Замонавий тажовузкор тарғибот ва ташвиқот усуллари
Кундалик хикоя. Ушбу усулнинг мақсади тингловчи, томошабинда ички норозилик пайдо қиладиган салбий маълумотга нисбатан адаптация хосил қилиш, кўниктиришдан иборат. Хозирда телевидение қонли сахналар, турли халокатлар, террористик актлар қурбонлари хақидаги сахналар билан тўлиб-тошган ва бу маълумотлар томошабинда салбий ҳиссиёт уйғотиши табиий. Лекин, агар бошловчи кунда содир бўлаётган оммавий қурбонлар, бомбардимонлар, тинч ахолининг, болаларнинг қурбон бўлаётганлиги, одамларнинг ўғирланиши, депортация хақида хотиржам овозда хабар бераверса, бир неча хафтадан кейин томошабинлар бундай кўрсатувларга эътибор бермай қўядилар. Бундан ташқари шу усул ёрдамида тайёрланаётган, содир қилиниши мумкин бўлган ходисага нисбатан ҳам одамларни олдиндан тайёрлаш ҳам мумкин.
Ишонтириш (суггестия). Ишонтириш ташвиқотнинг ҳамма шаклларида қўлланиладиган асосий усул бўлиб ҳисобланади. Унинг мазмунини бошқа одамларни керакли далиллар ва мантиқий асослашсиз бирон-бир қарашни қабул қилишга ундаш, деб изохлаш мумкин. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, 4 ёшдан 8 ёшгача ишонувчанлик максимал даражада бўлади. Бу далилни шундай изохлаш мумкин: а) нутқни эгаллаш ва мулоқотнинг пайдо бўлиши; б) ота-она обрўсига бўйсунишдан пайдо бўладиган ҳиссий қувват. Агар бунга бошқа мавзуда ёритганимиз одамнинг ҳаёт усули 4 – 5 ёшларда шаклланиб, кейичалик деярли ўзгаришга учрамаслиги хақидаги далилни ҳам қўшсак, шахсни шакллантириш учун энг катта саъйи-ҳаракатни шу даврда амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деган хулоса келиб чиқади.
Рамзлар орқали босим ўтказиш. Одамнинг ташқи оламни тахлил қилиши воситаси бўлган мавхум тафаккур жараёни рамзлар ёрдамида амалга оширилади. Одам хайвондан фарқ қилиб фақат табиий оламда эмас, рамзлар оламида ҳам яшайди. Тил, афсоналар, дин, санъат, мафкура, фан – рамзлар оламининг бўлаклари бўлиб ҳисобланади. Одамнинг рамзий билимлари ўсиб бориши билан табиий олам ундан узоқлаша бошлайди ва рамзий билим қанчалий ўсгани сайин одамни рамзлар ёрдамида бошқариш ва манипуляция қилиш осонлашиб бораверади. Зиёлилар ижтимоий онгни шакллантирувчилар бўлиб ҳисобланишади ва айнан улар энг кўп даражада таъсирга берилувчан бўлишади, чунки зиёлилар умумлашган, муракаб рамзлар билан фикрлашади. Шундай умумий хулоса қилиш мумкинки, одамнинг онги бевосита реалликдан ажралган, рамзлар аксарият реалликнинг ўрнини алмштиради.
Рамзлар билан босим ўтказишнинг битта тури рамзлар фазосидан фойдаланиш, эски рамз – байрам, қадрият, урф-одат, маросим, анъанага янги мазмун бериш бўлиб ҳисобланди, бунда бу рамзнинг янги мазмун билан онгга кириши осон кечади. Унинг яна битта тури мазмун жиҳатидан бир-бирига мос келмайдиган рамзларни бирлаштиришдир, бу ерда ассоциация қонунидан фойдаланилади. Яна бир услуб рамзлар фазосини қайта ўзгартиришдир. Рамзлар фазосини чўққилар, ён бағирлар, паст-текисликлар, ирмоқлардан иборат рельеф сифатида тасаввур қилиш мумкин, одамнинг ақли чекланган, у рамзий фазода фақат чўққиларнигина эсда олиб қолади, психологик урушнинг вазифаси эса бу чўққиларни бузиб ташлаш, йўқотишдан иборат, бунда “тарихий фактлар”, “афсоналар техникаси” дан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |