Нохуш таъсири: бош айланиши, бош оғриғи, юзнинг гиперемияси, диплопия, камдан-кам ҳолларда аллергик реакциялар.
КАЛИЙ ХЛОРИД – юракга ацитилхолинга ўхшаб таъсир кўрсатади, яъни юрак қисқаришларининг сони ва кучини, миокарднинг ўтказувчанлиги ва қўзғалувчанлигини сусайтиради. К+ионларининг кардиотроп таъсирини атропин даф этолмайди. К+ионлари кичик дозаларда юрак тож томирларини кенгайтиради, катта дозаларда эса аксинча, торайтиради. МИТдан калий хлорид яхши сўрилади. Буйрак орқали ажралади. Калий препаратларини энтерал ва парентерал йўллар билан киритиш мумкин. Калий препаратларининг дозаси ошириб юборилса, парестезиялар, диспепсия, атриовентрикуляр ўтказувчанликни кескин пасайиши, тўла қамалгача кузатилади, буйрак фаолияти бузилади.
ПАНАНГИН – калий аспаргинат ва магний аспаргинат (аспаркам) дан иборат бўлган препарат. Калий оротат ва панангин KCl каби таъсирга эга.
ПОЛЯРИЗАЦИЯЛОВЧИ аралашма: КCl, глюкоза, инсулиндан иборат бўлиб, миокардда К+ионлари концентрациясини тез оширади, митохондрияларда оксидланиш ва фосфорланиш жараёнини кучайтиради, ҳужайра мембраналари поляризацияланади.
ЭДРОФОНИЙ – қисқа таъсир кўрсатувчи антихолинэстераз препарат. Эдрофоний таъсирида эндоген ацетилхолин турғунлашади ва юракка адашган нерв таъсири ошади.
МЕЗАТОН – қон босимини оширгани учун, каротид коптокчадаги барорецепторлар қўзғалади ва юракка вагус таъсирини оширади.
ТОЖ ТОМИРЛАРДА ҚОН АЙЛАНИШИ ЕТИШМОВЧИЛИГИДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ВОСИТАЛАР.
Тож томирларда қон айланишининг бузилиши, юракнинг ишемик хасталигига (ИБС) олиб келади. Одатда бу хасталик тож томирлар спазмида ёки тромбозида ривожланади. Бунда миокарднинг кислородга бўлган эхтиёжи ва уни таъминланиш орасида тафовут келиб чиқади. Умуман ИБС юрак тож томирларида қон айланиш ва миокардни кислород билан таъминланишнинг бузилиши туфайли ривожланади. Шунинг учун ИБС хасталигида тож томирларини кенгайтириб, юракни қон билан таъминланишини ошириш керак ёки юракни камроқ ишлатиб, унинг кислородга бўлган эхтиёжини камайтириш керак. Шуларга эьтиборан қуйидаги тасниф қабул қилинган:
Органик нитратлар нитроглицерин, сустак, тринитролонг, эринит, нитросорбит.
Кальций каналларини қамалловчи воситалар верапамил, фенигидин.
Турли воситалар – амиодарон.
β-адреноблокаторлар (миокардни кислородга бўлган эхтиёжини камайтиради) – анаприлин, метопролол, талинолол.
Миотроп таъсирли, тож томирни кенгайтирувчи воситалар дипиридамол, карбокромен, папаверин, но-шпа.
β-адреномиметик таъсирга эга воситалар нонахлазин, оксифедрин.
Рефлектор таъсир этиб, тож томирлар спазмини даф этувчи воситалар валидол.
Охирги 3та гуруҳ препаратлари миокардни кислород билан таъминланишини оширадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |