6. ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” бандида фирибгарлик жиноятини жуда кўп миқдорда содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Жиноят қонунига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробари ва ундан ортиқ бўлган миқдор жуда кўп миқдор, деб белгиланган.
Агар шахснинг қасди ўзганинг мулкини жуда кўп миқдорда эгаллашга йўналтирилган бўлиб, у айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, қилмиш ҳақиқатда талон-торож қилинган мулк қийматидан қатъий назар, қасд мазмунидан келиб чиқиб, жуда кўп миқдордаги фирибгарликка суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак.
7. ЖКнинг 168-моддаси 3 қисми “б” бандида фирибгарлик жиноятини ўта хавфли рецидивист томонидан содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган.
ЖК 34-моддаси 3-қисми мазмунига кўра қуйидаги ҳолларда ўта хавфли рецидив жиноят, деб топилади:
Беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган қасддан янги жиноят содир этиш, яъни:
а) илгари ўта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, унинг учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
б) илгари икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
в) илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши;
г) олдин-кейинлигидан қатъи назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши ўта хавфли рецидив жиноят деб топилади.
Фирибгарликни ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган деб топиш учун шахснинг олдинги жинояти учун суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилиши керак.
Фирибгарлик икки шахс томонидан содир этилиб, бири такроран жиноят содир қилган, иккинчиси эса ўта хавфли рецидивист бўлса, уларнинг жавобгарлигини ҳал қилиш масаласи вужудга келади. Бундай ҳолда, икки ёки ундан ортиқ бажарувчилардан бири ўта хавфли рецидивист бўлиб, бошқа шахслар эса бундай белгига эга бўлмаса, бу ҳолатда фирибгарликни содир этган ўта хавфли рецидивистнинг қилмиши ЖК 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан (ўта хавфли рецидивист томонидан), қолган иштирокчилар эса ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи сифатида ЖК 28-моддаси орқали ва ЖК 168-моддаси 2-қисм “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) билан квалификация қилинади.
Бу иш бўйича ҳукм чиқарилганидан кейин маҳкумнинг биринчи иш бўйича чиқарилган ҳукмгача яна бошқа жиноятда айбли эканлиги аниқланса, қилмиш қандай квалификация қилиниши кераклиги тўғрисида муаммо туғилади. Чунки, ЖК 32-34 моддалари талабига кўра, ҳукм эълон қилиниши эмас, балки судланганлик тушунчаси ишлатилган. ЖК 77-моддаси 2-қисмига асосан, жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган, деб ҳисобланади. Демак, ҳукм қонуний кучга киргунгача содир этилган жиноятлар такроран ёки жиноятлар мажмуи деб, ҳукм қонуний кучга киргандан кейин қасддан содир этилган жиноят рецидив жиноят деб топилиши керак
Аммо шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, жиноят содир этган шахсни Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноий жавобгарликка тортиш учун у суд томонидан ўта хавфли рецидивист, деб топилган бўлиши керак. Чунки ушбу бандда назарда тутилган қилмишнинг субъекти фақат ўта хавфли рецидивистлар ҳисобланади. Бошқа шахсларни мазкур банд билан жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
“Амалдаги жиноят қонунчилигига кўра шахсни ўта хавфли рецидивист деб топишда унинг 18 ёшгача содир этган жинояти учун судланганлиги, қонунда белгиланган тартибда судланганликнинг тугаши ёки бекор қилиниши, олдин содир этилган жинояти учун жазодан озод этилганлиги инобатга олинмайди”90.
8. Уюшган гуруҳ томонидан фирибгарлик жиноятини содир этишлик (ЖК 168-моддаси, 3-қисми “в” банди) тўғрисида тўхталиб ўтишдан олдин унинг тушунчасига таъриф бериш ўринли бўлади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларида уюшган гуруҳни тавсифловчи белгиларни аниқлаш юзасидан бир қатор тушунтиришлар берилган. Жумладан “уюшган гуруҳ деганда, транспорт воситаларини олиб қочиш ёки бошқа жиноятларни содир этиш мақсадида икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг барқарор бирлашмаси тушунилиши керак”91.
Мазкур қоида уюшган гуруҳ белгилари бўйича содир этиладиган жиноятларга, хусусан ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш жиноятига ҳам тегишлидир.
Уюшган гуруҳ томонидан фирибгарлик содир этилганда, унинг барча иштирокчилари ҳаракатлари ЖК 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан квалификация қилинади, аммо уюшган гуруҳ раҳбари ва бошқа иштирокчиларига турли хил жазо тайинланади. Уюшган гуруҳни тузган ёки унга раҳбарлик қилган шахс шу гуруҳ томонидан содир этилган барча жиноятлар учун, башарти ушбу жиноятлар унинг жиноий нияти билан қамраб олинган бўлса, жавобгарликка тортилади. Уюшган гуруҳнинг бошқа аъзолари жиноятга тайёргарлик кўрилиши ёки содир этилишида ўзлари қатнашган фирибгарлик ва бошқа жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар.
Уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб фирибгарлик қилиш деганда эса, уюшган гуруҳ таркибига кирмаган ҳар қандай бошқа шахснинг уюшган гуруҳ ёки уюшган гуруҳ бирор аъзосининг топшириғи билан фирибгарлик қилиши тушунилади.
Қонун мазмунига кўра, шахс жабрланувчига нисбатан фирибгарлик қилиб, ўзининг жиноий ҳаракатлари уюшган гуруҳ манфаатларига қўл келаётганлигини, уюшган гуруҳ манфаатлари учун хизмат қилаётганига кўзи етса, қилмиш ЖК 168-моддасининг 3-қисми “в” банди билан квалификация қилиниши мумкин. Чунки, айбдор ўз қилмиши билан уюшган гуруҳнинг манфаатларини кўзлаб жиноят содир қилаётганини билади ва шуни истаб ҳаракат қилади.
Агарда жиноий уюшма томонидан фирибгарлик жинояти содир этилса, айбдорлар ЖКнинг 242-моддаси ва ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса) жиноятлар жами тариқасида жавобгарликка тортилади.
9. ЖКнинг 168-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди, деб кўрсатилган.
Моддий зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилиши мумкин эмаслиги ҳақида Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаларида кўрсатилган қоида тугалланмаган жиноятга ҳам, башарти зарар билан боғлиқ оқибатлар келиб чиққунига қадар жиноятнинг олди олинган бўлса, татбиқ этилади. Бунда судланувчилардан бири томонидан моддий зарарнинг тўлиқ қопланиши жиноятнинг барча иштирокчиларига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўлламаслик учун асос бўлади. Қонун моддий зарар қопланган ҳолларда озодликдан маҳрум қилиш тариқасида жазо тайинламаслиги ҳақида Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаларида назарда тутилган ҳоларда шартлар қўлланилиши имкониятини маҳкумнинг судланган ҳолати билан боғламайди.
Бундан келиб чиқадики, қонунда белгиланган мазкур ҳуқуқий кафолатлар рецидив жиноятга, шу жумладан, муқаддам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиққан шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.
Етказилган зарар қопланган тақдирда апелляция, кассация, назорат инстанцияси суди моддий зарар қайси судлов босқичида қопланганлигидан қатъи назар қамоқда сақланаётган шахсларга нисбатан эҳтиёт чораси турини, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларга нисбатан эса, жазо турини ўзгартириш масаласини дарҳол ҳал этиши шарт.
Жиноят оқибатида етказилган моддий зарар озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахс томонидан ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг қопланган тақдирда кассация, назорат инстанцияси суди бу жазо турини ЖКнинг 61, 62-моддаларида назарда тутилган қоидаларга асосан бошқа жазо тури билан алмаштиради. Агар моддий зарар қопланган кунга қадар ўталган жазо муддати бошқа жазо тури учун қонунда белгиланган энг кўп миқдордан ошган бўлса, суд жазони ўталган деб ҳисоблайди ҳамда маҳкумни дарҳол қамоқдан озод қилади92.
Do'stlaringiz bilan baham: |