Тошкент давлат юридик институти



Download 1,48 Mb.
bet26/45
Sana27.11.2022
Hajmi1,48 Mb.
#873721
TuriКодекс
1   ...   22   23   24   25   26   27   28   29   ...   45
Bog'liq
Талон торож қилиш кулланма05

Тўртинчи ҳолатда, мулк ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрига берилган камида иккита мансабдор шахслар ва ундан бошқа иштирокчилар бўлиб, ишониб топширилган мулкни талон-торож қилиш тўғрисида олдиндан келишиб ҳаракат қилган бир гуруҳ шахсларни ташкил этса, бошқа шахслар махсус субъект белгиларига эга бўлмайди, бироқ талон-торож жиноятининг объектив томонини бажаришда бевосита қатнашади. Бу ҳолатда ўзлаштириш ва растрата жинояти субъектлари қилмиши бошқа квалификация қилувчи белгилар бўлмаса, ЖК 167-моддаси 2-қисм “в” банди билан (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб), ЖК 167-моддаси 2-қисм “г” банди билан (мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса), қолган иштирокчилар эса, бажарган вазифасига кўра ЖК 28-моддаси тегишли қисми орқали ва 167-моддаси 2-қисм “в” банди билан (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб), ЖК 167-моддаси 2-қисм “г” банди билан (мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса) квалификация қилинади.
Демак, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган дейиш учун қуйидаги 4 та шартнинг мавжудлиги тушунилади:
а) гуруҳ таркибида жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етган камида икки шахс иштирок этган бўлиши;
б) гуруҳда камида икки ёки ундан ортиқ шахс бажарувчи сифатида иштирок этган бўлиши шарт;
в) гуруҳ таркибида иштирок этаётган бажарувчиларнинг барчасига мулк ишониб топширилган ёки уларнинг ихтиёрида бўлиши;
г) гуруҳда иштирок этаётган шахсларнинг олдиндан тил бириктириб, биргаликда жиноят содир этиш учун келишиб олганлигидир.
6. Қилмишни ЖК 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан (мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса) квалификация қилиш учун мазкур жиноят “Жиноят кодексининг “Махсус” қисми, VIII бўлимида тушунчаси берилган махсус субъект – мансабдор шахс ёки масъул мансабдор шахс томонидангина содир этилишини тушуниш керак”65.
ЖКнинг “Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси” бўлимидаги “мансабдор шахс” тушунчасига мувофиқ ташкилий-бошқарув ёки маъмурий-хўжалик ваколатлари берилган ва масъул мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс мансабдор шахс, дейилади.
Ташкилий-бошқарув вазифаларини амалга оширувчи шахслар қаторига маориф, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, режалаштириш, кадрларни танлаш, назоратнинг амалга оширилишига раҳбарлик қилувчи шахслар киради. Маъмурий-хўжалик ишларини олиб борувчи шахсларга давлат ёки жамоат мулкини бошқарувчи, тақсимловчи, шунингдек, савдо, молия ва бошқа шу каби соҳаларга раҳбарлик қилувчи шахслар киради66.
ЖК “Атамаларнинг ҳуқуқий маъноси” бўлимидаги “масъул мансабдор шахс” тушунчасига биноан масъул мансабдор шахслар: ҳокимият вакиллари; давлат корхонаси, муассасаси ёки ташкилотларида сайлаш ёки тайинлаш бўйича доимий ёхуд вақтинча ташкилий-бошқарув ёхуд маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариш билан боғлиқ лавозимларни эгаллаб турган ва юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахслар; мулкчиликнинг бошқа шаклларидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари, давлат бошқаруви юзасидан белгиланган тартибда ҳокимият ваколати берилган жамоатчилик вакиллари; ташкилий-бошқарув ёхуд маъмурий-хўжалик вазифаларини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида бажариш билан боғлиқ мансабларни эгалловчи шахсларга бўлинади.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда жиноят содир этиш ЖКнинг бир қанча моддаларида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида назарда тутилган. Ўзлаштириш ёки растрата қилиш жинояти таркибида айбдорнинг мансаб мавқеини суиистеъмол қилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида шуни англатадики, мансабдор шахс айнан талон-торожни содир этиш учун эгаллаб турган мансаб мавқеини суиистеъмол қилади.
ЖК 167-моддаси 2-қисми “г” банди масъул мансабдор шахс томонидан содир этилишини ҳам қамраб олади. Шунинг учун ҳам қўшимча тарзда ЖК 205-моддаси билан жиноятлар жами тариқасида квалификация қилиниши талаб этилмайди.
Мазкур квалификация қилувчи белги ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишни ҳам қамраб олганлиги учун жиноятларни умумий ва махсус нормалар рақобатида квалификация қилиш қоидаларига мувофиқ қўшимча тарзда ЖК 205-моддаси билан жиноятлар жами тариқасида квалификация қилиб бўлмайди. Оғирлаштирувчи ҳолат сифатида назарда тутилган ушбу белгининг субъекти фақат мансабдор шахс бўлар экан, у мансаб мавқеига эга бўлади ва жиноят содир этишда уни суиистеъмол қилади.
Суд-тергов амалиётида мансабдор шахслар томонидан содир этиладиган ўз ваколатини суиистеъмол қилиш орқали содир этиладиган талон-торож қилишнинг бир неча турлари маълум. Уларни шартли равишда уч гуруҳга ажратиш мумкин: 1) мансабдор шахсга ишониб топширилган мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилиш; 2) бўйсунувчи шахсларга ишониб топширилган ёки уларнинг бошқарувида бўлган мулкни эгаллаш ёки учинчи шахсларга топшириб юбориш; 3) мансабдор шахсга ишониб топширилмаган ва унинг бошқарувида бўлмаган мулкни эгаллаб олиш.
Юқорида кўрсатилган талон-торож турларидан дастлабки иккитаси ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан содир этилади, шунинг учун ЖКнинг 167-моддаси 2-қисмининг “г” банди билан квалификация қилинади. Учинчи тури эса, ўзганинг мулкини олиш усулига боғлиқ равишда талон-торож қилишнинг бошқа шакллари учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалар бўйича квалификация қилинади67.
Суд ва тергов амалиёти таҳлилига кўра, кўп ҳолларда мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда талон-торож қилиш судлар томонидан ЖК 167-моддаси 2-қисми “г” бандига ЖК 205-моддаси билан қўшимча тарзда ёки бошқача айтганда, жиноятлар жами тариқасида квалификация қилиш ҳолатлари мавжуд. Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилишни ҳар доим ҳам мансабдорлик жиноятлари хусусан, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-моддаси) билан бирга квалификация қилиш тўғри бўлавермайди. Жумладан, ЖК 167-моддаси 2-қисми “г” банди айни суиистеъмол қилиш ҳаракатларини (ЖК 205-моддасини) ҳам ўз ичига олади. Чунки, ўзлаштириш ёки растрата қилишда мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш деганда, мансабдор шахснинг унга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилишда эгаллаб турган мансаб лавозимидан келиб чиқадиган ҳокимият ёки мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши тушунилади.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан мулкни талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси 2-қисми “г” банди) ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-моддаси) нинг бир қатор белгиларининг ўхшашлиги суд-тергов амалиётида талайгина муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, мулкни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишнинг таркиби ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишдан қайси белгиларига кўра фарқлашни аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Яъни ушбу масала мансабдор шахснинг мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда ғараз, таъмагирликда ифодаланган ва мулкий зарар келтириб чиқарган қилмиши қачон ЖК 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан, қайси ҳолда ЖК 205-моддаси билан квалификация қилиниши керак? деган ҳақли савол туғдиради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида”ги қарорига кўра, мансабдор шахснинг ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда қайтариб бермаслик шарти билан ғараз ниятда текинга ўзининг мулкига ёки бошқа шахсларнинг мулкига айлантиришида ифодаланувчи мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиши талон-торож қилиш деб қаралиши ва Жиноят кодекси 167-моддаси 2-қисмининг “г” банди билан тавсифланиши лозим бўлади68 (мансабдор шахснинг ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда қайтариб бермаслик шарти билан ғараз ниятда текинга ўзининг мулкига ёки бошқа шахсларнинг мулкига айлантириши фирибгарлик йўли билан ҳам содир этилиши бу ерда инобатга олинмаган – муал.).
Олий суди Пленуми мазкур қарорининг 4-бандида “агар ўзгалар мулкининг ғайриқонуний равишда текинга айбдорнинг мулкига айлантириш мақсади билан олиб қўйилганлиги аниқланмаган бўлиб, лекин бошқа ғайриқонуний ҳаракатлар мавжуд бўлган тақдирда бундай ҳаракатлар (масалан, товар-моддий бойликларининг камомади ёки уни яшириш ҳолатининг ўзигина; ўзганинг мулкидан ўзиникига айлантириб олиш мақсадисиз вақтинча фойдаланиш, ўзганинг мулкини қарзга бериб юбориш ва ҳоказо) талон-торож қилиш деб тавсифланиши мумкин эмас. Етарли асослар мавжуд бўлганда, кўрсатилган ҳаракатлар ЖК 205-моддасида назарда тутилган мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш деб тавсифланиши керак”69, дейилади.
Объектив томондан ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ўзганинг мулкини ҳақини тўламасдан, ўрнини қопламасдан ўзи ёки бошқа шахслар фойдасига қаратиб олишидан ташқари бошқа ҳар қандай усулда моддий манфаат кўришда ифодаланади.
Ўзганинг мулкини текинга ўзи ёки бошқа шахслар фойдасига қаратиб, олиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда мансабдор шахснинг ғайриқонуний бойлик орттириши етарли асослар (мисол учун ЖК 205-моддасида назарда тутилган оқибат) мавжуд бўлганда ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш таркибини ташкил қилади.
Одатда қуйидагилар ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-моддаси) ҳисобланади: корхона, муассаса ёки ташкилотдаги иш кучидан квартирани ремонт қилишда, дача қуришда фойдаланиш; “ишлаб топилган” пулларнинг корхона, муассаса ёки ташкилотнинг эҳтиёжларига ортиқча сарфлаб юборилиши; давлат ёки жамоат маблағларини ўзининг жамоаси учун турли хил “тадбирлар” ўтказиш ёки турли хил комиссия, “меҳмон”ларни кутиб олиш учун ғайриқонуний равишда сарфланиши ва ҳ.к.
Шу каби ҳаракатлар натижасида кўп миқдордаги зарар ёки жиддий зиён каби оқибатлар келиб чиққан тақдирдагина, ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳисобланади. Бундай оқибат бўлмаса, мансабдор шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмайди.
Жиноят субъекти эгаллаб турган лавозими бўйича ўзига ишониб топширилган мулкка нисбатан у ёки бу ваколатни амалга ошира туриб, ишониб топширилган мулкни ўзлаштираётганида ёки растрата қилаётганида доимо ўзининг эгаллаб турган лавозимидан фойдаланади, чунки ушбу лавозим бўлмаганида мулк унинг бошқарувида ва тасарруфида бўлмас эди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2004 йил 21 майдаги 4-сонли қарори 7-бандига асосан “Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш ЖК 167-моддасининг 2-қисм диспозициясида алоҳида квалификация қилиш белгиси сифатида назарда тутилганлиги сабабли, мансабдор шахснинг бундай ҳаракатлари, агар айбдорнинг қасди ўзганинг мулкини эгаллашга қаратилган бўлса, ЖК 205-моддаси билан қўшимча квалификация қилинмайди. Бироқ мансабдор шахснинг қилмишида алоҳида, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш қасди билан боғлиқ бўлмаган ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш тарзидаги жиноят таркиби мавжуд бўлса, бундай қилмиш ЖК 167 ва 205-моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши керак”70.
Жиноятларни квалификация қилишдаги муаммолардан яна бири мансабдор шахснинг пайдо бўлган камомадни қоплаш мақсадида корхона, муассаса ёки ташкилотнинг пулини олиши ҳисобланади. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишнинг натижаси (оқибати, мантиқий давоми) мулкнинг камомади ҳисобланади. Бироқ камомад мавжудлигининг ўзи унинг сабабларини аниқланмай туриб, талон-торож қилиш деб хулоса чиқариш учун асос бўлмайди. Камомад нафақат ўзганинг ишониб топширилган мулкини талон-торож қилиш натижасида, шунингдек бошқа сабаблар туфайли ҳам келиб чиқиши мумкин. Масалан, шахснинг мулкни қўриқлаш юзасидан ўз вазифаларини виждонсиз бажариши натижасида мол-мулкнинг талон-торож қилиниши, унга шикаст етказилиши ёки унинг нобуд қилиниши натижасида. Хўжасизлик совуққонликнинг алоҳида кўриниши бўлиб ҳисобланади. Хўжасизларча муносабатда бўлиш кўп ҳолларда талон-торож учун шароит яратиб беради, уни ниқоблайди.
Бу ҳолатда аввало вужудга келган камомаднинг сабабини аниқлаш керак. Агар камомад ўзлаштириш ёки растрата қилиш натижасида келиб чиққан бўлса, бундай қилмиш мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси 2-қисми “г” банди) ҳисобланади. Пайдо бўлган камомадни қоплаш мақсадида кассадан пул маблағларини олиш ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-моддаси) билан квалификация қилинади. Ушбу ҳолда жиноятларнинг реал жами - мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси 2-қисми “г” банди) ва ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-моддаси) мавжуд бўлади. Агар мансабдор шахс бошқа бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб содир этилган талон-торожни беркитган бўлса, унинг қилмиши талон-торожга иштирокчилик, деб квалификация қилинади. Қўшимча тарзда ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-моддаси) билан квалификация қилинмайди, чунки айбдорнинг қасди ва унинг ҳаракатлари талон-торож содир этган шахсларга ёрдам беришга қаратилган бўлади.
Агар мансабдор шахс мансаб мавқеидан фойдаланиб, бошқа шахслар (айбдор мансабни эгаллагунгача, бундан олдин ушбу мансабда ўтирган шахслар) томонидан содир этилган талон-торожни ёпиш учун муайян чоралар кўрган бўлса, унинг қилмиши жиноятлар жами тариқасида ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-моддаси) ва жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш (ЖК 241-моддаси) билан квалификация қилинади.
Мансабдор шахс талон-торож натижасида бўлмаган камомадни мансабини суиистеъмол қилган ҳолда қоплайдиган бўлса, айбдорнинг қилмиши фақат ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (ЖК 205-моддаси) билан квалификация қилиниши керак.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан мулкни талон-торож қилишнинг тамом бўлиш вақти мансабини суиистеъмол қилиш вақти эмас, балки жиноий йўл билан талон-торож қилинган мулкни эгаллаган ёки уни бошқа шахсларга ғараз мақсадларда ўтказган вақт ҳисобланади.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата қилишда мансабдор шахслар бир ҳолатда талон-торож қилинган мулкка нисбатан ваколатга эга бўлса, бошқа ҳолатда бундай ваколатлар бўлмайди. Бунда талон-торожнинг предмети мансабдор шахсга ишониб топширилмаган ва эгалигида ҳам бўлмаган ўзганинг мулки ҳисобланади. Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш мансабдор шахс томонидан пул маблағларини ғайриқонуний тарзда мукофот пули, ойлик иш ҳақига устама, нафақа, ёрдам пули ва бошқа тўловлар олиш кўринишида бўлиш мумкин.
Мукофот, устама ва бошқа шу кабиларда пул маблағларини ғайриқонуний тарзда олиш мақсадида мансабдор шахснинг ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиши, талон-торож деб квалификация қилиниши керак.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, мулкни талон-торож қилишда мансабдор шахс талон-торож қилинаётган ўзганинг мулкига нисбатан алоҳида ваколатларга эга бўлган ҳолда, баъзида унга ишониб топширилган маблағларни пора кўринишида бериш мумкин. Бундай қилмиш талон-торож ва пора бериш билан квалификация қилиниши керак.
Мансабдор шахсларнинг фуқаролардан коммунал ва бошқа тўловлар, солиқ, аъзолик бадаллари ва бошқа шу кабилар учун пул маблағларини қабул қилиб, уларни кирим қилмасдан, ўзлаштириб юбориши мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси 2-қисми “г” банди) билан квалификация қилиниши керак. Кирим қилинмаган пул маблағлари эмас, балки ишлар, хизматларни бажариш учун олинган хом-ашё ва материалларни ўзлаштириш ҳам худди шу тарзда квалификация қилинади. Агар бунда корхонанинг ишлатилиши керак бўлган хом-ашё ёки материаллари ишлатилмаса, ЖК 170-моддаси билан квалификация қилинади.
Ўзганинг мулкини талон-торож қилиш кўп ҳолларда талон-торожни содир этган шахснинг ваколатлари билан боғлиқ бўлади. Баъзи ҳолларда моддий жавобгар ва мансабдор шахслар хом ашё харажатлари нормаларини бузиб кўрсатиш, ишлаб чиқариш технологияларини бузиш ва табиий харажат нормаларини ошириб кўрсатиш орқали “иқтисод” қилинган товар моддий қимматликларни ўзлаштирадилар. Бундай қилмиш ЖК 167-моддаси 2 қисми “г” банди билан квалификация қилиниши керак.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзлаштириш ёки растрата қилишнинг яна бир тури қилинган ишларнинг ҳажмини ошириб кўрсатиш орқали улар томонидан қўшимча олинган пул маблағларини ишчилардан олишдир. Бундай ҳаракатлар ЖК 167-моддаси 2 қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноятлар таркибини тўлиқ қамраб олади ва ЖК 205-моддаси билан қўшимча квалификация қилишни талаб қилмайди71.
Мансабдор шахснинг солиқ тўлашдан бўйин товлаши, ишчи кучидан ёки давлат ёхуд жамоат транспортидан фойдаланиш ҳаракатлари орқали моддий фойда кўриши, агар мансабдор шахс мақсади ўзганинг мулкини ўзининг фойдасига айлантириш билан боғлиқ бўлмаса, ўзлаштириш ёки растрата сифатида квалификация қилиниши мумкин эмас. Бундай ҳаракатлар жиноятларни содир этиш ҳолатига қараб, ЖК 205 ёки 206-моддаси билан квалификация қилиниши мумкин.
Шунингдек, мансабдор шахслар махсус субъект сифатида ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда, қайтариб бермаслик шарти билан, ғараз ниятда, текинга ўзининг мулкига ёки бошқа шахсларнинг мулкига айлантириши фирибгарлик йўли билан ҳам содир этилиши мумкин. Бундай ҳолда айбдорнинг қилмиши ЖК 168-моддаси ва иш ҳолатларига кўра ЖК 205- ёки 206-моддаси билан квалификация қилинади.
Тергов ва суд амалиёти таҳлилига кўра, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш кўп ҳолларда ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан содир этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2004 йил 21 майдаги 4-сонли қарорининг 8-бандига кўра, агар мансабдор шахс ўзи содир этган талон-торож жиноятини енгиллаштириш ёки яшириш мақсадида расмий ҳужжатларга била туриб ёлғон маълумотлар ва ёзувлар киритган бўлса, унинг қилмиши ЖК 167 ва 209-моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши керак72.
Агар мулк ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилингандан сўнг жиноятни яшириш, пайдо бўлган камомадни беркитиш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирган ёки қалбакилаштирган бўлса, мансабдор бўлмаган шахснинг ҳаракатлари ЖКнинг 167- ва 228-моддалари билан жиноятлар жами тариқасида, агар мансабдор шахс бўлса, унинг ҳаракатлари 167-моддаси 2-қисм “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноятлар жами тариқасида квалификация қилиниши керак.
Айбдор ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирган ёки қалбакилаштирган бўлса (ҳатто жиноят содир этилишини енгиллаштириш мақсадида бўлса ҳам), айбдорнинг ҳаракатлари фақат ЖК 167-моддаси билан квалификация қилиниши керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2008 йил 15 майдаги “Бир неча жиноят содир этилганда қилмишни квалификация қилишга доир масалалар тўғрисида”ги 13-сонли қарори 10-бандига кўра: “Бир неча жиноят содир этилганда, агар жиноятлардан бири бошқасини содир этиш воситаси ёки усули бўлиб, ҳар иккала жиноят белгилари Жиноят кодекси тегишли моддаси диспозициясида кўрсатилган бўлса, қилмиш Жиноят кодексининг фақат оғирроқ жиноят учун жавобгарлик белгиловчи битта моддаси билан квалификация қилиниши керак. Бунда қилмишни енгилроқ жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи модда билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди”.
Чунки суд-тергов амалиёти таҳлилига кўра, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишни асоссиз равишда ЖКнинг 209-моддаси билан жиноятлар жами тариқасида квалификация қилиниши айбдор томонидан етказилган зарар тўланган тақдирда ҳам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони тайинлаш имконини беради. Бу эса, айбдор шахсларнинг етказилган зарарни тўламаслигига олиб келади.
Талон-торож қилиш учун ҳужжатларни қалбакилаштириш талон-торожга тайёргарлик кўриш сифатида квалификация қилиниши керак. Айбдорнинг қасди талон-торожга қаратилмаган ҳолда қалбаки ҳужжатлар тақдим этилганда (таътилга чиқиш, ишдан бўшаш ва шу каби бошқа мақсадларда), бундай қилмиш учун қалбаки ҳужжатлардан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликка ва фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарликка тортиш мумкин. Сохта меҳнат шартномаси асосида тўлиқ бажарилмаган ёки бажарилмаган ишлар, хизматлар учун ойлик иш ҳақини ўзи ёки бошқа шахслар фойдасига ўтказиш ҳам мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда талон-торож қилиш ҳисобланади.
Агар мансаб сохтакорлиги мансабдорлик жиноятининг субъекти бўлмаган бошқа шахслар билан иштирокчиликда содир этилган бўлса, башарти, улар талон-торож жинояти иштирокчиси бўлмаган бўлса, бундай иштирокчиларнинг ҳаракатларини ЖКнинг 228-моддаси билан эмас, балки мазкур кодекснинг 28, 209-моддалари билан квалификация қилиниши лозим73.
Амалда бажарилган ишлар, хизматлар учун пул маблағларини олиш, хатто ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилган бўлса ҳам, талон-торож бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонунчиликни қўллаш суд амалиёти тўғрисида”ги 2/84-сонли қарорининг 13-бандига кўра, мансабдор шахснинг кредитни ўз вақтида қайтаришдан қасддан бўйин товлаши, талон-торож қилиш аломатлари бўлмаган тақдирда, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш сифатида, башарти бу ҳаракатлар алоҳида шахслар томонидан содир этилса, Жиноят кодексининг 170-моддаси билан тавсифланмоғи лозим.
Талон-торож қилиш аломатлари бўлмай туриб ғайриқонуний кредитлар бериш ЖК 205-моддаси билан тавсифланиши зарур. Кредитни қайтаришдан қасддан бўйин товлаш ёки ғайриқонуний кредит берганлик, шунингдек, кредит беришни қонунга хилоф равишда рад қилганлик учун жиноий жавобгарлик фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилган тақдирда келиб чиқади.
7. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддасининг 3-қисмида:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
г) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб ўзлаштириш ёки растрата қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.
8. Қилмишни ЖК 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жуда кўп миқдорда деб, квалификация қилиш учун ўзлаштирилган ёки растрата қилинган мулк миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдорда бўлиши талаб этилади.
9. ЖК 167-моддаси 3-қисми “б” банди бўйича (ўта хавфли рецидивист томонидан) жавобгарлик агар шахс ушбу жиноятни содир этгунига қадар тегишли тартибда суднинг ҳукми билан ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлсагина келиб чиқиши мумкин.
ЖК 34-моддаси 3-қисми мазмунига кўра қуйидаги ҳолларда ўта хавфли рецидив жиноят, деб топилади:
Беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган қасддан янги жиноят содир этиш, яъни:
а) илгари ўта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, унинг учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
б) илгари икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
в) илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши;
г) олдин-кейинлигидан қатъи назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши ўта хавфли рецидив жиноят деб топилади.
Ўзгалар мулкини талон-торож қилишни ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган деб топиш учун шахснинг олдинги жинояти учун суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилиши керак.
Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш икки шахс томонидан содир этилиб, бири такроран жиноят содир қилган, иккинчиси эса ўта хавфли рецидивист бўлса, уларнинг жавобгарлигини ҳал қилиш масаласи вужудга келади. Бундай ҳолда, икки ёки ундан ортиқ бажарувчилардан бири ўта хавфли рецидивист бўлиб, бошқа шахслар эса бундай белгига эга бўлмаса, бу ҳолатда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишни содир этган ўта хавфли рецидивистнинг қилмиши ЖК 167-моддаси 3-қисми “б” банди билан (ўта хавфли рецидивист томонидан), қолган иштирокчилар эса ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи сифатида ЖК 28-моддаси орқали ва ЖК 167-моддаси 2-қисм “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) билан квалификация қилинади.
Бу иш бўйича ҳукм чиқарилганидан кейин маҳкумнинг биринчи иш бўйича чиқарилган ҳукмгача яна бошқа жиноятда айбли эканлиги аниқланса, қилмиш қандай квалификация қилиниши кераклиги тўғрисида муаммо туғилади. Чунки, ЖК 32-34 моддалари талабига кўра, ҳукм эълон қилиниши эмас, балки судланганлик тушунчаси ишлатилган. ЖК 77-моддаси 2-қисмига асосан, жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган, деб ҳисобланади. Демак, ҳукм қонуний кучга киргунгача содир этилган жиноятлар такроран ёки жиноятлар мажмуи деб, ҳукм қонуний кучга киргандан кейин қасддан содир этилган жиноят рецидив жиноят деб топилиши керак
Аммо шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, жиноят содир этган шахсни Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноий жавобгарликка тортиш учун у суд томонидан ўта хавфли рецидивист, деб топилган бўлиши керак. Чунки ушбу бандда назарда тутилган қилмишнинг субъекти фақат ўта хавфли рецидивистлар ҳисобланади. Бошқа шахсларни мазкур банд билан жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
10. ЖК 167-моддаси 3-қисми “в” банди бўйича (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб) жавобгарлик икки ёки ундан ортиқ шахс томонидан ўзлаштириш ёки растрата қилиш жиноятини содир этиш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши ҳамда улар ўртасида жиноятни барқарор равишда бир ёки ундан ортиқ маротаба содир этиш мақсади бўлиши талаб этилади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларида уюшган гуруҳни тавсифловчи белгиларни аниқлаш юзасидан бир қатор тушунтиришлар берилган. Жумладан “уюшган гуруҳ деганда, транспорт воситаларини олиб қочиш ёки бошқа жиноятларни содир этиш мақсадида икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг барқарор бирлашмаси тушунилиши керак”74.
Мазкур қоида уюшган гуруҳ белгилари бўйича содир этиладиган жиноятларга, хусусан ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятига ҳам тегишлидир.
Уюшган гуруҳ томонидан ўзлаштириш ёки растрата содир этилганда, унинг барча иштирокчилари ҳаракатлари ЖК 167-моддаси 3-қисми “в” банди билан квалификация қилинади, аммо уюшган гуруҳ раҳбари ва бошқа иштирокчиларига турли хил жазо тайинланади. Уюшган гуруҳни тузган ёки унга раҳбарлик қилган шахс шу гуруҳ томонидан содир этилган барча жиноятлар учун, башарти ушбу жиноятлар унинг жиноий нияти билан қамраб олинган бўлса, жавобгарликка тортилади. Уюшган гуруҳнинг бошқа аъзолари жиноятга тайёргарлик кўрилиши ёки содир этилишида ўзлари қатнашган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва бошқа жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар.
Уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш деганда эса, уюшган гуруҳ таркибига кирмаган ҳар қандай бошқа шахснинг уюшган гуруҳ ёки уюшган гуруҳ бирор аъзосининг топшириғи билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан мулкни талон-торож қилиши тушунилади.
Қонун мазмунига кўра, шахс мулкни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиб, ўзининг жиноий ҳаракатлари уюшган гуруҳ манфаатларига қўл келаётганлигини, уюшган гуруҳ манфаатлари учун хизмат қилаётганига кўзи етса, қилмиш ЖК 167-моддаси 3-қисми “в” банди билан квалификация қилиниши мумкин. Чунки, айбдор ўз қилмиши билан уюшган гуруҳнинг манфаатларини кўзлаб жиноят содир қилаётганини билади ва шуни истаб ҳаракат қилади.
Агарда жиноий уюшма томонидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жинояти содир этилган бўлса, айбдорлар ЖК 242-моддаси ва ЖК 167-моддаси 3-қисми “в” банди билан (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса) жиноятлар жами тариқасида жавобгарликка тортилади.
Жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият учун Ўзбекистон Республикаси ЖК 242-моддасида жавобгарлик назарда тутилган.
11. ЖК 167-моддаси 3-қисми “г” бандида мулкни компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб ўзлаштириш ёки растрата қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда талон-торож қилиш биринчи навбатда ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг усулига боғлиқ бўлади. Агар айбдорга ишониб топширилган, шунингдек хизмат вазифаларини бажариш учун ёки касб юзасидан унинг ихтиёрида бўлган компьютер ва ундаги дастурлардан қонуний асосларда фойдаланишга рухсати бўлган ҳолда айбдор пул маблағларини талон-торож қиладиган бўлса, унинг қилмиши ЖК 167-моддаси 3-қисми “г” банди (компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан квалификация қилиниши керак. Масалан, тижорат банкларининг халқаро пул ўтказмаларини амалга оширишга ваколатли ходими томонидан ўзганинг пул маблағларини ғараз мақсадларда ўзининг ёки фойдасини кўзлаб ҳаракат қилаётган бошқа учинчи шахснинг ҳисоб рақамига ўтказиши.
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишнинг асосий таркибидан фарқли равишда компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата қилишда мулкни талон-торож қилиш компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда содир этилади. Қилмишни ЖК 167-моддаси 3-қисми “г” банди билан квалификация қилишда шахс компьютер техникасидан фойдаланиш, компьютер тизимига кириш, дастурий воситалардан фойдаланиш учун қонуний асосларда рухсати бўлгани учун айбдорнинг ҳаракатлари қўшимча равишда ЖК 2782-моддаси (компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) билан квалификация қилинмайди.
Агар айбдор компьютер техникаси ёрдамида қалбаки ҳужжат (юк хати, ишончнома, накладной, ведомость ва бошқа шу кабилар) тайёрлаган бўлса ва кейинчалик ушбу қалбаки ҳужжатдан фойдаланган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари жавобгарликни оғирлаштирувчи бошқа ҳолатлар бўлмаса, ЖК 167-моддаси 1-қисми билан квалификация қилинади.
12. Жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, айбдорга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги ЖК 167-моддаси 4-қисмида кўрсатиб ўтилган. Ушбу норма талабларини амалга оширишда судьялар иш бўйича моддий зарар умуман қопланмаган ёки қисман қопланган бўлса ҳам, ҳукмда бундай қарорга келиш сабабларини кўрсатиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашга ҳақлидир.
Етказилган зарар қопланган тақдирда апелляция, кассация, назорат инстанцияси суди моддий зарар қайси судлов босқичида қопланганлигидан қатъи назар қамоқда сақланаётган шахсларга нисбатан эҳтиёт чораси турини, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларга нисбатан эса, жазо турини ўзгартириш масаласини дарҳол ҳал этиши шарт.
Моддий зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилиши мумкин эмаслиги ҳақида Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаларида кўрсатилган қоида тугалланмаган жиноятга ҳам, башарти зарар билан боғлиқ оқибатлар келиб чиққунига қадар жиноятнинг олди олинган бўлса, татбиқ этилади. Бунда судланувчилардан бири томонидан моддий зарарнинг тўлиқ қопланиши жиноятнинг барча иштирокчиларига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўлламаслик учун асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида”ги 21-сонли қарорининг 10-бандига кўра: “Биргаликдаги жиноий ҳаракатлар натижасида зарар етказган барча шахслар етказилган моддий зарарни қоплашда солидар жавобгар бўладилар. ФКнинг 1000-моддасига биноан жабрланувчининг аризасига кўра ва унинг манфаатларини кўзлаб, агар бу тартиб зарар қопланишини таъминласа, суд биргаликда зарар етказган шахслар зиммасига солидар эмас, ҳиссали жавобгарликни юклатишга ҳақли.
Бу ўринда судлар қуйидагиларни назарда тутишлари зарур:
- жиноятлар бир неча шахслар томонидан содир этилганда, улар биргаликдаги иштироки аниқланган эпизодлар бўйича жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни қоплашда солидар жавобгар ҳисобланадилар;
- бир жиноий иш бўйича судлансаларда, лекин умумий мақсад билан боғлиқ бўлмаган мустақил жиноий ҳаракатлар содир этган шахсларга нисбатан, шунингдек улардан айримлари қасддан содир этилган, масалан, мулкни талон-торож қилиш жинояти учун, бошқалари эса совуққонлик жинояти учун судланганда, охиргиларининг ҳаракатлари олдингиларининг жиноят содир этишларига қай даражада бўлмасин шароит яратган бўлсаларда, уларга нисбатан солидар жавобгарлик мажбурияти юклатилмайди;
- корхона, муассаса, ташкилотга унинг бир неча ходими ёки бир ходими ва корхона билан меҳнат муносабатларида бўлмаган бошқа шахслар айби билан зарар етказилиб, бу зарар уларнинг биргаликдаги қасддан содир этилган жиноий ҳаракатлари натижасида етказилгани аниқланса, суд уларнинг барчасига солидар жавобгарлик мажбуриятини юклашга ҳақли;
- маҳкумнинг ғайриқонуний ҳаракатлари учун қонун талабларига кўра моддий жавобгар ҳисобланувчи фуқаро ёки корхоналар жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплашда солидар эмас, балки ҳиссали жавобгар бўладилар.
Бир неча шахслар томонидан етказилган зарарни қоплаш ҳақида қарор чиқараётган суд ҳукмнинг қарор қисмида судланувчилардан қайси бирига солидар, қайси бирига ҳиссали жавобгарлик мажбурияти юкланишини, шунингдек, зарарни қоплаш учун қанча миқдорда ва кимнинг фойдасига сумма ундирилишини кўрсатиши лозим”.
Жиноят кодекси Махсус қисмида назарда тутилган, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги ҳақидаги ҳуқуқий кафолатлар рецидив жиноятга, шу жумладан, муқаддам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиққан шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.
Жиноят оқибатида етказилган моддий зарар озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахс томонидан ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг қопланган тақдирда кассация, назорат инстанцияси суди бу жазо турини ЖК 61, 62-моддаларида назарда тутилган қоидаларга асосан бошқа жазо тури билан алмаштиради. Агар моддий зарар қопланган кунга қадар ўталган жазо муддати бошқа жазо тури учун қонунда белгиланган энг кўп миқдордан ошган бўлса, суд жазони ўталган деб ҳисоблайди ҳамда маҳкумни дарҳол қамоқдан озод қилади75.



Download 1,48 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   22   23   24   25   26   27   28   29   ...   45




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish