«ВЕТЕРИНАРИЯ» ИХТИСОСЛИГИ БЎЙИЧА ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ УЧУН ҚЎЛЛАНМА
ИЧКИ ЮҚУМСИЗ КАСАЛЛИКЛАР ФАНИДАН
П Р А К Т И К У М
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ
САМАРҚАНД ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ИНСТИТУТИ
ИЧКИ ЮҚУМСИЗ КАСАЛЛИКЛАР ФАНИДАН
П Р А К Т И К У М
Профессор Қ.Н.Норбоев таҳрири остида
Қўлланма Олий ўқув юртлариаро илмий-услубий бирлашмалар фаолиятини Мувофиқлаштирувчи Кенгаш Президиумининг қарорига кўра ўқув қўлланма сифатида нашрга тавсия қилинган (№ Q-660. 23.02.2002 й. 24-баённома).
Самарқанд – 2009
УДК: 619:616-08 (075.8)
Муаллифлар: профессор Қ.Н.Норбоев, доцентлар Б.Б.Бакиров, Б.М.Эшбўриев.
Тақризчилар: 1. Доцент М.Б.Сафаров.
2. Вет. фан. номзоди Д.Сайдалиев.
Қўлланма Сам ҚXИ Илмий кенгашининг 29.12.2009 йилдаги _- йиғилишида муҳoкама қилинган ва чoп этишга руxсат этилган.
Қўлланма ЎзР ОЎМТВ томонидан 24.07.2006 йилда тасдиқланган «Ички юқумсиз касалликлар фанидан дастур» асосида қайта тайёрланган бўлиб, олий ўқув юртларининг 5640100 - «Ветеринария» ва 5140900 - Касб таълими «Ветеринария» йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалари ва ветеринария мутахассислари учун мулжалланган. Қўлланмада ҳайвонларни фиксация қилиш, клиник текшириш, диспансерлаш услубиятлари, ҳайвонларда учрайдиган ички юқумсиз касалликларни сабаблари, ривожланиш хусусиятлари, диагностикаси, даволаш ҳамда олдини олиш усуллари баён қилинган.
К И Р И Ш
Ички юқумсиз касалликлар (Терапия) - фани ҳайвонларда учрайдиган ички юқумсиз касалликларнинг тарқалиши, иқтисодий зарари, сабаблари, кечиш хусусиятлари, ташҳиси, даволаш ва олдини олиш усулларини ўргатади ҳамда республикамиздаги ижтимоий – иқтисодий ислоҳотлар натижалари ва худудий муаммоларнинг чорвачилик соҳасида ветеринариянинг истиқболига таъсири масалаларини қамрайди.
Ҳайвонларнинг ички юқумсиз касалликлари кенг тарқалган бўлиб, ҳайвонларнинг юқумсиз характердаги касалликларининг 80 фоизи уларнинг улушига тўғри келади. Ҳайвонларни парваришлаш, озиқлантириш шароитларининг ўзгариши натижасида бу касалликларнинг умумий хусусиятлари ҳам ўзгарди. Илгари учрамайдиган касалликлар ёки кам қайд этиладиган ва ёзилмаган касалликлар (катта қорин ацидози ва алкалози, ширдоннинг жойидан силжиши, ошқозон яраси, миокард инфаркти, кетоз, иккиламчи остеодистрофия, гипомагниемия, аутоиммун касалликлар), шунингдек, касалликларнинг полиморбид (касалликларнинг биргаликда учраши) тўғрисида адабиётларда янги маълумотлар пайдо бўлди.
Ички юқумсиз касалликлар фанини ўқитишдан мақсад - талабаларда ҳайвонларнинг юқумсиз характердаги касалликларининг тарқалиши ва иқтисодий зарари, сабаблари, кечиш хусусиятлари, диагностикаси ва дифференциал диагностикаси, даволаш, умумий ва хусусий профилактика қилишнинг замонавий самарадор усуллари бўйича йўналиш профилига мос билим, кўникма ва малака шакллантиришдир.
Фаннинг вазифаси – талабаларга юқумсиз характердаги касалликларнинг сабаблари, кечиш хусусиятлари, уларни ўз вақтида аниқлаш, даволаш ва олдини олиш тадбирларини тўғри ташкил этиш, тадқиқот услубиятларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ўргатишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |