корхоналарнинг турлари, мақсад ва вазифалари;
корхоналарнинг роли, ўрни ва хатти-ҳаракатлари ҳамда турли идоралар билан ўзаро алоқалари;
корхонанинг ташкилий структураси ва бошқарув механизми;
корхоналар фаолиятида менежментнинг қонун-қоидаларидан, тамойил ва усулларидан фойдаланиш;
корхоналарнинг асосий фондлари ва айланма маблағлари;
ишлаб чиқаришни режалаштириш ва прогнозлаштириш;
корхонанинг инновацион ва инвестицион фаолияти;
корхонанинг иқтисодий салоҳияти, ишлаб чиқариш қуввати ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш;
ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва таҳлил қилиш;
“Иқтисодиёт ва менежмент” фанида ўрганиладиган масалалар ўзгарувчанлик ва ривожланиш жараёнларини ҳисобга олган холда ўрганилиб, замонавий корхоналарни бошқаришнинг турли шакл ва усуллари вужудга келиши ва йўқолиб кетишининг тарихий сабаблари аниқланади. Бундай муайян тарихий ёндашув ушбу фанни ўрганишнинг муҳим методологик ҳолатларидан бири ҳисобланади.
Фаннинг мақсади таълим олаётганларга амалий иқтисодий билимларни, шунингдек, мустақил фикрлаш ҳамда олинган ахборотлар ва мустақил ўрганиш ёрдамида корхона иқтисодиёти муаммолари бўйича қарор қабул қилиш кўникмаларини сингдиришдадир. Ўзгариб турган шароитларда мустақил равишда фикрлай оладиган, мушоҳада юритадиган ва бундай асосда самарали қарорлар қабул қилишга ўргатиш ушбу фаннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Ҳар қандай фаннинг ўзига хос бўлган ҳусусиятлари ва методологик асослари мавжуд бўлиб, улар асосида фанни чуқурроқ ўрганишга эришилади. “Иқтисодиёт ва менежмент” фани уч муҳим қисмдан иборат бўлиб, улар қуйидагилардир:
Корхона иқтисодиёти.
Менежмент асослари.
Ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва режалаштириш.
“Иқтисодиёт ва менежмент” фанининг назарий, методологик асосини саноатнинг вужудга келиши ва ривожланиш муаммолари бўйича ҳозирги назарий масалалар ва асослар, мамлакатимиздаги ва хорижий мамлакатлардаги иқтисодчи олимларнинг илмий асарлари, мамлакатимизда қабул қилинган қонун-қоидалар, Президентимизнинг қарор ва фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ташкил этади.
Иқтисодиётнинг саноат соҳасида рўй берадиган барча ҳодиса ва ўзгаришларни тадқиқ этиш анчагина мураккаб жараёндир. У жонли мушоҳададан абстракт тафаккурга ва ундан амалиётга, яъни – ҳақиқатни билишнинг, объектив реалликни тан олишнинг диалектик йўлидан фойдаланишни тақозо этади. Бундай услубий ёндошиш саноат, унинг тармоқлари ва корхоналарида рўй берадиган ҳодисалар, воқеликлар ва иқтисодий жараёнларнинг ўзаро боғлиқлигини, уларнинг узлуксиз ҳаракати, тараққиёт ва ўзгариши, миқдор кўрсаткичдан сифат кўрсаткичга ўтиши, вақт ва фазода ривожланишини англаб олишга ёрдам беради. Бу каби ёндошиш асосида корхона ва ташкилотларнинг иқтисодий-хўжалик фаолияти чуқур таҳлил қилиниши ва хулоса юритилиши мумкин.
“Иқтисодиёт ва менежмент” фанининг энг муҳим муаммоларини ўрганишда анъанавий ва замонавий усуллардан фойдаланилади.
Булар: мушоҳада усули, абстракт тафаккур, индукция ва дедукция, анализ ва синтез, статистик, иқтисодий математик моделлаштириш, оптималлаштириш, мувозанатни аниқлаш, “ақлий хужум“, тажрибавий усуллар кабилар киради.
“Иқтисодиёт ва менежмент“ фанининг барча масалаларини юқорида келтирилган ва бошқа бир қатор усуллар ёрдамида ўрганиш, таҳлил қилиш бу фанни ўрганувчиларнинг билишлари даражасини орттиради ва илмий салоҳиятини кучайтиради, фикрлаш даражасини оширади, мустақил равишда қарорлар қабул қила олишларига имконият яратади.
“Иқтисодиёт ва менежмент” фани ўз олдига қуйидаги вазифаларни амалга оширишни қўйган:
саноат корхоналаридаги ишлаб чиқаришнинг ҳолати ва ривожланиш хусусиятларини ўрганиш, таҳлил этиш ва уларнинг истиқболини белгилашни фикрлаш;
саноат корхоналарида ташкил этиш, бошқариш, самарадорликни оширишнинг илмий ва амалий асосларини аниқлаш бўйича билим ва кўникмалар бериш;
фойдаланиладиган иқтисодий ресурслар, уларни топиш, таъминлаш ва самарали фойдаланиш;
ишлаб чиқариш фондлари ва ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш;
фан-техника тараққиётининг иқтисодий аҳамияти ва моҳиятини таҳлил этиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг сифати ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришнинг фойдалилигини кучайтириш санъатини эгаллашга ёрдам берадиган билим ва кўникма бериш.
Do'stlaringiz bilan baham: |