Паҳлавий ёзуви оромий ёзув кўринишларидан бири асосида (милодий III-асрда) Сосонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида пайдо бўлган ҳарф-товуш ёзувидир. Дастлаб паҳлавий алифбоси 22 ҳарфдан иборат бўлган. Кейинчалик айрим ҳарфларнинг ёзилиш шаклларида содир бўлган ўзгаришларга кўра фақат 15 та белги фарқланадиган бўлган. Ёзув асосан ўнгдан чапга қараб ёзилган. Фақат нисбатан кейинги ёзма ёдгорликлар (VIII аср)нинг айримларида вертикал-юқоридан пастга қараб ёзиладиган ҳолатлар ҳам кузатилади. Ушбу ёзувнинг бир кўриниши (моний ёзув тизими) туркий халқлар ёзувининг шаклланишига маълум даражада таъсир кўрсатган.
Урхун-енисей ёзуви Урхун-енисей ёзуви туркий халқларнинг энг қадимги ҳарф-товуш ёзувидир. Бу ёзув «Енисей-урхун ёзуви», «Сибирь ёзуви», «Туркий руник ёзув», каби номлар билан ҳам юритилади. Руник деб аталишига сабаб бу ёзувнинг ташқи кўриниш жиҳатидан герман руник ёзувларига ўхшаш эканлигидир.
Урхун-енисей ёзувининг келиб чиқиши ҳақида мутахассислар ўртасида тан олинган ягона фикр йўқ. Бу ҳақдаги нисбатан кенг тарқалган қарашга кўра, айни суғд ва паҳлавий ёзувлари орқали оромий ёзувига бориб тақалади. Суғд ёзувининг туркий тилларнинг фонетик ва морфологик хусусиятларига мослаштирилиши жараёнида у сезиларли, кескин ўзгаришга учраган. Урхун-енисей ёзувининг пайдо бўлиш жойи ва вақти ҳам ҳозиргача узил-кесил ҳал қилинмаган. Мутахассислар айни ёзувнинг 3 кўринишига асосланиб, у ўз тараққиёти давоимда 3 босқични босиб ўтган, деб ҳисоблайдилар: 1) архаик босқич (Еттисув ёдгорликлари, VI-VII асрларда, Енисей ёдгорликлари VII-IX а.лар.); 2) классик босқич (ик- кинчи ҳоқонлик ёдгорликлари, VIII асрнинг 1-ярми); 3) сўнгги босқич (Уйғур ҳоқонлиги даври ёдгорликлари, VIII асрнинг иккинчи ярми – IX аср, Шарқий Туркистон ёдгорликлари, IX аср) бу ёзув пайдо бўлиш ўрни ва вақти билан боғлиқ бўлган айрим график хусусиятлари туфайли урхун, турфон, Енисей вариантларига эга. Буларнинг энг қадимийси урхун вариантидир. Улар умумий ёзув шаклига кўра бир-бирларидан кескин фарқ қилмайди. Улар ўртасидаги фарқ ҳарф вариантларининг кўп-озлиги жиҳатидан, холос. Урхун-енисей ёзуви ҳарфларининг вариантларини ҳисобга олмаганда, асосан, 35 та ҳарфдан иборат. 8 та унли ифодаси учун 4 та ( Енисей вариантларида 5 та) ҳарф ишлатилган. Айрим ҳарфлар бир товушни эмас, балки бирдан ортиқ товушлар мажмуини ифодалаган. Ундошлар қаттиқ ва юмшоқ вариантларга эга бўлган, шунинг учун юмшоқ ундош учун алоҳида ҳарф, қаттиқ ундош учун алоҳида ҳарф мавжуд бўлган.
Урхун-енисей ёзувида тиниш белгилари бўлмаган. Сўзлар, баъзан бирикмалар бир-биридан икки нуқта (:) билан ажратиб кўрсатилган, бу икки нуқта шартли равишда айиргич деб юритилади. Бу ҳарф ўзидан кейинги ҳарфга қўшилмаган, уланмаган ҳолда алоҳида-алоҳида ёзилган. Урхун-енисей ёзуви горизонтал ҳолатда ўнгдан чапга қараб ва вертикал ҳолатда юқоридан пастга қараб ёзилганда, ҳарфлар чап ёнга ётқизилган ҳолатда бўлган ва сатрлар ўнгдан чапга қараб жойлашиб борган.
Туркий халқларнинг кўпчилиги кейинроқ араб алифбосига ўтган, аммо урхун-енисей алифбоси ўша даврдаги туркий тиллар учун жуда ҳам қулай бўлган, у ҳар қандай туркий тил ифодаси учун беқиёс даражада мослашган эди, айниқса, тилдаги сингармонизм қонуниятларини тўлиқ акс эттира олган. Бу маънода урхун-енисей ёзуви унинг ўрнига келган уйғур ва араб ёзувларига қараганда ғоят мукаммал ва қулай алифбо бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |