Жамоа мулки. Мулкчилик тўғрисида қабул қилинган қонун ва меъёрий ҳужжатларда ишлаб чиқариш воситаларига жамоавий тарзда эгалик қилишнинг асосий белгиси ишлаб чиқариш воситаларини гуруҳ томонидан тасарруф этилишидан иборатдир. Жамоа мулки ҳам мулкнинг бир кўринишидир. Собиқ Иттифоқ мамлакатлари ва улардаги мавжуд маъмурий буйруқбозлик тизими даврида жамоа мулки шакли биргина колхозлар кўринишида мавжуд бўлган, аммо давлатнинг аралашуви колхозларни ўз–ўзини бошқариш ҳуқуқининг таъминланмаганлиги сабабли, у кенг ривожлана олмади. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда худди ривожланган бозор иқтисодиётига эга бўлган мамлакатлардагидек, турли кўринишдаги жамоа мулклари мавжуд.
Ширкат мулки ишлаб чиқариш ёки бошқа бир иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун ўзларининг маблағлари ва меҳнатларини бирлаштирган шахслар, яъни жамоа аъзоларининг умумий мулкидир. Ширкат мулки – ўзининг устав фондига, манзилига, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган уюшманинг ишлаб чиқариш фаолиятини юритиши учун зарур ҳисобланган мулк сифатида намоён бўлади.
Ширкат ўзининг низомида таъсис шартномасида қайд этилган мақсадларни амалга ошириш учун зарур бўлган ишлаб чиқариш воситалари, ускуналар, асбоб-анжомларга эга бўлади. Булар ширкат мулки ҳисобланади. Ширкат мулкида кимнинг қанча улуши бўлиши, олинган фойданинг қай тарзда тақсимланиши, мулкнинг қандай бошқарилиши ёки кимларга ижарага берилиши таъсис шартномасида акс этади. Ҳозирги пайтда фаолият турига кўра ширкат мулкининг 3 тури кўпроқ қўлланилмоқда — ишлаб чиқариш, матлубот ва қишлоқ хўжалиги жамоа ширкатлари, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (матлубот) ширкатлари бир-биридан фарқ қилиб, ўзларининг алоҳида хусусиятларига эгадирлар.
Кооператив мулк — ишлаб чиқариш ёки бошқа бирон фаолиятни амалга ошириш учун ўзларининг маблағларини бирлаштирган корхоналарнинг умумлашган мулкидир. Ўзбекистон Республикасида мулкнинг ҳамма шакллари тенг ҳуқуқлидир.
Фермер мулки фермер ишлаб чиқариш хўжалигини ташкил этиш билан шаклланади. Қишлоқ хўжалигида 1 январ 2007 йил маълумотига кўра 189,2 минг фермер хўжаликлари фаолият кўрсатган. Бу кўрсаткич 2005 йилга нисбатан 63,6 мингга кўпдир. Фермер хўжаликларини янада ривожлантириш самарадорлигини ошириш уларга ажратилган ер майдонларининг оптимал даражаларига боғлиқ. Ер майдонларининг оптимал даражада бўлиши фермер хўжаликларини самарадорлигини ишлаб чиқаришни механизациялаштириш асосида меҳнат унумдорлигини ошириш орқали эришиш мумкин. Шунинг учун ҳам фермер хўжаликларини ер майдонларини оптималлаштириш бўйича уларнинг ишлаб чиқариш йўналишларига қараб ихтисослашувидан келиб чиққан холда қайта кўриб чиқилди. Натижада пахтачилик ва ғаллачиликда ер майдони 37 гектардан 93,7 гектаргача, сабзавотчиликда 70,0 гектардан 24,7 гектаргача ва чорвачиликда эса 154 гектардан 164,5 гектаргача кўпайтирилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |