Уйгур ёзуви суғд ёзуви асосда сурёний ёзувининг таъсири остида пайдо бўлган ёзувдир. қадимги уйғур ёзувидаги ёдгорликларнинг аксарияти диний тусда бўлиб, буддавийлик, монийлик ва ислом ақидаларини акс эттирган. Уйғур ёзувидаги энг қадимги ёдгорликлар VIII-IX асрларга оид деб тахмин қилинади. Қадимги уйғур алифбоси X асрнинг бошларигача ҳам қўлланилишда давом этган, Ҳатто “сариқ уйғурлар’’ деб аталувчи этник гуруҳ XIX асрда ҳам шу ёзувдан фойдаланилган.
Уйғур ёзуви дастлаб, худди суғд ёзуви каби, соф консонант(ундош) ёзув бўлган. Уйғур алифбоси 19 харфдан ташкил топган. Ҳарфлар 3 хил график шаклга эга бўлган, яъни ҳарфларнинг сўз бошидаги, ўртасидаги ва охиридаги шакллари фарқланган. Уларнинг алоҳида шакли бўлмаган. Консонант суғд ёзувини унли товушларга бой бўлган уйғур тилига мослаштириш осон кечмаган. Бора-бора айрим ҳарфлар (алиф, вов, йо, ва ҳ.к.) унли товушлар ифодаси учун ҳам қўллана бошлаган. Суғд тилида товушларнинг жарангли – жарангсизлиги фарқланмаган, шунинг учун ёзувда ҳам фақат жарангсиз ундош учун ҳарф мавжуд бўлган. Бу ёзув асосида шаклланган уйғур ёзувида айни хусусият сақланган, яъни ундошларнинг жарангли-жарангсиз жуфтликлари (мас; б-п, з-c, m-д, к-г) бир ҳарф билан ифодаланган. Булар, албатта, уйғур ёзувидаги матнни ўқишни қийинлаштирган, чунки уйғур тилида ундошларнинг, жарангли-жарангсизлиги, унлиларнинг қаттиқ-юмшоқлиги ва шу кабилар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Шунга кўра кейинчалик бу каби хусусиятларни ёзувда акс эттириш учун турли қўшимча белгилар қабул қилинган. Шу тариқа унлилар ҳам у ёки бу тарзда ифодалана бошлаган. Уйғур ёзуви, асосан, вертикал ҳолатда юқоридан пастга қаратиб ёзилган. “Меърожнома”, “Ўғузнома”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Юсуф Хос Ҳожибнинг машҳур “Қутадғу билиг” каби кўпгина асарлар уйғур ёзувида кўчирилган.
Кушон ёзуви милоддан аввалги 140-130 йиллар ораларида кўчманчи ючжи қабилалари Ўрта Осиёнинг жанубидаги қадимги юнон-Бақтрия давлатига бостириб келгач, бу ерда Кушонлар империясини тузишади. Кушонлар ўтроқ аҳоли билан чатишиб, ерли аҳолининг маданий турмушига сингшиб кетади. Маданий ва совдо-сотиқ алоқалари ривожи асосида оромий ёзуви негизида ўзларининг кушон ёзувини шакллантиради. Қадимги Термиз ёдгорликларини ўрганиш натижасида оромий ёзуви асосидаги кушон–бақтрия алифбосидаги ёзув наъмуналари топилган.
Кушон империясида кушон ёзуви мавжуд бўлиб, унда ҳарфлар бурчакли, тўртбурчакли ва айлана шаклда бўлган. Кушонда ёзув қадимдан мавжудлигини Сурхкўтал (Афғонистондаги Қундуз шаҳри яқинида) ёдгорлигида топилган юнон алифбосидаги кушон битиглари ҳам тасдиқлайди. Амударёнинг қуйи оқимида, Зарафшон ва Қашқадарё воҳаларида ҳам оромий ёзуви асосидаги хоразмий ва суғдий ёзувлари ҳам кенг тарқалган.
Do'stlaringiz bilan baham: |