Замонавий психологик урушнинг мазмун ва моҳияти
Муҳокама мавзуси энг аввало айрим тушунча ва атамаларга аниқлик киритиб олишни талаб қилади. Психологик уруш ҳар доим айрим давлатлар томонидан рақиб давлат жамияти, халқи, турли ижтимоий гуруҳлар, ижтимоий иерархиянинг турли поғонасида турган қатламларга ўз ғоялари, қарашлари, қадриятлари тизимини сингдириш учун барча воситалар, усуллар ёрдамида амалга оширадиган махсус психологик операциялардан иборат. Бунда асосий қоида шундан иборатки психологик уруш доирасида бир вақтнинг ўзида рақиб жамиятга бирваракайига, тўла тўкис таъсир кўрсатишнинг имкони йўқ, шунинг энг аввало рақиб жамият ичида манфаат кўзлаётган давлатнинг мақсадлари, қадриятларини ёқлайдиган, унга хавас қиладиган, унинг рамзлари, турмуш тарзи, кийиниши, маданияти, қадриятларига амал қиладиган кичик, хайрихоҳ гуруҳлар ташкил қилинади. Аста-секин жамиятда шу гуруҳларга тақлид қиладиган одамлар сони кўайтириб борилади. Манфаат кўзлаётган давлат эса ўзидаги бор имкониятлар, глобал ахборот тўри орқали шу гуруҳларнинг бошқалардан афзаллиги, уларнинг хақлиги, уларнинг албатта устунлиги ва ғалабага эришишлари муқаррарлиги хақидаги афсоналарни тўқиб тарқатиб туради, уларнинг жамиятдаги мавқеини бор кучи, маблағ ва мутахассислар маслаҳати билан қўллаб-қувватлайди.
Психологик таъсир ҳар бир давлатнинг ўз мафкураси, мақсадлари, стратегияси, қадриятлари тизимини ўз жамиятиги, халқига, халқ таркибидаги турли миллатлар, элатлар, ахолининг турли табақалари, турли ёш даврлари, ижтимоий гуруҳ ва қатламларга сингдириш учун мавжуд барча усул ва воситалар ёрдамида амалга оширадиган тарғибот ва ташвиқот жараёнидан иборат. Бунда асосий қоида шундан иборатки, табиатда бўшлиқ бўлиши мумкин бўлмаганидек, онг қурилмасида ҳам хеч қачон бўшлиқ бўлиши мумкин эмас. Табиат ўзидаги бўшлиқни мунтазам равишда керакли элементлар билан тўлдириб туради, онг тизими ҳам айнан шу қонуният бўйича ишлайди, фақат бу ерда бўшлиқ ахборот ёрдамида тўлдирилади. Онгдаги бўшлиқ ахборот, маълумотга эҳтиёж туғдиради, керакли маълумот-ахборот ичкаридан, давлатнинг тарғибот-тарғибот машинасидан берилмаса, унда шахс ташқи манбаларга, рақиб давлатлар томонидан тарқатилаётган маълумот-ахборотга мурожаат қилишга мажбур бўлади, чунки ҳар қандай ахборот очлиги қонлиришни талаб қилади. Лекин, бир бўшлиқни тўлдириш ахборот эҳтиёжини тўла қонлиришни англатмайди, чунки моддий борлиқ емирилиб, янгиланиб турганидак ҳар қандай ахборот-маълумот ҳам эскиради, ўзининг долзарблигини йўқотади, демак у ҳам доимий янгилаб, ўрнини тўлдириб боришни талаб қилади. Шунинг учун ҳам тарғибот-ташвиқот жараёни ахолининг турли қатламлари, турли ёш даврлари, сиёсий, ижтимоий, диний ва миллий гуруҳлар ўртасида мунтазам равишда амалга оширишни, сингдирилган ғоя ва қадриятлар эса доимий мустаҳкамлаб туришни, рақиб томоннинг психологик уруши доирасида кириб келаётган ёт ғояларни, қарашлар ва қадриятлар тизимини обрўсизлантириб туришни тақозо қилади. Шунинг учун ҳам психологик таъсир психологик урушдан фарқ қилиб икки ёқлама вазифани бажаради: фаол таъсир ва фаол ҳимоя.
Психологик таъсир, тарғибот ва ташвиқот механизмининг самарадорлиги ва муваффақияти энг аввало жамиятда кучли давлат қурилмаси, унинг барча бошқарув бўғинларининг ўзаро мутаносиб фаолият кўрсатиши, мавжуд оммавий ахборот воситаларининг ягона мақсадга хизмат қилиши ва улар фаолиятининг назорат қилиниши, ташқаридан кириб келаётган ҳар қандай кўринишдаги ахборот-маълумотнинг фильтрланиши, ахборотни тақдим қилиш ва ундан ҳимоялашнинг самарали усул ва услубларини тавсия қиладиган ягона органнинг мавжуд бўлиши билан ўлчанади. Бундай механизмнинг мавжуд бўлиши энг ривожланган давлатлар томонидан ҳам тарғиб қилинаётган илғор демократия тамойилларига зид бўлмайди, чунки хозирда барча давлатларда айнан шундай, баъзан бундан ҳам кучли назорат механизмлари амал қилади. Демак, турли ёш даврларини қамраб оладиган муассасаларда олиб бориладиган психологик таъсир, тарғибот-ташвиқот жараёни ўзаро мувофиқлаштирилиши, бири-бирини қайтармаслиги, аксинча бири-бирини тўлдириши, тизимли фаолият кўрсатиши бу жараённинг самарадаорлигини оширишнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Психологик уруш олиб бориш, рақиб томонни қўрқувга солиш, пароканда қилиш, хужум қилаётган томоннинг ўз кучи ва қудрати хақида бўрттириб, аксинча рақиб томоннинг ожизлиги хақида миш-мишлар тарқатиш, рақиб лагерида ўзига тарафдорлар ёллаш, бевосита жанг пайтида рақибни қўрқувга солувчи усулларни қўллаш инсон инсон бўлиб бир-бири билан низолаша бошлагандан бери мавжуд. Отто фон Бисмарк таъкидлаганидек “одамлар хеч қачон сайловгача, уруш пайтида ва овдан кейинчалик кўп ёлғон гапиришмайди”. Шум бола фильмидаги, “гирмон деганлари ётти бошли аждахога ўхшармиш, оғзидан олов пуркармиш”, - деган гап аслида рақибнинг душман лагерида қўрқув туғдириб, уни пароканда қилиш учун атайин тарқатган миш-миши бўлиб ҳисобланади.
Бугунги кунга келиб психологик уруш олиб боришнинг усул ва услублари, унинг мақсадлари, стратегия ва тактикаси, воситалари тубдан ўзгарди, тан олиш керак хозирги мавжуд воситалар билан психологик уруш олиб бориш қанчалик енгиллашган бўлса, айнан шу воситалар билан жамиятда унга қаршиликни, мафкуравий иммунитетни шакллантириш, шахснинг психологик бардошлилигини барпо этиш ҳам шунчалик енгиллашди. Фақат ҳамма гап ана шу қаршиликни шакллантирадиган усулларни тўғри танлаш ва улардан самарали фойдаланишни ўрганишда.
Мутахассислар замонавий психологик урушни иккита таркибий қисмга бўлиб ўрганадилар. 1. Стратегик – психологик хуруж рақиб мамлакат ахолисига қарши барча мавжуд воситалар билан амалга оширилади. 2. Тактик – психологик хуруж рақиб мамлакат ахолисининг алохида гуруҳи (М: ҳарбий қисм, гарнизон, алохида ахоли пункти, партия, мазҳаб ва х.з.) га қарши амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |