалаларига бағишлаб уюштирилган, «Адабий газета»да бадиий адабиёт стилистикасига бағишланган баҳс ва мунозаралар бу йўналишдаги тадқиқотлар кўламининг кенгайишига сабаб бўлди.29 Кейинчалик худди шу мавзудаги баҳслар 1985 йилдан эътиборан «Шарқ юлдузи» журналида ҳам ташкил этилди ва «Ўзбек тили ва адабиёти», «Совет мактаби» журналларида давом эттирилди.30
Ушбу ишларга ва ундан кейинги йилларда бадиий тил муаммоларига бағишланган тадқиқотларга билдирилган муносабатлар ва ўрни билан берилган шарҳлар бизни такрордан қутқаради.31
Бадиий адабиёт тилини ўрганишга бағишланган ушбу кузатишларнинг маълум қисми алоҳида олинган шоир ва ёзувчиларнинг тили тадқиқига бағишланганлиги билан эътиборга моликдир.32 Бу тадқиқотларда икки йўналиш кузатилади. Докторлик ва номзодлик диссертациялари шаклида олиб борилган тадқиқотларнинг биринчи йўналишида ижодкорлар асарларидан улар яшаган давр тилини ўрганишда материал сифатида фойдаланганлик кўзга ташланади. Халқ оғзаки ижодининг айрим намуналари ёки Ўзбекистон жумҳуриятида пайдо бўлган илк вақтли матбуот материаллари тадқиқи ҳам бунга далил бўла олади. Бадиий адабиёт намуналарини лингвостилистик аспектда ўрганиш, ижодкорларнинг индивидуал тили ва услубини тадқиқ этиш иккинчи йўналишни ташкил этади. Шубҳасиз, бизга мавзу нуқтаи назаридан иккинчи йўналишда олиб борилган ишлар муҳим ҳисобланади.
Индивидуал тил ва услуб нуқтаи назаридан олиб борилган ишлар асосан номзодлик диссертацияси даражасида бўлган ва ҳали ўзбек тилшунослигида ижодкор услубини тил аспектида ўрганишда етарли тажриба тўпланмаган ва назарий қарашлар мукаммаллашмаган, тадқиқот методлари аниқ белгилаб олинмаган бир даврда амалга оширилди. Шунинг учун уларнинг аксариятида ижодкор индивидуал услубини ёки алоҳида олинган асар услубини белгилашда тил материалига асосланишдан кўра таҳлилда адабиётшунослик мезонларига таяниб иш кўрилганлиги сезилиб туради.33
Ўтган асрнинг 70-80-йилларидан эътиборан ўзбек тилшунослигида бадиий асар матнини лингвопоэтик нуқтаи назардан ўрганишга алоҳида эътибор қаратила бошлади ва бунда Н.Маҳмудовнинг Ойбек шеърияти ва Абдулла Қаҳҳор ҳикояларининг лингвопоэтикаси таҳлил этилган ишлари шулар жумласидандир.34 Олимнинг «Ойбекнинг ўхшашсиз ўхшатишлари» мақоласида шеър поэтикаси учун ҳам алоҳида аҳамиятли бўлган, шоирга турли нарса-ҳодиса, мураккаб ҳолат ва шу кабиларнинг беҳад ихчам тасвирларини, ёрқин образларини яратишда иштирок этадиган муайян тил воситалари таҳлил қилинган. Абдулла Қаҳҳор ҳикояларининг лингвопоэтикаси таҳлил қилинган иккинчи мақолада олим адиб услубига хос бўлган оригинал тил бирликларига эътиборимизни тортади. Ижодкор қаламида она тилимиздаги ҳар қандай лингвистик бирлик кутилмаган поэтик воситага айланиши мумкинлигини мана шу мақоладаги таҳлиллар мисолида аниқ ҳис этамиз».35
А.Шомақсудов, Х.Дониёров, И.Қўчқортоев, Р.Қўнғуров, Э.Бегматов, М.Мукаррамов, Х.Назарова, М.Содиқова, Б.Бафоев, Б.Ўринбоев, Қ.Самадов, С.Тўрабекова, Б.Йўлдошев, Л.Абдуллаева, Б.Умурқулов, С.Каримов каби олимларнинг ўзбек тили стилистикасининг назарий масалалари билан шуғулланиши, функционал стилистиканинг кенг кўламда тадқиқ этилиши, айрим стилистик категорияларнинг чуқур ўрганилиши бадиий адабиёт тилини, хусусан, алоҳида олинган шоир ва ёзувчилар тилини тадқиқ этишни ҳам янги босқичга кўтарди.36
Муаммоларни тадқиқ этиш жараёни матн структурасини ўрганишнинг ҳозирги босқичида матн лингвистикаси, прагмалингвистика, лингвостилистика, лингвопоэтика ва когнитив тилшунослик сингари соҳалари ривожланиб бораётган бир шароитда кечмоқда.
Бинобарин, ўзбек миллий бадиий тафаккурининг тобора юксалиб бораётгани, оламни идрок этишнинг асосий таянчи бўлган тил материалига когнитив ёндашув тилнинг эмоционал-экспрессив табиатини янада чуқурроқ ҳис этиш ва бунда тил истеъмолчиларининг юқори поғонасидан ўрин эгаллаган бадиий ижод соҳиблари услубини ва улар яратган ижод маҳсулининг тил материалини бадиий-эстетик талаблар нуқтаи назаридан тадқиқ этиш вазифасини кун тартибига қўймоқда.
Мустақиллик йилларида ўзбек бадиий матни муаммоларига, хусусан унинг лингвопоэтикаси масалаларига бағишланган бир неча диссертациялар ҳимоя қилинди, монографиялар нашр этилди. И.Мирзаевнинг «Шеърий матнни лингвопоэтик талқин қилиш муаммолари», С.Каримовнинг «Ўзбек тилининг бадиий услуби», М.Ёқуббекованинг «Ўзбек халқ қўшиқларининг лингвопоэтик хусусиятлари», М.Йўлдошевнинг «Бадиий матннинг лингвопоэтик тадқиқи» номли докторлик диссертациялари, М.Йўлдошевнинг «Чўлпоннинг бадиий тил маҳорати», Г.Муҳаммаджонованинг «80-йиллар охири 90-йиллар бошлари ўзбек шеъриятининг лингвопоэтик тадқиқи», Д.Шодиеванинг «Муҳаммад Юсуф шеърияти лингвопоэтикаси», Ш.Ҳайдаровнинг «Бадиий матнда парцеллятив конструкцияларнинг қўлланилиши», Д.Жамолидинованинг «Бадиий нутқда парантез бирликларнинг семантик-грамматик ва лингвопоэтик хусусиятлари», Ф.Ибрагимованинг «Бадиий матнда эллипсис ва антиэллипсис» номли номзодлик диссертациялари, М.Муҳиддинов ва С.Каримовларнинг «Ғафур Ғуломнинг поэтик маҳорати», Б.Йўлдошев, З.Шодиевларнинг «Уфқ» трилогиясининг лингвопоэтик тадқиқи масалалари» монографиялари шулар жумласидандир.37
Дарҳақиқат, ўзбек халқининг тарихий ютуғи бўлган ўз мустақиллигини қўлга киритиши бу халқнинг тилини ўрганишда ҳам инқилоб ясади. Жумладан, ўзбек тили стилистикаси юзасидан олиб борилган кенг кўламли кузатишлар бадиий матнларни тадқиқ этишни янги поғонага олиб чиқди. Энди бадиий матн таҳлили жаҳон тилшунослик ва адабиётшунослик илми андозаларига мос келадиган талаблар асосида олиб бориладиган бўлди. Илмий кузатишларнинг бу босқичида лингвопоэтик тадқиқотлар бадиий матн билан шуғулланувчи олимларнинг диққат марказига кўчди.
…Ўз навбатида, лингвопоэтик кузатишларнинг ўз тадқиқ методлари шаклланди ва бадиий матн таҳлилида антропоцентрик назарияга таянишнинг ҳамда она тили материалига когнитив ва лингвокультурологик ёндашувларнинг таъсири сезиларли бўлмоқда. Шунингдек, компьютер технологиялари ривожи натижасида матн тадқиқига янги лингвостатистик методларнинг татбиқ этила бошлагани ҳам ижодкор идиостилини аниқлашда муайян қулайликларни яратмоқда ва бу борадаги кузатишларни янги поғонага олиб чиқмоқда. И.Мирзаев, М.Йўлдошев, Г.Муҳаммаджонова, Ш.Шодиева, Г.Жуманазарова ва М.Қосимоваларнинг тадқиқотларида ана шу жиҳатлар яққол кузатилади.38
И.Мирзаевнинг «Шеърий матнни лингвопоэтик талқин қилиш муаммолари» номли докторлик диссертацияси ўзбек тилшунослигида мазкур йўналишдаги дастлабки йирик ишлардан биридир. Диссертациядаги лингвопоэтик кузатишлар объекти сифатида шеърий нутқ олинган. Унда Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Асқар Мухтор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Усмон Азим сингари ўзбек ижодкорлари асарлари матни лингвопоэтик нуқтаи назардан тадқиқ этилган. Бу ишда олим ўзбек шеъриятининг ўзига хос хусусиятларини ўрганар экан, унга ижодкорнинг бадиий маҳоратини аниқлаш нуқтаи назаридан ёндашади.
Шунингдек, И.Мирзаевнинг «Қофия мазмуни шаклланишининг лексик морфологик воситалари», «Лингвистик поэтика ва унинг филологик таҳлилдаги ўрни», «Лингвопоэтик таҳлил филолог-ижодий тафаккур соҳибини тайёрлашнинг бирламчи омили эканлиги ҳақида», «Лингвопоэтика: юзага келиши, муаммо ва ечимлари» асарлари ҳам бевосита ушбу мавзуга бағишланган.39
Таъкидлаганимиздек, ўзбек адабиётшунослиги ва тилшунослигида бадиий асар тили ва услубий хусусиятларини ўрганиш ўтган асрда бошланган бўлса ҳам, уни лингвопоэтик планда ўрганиш ҳали жиддий кун тартибига қўйилмаган эди. Бу ишга М.Йўлдошев биринчилардан бўлиб қўл урди ҳамда «Бадиий матннинг лингвопоэтик тадқиқи» мавзусида докторлик диссертациясини ёзди ва «Бадиий матн лингвопоэтикаси» (Тошкент, 2008) номли монографиясини эълон қилди.40
Ушбу тадқиқот ўзбек филологиясида лингвопоэтик тадқиқотларга кенг йўл очиб берган методологик йўлланма бўлди. Шу пайтга қадар жаҳон ва рус тилшунослиги ва адабиётшунослигида мавзуга оид юзага келган асарлар тўғрисида қисман, ўзбек филологиясидаги асарлар юзасидан эса атрофлича берилган маълумотлар ва амалга оширилган таҳлиллар шундай дейишимизга асос бўла олади.
М.Йўлдошев ўрганган илмий манбалар ўзбек тилшунослигида бадиий матннинг лингвопоэтик тадқиқи манзарасини тўла ёрита олади. Чунки унда соҳага оид асосий ишлар таҳлил қилинган ва баҳо берилган. Муаллиф бу йирик тадқиқотга киришгунга қадар «Чўлпоннинг бадиий тил маҳорати» (2000) мавзусида номзодлик диссертациясини ёзиб, муайян билим ва тажриба тўплагани боис бу йирик ишга киришишни ҳам узоқдан бошлаган – дастлаб тилшунослигимиздаги матн муаммосини атрофлича ўрганган ва бу ҳақда шаклланган қарашларини диссертациянинг биринчи бобида батафсил ёритган.41
Олимнинг таъкидлашича, матн лингвистикаси тилшунослик йўналиши сифатида жаҳонда ўтган асрнинг 60-йилларида жиддий ўрганила бошлаган ва бунда Прага лингвистик тўгараги ҳамда қатор Европа ва рус тилшунослигида шаклланган илмий мактабларнинг хизмати катта бўлган. Ўзбек тилшунослигида бу соҳада А.Ғуломов ва Ғ.Абдураҳмоновлар бошлаб берган ишлар уларнинг издошлари томонидан давом эттирилган. Диссертацияда бу кузатишларга ҳам муносабат билдирилган.
М.Йўлдошевнинг матн ҳақидаги фикрини қуйидагича умумлаштириш мумкин: Гап ва суперсинтактик бирликлар яхлитлигидан ташкил топган ва суперсинтактик бутунлик саналадиган матннинг оғзаки ва ёзма шакллари мавжуд. Улар турғун ва эркин, бадиий ва нобадиий кўринишларга эга: «Асосий мақсад-моҳиятида коммуникатив вазифа етакчилик қилган матнни нобадиий матн деб, асосий мақсад-моҳиятида эстетик вазифа етакчилик қилган матнни эса бадиий матн дейиш маъқул».42
Тадқиқотнинг ютуқларидан бири – унда бадиий матннинг мазмуни ҳақидаги қарашлардир: «Бадиий матн мазмуни ҳақида гап борар экан, икки хил мазмун турини фарқлаш лозим: объектив (нейтрал) мазмун, яъни бадиий матнда бевосита ифодаланган мазмун ва бадиий (эстетик) мазмун, яъни турли усуллар ҳамда тегишли ишоралар билан ифодаланган мазмун, тўғрироғи, муаллифнинг айтмоқчи бўлган асосий гапи, фикр-ғояси».43
Муаллиф фикрича, бадиий маъно фақат матнда юзага келади, бундай маънони тўғри идрок этиш учун баъзан яхлит жумла, баъзан суперсинтактик бирлик, асарнинг бир боби, ҳатто тугал асар матни билан танишишга тўғри келади. Бадиий маъно анча кенг матнда бадиий мазмун унсури сифатида воқеланадиган ўзига хос лингвопоэтик тушунчадир.44
Шундан сўнг М.Йўлдошев бадиий матннинг лингвопоэтик таҳлили ҳақида мулоҳаза юритган ва унинг асосий тамойиллари сифатида қуйидагиларни белгилаган: мазмун ва шакл бирлиги, макон ва замон бирлиги, матн тилининг умумхалқ тили ва адабий тилга муносабати, матнга бадиий-эстетик яхлитлик, бутунлик сифатида ёндашиш, матнда поэтик актуаллашган тил воситаларини аниқлаш, матндаги эксплицитлик ва имплицитлик нисбатини аниқлаш, матндаги интертекстуаллик механизмларининг лисоний ва семантик хусусиятларини аниқлаш каби.
Тил бирликларининг бадиий-эстетик қиммати ҳақида мулоҳаза юритилган учинчи боб ўзида бу бирликларнинг поэтик актуаллашуви таҳлилига оид қарашларни мужассам этган муҳим қисмдир.
Бобда поэтик актуаллашадиган фонетик-график, лексик, морфологик ва синтатик воситалар алоҳида-алоҳида тадқиқ этилган ҳамда уларнинг эстетик салмоғи ҳақида сўз юритилган. Тил сатҳларига оид бу таҳлилларнинг ҳар бири ва иш якунида келинган хулосалар ўзбекча бадиий матнлар лингвопоэтик тадқиқида қўлланма ва йўлланма бўла олади. Биз ишимизда уларга ўрни билан мурожаат қиламиз.
Адабий матнлар лингвопоэтикасига бағишланган навбатдаги йирик тадқиқот М.Яқуббекованинг «Ўзбек халқ қўшиқларининг лингвопоэтик хусусиятлари» номли докторлик диссертациясидир.45
Диссертация ишида ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодининг намунаси бўлган қўшиқларга лингвофольклористиканинг объекти сифатида қараган М.Яқуббекова ушбу жанр намуналарида содир бўладиган поэтик ҳодисаларнинг моҳиятини очиб беришга эътибор берган ва қўшиқлар матнидаги тасвирий воситалар тизимини, хусусан, ўхшатиш, метафора ва эпитетларни яхлит ва ички ўзаро мутаносиб вазиятда ўрганиш орқали бу вазифани уддалашга муваффақ бўлган.
Лингвофольклористика ва лингвопоэтикага оид кузатишларнинг фольклористика учун аҳамияти қай даражада эканлиги ҳақида мулоҳаза юритган диссертант айнан ушбу жанрдаги асарлар поэтикасини ўрганиш тамойилларини ишлаб чиққанлиги, умумилмий методлар билан бир қаторда халқ оғзаки ижодининг мустақил бир жанрида тил материалидан фойдаланиш услубини аниқлашга хизмат қиладиган функционал, концептуал ва структурал таҳлил методларидан фойдаланганлиги нафақат халқ оғзаки ижоди тил материалини, балки умуман бадиий матнларни ўрганишга қаратилган кейинги тадқиқотлар учун ҳам муҳим назарий манба ва илмий-методик қўлланма бўла олган, деган фикрдамиз.
Халқ қўшиқларидаги ўхшатишларнинг лингвопоэтик хусусиятлари тадқиқига бағишланган иккинчи боб бу тасвирий воситанинг структурал-композицион тузилиши, лексик ва грамматик хусусиятлари ва поэтик табиати ҳақидаги қарашларни ўзида мужассам этган ва кенг қамровли, серқирра ҳодиса; анализ, синтез, мавҳумлаштириш, таққослаш ва умумлаштириш каби мантиқий амалиётлар маҳсули сифатида баҳоланган. «Ўхшатиш, – дейди М.Яқуббекова, – тафаккурнинг янгиликни қидириш ва кашф этиши борасидаги энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади».46 Демак, ижодкор қўллаган ҳар бир оригинал ўхшатиш ёки бошқа бир тасвирий восита маълум маънода ижодий янгилик ва бадиий кашфиётдир.
Диссертация муаллифининг ўхшатишларнинг мантиқий, лисоний ва бадиий хусусиятлар бирлигидан таркиб топганлигини инобатга олиб, уларга бир томонлама – тилшунослик ёки адабиётшунослик нуқтаи назаридан туриб ёндашиш етарли эмаслиги ҳақидаги фикри эътиборга моликдир ва биз ҳам мавзуни ана шу позицияда туриб таҳлил қиламиз.
Диссертант учинчи бобда қўшиқлардаги метафораларнинг поэтик, семантик моҳияти, синтактик-стилистик хусусиятларини ўрганган ва метафоранинг поэтик моҳияти шахс, нарса, воқеа-ҳодиса, ҳаракат ва ҳолатни ўзига хос белги билан номлашдан иборат эканлигини айтган. Муаллиф фикрича, янги метафорик ном «гапирувчи» бўлиши керак ва бадиий моҳият касб этиши учун:
1) одатдаги аталишлардан мақсадлилиги билан фарқланиши;
2) бу фарқ қабул қилиниши ва маъқулланиши;
3) метафоризация ҳодисаси завқ уйғотиши керак.
Метафорларнинг лингвистик табиати ҳақида М.Яқуббекова: «Халқ қўшиқларидаги метафораларнинг семантик моҳияти денотат, сигнификат, экспонент каби тушунчаларнинг ўзаро мутаносиб алоқасига асосланади. Семантик учбурчакни ташкил этувчи қисмлардан денотат объектив борлиқдаги нарсани, сигнификат англатилган коннотатив маънони, экспонент қўлланилган фонетик сўзни билдиради. Халқ қўшиқларида денотат ва экспонентнинг моҳиятини белги, жой, инсон, наботот, нарса, ҳайвонот, ҳаракат-ҳолат ва ҳодисотни билдирувчи номлар акс эттиради», дейди ва унга қуйидагича таъриф беради: «халқ қўшиқларида қўлланган метафоралар ўхшашлик асосида номлари алмаштирилаётган икки нарса ва ҳодиса ўртасидаги боғлиқликнинг бадиий тафаккур воситасида қўшиқнинг мотивлар кўзгуси орқали акс эттирилишидир».47 М.Яқуббекованинг «Метафора ихчамлиги, семантик серқирралиги билан шеърий матннинг тор доирасига жуда мос келади…, айни чоғда, ўзига хос маънавий тилсим вазифасида келганлиги билан ҳам ҳиссиётимизга таъсир этиб, ўзига хос кечинмалар уйғотади», деган фикри биз учун муҳимдир. Ишнинг тўртинчи бобида эпитет – сифатлашлар ўзбек халқ қўшиқларидаги энг фаол тасвирий восита сифатида баҳоланган ва ҳар бир поэтик сўз ўзига сифатдош бириктирганда, албатта, ғоя юкини ташишлиги ва муаллифнинг, лирик қаҳрамоннинг субъектив баҳосини ифодалашлиги айтилган.
М.Яқуббекованинг иш якунида келинган хулосалари ҳам бадиий матн таҳлили соҳасида олиб бориладиган кузатишларда асқотиши шубҳасиз. Фольклоршуносликда бошқа фанларнинг, жумладан, инсоншунослик фанлари эришган ютуқлардан, информатика соҳасидаги янгиликлардан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги, бадиий асарнинг тили ва бадииятини яхлитликда ўрганиш, лингвопоэтик тадқиқотлар тилимиз табиатига доир қатор кашфиётлар қилиши мумкинлиги ҳақидаги қарашлар шулар жумласидандир.
Бадиий асар тили поэтикасига бағишланган тадқиқотлардан яна бири Г.Жуманазарованинг «Ширин билан Шакар» достонининг луғавий ва лингвопоэтик хусусиятлари» мавзусидаги номзодлик диссертацияси бўлиб ҳисобланади.
Ушбу иш матн тадқиқида математик методлар ва компьютер технологияларидан фойдаланилганлиги, достонидаги луғавий қатламлар, троплар ва поэтик фигуралар илк бор лингвопоэтик ва лингвостилистик планда ўрганилганлиги билан илмий-амалий аҳамият касб этган.
Муаллиф достон матнидаги ўз қатламнинг фонетик, семантик, диалектал хусусиятларини шунчаки қайд этиб қолмайди, балки уларнинг қўлланишига сабаб бўлган омилларни – «Ширин билан Шакар» вариантларининг ўзбеклардаги қипчоқ уруғлари орасида кенг тарқалганлиги, достон матнининг қипчоқ диалекти тил хусусиятларига тўла мос келишини, уни куйлаган бахшилар ҳам шу шевалар вакиллари эканлигини кўрсатиб берадики, булар инкор этиб бўлмайдиган далиллардир.
Биринчи бобда «Ширин билан Шакар» матнини лингвостатистик таҳлил этишнинг афзалликлари хусусида қизиқарли маълумотлар ва таҳлиллар берилган. Иккинчи боб таҳлилидаги «Ширин билан Шакар»нинг ўзигагина хос бўлган ономастик элементлар, кўчма маънодаги барқарор, анъанавий лингвистик бирликлар ҳақидаги қарашларни, бу элементларнинг достон сюжетида иккинчи бир муҳим вазифани – стилистик вазифани адо этишига эътибор қаратилганлигини таъкидлаш зарур. Учинчи боб лингвистик қатламнинг асар матнидаги бадиий-услубий вазифасини таҳлил этишга, троплар деб номланган махсус тасвирий воситаларнинг эпик баён жараёнида тутган ўрнини белгилашга бағишланган.
Г.Жуманазарова бу тадқиқотнинг давоми сифатида «Фозил Йўлдош ўғли достонлари тилининг лингвопоэтикаси» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.48 Диссертация иши буюк бахши ижодий меросининг асосий қисми – тўққизта достонини қамраб олганлиги, уларнинг ҳар бирининг электрон матни яратилиб, шу асосда алфавитли, частотали ва терс луғатлар тузилганлиги ўзбек лингвистик тадқиқотларига янгилик бўлиб кирди ва ишнинг биринчи бобида бу достонлар матни лингвостатистик таҳлил қилиб берилди. Мана шу йўл билан Фозил Йўлдошнинг бахшичилик мактабига хос бўлган қарашлар жиддий равишда аниқлаштирилди, улар илмий асосга қўйилди.
2004 йилда ҳимоя қилинган Г.Муҳаммаджонованинг «80-йиллар охири 90-йиллар бошлари ўзбек шеъриятининг лингвопоэтик тадқиқи» мавзусидаги номзодлик диссертацияси ҳам мавзумизга оид тадқиқотлардан биридир. Ўтган асрнинг охирлари бадиий нутқининг кумулятив ва экспрессив хусусиятларини очиб бериш мақсад қилиб қўйилган ушбу ишда қайд этилган давр – мустақиллик арафаси бадиий нутқида юз берган ўзгаришлар аниқланган ва унинг сабаблари очиб берилган.
Ўзбек шеъриятида қўлланилган лексик бирликлар лингвопоэтикасини таҳлил этиш орқали Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Аъзам Ўктам, Иқбол Мирзо сингари забардаст ўзбек ижодкорларининг ўзига хос услубини аниқлашга ҳаракат қилинган.
Анъанага мувофиқ ушбу ишда ҳам бадиий нутқ ва лингвопоэтикага оид рус ва ўзбек тилшунослигида юзага келган тадқиқотларга муносабат билдириш орқали кузатиш методлари белгилаб олинган. Шу асосда матний антонимлар, уларнинг зидлаш ва умумлаштириш семаларидаги фарқланув ва бирлашув хусусиятлари, оксюморонларнинг бадиий-эстетик аҳамияти Усмон Азим шеърлари мисолида таҳлил этилган. Омонимлар, ўзакдош сўзлар, аллитерация ва ийҳом санъатлари лингвопоэтикаси учун И.Мирзо асарлари матни материал вазифасини ўтаган.
Алоҳида олинган ижодкорлар асарлари лингвопоэтикасига бағишланган ишлардан бири Д.Шодиеванинг «Муҳаммад Юсуф шеърияти лингвопоэтикаси» деб номланган номзодлик диссертациясидир.49 Бу тадқиқот ҳам ўзбек халқи таниқли ижодкорларининг тилдан фойдаланиш маҳоратини, айни пайтда, бу тилнинг ривожига қўшган ҳиссасини аниқлаш эҳтиёжидан келиб чиққан.
Муаллиф мана шу эҳтиёж туфайли ўзбек тилшунослиги ва адабиётшунослигида юзага келган тадқиқотларни бирма-бир санаб ўтган, уларнинг айримларига обзор берган.
Иш шеърий нутқ индивидуаллигининг лингвистик хусусиятларини юзага чиқарувчи омиллар Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг антитеза, синонимлар, мақол ва иборалар, такрор, окказионализмларни қўллаши доирасида тадқиқ этилгани билан характерланади.
Д.Шодиеванинг таъкидлашича, М.Юсуф шеърларига ўзгачалик бахш этган омиллардан энг асосийси – унинг ўзига хос тили, ўзига хос тасвир усули, халқона жайдарилик эди. Диссертант иш давомида бу хусусиятлар қайси тил бирликлари ва ҳодисаларида намоён бўлишини тадқиқ этади ва уларнинг поэтик матндаги стилистик ва поэтик имкониятларини очиб беришга интилади.
М.Қосимованинг «Бадиий нутқ индивидуаллигининг лингвистик хусусиятлари» деб номланган диссертация иши Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод асарлари матни мисолида бадиий нутққа хос бўлган ва эмоционал-экспрессивликка хизмат қиладиган лингвистик воситалар таҳлилига бағишланган.50
Диссертант кузатишларини бадиий асар тилини умумфилологик фан ўрганиши лозим, деган ғояга таянган ҳолда олиб бориш билан бирга, асосий эътиборни мавзу тадқиқига тилшунослик аспектида ёндашишни маъқул деб билади. Тилнинг фонетик, лексик ва грамматик сатҳларидаги бирликларни бадиий асар тили ва ижодкор услубини шакллантиришдаги асосий восита деб қарайди ҳамда уларнинг бадиий матнлар учун характерли бўлган жиҳатларини таҳлил қилади.
Масалан, чўзиб талаффуз қилиниш, бири ўрнида иккинчисининг қўлланиши орқали маънода содир бўладиган стилистик ўзгаришлар, оҳангдорлик, ритм, пауза кабилар фонетик; окказионал сўзлар ва антропонимлар лексик; -ла, -миш, -жак, -миш, -вчи, -гич кўрсаткичлари морфологик; ундалма, кириш сўз ва ундовлар синтактик воситалар доирасида, шунингдек, такрорлар, паремалар, метафоралар, диалектизмлар ва ҳатто жаргонлар ўрганилиб, улардан ҳосил бўладиган эмоционал-экспрессивлик бадиийлик учун хизмат қилиш даражасига, Тоғай Мурод индивидуаллигининг намоён бўлишига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритилган. Диссертация ишида мунозарали ўринлар бўлишига қарамасдан, муайян ижодкорнинг тилдан фойдаланиш маҳоратини таҳлил этишга ҳаракат қилинганлиги билан аҳамиятлидир.
Ўзбек филологиясида Усмон Азим ижоди билан боғлиқ тадқиқотлар таҳлилини адабиётшуносликда амалга оширилган ишлар орқали ҳам кенгайтириш мумкин. Жумладан, Ж.Сувонованинг «Усмон Азим шеъриятида бадиий тафаккур» номли тадқиқоти алоҳида эътиборга моликдир. Мазкур тадқиқотда Усмон Азимнинг тафаккур олами, бадиий ифодадаги жасорати ва услуби Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Азим Суюн каби тенгдошлари ижодига қиёсланган ҳолда таҳлил қилинган. Шоирнинг ўзига хос бахшиёна оҳанглари, туйғулар теранлиги, сўз қўллаш маҳорати ҳақида илмий мушоҳадалар баён этилган ва ижодкорнинг ўзбек шеърияти тараққиётига қўшган ҳиссаси борасида сўз юритилган.
Адабий матнларни умумфилологик планда тадқиқ этишга бағишланган юқоридаги каби ишларни ўрганиш шундан далолат берадики, адабий матнни ўқиш-ўрганишдан асосий мақсад унинг ғоявий-бадиий мазмунини тўла ўзлаштириш, моҳиятини тушунтириш баробарида эстетик завқ ҳам олиш экан, ана шу йўналишда ўқувчининг бадиий тафаккур савиясини оширишга ва эстетик дидини тарбиялашга қаратилган таҳлиллар доирасида унинг тил материали тадқиқи асосий ўринда туради.
Шу маънода алоҳида филологик йўналиш сифатида тилшунослик, адабиётшунослик, поэтика ва эстетика фанлари кесишувида юзага келган бадиий матннинг лингвистик таҳлили кенг қамровли ва мураккаб тушунча бўлиб, адабий матнда коммуникатив-эстетик вазифани бажарадиган индивидуал тил тизими унинг предмети ҳисобланади. Уни ўрганишнинг ўнлаб таҳлил методлари борлигининг сабаби ҳам шу. Замонавий филологияда лингвопоэтик таҳлилнинг устуворлик касб этганлиги ҳам ана шу омиллар билан боғлиқ.
Айтилганлар шоир ва ёзувчи мисолида намоён бўлаётган ҳар бир ижодкорнинг поэтик индивидуаллиги хусусида сўз юритилганда айнан ана шу артемалар ва уларнинг бадиий матнда актуаллашуви масаласига эътиборни қаратишни тақозо этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |