Режа: 3.1. Дорилар, даволаш воситалари ва даволаш усули
тушунчалари.
3.2. Даволаш усулларининг таснифи ва моҳияти.
Машғулотнинг максади: Талабаларга дорилар, даволаш воситалари ва даволаш усуллари тўғрисида тушунтириш ва уларни қўллашнинг моҳиятини ўргатиш.
Керакли асбоб-ускуна ва жихозлар: Даволаш усуллари жадвали, турли даволаш усулларига таллуқли даволаш воситалари ва препаратлардан намуналар.
Машғулотнинг бориши: Бошқа касалликлардаги сингари ички юқумсиз касалликларни даволашда ҳам маълум мақсадни кузлаб, илмий асосланган даволаш орқали мақсадга эришиш мумкин. Даволашнинг асосий мақсади - касал ҳайвоннинг тўлиқ соғайиши ва маҳсулдорлигининг тикланиши ҳамда тўлақимматли маҳсулот олишдан иборатдир.
Ҳозирги замон ветеринария терапиясининг асосий тамойиллари организмнинг ташқи муҳит билан бир бутунлиги, нервизм, профилактик, физиологик, комплекслик, фаоллик ёки эртачи даволаш, индивидуаллик ва иқтисодий самарадорлик каби тамойилларга асосланади.
Организмнинг ташқи муҳит билан бир бутунлиги ва нервизм тамойили. И.П.Павловнинг «невризм» таълимоти одам ва ҳайвонлар касалликларининг рационал профилактикаси ҳамда терапиясига физиологик асос солади. Яъни, олим нинг таъкидлашича, «ҳар бир касалликнинг ривожланиши ва соғайиши организмнинг реактивлик қобилиятига боғлиқ, реактивлик эса асаб тизимининг ҳолати билан белгиланади».
С.П.Боткин: «касалликни эмас, касал организмни даволаш керак», «касалликнинг патогенезида нерв тизимининг алоҳида ўрни бор» деб таъкидлайди. Шунингдек, И.М.Сеченев «Организм ўзининг борлигини таъминловчи ташқи муҳитсиз йўқ нарсадир, шунинг учун ҳам организмга таъриф беришда албатта ташқи муҳитни ёддан чиқармаслик керак» деган хулосага келган.
Демак, терапиянинг ушбу тамойилини шундай ифодалаш мумкин: Касалликнинг пайдо бўлишида организмни ўраб тўрган ташқи муҳит шароитлари ва асаб тизимининг ҳолати энг асосий ўринларни эгаллайди. Шунинг учун касалликни даволашда организмни бир бутунлиги ва унинг ташқи муҳит билан алоқадорлиги тамойилига амал қилиниб ва асаб тизимининг ҳолатини ҳисобга олган ҳолда иш юритилиши керак.
Фаоллик ёки эртачи даволаш тамойилининг моҳияти шундан иборатки, касалликни даволаш ҳали органик ўзгаришлар кузатилмаган яширин даврида, яъни фақат функционал ўзгаришлар кузатилган пайтда бошланса ҳайвоннинг тезроқ соғайиши кузатилади. Фаоллик тамойили «профилактик даволаш тамойил» - деб ҳам юритилади. Чунки, бу усулда яширин даврда кечаётган модда алмашинуви бузилишлари пархез озиқлантириш, яйратиш, витамин ва минерал аралашмалар, ультрабинафша нурларни қўллаш билан гуруҳлаб профилактик даволанади.
Физиологик тамойилнинг моҳияти шундан иборатки, организмни турли хил ноқулай таъсиротлардан ҳимояланишида ва бузилган физиологик мувозанатни қайта тикланишида иштирок этадиган физиологик жараёнларни мумкин қадар кўпроқ ва кучлироқ жалб этиш касалликнинг тезроқ тузалишини таъминлайди. Бундай физиологик жараёнлардан рефлекслар, фагоцитоз, иммунитет, регенерация, заҳарли моддаларнинг организмдан турли йўллар билан чиқиб кетиши ёки уларнинг қон ва тўқималарда зарарсизланиши, инкапсуляция, секвестрация, бириктирувчи тўқима ўсиши ёки сўрилиб кетиши, гомеостазнинг яхшиланиши кабилар касалликнинг тузалишига олиб келади.
Комплекслик - тамойилининг моҳияти шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида касалликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш, касал ҳайвон учун оптимал шароит (озиқлантириш, парваришлаш, енгил ишга ўтказиш ёки ишдан бутунлай озод қилиш) яратиш ва самарали даволашни ташкил этиш касалликнинг тезроқ тузилишини таъминлайди.
Индивидуаллик - тамойилининг моҳияти шундан иборатки, ҳар бир касал ҳайвонни даволашда организмнинг сезувчанлиги, реактивлиги, ёши, физиологик ҳолати, тана вазни ва бошқа индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ёндашиш керак
Do'stlaringiz bilan baham: |