Керакли асбоб-ускуна ва жиҳозлар: Клиник текшириш учун асбоб ва ускуналар, қонни ва сийдикни лаборатор текшириш учун керакли асбоб ва реактивлар, катта қорин ва меъдани ювиш учун зондлар, воронка, 0,1%-ли калий перманганат эритмаси, 1%-ли натрий сулъфат эритмаси, қорамоллар, қўйлар ва итлар учун зевниклар, жадваллар ва сурги дорилардан намуналар.
Машғулотнинг бориши: Ҳазм тизими касалликларининг тарқалиши ва иктисодий зарари, таснифи, асосий синдромлари тўғрисидаги маърузалар материаллари такрорланиб мустаҳкамлангач, талабалар 3 кичик гуруҳга бўлинади ва ўқитувчи раҳбарлигида сигирда катта қоринни, отда ва итда, майда ҳайвонларда меъдани ювиш ҳамда гипотония билан касалланган сигирни даволаш ишларини олиб боради. Қўлланилган дориларга рецептлар ёзилади.
Кавшовчиларда зондлар тўпланиб қолган газлар ва озиқа массасини чиқариб юбориш ва катта қоринни ювиш мақсадида юборилади. Булардан ташқари дори эритмаларини ичириш, сунъий озиқлантириш мақсадида ҳамда катта қорин ва меъдани ювиш мақсадида бурун-қизилўнгач ва оғиз-қизилўнгач зондларидан фойдаланилади.
Кавшовчиларда катта қорин озиқалардан заҳарланиш, бўкиш, бирламчи характерли гипо- ва атонияларни, тимпанияни даволаш мақсадида Черкасов, Доценко, УРЖЗ-1-3 типидаги зондлар ёки хўжалик шланглари ёрдамида ювилади.
Катта қоринни ювиш учун ёрдамчи ходим ҳайвоннинг буйнини олдинга бироз чузган ҳолда фиксация қилади, оператор чап қўли билан ҳайвоннинг тилини бироз тортиб жағлари орасига олади ва унг қўли билан зонднинг учини тилнинг илдизига қўяди ва тилни қўйиб юборади, охиста ҳаракат билан зондни томоққа ва қизилўнгач орқали катта қоринга юборади.
Зондни катта қоринга тушганлигига ишонч ҳосил қилингач, унинг ташқаридаги учига воронка уланиб, 38- 40 оС ҳароратдаги 1% ли ичимлик содаси ёки натрий сульфат тузи эритмасидан 16-30 литр юборилади.
Воронканинг тубида бироз суюқлик қолганда зонд пастга қилиниб, катта қориндаги суюқлик ташқарига тукилади. Бу пайтда катта қорин массаж қилинади. 15-25 литр суюқлик тукилгач, яна зонд орқали 8-16 литр 10оС ҳароратдаги суюқлик юборилади. Катта қоринда ҳароратнинг ўзгариши унинг қисқаришини ва суюқликнинг ташқарига чиқишини яхшилайди.
Катта қорин ювилганда ундаги микроорганизмларни қайта тиклаш мақсадида соғлом ҳайвондан 2-3 литр катта қорин суюқлиги олиниб, касал ҳайвонга ичирилиши лозим.
Отлар учун узунлиги 160-225 см, ташқи диаметри 18 мм, ички юзаси 12-14 мм бўлган эластик резинадан иборат бурун-қизилўнгач зондидан фойдаланилади. Зондни ишлатишдан олдин унинг бутунлиги, ички юзасининг очиқлиги текширилади ва зарарсизлантирилади. Зондни меъдага юборишдан олдин унинг қаерга борганлигини аниқлаш учун бурун қаноти ва томоқ орасидаги ва меъдагача бўлган масофа ташқаридан улчаниб, зондга белги қўйилади.
Зондни меъдага юбориладиган учи унг қўлни кўрсаткич бармоғи ёрдамида бурун тешигининг пастки йўли орқали томоққача юборилади. Ютиниш актининг пайдо бўлиши билан қизилўнгачга ва меъдага ўтказилади.
З онд меъдага тушган бўлса, унинг ташқаридаги учидан маъда суюқлиги чиқади. Зондга воронка ўрнатилиб, 7-10 литр илиқ сув юборилади ва тезлик билан зонднинг учи пастга қилинади. Бу муложа меъдадан тиниқ суюқлик чиқгунга қадар такрорланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |