5-БОБ. ЎЗЛАШТИРИШ ЁКИ РАСТРАТА ЙЎЛИ БИЛАН ТАЛОН-ТОРОЖ ҚИЛИШНИНГ ЮРИДИК ТАҲЛИЛИ
167-модда. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан
талон-торож қилиш
Айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) кўп миқдорда;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
г) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса,
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
1. Ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш талон-торожнинг мустақил шакли бўлиб, бунда жиноятнинг субъекти талон-торожнинг предметига нисбатан махсус ваколатларга эга бўлади. Мулкка нисбатан махсус ваколатлардан фойдаланиб, мулкдорнинг ишончини суиистеъмол қилиб, айбдор уни талон-торож қилади. Мулкка нисбатан махсус ваколатлар - ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятининг асосий махсус белгиси эканлиги жиноят-ҳуқуқий норма диспозициясида мол-мулк айбдорга ишониб топширилганлиги ёки ихтиёрида бўлганлиги билан белгиланган. Бундай белги айбдор ва мулкдор ўртасидаги ҳуқуқий муносабатни ифодалайди.
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбдор қонуний асосларга кўра ўзганинг мулкига эгалик қилади, ундан мулкдорнинг манфаати йўлида фойдаланади, мулкдор рухсат берган доирада тасарруф этади ҳамда берилган ишончдан, ваколатдан фойдаланиб, ўзига ишониб топширилган ёки ихтиёрида бўлган мулкни қонунга хилоф равишда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилади.
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишнинг махсус объекти иқтисодиёт соҳасидаги ижтимоий муносабатлар мажмуи бўлса, турдош объекти эса, мулкни муҳофаза қилишга қаратилган ижтимоий муносабатлардир. Айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини муҳофаза қилишга қаратилган ижтимоий муносабатлар ўзлаштириш ёки растрата қилишнинг бевосита объекти ҳисобланади.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш, растрата қилишда давлат ҳокимияти, бошқарув ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлайдиган ижтимоий муносабатларга ҳам зарар етказилиши сабабли, улар ушбу жиноятнинг қўшимча объекти бўлади.
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятининг предмети ўзганинг мулки ҳисобланади ва айбдор ушбу мулкка нисбатан алоҳида мулкий ҳуқуқий муносабатда бўлиб, мулк унга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлади.
Ўзлаштириш ёки растратада ўзганинг мулки айбдорнинг эгалигига (ўғрилик, фирибгарликдан фарқли равишда) мансаб мажбуриятлари, шартномавий муносабатлар ёки махсус топшириқ асосида юридик расмийлаштирилган ва тегишли ҳужжат (шартнома, меҳнат шартномаси, қабул қилиш далолатномаси ва шу кабилар)да мустаҳкамланган ҳолда қонуний тарзда ўтади.
Одамийлик, қўни-қўшничилик, анъанавий тарзда кишилар томонидан ижобий қабул қилинадиган ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар кўринишидаги “хизмат юзасидан бўлмаган” тарзда ишониб топширилган мулкни талон-торож қилиш ушбу жиноят ҳисобланмайди. Масалан, вокзалда йўловчи ўз чемоданини ёнида турган тасодифан нотаниш бир шахсга ишониб топширса-ю, оқибатда у чемоданни талон-торож қилса, бундай қилмиш ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш деб квалификация қилиб бўлмайди. Мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этишга оид ҳуқуқларни расмийлаштирилмаган, ҳужжатсиз тарзда ўзаро ишончга асосланган топшириладиган мулкни ишониб топширилган мулк, деб бўлмайди. Демак, мулк айбдорга эгалик қилиш ҳуқуқини юридик тасдиқлаш йўли билан берилмасдан, балки ўзаро ишонч асосида меҳнат мажбуриятларини бажариш учун олинган бўлса, бундай мулк ишониб топширилган мулк бўлмайди.
Мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш юзасидан ишониб топширилган алоҳида ваколатлар фуқаролик-ҳуқуқий ёки меҳнат шартномаси асосида ёзма расмийлаштирилиши лозим. Агар мулк шахсга сони, миқдори кўрсатилган ҳолда махсус ҳужжатда расмийлаштирилган тартибда топширилган бўлса, бундай мулкни талон-торож қилиш ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳисобланади, мулк расмийлаштирилмасдан, унинг сони, миқдори кўрсатилмасдан топширилган бўлса, қилмиш ўғрилик сифатида баҳоланади. Демак, юридик расмийлаштирилган, шунингдек фуқаролик қонунчилигига мувофиқ ёзма ёки оғзаки шаклда тузилган меҳнат шартномаси асосида қонуний эгалигига топширилган мулк ишониб топширилган мулк ҳисобланади.
Юқоридагиларга кўра, “ишониб топширилган мулк” тушунчаси қуйидагиларни англатади: 1) мулк жиноят субъектининг эгалигига қонуний тарзда ўтган бўлади; 2) талон-торож қилинаётган мулкка нисбатан айбдорнинг ваколатлари хизмат мажбуриятлари, шартномавий муносабатлар ёхуд мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан махсус топшириқ асосида вужудга келади; 3) мулк айбдорга унга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш юзасидан ишониб топширилган алоҳида ваколатлар фуқаролик-ҳуқуқий ёки меҳнат шартномаси асосида тегишли тартибда расмийлаштирилган бўлади.
Мансабдор шахсларга мулк ишониб топширилмасдан, балки мансаб вазифаларига кўра уларнинг бошқарувида, юритувида бўлиши мумкин.
Мулк мансабдор шахсга ҳам, мансабдор бўлмаган шахсга ҳам ишониб топширилиши мумкин, бироқ мулк фақатгина мансабдор шахснинг ихтиёрида бўлади. Яна шуни айтиш керакки, корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходимларга мулк ишониб топширилмасдан, балки мансаб вазифаларига кўра уларнинг бошқарувида, юритувида бўлиши мумкин. Шунингдек, мансабдор шахслар ва корхона, муассаса ёки ташкилотларда бошқарувчилик вазифасини амалга ошираётган шахсларга мол-мулк ишониб топширилмаган аммо, уларнинг бошқарувида, юритувида бўлиши мумкин.
“Бошқарув”, “юритув” сўзлари фуқаролик ҳуқуқида “оператив бошқари ҳуқуқи” ва “хўжалик юритиш ҳуқуқи” тушунчаларида ишлатилган. Фуқаролик қонунига кўра, мулкдор бўлмаган шахс бошқаларнинг мол-мулкига эгалик қилиши, фойдаланиши ва мулкдор рухсат берган доирада тасарруф қилиши мумкин. Ана шундай ҳуқуқлардан бўлиб, хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи ҳисобланади.
Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ўзганинг ҳар қандай мулкига нисбатан содир этилиши мумкин, жумладан тижорат ва бошқа ташкилотлар, хусусий шахсларга тегишли бўлган мулкларига ҳам қарши қаратилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |