Объектли муносабатни акс эттирувчи сўз бирикмаларида пропозиция ифодаси.Объектли муносабатни акс эттирувчи сўз бирикмалари предмет ва белги, предмет ва предмет, предмет ва ҳаракат ўртасидаги алоқа-боғланишни акс эттиради. Бундай сўз бирикмалари гапда тўлдирувчи + тўлдирилмиш вазиятида келади. Бу бирикувда тўлдирилмиш мавқеидаги ҳоким бўлакнинг валентлигига тўлдирувчи мавқеидаги бўлак томонидан аниқлик киритилади.
Объектли муносабатни акс эттирувчи сўз бирикмалари предмет ва белги ўртасидаги муносабатни акс эттирганда от + сифат, олмош + сифат бирикувидан ташкил топади. Бундай сўз бирикмалари предмет белгиси ҳақида маълумот ташувчи пропозицияга эга бўлади. Синглингдан катта қизлар бор. (Сўзл.) Шундан яхши харидор тополмайсиз. (Ў.Ҳошимов. “Дунёнинг ишлари”)
Келтирилган мисолларда қўлланган синглингдан катта, шундан яхши сўз бирикмалари предмет ва белги ўртасидаги муносабатни акс эттиради. Шу сабабли бу сўз бирикмалари орқали предмет белгиси ҳақидаги ҳукмни англатувчи «Синглинг катта», “Шу яхши” пропозициялари ифодаланади. Иккинчи гапдаги шу олмоши орқали айнан қайси предметга ишора қилинаётганлиги контекст орқали англашилади.
Объектли муносабатни акс эттирувчи от + от тузилишидаги сўз бирикмаларида бир предметнинг иккинчи предметга қаратилганлиги ёки унга мўлжалланганлигини англатувчи пропозиция ифодаланади. Масалан, «Ёшларга эътибор кучайди» гапида ёшларга эътибор сўз бирикмаси орқали «Эътибор ёшларга қаратилган» пропозицияси англашилади.
Объектли муносабатни акс эттирувчи сўз бирикмалари от + феъл тузилишида ҳам шаклланади. Бундай сўз бирикмалари предмет (объект) ва ҳаракат ўртасидаги муносабатни акс эттиради. Шу сабабли бундай сўз бирикмалари орқали предмет ва унинг устида бажарилган ҳаракатни акс эттирувчи пропозиция ифодаланади. Масалан: ...Ғазал ёзиш билан шуғулланган бўлардим. (Ў.Ҳакимали. “Ҳасрат”)
Бу гапда ғазал ёзиш сўз бирикмаси орқали «Ғазал ёзилади» пропозицияси ифодаланади.
Олмош + феъл тузилишли сўз бирикмалари ҳам ўзаро объектли муносабатда бирикиб пропозиция ифодачиси бўлиши мумкин. Масалан: Онаси унга тикилиб жим қолди. (С.Зуннунова. “Икки ўт орасида”) (Унга тикилди.)
Ҳаракат номили, равишдош феълли ўрамлар орқали пропозициянинг ифодаланиши Н.Маҳмудов томонидан махсус ўрганилган. Олим мазкур ўринда пропозициянинг иккиламчи усулда ифодаланган кўриниши юзага чиқишини таъкидлайди.17