Оромий ёзуви. Қадимий финикий (сом) ёзуви асосида пайдо бўлган консонант (ундош) деб аталувчи ёзувдир. Бу ёзув милоддан аввалги. 1-минг йиллик бошларида пайдо бўлган. Кўчманчи асли арабистонлик сом қабилаларига мансуб оромийлар мил.ав. ХIV-XI асрларда Ғарбий Осиё ерларига келиб ўрнашган, оромийлар мил.ав. 1-минг йиллик бошида Финикия (ҳозирги Суриянинг бир қисми) да Финикия ёзуви билан танишадилар ва уни ўзларига — оромий тилига мослаштирадилар. Дастлаб оромий ёзуви финикий ёзувидан фарк килмаган. Мил.ав. 1-минг йиллик ўрталарида улар финикий ёзувига айрим ўзгаришлар киритишади, яьни, кўплаб ҳарфларнинг шаклларини соддалаштирганлар. Оромий ёзуви тез ва кўп ёзиш заруриятидан, яъни савдо-сотиқ ва маьмурий- хўжалик ишларида кенг қўлланилиши учун зарур бўлган. Оромий ёзуви 22 та ундош ҳарфдан ташкил топган. Оромий ёзувида сўзлар тик чизиқ ёки нуқта билан ажратиб ёзилган. Кейинчалик сўзлар уларнинг ўртасида бўш жой қолдириш билан ажратилган. Ғарбий Осиёда оромий тили ва ёзуви мил.ав. VIII асрдан халқаро тил ва ёзув даражасига эришган. Аста-секин бу ёзуви араблар, форслар, уйгурлар ва бошқа халқлар ўзлаштириб, ўз тилларига мослаштиришган.
Милоддан аввалги IV асрда оромийлар ва арабларнинг ассимиляция бўлиши, кейинги асрларда араб тили ва ислом динининг ҳукмрон мавқеини эгаллаши натижасида оромий ёзуви муомаладан йўқолган. Оромий ёзуви битилган энг қадимий битиклар мил.ав. IX-VIII асрларга оиддир. Мил.ав. II-I асрлардан милодий VIII-аср ўрталаригача қадимий Хоразм давлати тилида (хоразмий тилида) оромий алифбоси асосидаги ёзувдан фойдаланилган. Тупроққалъадан топилган Хоразм архивига оид ҳужжат шундан далолат беради.
Суғд ёзуви оромий асосида шаклланган ҳарф-товуш ёзувидир. Бу ёзув қарийб минг йил давомида ҳозирги Ўзбекистон ва қисман Тожикистон ерларида (Зарафшон водийси) жойлашган қадимий Суғдиёнада қўлланилган. Суғд ёзувининг милодимиз бошларига оид энг қадимий намунаси Ўзбекистонда Самарқанд яқинидаги Талибарзу тепалигидан топилган. Энг кейингилари эса VIII асрга оид бўлиб, 1933-йилда Тожикистондаги Муғ қалъаси харобасидан топилган Панжакент ҳокими Диваштич архивининг қолдиқларидан иборат. Ҳужжатларнинг аксар қисми чарм, қоғоз, тахтачаларга суғд ёзувида, туркий тилда битилган.
Суғд ёзуви сомий алифболар каби консонант ёзув бўлган, яни ҳарфлар, асосан, ундош товушларни ифода этган. VII-VIII асрларда суғдлар ўз алифболарини 23 ҳарфдан иборат деб белгилаганлар, бу ҳарфлар оромий алифбосидаги тартибда жойлашган. Битта қўшимча 23-ҳарф эса 12-ҳарфнинг такроридан иборат бўлган. IV асрнинг бошларидан айрим ҳарфлар алифбодан чиқиб кетган, айрим ҳарфлар эса бир-бирига ўхшаш шаклда ёзила бориши натижасида бир ҳарфга келиб қолган. Ана шу тариқа суғд алифбоси 17 ҳарфдан иборат бўлиб қолган. Суғд ёзуви дастлабки пайтларда график шаклига кўра, оромий ёзувидан жуда кам фарқ қилган. VII асрнинг ўрталарида эса ёзма хат шакллана борган, натижада қўшиб ёзиш шакллари кўпайган. Кўп ҳарфларнинг ёзилиши бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб қолганидан суғд ёзма хатини ўқиш ва тушуниш қийинлашган. Айрим ҳарфлар график шаклининг ўхшаш бўлиб қолиши турли диакритик белгилар қўллашни тақазо этган.
Суғд ёзувида “б” ва “г” товушлари учун алоҳида ҳарф бўлмаган, бу товушларни ифодалаш зарур бўлганда (ўзлашган сўзларда) <п> ва <к> товушларидан фойдаланилган. Суғд ёзуви, асосан, горизонтал ҳолатда ўнгдан чапга қараб ёзилган. Аммо суғдлар VI асрнинг охирларидан вертикал йўналишда ҳам ёзганлар (Буғут ёдгорлигида топилган). Бино деворлари ва қоятошларда сақланиб қолган суғд ёзувлари шу йўналишда ёзилган. Бундай вертикал сатрлар чапдан ўнгга қараб жойлашиб борган.
Do'stlaringiz bilan baham: |