ЗАРИФБОЙ ИБОДУЛЛАЕВ
102
рувлар орқали сизда ҳақиқий астмани инкор қилса, билингки, сизда на-
фас бўғилиши асабий-руҳий бузилишлар сабабли пайдо бўлган. Буни
врачнинг ўзи ҳам сизга уқтиради. Бундай пайтларда сизни аллерголог
эмас, тиббий психолог даволаши керак. Бироқ тиббий-психологик усул-
ларни яхши ўзлаштирган аллерголог ҳам психоген астмани бемалол да-
волаши мумкин.
Хўш, психоген астма ҳақиқий астмадан нимаси билан фарқ қилади?
Психоген бўғилишлар томоқнинг қуриб қолиши, қичишиши, нафас
етишмовчилиги каби турли хил белгилар билан намоён бўлади. Пси-
хоген бўғилишлар учун тик турганда бемалол нафас олиш, ётганда эса
бўғилиш жуда хос. Шу
нарсага эътибор бериш лозимки, нафас етиш-
маслиги чалқанчасига ётганда пайдо бўлади, чап ва ўнг томонга қараб
ётганда кузатилмайди. Нафас етишмовчилиги кўпинча кечаси ва тунда
кучаяди. Бизнинг назоратда турган бир бемор «Тунда доимо бўғилиб
уйғониб кетсам, чалқанча ётган бўламан, шунинг учун ухламоқчи
бўлсам ёнбошлаб, деворга суяниб ётиб оламан», деган эди.
Невроз касаллигида ҳам нафас бўғиладими?
Невроз билан касалланган беморларнинг деярли ярмида нафас
етишмовчилиги кузатилиб туради. Шу
боис мутахассислар ушбу бу-
зилишларни неврознинг асосий белгиси деб ҳисоблашган. «Бўғилиб
қолиш, нафас йўлларига бирор нарса тиқилиб қолгандек бўлиши, нафас
олишнинг қийинлашиб бораётганлиги»дан шикоят қилиш, айниқса,
ёш беморлар орасида кўп учрайди. Мабодо, бу белгилар хуружлар би-
лан кузатилса, баъзи ҳолларда беморларга «астма касаллиги»
ташхиси
қўйилади.
Қуйидаги воқеа бунга яққол мисол бўла олади. Бу воқеа 1994 йили
рўй берган. Менга 20 яшар йигитни кўрсатишди. У аллергология
бўлимида «Астма касаллиги» ташхиси билан даволаниб келарди. Бемор
жуда озиб кетган. У ҳар 30 дақиқада қўлидаги беротекни оғзига сепиб,
нафас олишини осонлаштирарди. Бўғилишнинг ҳар 30 дақиқада пай-
до бўлиб туриши менинг эътиборимни тортди ва қўйилган ташхисга
шубҳа уйғотди. Беморнинг касаллик
тарихи билан биргаликда, унинг
психологик ҳолатини ҳам ўрганиб чиқдим. Бунинг натижасида бўғилиш
хуружлари психоген хусусиятга эга эканлигини аниқладим. Бемор бола-
лик давридан нимжон бўлиб ўсган, тез-тез касалланиб турган. Оилада
ёлғиз бола бўлганлиги учун ота-онаси боласининг ҳар бир хоҳишини
бажариб келишган. Боланинг ёшлигидан асаби бузилса, нафаси бўғилиб
қоладиган бўлган. Бироқ уни чуқур текширмасдан, «астма» ташхиси
билан даволаб келишган. Бора-бора хуружларни оддий дорилар билан
тўхтатиш қийинлашади ва беморга гормонал дорилар (беротек) тавсия
қилинади. Лекин бу дорини ҳам бемор доимо ишлатмаган (баъзан ой-
АСАБ ВА РУҲИЯТ
103
лаб). Бемор яна бир бор тажрибали аллергологга кўрсатилади ва «брон-
хиал астма» ташхиси инкор қилинади.
Беморнинг психологик статусини яхшилаб ўрганиб чиққанимдан
сўнг психотерапияда кенг тарқалган «стресстерапия» усулини қўллаш-
ни маъқул топдим. Беморга «беротекка ўрганиб қолса, эркаклик
функцияси сусайиши (бемор яқинда уйланиши керак эди) ва уйлан-
ган тақдирда ҳам бола бўлмаслиги мумкинлигини айтдим.
Шунинг
учун ҳам уни қандай бўлмасин бошқа дорига ўзгартириш зарурлиги-
ни» уқтирдим. Гап шундаки, беморга беротекни тавсия қилган доктор:
«Мана шу дори сен учун асосий дори, бу астманинг ҳар қандай турида
оғизга сепган заҳоти бўғилишни тўхтатади», деб айтган. Шу нарсани
алоҳида таъкидлаш лозимки, бўғилишни беротекнинг кучи эмас, балки
доктор айтган сўзлар («сенга фақат шу дори ёрдам беради») тўхтатган.
Ҳар 3 кунда ўтказиладиган махсус психотерапевтик муолажалар бор.
Мен унга ушбу усулни бир ой мобайнида қўлладим. Бемор бир йиллар-
дан буён азият чекаётган нафас бўғилишидан тузалиб кетди.
Чунки
унда ҳақиқий астма эмас, балки психоген астма эди.
Do'stlaringiz bilan baham: