ўртасидаги ўзаро боғлиқлик.
Эҳтиёжларни қондирилиш даражаси (ЭҚД) ҳар бир даврда ҳақиқий истеъмол (ҲИ)ни эҳтиёжларнинг умумий даражаси (ЭУД)га таққослаш орқали аниқланади, яъни
ЭҚД=ХИ/ЭУД100
Чекланган иқтисодий ресурслардан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ва эҳтиёжларни қондиришнинг даражасини ошириш зарурлиги иқтисодиёт олдига бир қатор муаммоларни қўяди:
ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) ҳажмини тўхтовсиз ўстириб бориш ва ресурсларни уйғунлаштиришнинг самарали вариантини танлаб олиш;
мавжуд ресурсларнинг ҳар бир бирлигидан тежаб-тергаб, унумли фойдаланиш;
Фан-техника тараққиёти ютуқларини ва янги технологияларни, энергия, материал, хом-ашёнинг янги турларини фойдаланишга жалб қилиб, ресурслар унумдорлигининг ошиши.
Зарур ресурсларнинг чекланганлиги ишлаб чиқариш имкониятларини ҳам чекланишига олиб келади.
Ишлаб чиқариш имконияти деб, мавжуд иқтисодий ресурслардан тўлароқ фойдаланиш эвазига энг кўп маҳсулот ишлаб чиқариш тушунилади. У ишлаб чиқариш имконияти чегарасини ифодалайди.
Ҳар бир хўжалик, оила, корхона, фирма, тармоқ, мамлакат ўзининг ана шундай имконият чегарасига эга. Ресурслардан фойдаланиш даражаси турлича бўлгани учун барча товарлар бўйича ишлаб чиқариш имконияти чегарасини кўрсатиш қийин.
Кишилик жамияти инсонлардан таркиб топган. Инсон эса барча жонзодларнинг энг олийси бўлиб улардан ўзининг ақл идроки билан ажралиб туради. У ҳаёт кечириш учун турли эҳтиёжларини қондириши шарт, чунки бусиз инсон яшай олмайди.
Инсоннинг яшаши ва камол топиши, умуман жамиятнинг ривожланиши учун керак бўлган ҳаётий воситалар ва иқтисодий ресурсларга бўлган зарурият иқтисодиёт назарияси фанида «эҳтиёж» деб аталади.
Жамиятнинг эҳтиёжларида корхона ва давлат эҳтиёжлари ҳам ўз ўрнига эга. Корхоналарга ишлаб чиқариш мақсадларини амалга ошириш, яъни товарлар ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқариш воситалари ва ишчи кучи керак бўлади. Давлат, жамоа ва хусусий корхоналар, бутун мамлакат аҳолисининг умумий эҳтиёжларини акс эттириб, автомобиль ва темир йўллар, мактаблар, касалхоналар қурилишига хизмат қилади.
Бу мақсадларни амалга ошириш учун давлатга ҳам зарурий неъматлар ва иқтисодий ресурслар керак бўлади.
Жамият эҳтиёжларига бир қатор омиллар таъсир кўрсатади. Булар қуйидагилар:
жамиятнинг иқтисодий тараққиёт даражаси. Иқтисодиёти ривожланишдан орқада қолган мамлакатларда эҳтиёжлар доираси тор бўлса, аксинча, иқтисодиёти гуркираб ривожланган мамлакатларда кенг ва хилма-хил бўлади;
жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий тизим. Агар жамиятдаги тизим бозор иқтисодиёти тартиблари асосида қурилган бўлса, ундаги ижтимоий гуруҳлар бойлар ва камбағаллар, мулкдор ва мулксизларга бўлиниб, уларга мансуб кишилар эҳтиёжлари ўртасида катта фарқ мавжуд бўлади. Юқори даромад олувчилар жуда сифатли, ноёб маҳсулотлар ва хизматларга эҳтиёж билдирса, камбағалларнинг эҳтиёжлари ўз ҳаётини сақлаш учун жуда зарур маҳсулотлар ва хизматлар билангина чекланади;
табиий-географик шароитлар. Бу омил ҳам эҳтиёжларнинг миқдори ва таркибига таъсир қилади масалан, нисбатан совуқ иқлим шароитида, иссиқ иқлим шароитига қараганда ҳаёт кечириш учун оқсил ва ёғга бой озиқ-овқат, иссиқ кийим-кечак, уй ва транспорт воситаларига кўпроқ эҳтиёж бўлади;
тарихий-миллий анъаналар ва урф-одатлар, тарихан шаклланган миллий ва диний маросимлар, урф-одатлар, Наврўз байрами, рўза ва ҳайитлар ўзига хос эҳтиёжларни юзага келтиради;
аҳоли сонининг ўсиши, унинг таркибидаги ўзгаришлар;
халқаро, давлатлар, миллатлар ва минтақалар ўртасидаги алоқалар, айниқса, улар ўртасидаги маҳсулот ва ахборот айирбошлашнинг ривожланиши.
Эҳтиёжлар ўзаро бир-бирини тақозо қилади. Шу сабабли бир эҳтиёж ўз орқасидан бошқа бир эҳтиёжни келтириб чиқаради. Масалан, компьютер техникасига эҳтиёжнинг пайдо бўлиши, ўз навбатида уни ишлатиш, ўрганиш, хизмат кўрсатиш ва дастур тузишга эҳтиёжларни келтириб чиқаради.
Эҳтиёжларнинг ўсиб бориши бир текис, узлуксиз бўлмайди. Унинг ўсишига қарши таъсир қилувчи омиллар ҳам мавжуд бўлади. Ишлаб чиқариш ҳолати, жамиятдаги ҳукмрон муносабатлар, фавқулодда юз берадиган ҳодисалар (урушлар, иқтисодий тизим алмашиши) ва табиий офатлар (зилзила, сув тошқини, ёнғин кабилар) эҳтиёжларнинг ўсиб боришига қарши таъсир кўрсатувчи омиллардир. Шундай қилиб, эҳтиёжларнинг ўсиб бориши қонуни мавжуд эҳтиёжларнинг миқдоран ўсиб боришида, мутлақо янги эҳтиёжларнинг пайдо бўлишида, муайян эҳтиёжлар доирасида турли эҳтиёжлар нисбатининг ўзгаришида ва бир эҳтиёжнинг бошқаси билан алмашинишида намоён бўлади. Эҳтиёжларнинг ўсиб бориши, уни қондириш воситалари даражаси билан чегараланади. Чунки эҳтиёжлар чексиз ўсиб борган тақдирда ҳам уни таъминлаш учун зарур бўладиган иқтисодий ресурслар чеклангандир.
1. Эҳтиёжлар субъектларига кўра:
индивидуал, гуруҳий, умумжамият эҳтиёжларига бўлинади.
а) Индивидуал эҳтиёж ҳар бир инсоннинг эҳтиёжини ифодалайди. У физиологик эҳтиёжлар, социал муносабатда бўлиш, ўзининг ҳар томонлама камол топишига бўлган эҳтиёжлар ва бошқаларини ўз ичига олади.
б) Гуруҳий эҳтиёж – бу оилавий ёки кишиларнинг бирон мақсадда бирлашган гуруҳлари (меҳнат жамоаси, турли уюшмалар) эҳтиёжлари бўлиб, биргаликда яшаш, фаолият юритиш жараёнида вужудга келадиган умумий эҳтиёжлардир.
в) Умумжамият эҳтиёжи – бу мамлакат миқёсида, қолаверса дунё миқёсида инсонларнинг бир бутун бўлиб таркиб топган эҳтиёжларидир. У ўз ичига биринчидан, барча турдаги индивидуал ва гуруҳий эҳтиёжларини олса, иккинчидан жамиятни яхлит организм сифатида яшаб туриши учун зарурий эҳтиёждир. Буларга табиий ресурсларни асраш, мудофаа, жамиятни бошқариш ва ҳоказоларни киритиш мумкин. Жамиятнинг эҳтиёжи турли ижтимоий тоифа ва гуруҳларга мансуб кишилар эҳтиёжининг яхлитлиги сифатида намоён бўлади. Табақаланиш даражасига қараб эҳтиёжлар ҳам фарқланади.
2. Эҳтиёжлар объектига кўра моддий эҳтиёжлар, социал-маънавий эҳтиёжларга бўлинади.
3. Фаолият юритиш соҳаси жиҳатидан меҳнат қилиш, мулоқотда бўлиш, дам олиш, иш қобилиятини тиклаш, иқтисодий фаолият юритишга эҳтиёжларни ўз ичига олади.
4. Эҳтиёжларни қондирилиши жиҳатидан қарасак, улар якка ва биргаликда қондириладиган эҳтиёжларга бўлинади. Ҳар бир инсон ўзининг эҳтиёжларини бир қисмини якка тартибда, иккинчи қисмини эса бошқалар билан биргаликда қондиради. Якка тартибда қондириладиган эҳтиёжга ягона ўлчам билан ёндошиб бўлмайди. Моддий эҳтиёжларнинг кўпчилиги одатда якка тартибда қондириладиган эҳтиёжларни ташкил этса, социал-маънавий эҳтиёжлар кўпроқ биргаликда қондириладиган эҳтиёжлардан иборат. Масалан, кийим кийишга бўлган эҳтиёж якка тартибда, билим олишга бўлган эҳтиёж биргаликда қондирилади.
5. Қандай мақсад кўзланганига қараб эҳтиёжларни шахсий эҳтиёжлар ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларига бўлиш мумкин. Бошқача айтганда истеъмол товарлари ва иқтисодий ресурсларга эҳтиёж. Биринчиси инсоннинг бевосита эҳтиёжлари бўлиб, унинг ҳаёт кечириши, ҳар томонлама камол топишига қаратилган. Ишлаб чиқариш эҳтиёжлари эса инсон учун билвосита эҳтиёжлар бўлиб, унинг ёрдамида инсон яшаши камол топиши учун зарур бўлган турли неъматлар ишлаб чиқариш учун зарур ишлаб чиқариш воситалари яратилади.
Эҳтиёжлар қандай гуруҳларга бўлинмасин, қай жиҳатдан ёндошилмасин улар бир-бири билан боғлиқ, бири иккинчисини тақозо қилади ҳамда ягона умумжамият эҳтиёжлари тарзида шаклланади.
Жамиятнинг умумий эҳтиёжлари таркиб топиши ва ривожланишига қатор омиллар таъсир кўрсатади.
Уларни умумий тарзда қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин.
1. Аҳоли сони, ёши, жинси.
2. Табиий-географик шароити.
3. Тарихий миллий анъаналар ва одатлар.
4. Жамиятнинг иқтисодий тараққиёти.
5. Маданий жиҳатдан эришилган даража.
Эҳтиёжларнинг юксалиши икки йўналишда амалга ошади.
1. Кишиларнинг эҳтиёжи миқдоран ўсиб боради. Бу бир томондан аҳоли сонининг кўпайиб бориши билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, истеъмолни ортиши билан боғлиқ.
2. Эҳтиёжлар таркиби ўзгариб, янгиланиб кўпайиб боради. Айрим эҳтиёжлар йўқолиб, ўрнига янгиси келади, лекин йўқолиб кетадиган эҳтиёжларга қараганда янги вужудга келадиганлари кўп. Ишлаб чиқаришнинг ўзи эҳтиёжларни ўсишига, таркибини ўзгаришига катта таъсир кўрсатади.
Жамиятнинг социал-иқтисодий тараққиёти эҳтиёжларнинг юксалиб бориши иқтисодий қонунида ўз ифодасини топади. Бу қонун ишлаб чиқариш ва маданият ривожланиши билан инсон эҳтиёжларининг юксалиб боришини, унинг миқдори ўсиб, таркибан янгиланиб боришини ифодалайди.
Эҳтиёжларни ўзгаришини ўрганиш мақсадида статистикдан истеъмол товарларини асосан уч гуруҳга бўлиб ўрганилади:
а) озиқ - овқат маҳсулотлари;
б) ноозиқ - овқат товарлари;
в) узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар.
Эҳтиёжларни қондирилиши истеъмолда ифодаланади. Истеъмолнинг таркиби ва уларнинг миқдори ўзгаришига қараб ишлаб чиқаришни мослаштиришга эътибор қаратилади.
Эҳтиёжларни доимо юксалиб бориши ресурсларни эса чекланганлиги сабабли уларни тўла қондириш учун зарур бўлган миқдорда товар (хизмат)ларни ишлаб чиқаришнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳар бир кишидан тортиб, то давлат, жамият миқёсигача чекланганлик муаммосига дуч келинади. Чекланганлик эса ҳар қадамда бизни танлашга мажбур қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |