Математика ўқитишнинг тарбиявий мақсади ўз олдига қуйидагиларни қўяди:
a) Ўқувчиларда илмий дунёқарашни шакллантириш.
Бу билиш назарияси асосида амалга оширилади.
b) Ўқувчиларда математикани ўрганишга бўлган қизиқишларни шакллантириш ва уни янада ривожлантириш.
Математика дарсларида ўқувчилар дастлабки дарсларданоқ мустақил равишда хулоса чиқаришга ўрганадилар. Улар бунга ўз кузатишлари ва шу кузатишлари орқали мантиқий тафаккур қилишга ўрганиш натижасида хулоса чиқарадилар. Чиқарилган барча хулосалар математик қонуниятлар билан тасдиқланади.
Математика ўқитувчисининг вазифаси ўқувчиларда мустақил мантиқий фикрлаш қобилиятларини шакллантириш билан бир вақтда уларда математик қонуниятларни ўрганишга бўлган қизиқишларини тарбиялашдан иборатдир.
c) Ўқувчиларда математик тафаккур ва маданиятни шакллантириш.
Математика дарсларида ўрганиладиган ҳар бир математик хулоса жуда кўп математик тушунча ва қонуниятлар билан ифодаланади ҳамда у қатъийликни талаб қилади. Ўқувчиларда мазкур қонуниятларни босқичма-босқич ўрганиш жараёнида мантиқий тафаккур қилиш ривожланади ва математик хулоса чиқариш маданияти шаклланади. Ўқувчиларда математик маданиятни шакллантиришда бирор математик қонуниятни ифода этадиган фикрларни символик равишда тўғри ифодалай олишлари ва аксинча, символик равишда ифода қилинган математик қонуниятни ўз она тилларида ифода қила олишларига ўргатиш муҳим ўрин тутади.
d) Ўқувчиларда тизим(система)лар назарияси ва ундан келиб чиқувчи объектив борлиққа система(мажмуи)ли ёндашув асосида қарашни тарбиялаш.
Ҳар бир ишда тизимлар назариясидан келиб чиқиш, биринчидан, ишни бир неча ўн баробар осонлаштиради, баъзи мураккаб ишларда, масалан, кибернетикада замонавий алоқа тизими ва космонавтикада мажмулар назариясини эгалламай туриб, ўша ишни бажариб ҳам бўлмайди. Таълим-тарбия жараёни ҳам ўта мураккаб бўлганлиги туфайли, тизимлар назариясидан фойдаланмай туриб, уни замонавий тарзда амалга ошириб бўлмайди; иккинчидан, тизимлар назарияси ҳар қандай фаолиятни тўғри амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади; учинчидан, тизимлар назарияси муайян нарса ва ҳодисани бошқаларга тушунтиришни осонлаштиради ҳамда бериладиган билимни ўқитувчи томонидан тез тушунтириш, ўқувчи томонидан тез ўзлаштириш ва уларни узоқ вақт эсда сақланишига хизмат қилади. Чунки, инсон онг ва тафаккури, унинг тарихий ривожланиши жараёнида тизимлар назарияси қонуниятларига мос равишда шаклланган. Аслида, мажмулар назарияси инсон онгининг табиий фаолиятидан олинган. Бекорга униорганик усул дейилмаган.
Биринчи бор “бутун борлиқ катта ва кичик мажмулардан иборат” − деган фикрни италиялик файласуф Зенон (м.авв.490-430) айтиб кетган. У: “бутун нарса бўлингач, кўплаб бирликларга эга бўламиз. Бу бирликларнинг ҳар бири, ўз навбатида, бирликларга бўлинади. Бу жараён чексиз давом этаверади” – деб таъкидлаган. Шу фикрга яқин фикрни қадимга юнон файласуфи Марк Аврелий Антонин ҳам айтган: «Ҳамма нарса бир-бирига чатишиб кетган. Ҳамма ердаилоҳий узвийлик мавжуд. Барча нарсалар умумий тартиб-қоидалар асосида бирлашиб, айнан бир оламни безашга хизмат қилади»[54]. Бу икки аллома фикрларидан бутун дунё чексиз кўп, ўзаро узвий боғлиқ бўлган бутунлик, яъни тизимлардан ташкил топганини англаса бўлади.
Ёндашувнинг қадимги илм-фан ва фалсафада мавжуд эканлигини ҳам кўрса бўлади. Бутун борлиқ қандайдир, ўзаро боғлиқ бўлган қисмлардан ташкил топганлигини Платон, Форобий, Ибн Сино ва бошқа алломалар фикрларида ҳам кўриш мумкин. Мавлоно Жалолиддин Румий ҳам оламнинг заррадан коинот қадар ўзаро вобасталиги, бир-бири билан тортилиб туриши ҳақида айтган. Бироқ оламни ихтиёрий, гоҳо нотўғри англашимиз натижасида, табиатдан берилган мажму ёндашув тафаккуридан ажралиб қолганмиз. Ўзлигимизга, яъни табиий моҳиятимизга қайтиш учун мажмулар назариясини ўрганишимиз шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |