Индиго болаларининг мадхияси ҳам пайдо бўлди:
Биз планетанинг нафасимиз,
Биз ёрқин нурдан яралганмиз.
Бизга бегона қонунлар мазмунсиз,
Бизнинг ҳар биримизнинг юрагимизга Хақиқат жойланган.
Биз Яратганнинг суюклиларимиз,
У билан бирга ижод қиламиз.
Биз хеч қачон тиз чўкмаймиз,
Чунки биз Яратганнинг асирлари эмас, унинг болаларимиз.
Биринчи марта яшамаётганлигимизни эслаймиз,
Қабрлар устида йиғламаймиз,
Биз учун йўқотиш, ажралиш ва кулфат йўқ.
Яқинларимизни башоратлар билан қўрқитиб,
Хаворанг алангага айланамиз.
Йўлни бўшатинг – Биз Индиго Болаларимиз.
Шунча маълумотни ўқиб туриб, нахотки шундай “ноёб сифат ва фазилатларга” эга бўлган болалар билан бир замонда яшаётган бўлсак, деб бугун ва келажак тақдирини ўйлаб қўрқиб ҳам кетиш хеч гап эмас. Лекин илмий манбаларга мурожаат қилиб, вахима учун асос йўқлигини билса бўлади. Китоблар-у кинофильмлардаги катталарга қандай яшашни ўргатаётган болалар образи сон-саноқсиз эканлигига қарамай, шу пайтгача фанда бу ноёб ходисанинг мавжудлиги хақида бирон-бир илмий исбот йўқ. Шу вақтга қадар хеч ким юқоридаги сифат ва фазилатларга эга бўлган биронта болани кўриб, текшириб кўриш имконига эга бўлган эмас. Кўпчилик педагоглар ва журналистлар “индиго болалари” ходисасининг ўзи мистификациялаштирилган, деб ҳисоблайдилар. Қолаверса, “индиго болалари”нинг кўпгина сифат ва фазилатлари психиатрлар ва психотерапевтларга “диққат танқислиги синдроми” ва “диққат танқислиги ва гиперфаоллик синдроми” номлари билан азалдан маълум.
Америкалик диншунос, фалсафа доктори, Черри Хилл Семинариясининг илохиётшунослик ва дин тарихи кафедрасининг ўқитувчиси Сара Уидон индиго болаларининг ижтимоий қурилмаси зўравонликнинг кучайиши, диққат танқислиги ва гиперфаоллик синдромининг кенг тарқалишида намоён бўлаётган “Америкада болалик инқирозига” жавоб сифатида пайдо бўлган, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Америкада ота-оналар болаларида “диққат танқислиги ва гиперфаоллик синдроми” туфайли намоён бўлаётган нотўғри хулқни тушунтира олмаётганликлари учун ҳам, уларни шунчаки индиго болалари, деб атаб қўя қолмоқдалар.
Биология фанлари доктори, профессор М. М. Безрукихнинг таъкидлашича, индиго болаларига нисбат берилётган кўпгина сифатларни кўпчилик болаларда биргаликда ва алохида учратиш мумкин. Индиго-болалар хақида миш-мишлар пайдо бўлгандан бери 25 йил вақт давомида уларнинг биронтасини кўриш ва ўрганиш имкони бўлгани йўқ. Бу афсонанинг яшовчанлигини бизнинг болаларга ўта мехрибонлигимиз жуда ҳам ўзига хос тарзда намоён бўлиши билан изохлаш мумкин. кўпгина ота-оналар болаларини ривожлантиришга сарфлаган моддий ва маънавий харажатларини албатта кутилган натижани бериши шарт бўлган инвестиция, деб тушунишади. Минг афсуски, бола ҳар доим ҳам ота-онанинг умидини оқлайвермайди, ана шунда боланинг ўзига хослиги, бошқачалиги хақидаги ғояга эҳтиёж пайдо бўлади. Бундай ғоя ота-онага масъулиятни ўзидан соқит қилиб, айбни “тушунмайдиган” ўқитувчилар, тарбиячилар ва жамиятга юклашга имкон беради.
Фалсафа фанлари доктори, профессор А. В. Меренковнинг фикрича, болаларда ўзига ортиқча бахо бериш намоён бўлишидан олдин унга ўзини тўла эркин тутишга рухсат бериладиган, катталр унинг аксарият буйруқ шаклидаги ҳар қандай талабини жон-жон деб бажарадиган даври ўтади. Бу даврда болада аста секин хулқнинг қандайдир қоидалари унга тааллуқли эмас, деган тасаввур шаклланади. Айнан шу тасаввурдан болада тенгдошлари ва ота-оналарининг талаблари, бахолари ва фикрларига хурматсизлик шаклланади. Натижада у одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар маданиятини эгаллай олмай қолади. Бу холат атрофдагилар билан турли зиддиятлар пайдо бўлиши эҳтимолини кучайтирадиган ўз-ўзига ишонч ҳиссининг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Тахмин қилиш мумкинки, болалари индиго бўлганлиги учун ҳам қандай яшашни ўзи билади, деб ишонадиган ота-оналар ўз қўллари билан унинг такаббурлиги ва ўзининг ўта ахамиятлилиги ҳиссини шакллантиришади.
Индиго болалари афсонасининг айнан Америкада пайдо бўлганлигига ажабланмаса ҳам бўлади. Хозирги амеракаликлар бир вақтлар ўзлари яшаб турган жамиятнинг урф-одатлари, хулқ нормалари, тартиб интизоми, қадриятларини тан олмаганликлари учун уни намойишкорона тарк этганларнинг авлодлари бўлиб ҳисобланишади. Мана неча асрдан бери уларнинг ҳар бир авлоди дунёни ўзгартириш, қадрият ва таомилларни яксон қилиш, ҳаммага қандай яшашни ўргатиш ниятидан воз кечишгани йўқ. Индиго болаларининг санаб ўтилган, тўқиб яратилган барча “сифат ва фазилатлари” ана шу мақсадни амалга ошириши лозим бўлган янги ирқ образига тўла мос келади. Индиго образи турли усуллар ва воситалар билан дунёнинг турли бурчакларидаги ёшлар онги ва дунёқарашига зўр бериб сингдирилмоқда, уларнинг онг остига индиго образи установкаси жойланмоқда, ота-оналар ва катталарга эса шу ҳолат билан келишишга мажбур эканликлари уқтирилмоқда.
Яна ҳам хавфлиси, турли экстремистик ва террористик гуруҳлар таркибида инсон зотига хос бўлмаган ёвузли ва хунрезлик намоён қилиб юрганларнинг хулқ усуллари ва шакллари индиго болалари образига тўла-тўкис мос келади.
Ибн Синонинг “меъёрдн ортиқ ҳамма нарса зарар”, деган фикри фақат емишга эмас, ўзаро муносабатларга ҳам тааллуқли бўлса керак. Турли хорижий грантлар, халқаро лойихаларга амал қилиб биз хозир фақат болаларга нисбатан қаттиққўлликни меъёрлаштириш, уни мумкин бўлганидан ҳам паст даражага туширишга ҳаракат қиляпмиз. Либерал Ғарб эса, айнан шу кунларда ўз либерализмидан жуда ҳам хурсанд эмас. Глобал дунё билан алоқани мустаҳкамлаш миллий маънавий қадриятлар кўринишидаги шарқона тарбия усулларини инкор қилмаслигини назардан қочирмаслик керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |