Симптоматик усул ҳам бошқа усулларга ёрдамчи сифатида касалликнинг баъзи бир белгиларини йўқотиш ва касал ҳайвоннинг аҳволини яхшилаш мақсадида қўлланилади. Балғам кучирувчи, сийдик ҳайдовчи, сурги дорилар, ҳароратни тушурувчи, оғриқни йўқотувчи, юракка таъсир этувчива бошқа дориларни қўллаш, физиотерапия ва оператив усуллардан фойдаланиш симптоматик терапияга мисол бўлади. Симптоматик усул қулланганда касал ҳайвон тўлиқ соғайиб кетмайди, балки аҳволи бироз яхшиланади. Шунинг учун даволашни комплекс равишда ташкил этиш лозим.
Викар терапия (ўрин тўлдириш усули) организм ҳаёти учун зарур бўлган баъзи моддалар етарлича қабул қилинмаганда ёки ишлаб чиқарилмаганда уларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида қўлланилади. Қон қуйиш, гормонотерапия, витаминотерапия, минерал моддалар билан даволаш викар терапияга мисол бўлади.
Қон қуйишнинг ҳайвонга ўзининг қонидан юбориш (аутогемотерапия), шу турга мансуб ҳайвон қонидан юбориш (изогемотерапия) ва бошқа турга мансуб ҳайвон қонидан юбориш (гетерогемотерапия) каби турлари фарқланади. Қуйилган қон организмга викар, стимулловчи, қоннинг ивишини тезлаштирувчи ва зарарсизлантирувчи таъсир кўрсатади. Қуйилган қоннинг викар таъсири секинлик билан намоён бўлиб, бир вақтнинг ўзида томирлардаги, талоқ, жигар ва бошқа қон деполаридаги қон хажмининг тикланишини таъминлайди.
Ветеринария амалиётида қон қўйишни ўткир қон кетиши, шок, коллапс, заҳарланишлар, гемолитик ва гипопластик анемияларни даволаш, паренхиматоз қон кетиши, куйиш, узоқ битмайдиган жароҳат ва яраларни даволашда қўллаш мумкин.
Гемотрансфузион шокнинг олдини олиш учун биологик синама ўтказилади. Бунинг учун от ёки қорамолларга 200-300 мл қон юборилиб, 10-12 дақиқа кузатилади. Агар бу пайтда безовталаниш, ҳансираш, пульс ва нафаснинг тезлашуви каби ёмон ўзгаришлар юз бермаса, биологик синама «салъбий» - деб ҳисобланади ва гемотрансфузия давом эттирилади. Қорамоллар учун қоннинг кичик дозаси 1 л, ўрта дозаси 2 ва юқори дозаси 2-3 литр ҳисобланади. Ивиб қолмаслиги учун юборишдан олдин қон 10%-ли натрий салицилат билан 5:1 нисбатда аралаштирилади, стабиллаштирувчи эритмаларни аралаштириш қон зардобидаги гуруҳ ёки турларга мансуб агглютининларнинг инактивациясини ҳам таъминлайди ва шу билан гемотрансфузион шокнинг олди олинади.
Юрак, жигар ва буйракларнинг органик ўзгаришлар билан кечадиган касалликлари, ички аъзоларнинг ўткир яллиғланишлари ва ўткир юқумли касалликларида қон қўйиш мумкин эмас.
Гормонотерапия - ички секреция безларининг фаолияти бузилган ҳолларда қўлланилади. Масалан, эркаклик жинсий гормонлари (андостерон, тестостерон) импотенция, стерилитетда, урғочилик жинсий гормонлари (синестрол, прогестерон, гравогармон) тухумдон касалликлари, туғруқ патологиясида, бачадоннинг қисқариш қобилиятини кучайтириш, буйрак ўсти бези мағиз қавати гормонлари (кортикостероидлар, адреналин, норадреналин) ва пустлоқ қавати гормонлари (преднезолон ва б.) шок, коллапс, қон кетиши, заҳарланиш, бронхиал астма ва бир канча аллергик касалликларни, конъюнктивит, кератит, экзема, тендинит, миозит, артрит ва ревматизмларни даволашда, ошқозон ости бези гормонлари (инсулин) қандли диабет, жигар касалликларини даволашда қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |