Жисмоний зўрлик ишлатиш деганда, жабрланувчини уриш, дўппослаш, соғлиғини қисқа муддатга (йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга) бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш ёки меҳнат қобилиятини қисқа муддатга бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш, шунингдек, жабрланувчига жисмоний азоб бериш ёки озодлигини чеклаш, масалан мажбурий равишда подвал ёки ертўлага қамаб қўйиш билан боғлиқ бўлган зўрлик ишлатишни тушуниш керак.
Талончиликда руҳий зўрлик ишлатиш эса юқорида айтилган ва бошқа ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш билан қўрқитишдан иборатдир.
Жисмоний ёки руҳий зўрлик энг аввало, талончилик йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш воситаси сифатида ишлатилган бўлиши керак. Агарда жисмоний ёки руҳий зўрлик ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг воситаси сифатида ишлатилмаган бўлмаса, қилмиш Ўзбекистон Республикаси ЖК 166-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноят таркибини ташкил қилмайди.
Агар талончилик жинояти тугаган ва жабрланувчи ўз мулкини қайта қўлга киритиш мақсадида ҳаракат қилган бўлса ва айбдор жабрланувчига зўрлик ишлатган бўлса, бундай зўрлик талончилик жиноятининг воситаси бўла олмайди. Аммо бундай ҳолда талончилик жинояти тўла охирига етказилган бўлиши шарт. Демак, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик талончилик охирига етказилганидан сўнг мулкни ўзида сақлаб қолиш мақсадида ишлатилган бўлса, бундай қилмишни баданга етказилган шикастнинг даражасига қараб, ҳам талончиликда, ҳам жабрланувчининг баданига шикаст етказишда жиноятлар жами тариқасида квалификация қилиниши керак45.
3. Содир этилган талончиликни Ўзбекистон Республикаси ЖК 166-моддаси 2-қисми “б” банди (анча миқдор) билан квалификация қилиб, жиноий жавобгарликка тортиш учун қилмишда квалификация қилишнинг бошқа оғирроқ белгиси бўлмаса, талон-торож қилинган мулкнинг миқдори жиноят содир қилинган кундаги энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган миқдор доирасида бўлиши керак.
Бунда жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқади. Агар ишни суд муҳокамаси, ҳукм чиқариш ёки юқори инстанция судида кўриш вақтида энг кам ойлик иш ҳақининг миқдори ўзгарган бўлса, бу қилмишнинг квалификациясига таъсир қилмайди.
Талончилик тўғри қасддан содир этилади, жиноятнинг мотиви ва мақсади жиноят таркиби субъектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади. Шунга кўра, қилмиш талончилик усули билан талон-торож қилиниши мўлжалланган мулкнинг миқдори, яъни қанча миқдордаги мулкни талон-торож қилиш мақсадига қараб квалификация қилинади. Агарда шахс анча миқдордаги мулкни талон-торож қилиш мақсадида талончилик қилган, аммо талон-торож қилинган мулкнинг миқдори анча миқдордан кам бўлса, қилмиш анча миқдордаги мулкни талон-торож қилишга суиқасд қилиш сифатида квалификация қилинади.
4. Ўзбекистон Республикаси ЖК 166-моддаси 2-қисми “в” бандида бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб талончилик қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилади.
Талончиликни Ўзбекистон Республикаси ЖК 166-моддаси 2-қисми “в” банди билан квалификация қилиш учун қонун талабларига кўра, қуйидаги шартлар бўлиши керак:
Талончилик жиноятининг бажарувчиси сифатида камида икки кишининг биргалашиб қатнашганлиги;
Жиноий қилмишнинг биринчи марта содир этилганлиги;
Талончилик йўли билан талон-торож қилинган мулкнинг анча миқдоргача ташкил қилганлиги;
Икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг ушбу жиноятни содир этиш учун олдиндан тил бириктирганлиги46.
Агар содир қилинган жиноятнинг бажарувчиси бир киши бўлса, қолган иштирокчилар (ташкилотчи, далолатчи, ёрдамчи)нинг ҳаракатлари ЖК 166-моддаси 2-қисми “в” банди билан эмас, балки ЖК 28-моддаси орқали бажарувчи содир қилган ЖК 166-моддаси тегишли қисмлари билан квалификация қилинади (ЖК 30-моддаси 1-қисми).
Демак, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб мулкни талон-торож қилиш учун қуйидаги 3 та шарт:
а) гуруҳ таркибида жиноий жавобгарлик ёшига етган камида икки шахснинг иштирок этганлиги;
б) гуруҳда камида икки ёки ундан ортиқ шахс бажарувчи сифатида иштирок этган;
в) гуруҳда иштирок этаётган шахсларнинг олдиндан тил бириктириб, биргаликда жиноят содир этиш учун келишиб олган бўлиши керак.
5. Талончиликнинг такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилиши ЖК 166-моддаси 3-қисми “а” бандидаги жавобгарликни келтириб чиқаради.
Талончиликни такроран содир этилган, деб ҳисоблаш учун қуйидаги тўртта шарт:
1) илгари ЖК 166-моддаси (талончилик)да назарда тутилган жиноятни содир этганлиги (бунда олдин содир этган талончилик жинояти тамом бўлган жиноят, талончилик жиноятига тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этишга суиқасд қилиш ёки талончиликни иштирокчиликда содир этганлиги аҳамиятга эга эмас);
2) илгари содир этилган жинояти ЖК 166-моддасининг қайси қисми билан квалификация қилинганлиги аҳамиятга эга эмаслиги;
3) айбдор содир этган жиноятларининг бирортаси учун ҳам судланмаган бўлиши;
4) айбдор олдинги талончилик қилмиши учун ЖК 64-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари ўтмасдан туриб, талончилик жиноятини янгидан содир этган бўлиши керак.
Талончилик такроран содир этилган, деб ҳисоблаш учун шахс олдин Ўзбекистон Республикаси ЖК 166-моддаси бирорта қисмида назарда тутилган талончиликни содир қилиб, ўша жинояти учун ҳали судланмасдан туриб, такроран ЖК 166-моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилиши керак.
Агар содир қилган жиноятда ЖК 166-моддаси 4-қисми “а”, “б” ёки “в” бандларининг аломатлари бўлса, унда қилмиш ЖК 166-моддаси 3-қисми “а” банди билан квалификация қилинмайди, чунки Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорига кўра, талон-торож жиноятларида қилмиш ўша модданинг оғирроқ қисми билан квалификация қилинади.
Талончиликни хавфли рецидивист томонидан содир этилган, деб топиш учун айбдор олдинги жинояти учун судланиб, судланганлик муддати ўтмасдан ёки судланганлиги қонунда белгиланган тартибда олиб ташланмасдан яна талончилик жиноятини содир қилган ва шу кейинги жинояти учун хавфли рецидивист деб топилган бўлиши керак.
Талончиликни хавфли рецидивист томонидан содир этилган, деб ҳисоблаш учун қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши керак:
1) шахснинг илгари содир этган талончилик жинояти учун судланганлиги;
2) ЖК 69-моддасида белгиланган жазони ижро этиш муддатларининг ўтиб кетмаганлиги;
3) ЖК 78-моддасида назарда тутилган судланганлик муддатларининг ўтиб кетмаганлиги ёки ЖК 79-моддасига асосан судланганлиги олиб ташланмаганлиги;
4) олдинги жинояти ҳам, кейин содир қилган жинояти ҳам фақат талончилик жиноятидан иборат бўлиши керак.
6. Шахс талончиликни уй-жойга, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир қилган тақдирда ЖК 166-моддасининг 3-қисми “б” банди билан жиноий жавобгарликка тортилади.
Ғайриқонуний кириш деганда ўғрилик, талончилик ва босқинчилик қилиш мақсадида уй-жойга, омборхона ёки бошқа бинога кириш тушунилади. Ғайриқонуний кириш нафақат яширин, балки очиқдан-очиқ, тўсиқларни, одамларнинг, шунингдек, қўриқловчи ходимларнинг қаршилигини енгиб содир этилиши мумкин. Алдаш йўли билан, шунингдек, қалбаки рухсатномалардан фойдаланиб, масалан, сантехник, алоқа бўлими ходими, газ, электр энергия ва ёнғиндан назорат қилувчи ходимлар ва бошқалар тариқасида бинода пайдо бўлиши ғайриқонуний кириш деб баҳолаш керак47.
Бунда қалбаки рухсатномадан фойдаланиш, агар уни айбдорнинг ўзи тайёрламаган бўлса, қилмиш қўшимча равишда ЖК 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан квалификация қилинмайди.
Агар талончиликни амалга ошириш учун айбдор қалбаки рухсатномани ўзи тайёрлаган бўлса, унда қилмиш жиноятлар жами тариқасида ЖК 166-моддаси (талончилик) ва ЖК 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) тегишли қисмлари билан квалификация қилинади.
Ғайриқонуний кириш бирдан-бир мақсад бўлмасдан, балки айбдор талон-торож қилмоқчи бўлган бойликлар сақланаётган жойга кириб боришнинг усули ҳисобланади. Шу сабабли уй-жойдан, бинодан ёки бошқа омборхонадан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш нияти ғайриқонуний киришдан олдин юзага келади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қилмишни ЖК 166-моддаси 3-қисми “б” банди билан квалификация қилиш учун айбдорда уй-жойга кириш мақсади бўлганлигини аниқлаш керак. Агарда шахс бошқа мақсадлари (масалан, гаплашиб ўтириш ёки бирор нарсани сўраб чиққан бўлиб, жиноий ният бўлмаган ҳолларда) билан кириб, талончилик қилиш фикри кейин пайдо бўлган бўлса қилмиш ЖК 166-моддаси 3-қисми “б” банди билан квалификация қилиниши мумкин эмас. Чунки бундай ҳолатда жиноят содир қилиш тўғрисидаги мақсад уйга киришдан олдин эмас, балки уйни ичида турганда пайдо бўлган48.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 30 апрелдаги 6-сонли “Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 9-бандида уй-жой ва омборхона тушунчаларига қуйидагича таъриф берилади:
Уй-жой деганда кишиларнинг доимий ёки вақтинчалик туришига мўлжалланган (шахсий уй, хонадон, меҳмонхонадаги, санаториядаги хона, дала ҳовли, боғ ҳовли ва бошқалар) бино, шунингдек унинг таркибига кирувчи дам олиш учун, мулкни сақлаш учун ёхуд инсоннинг бошқа эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган бино (балконлар, ойнабанд айвонлар, омборлар ва бошқалар) тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |