Ички юқумсиз касалликларини ўрганиш тартиби. Ички юқумсиз касалликлар билан оғриган ҳайвонларни якка ҳолда ёки гуруҳлаб даволаш ҳамда касалликларнинг олдини олиш тадбирлари қўйидаги тартибда амалга оширилади:
1. Анамнез маълумотлари билан танишиб чиқиш, ҳайвонларни сақлаш,
озиқлантириш шароитлари ҳамда хўжаликнинг эпизоотик ҳолатини ўрганиш.
2. Касалланган ҳайвонни клиник текширишлардан ўтказиш. Зарурият туғилганда электрокардиография, руминография, гастрография каби махсус усуллардан фойдаланиш.
3. Организмдаги функционал ўзгаришларни аниқлаш мақсадида қон, қон зардоби, сут ва сийдикда лаборатория текширишларини ўтказиш.
4. Касалликнинг келиб чиқиш сабабларини (этиологиясини) аниқлаш.
5. Касалликнинг ривожланиш механизмини (патогенези) аниқлаш.
6. Пода синдроматикасини, касалликнинг текширишлар натижасида маълум бўлган белгиларни (симптоматика), семиотикани (қонни ва бошқа биологик материалларни лабаратор текширишлар натижаси) таҳлил қилиш ва шулар асосида диагнозни аниқлаш.
Пода синдроматикаси деганда кейинги 2-3 йил давомидаги маҳсулдорлик кўрсаткичлари:
- гушт, сут, жун ва тухум кўрсаткичлари;
- ҳайвонлар ўртача вазнининг ўзгариб туриши;
- диспепсия каби юқумсиз касалликларнинг қайд этилиши;
- қисир қолиш;
- сутнинг таркибида ёғ ва оқсилнинг кам ва кетон таначаларининг ортиқча бўлиши ва ҳ.з.
7. Касалликнинг оқибати тўғрисида хулоса чиқариш (прогноз).
8. Даволаш тартибини тузиш ва ташкил этиш (терапия).
9. Профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
Профилактикани режали ташкил этиш билан бир неча касалликларнинг олдини олишга имкон яратилади.
Умумий ва хусусий профилактика фарқланади:
- Умумий профилактика касалликларга чидамлилиги ва модда алмашинуви даражасининг жадаллиги юқори бўлган соғлом, мустахкам конституцияли ва юқори маҳсулдор ҳайвонлар гуруҳини яратишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасини ўз ичига олади. Юқумсиз касалликларнинг умумий профилактикаси юқумли касалликлар профилактикасидан ўзининг носпецификлиги, яъни умумийлиги билан фарқ қилади. Умумий профилактиканинг назарий асосини «организмнинг ташқи муҳит билан узвий алоқадорлиги» қонуни ташкил этади.
Ташки муҳит деганда: хўжаликнинг тупроқ ва иқлим шароитлари, озиқа базасининг ҳолати, фотосинтез даражаси, озиқа тайёрлаш ҳамда сақлаш технологияси, ҳайвонларни парваришлаш ва сақлаш шароитлари, улардан фойдаланиш усуллари тушинилади.
- Хусусий профилактика айрим каслликларни олдини олиш чора тадбирларини амалга оширишга қаратилади. Масалан: моддалар алмашинуви бузилиши касалликларини олдини олишда премикслар, минерал аралашмалар, витаминлар препаратларини қўллаш.
2-машғулот. Касал ҳайвонларни фиксация қилиш ва клиник текшириш. Клиник ҳужжатлар.
Режа:
2.1. Касал ҳайвонларни фиксация қилиш ва клиник текшириш
2.2. Клиник ҳужжатларнинг турлари ва аҳамияти.
2.3. Касал ҳайвонларни қайд этиш журналини юритиш тартиби.
2.4. Касаллик тарихи варақасини юритиш тартиби.
Do'stlaringiz bilan baham: |