Юқорида қайд қилинган муаммоларни ҳал этиш учун Орол денгизи муаммолари бўйича Давлатлараро Кенгаш (ОДМДК) ва унинг Ижроия қўмитаси, шунингдек Орол денгизини қутқариш Халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсис этилган эди.
1997 йилга қадар ОҚХЖ Орол денгизи муаммолари бўйича Давлатлараро Кенгаш (ОДМДК) билан параллел равишда фаолият юритган; 1997 йилда эса бу давлатлараро ташкилотлар ягона ОҚХЖ бирлаштирилди.
Давлатлараро мувофиқлаштириш сув хўжалиги комиссияси (ДМСХК) минтақа мамлакатлари Сув хўжалиги вазирликларининг бирлашган комиссияси бўлиб ҳисобланади. Орол денгизи хавзасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси комиссияга юклатилган. ДМСХК котибият, халқаро илмий-тадқиқот маркази ва сув хўжалиги бўйича иккита хавзали бирлашмалардан ташкил топган (ХСХБ Амударё ва ХСХБ Сирдарё). Сирдарё ва Амударё сув ресурсларидан фойдаланиш борасидаги ДМСХК фаолияти Хавзали сув хўжалиги бирлашмаси ташкилоти доирасида амалга оширилади (ХСХБ). Аъзолари асосан ирригация соҳаси вакиллари бўлган комиссия, агар унинг таркибига бошқа соҳа, айниқса энергетика ва саноат вакиллари киритилганда янада самаралироқ ишлаши мумкин эди.
Донор-мамлакатлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ОҚХЖ аъзо бешта давлатлар минтақа даражасида лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутувчи Орол денгизи хавзаси бўйича аниқ чоралар Дастурини қабул қилдилар.
2.3. Атроф муҳит борасида қарорлар қабул қилишдаги ўзгаришлар
Иқтисодий ислоҳотларнинг олиб борилиши, бозор муносабатларига ўтиш, аҳоли ва шаҳарларнинг ўсиши, траспорт юк ташиш ҳажмларининг ортиши, қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқаришини интенсивлаштириш шароитида атроф муҳитни муҳофаза қилиш муаммоси ва у билан боғлиқ табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш масаласини хал қилиш энг муҳим давлат вазифасига айланди.
Агрохимиядан интенсив тарзда фойдаланиш, суғориш мақсадларида минтақани таъминлаётган иккита дарё (Амударё ва Сирдарё) сув ҳажмларидан фойдаланиш, шунингдек дренаж тизимлари самарасининг пастлиги Орол денгизининг қуриши ва соҳил бўйи ҳудудларини туз ва қишлоқ хўжалик химикатлари билан ифлосланишига олиб келди. Ҳозирги вақтда Орол денгизи хавзасидаги экологик ҳалокат аҳоли соғлиги ва иқтисодий фаолиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўтган давр мобайнида ислоҳотларни самарали олиб боришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. «Ер кодекси», «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Мулкчилик тўғрисида»ги ва бошқа кўплаб қонунлар қабул қилинди. [1].
Мустақилликка эришилган вақтдан бошлаб Ўзбекистон комплекс ўзгаришлар дастурига мувофиқ, табиатдан фойдаланиш ва атроф муҳитни сифатини бошқаришнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1999 йилнинг октябрида қабул қилинган «1999-2005 йиларда атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларнинг Миллий Дастури» сиёсий ҳужжатлардан бири бўлди. Мазкур Дастурда қишлоқ хўжалик ерларидан самарали фойдаланиш ҳамда суғориш ва дренаж тизимларини такомиллаштириш ҳисобига табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилган. Шунингдек, унда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги экологик муаммоларни хал қилиш бўйича фаолият турлари аниқ кўрсатилган, жумладан:
инсон ва ҳайвонлар учун хавфсиз бўлган пестицидлардан фойдаланиш, биологик услубларни қўллаш ҳисобига қишлоқ хўжалик экинларини ҳимоя қилиш учун биофабрика ва биолабораториялар тизимини яратиш ва энтомология хизматларини мустаҳкамлаш йўли билан усимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Бу тадбирларни амалга ошириш учун масъул бўлган муассасаларга Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, табиатни муҳофаза қилиш бўйича Давлат қўмита, вилоят ва туман ҳокимликларини киритиш мумкин. Режалаштирилган молиялаштириш ҳажми: барча иштирокчилардан 300 млн. сўм;
Қурғоқчиликка қарши кураш бўйича чора-тадбирлар Миллий Дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш. Гидромет Бош бошқармаси, Табиатни муҳофаза қилиш бўйича Давлат қўмита, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги масъул муассасалар бўлиб ҳисобланади. Глобал экологик жамғарма томонидан 30 000 АҚШ долл. ҳажмида молиялаштириш кўзда тутилмоқда.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалигини бошқарувчи орган бўлиб ҳисобланади. У қуйидаги фаолият турлари учун масъулдир:
ер, сув ва ўрмон ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, профессионал билимларга асосланган ягона қишлоқ хўжалиги сиёсатини ишлаб чиқиш;
қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш ва уларни бориши устидан назорат ўрнатиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини таркибий қайта тузиш ҳамда ширкат, фермер хўжаликларига тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларида амалий ёрдам кўрсатиш;
самарали инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш;
замонавий агротехнологияларни жорий қилиш ва экспорт ҳисобига фойдани кўпайтиришга қаратилган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун мониторинг тизимини яратиш;
қишлоқ хўжалик экинлари таркиби ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини белгилашга ташқи ва ички бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш;
чорва молларини парваришлаш, ветеринария хизмати кўрсатиш ва бошқа турдаги хизматларни ташкил этиш;
сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш бўйича чораларни қўллаш билан биргаликда давлат сув кадастрини юритиш.
Мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш истиқболларини уни атроф муҳитга таъсиридан алоҳида кўриш мумкин эмас. Бунда табиатдан оқилона фойдаланишга қаратилган фаолиятнинг натижаси қилинган ҳатти-ҳаракатларга доим ҳам мувофиқ келавермайди. Ўзбекистон иқтисодиётида рўй бераётган таркибий ўзгаришлар табиий ресурслардан фойдаланиш ва атроф муҳитни ифлосланиш даражаларига бевосита таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу даврда экологик қарорларни қабул қилишнинг иқтисодий жиҳатлари, яъни экологик ва иқтисодий сиёсатнинг интеграциялашуви муҳим аҳамият касб этади[1].
Аксарият суғориладиган ерлар ҳолатининг кўрсатишича, тупроқ сифати ёмонлашмоқда. Табиатни муҳофаза қилиш бўйича Давлат қўмитаси иқтисодиётга ижобий таъсир этиши ва ишлов бериладиган майдонларни камайтиришга хизмат қилиши лозим бўлган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этган. Ушбу тавсияларнинг айримлари буғдой билан банд бўлган майдонларни қисқартириш, уни ҳосилдорлигини ошириш ва беда экини майдонларини кенгайтириш бўйича тадбирларни ўзида ифода этган. Суғоришга боғлиқликни камайтириш ва ишлов бериладиган майдонларни сақлаб қолиш мақсадларида амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.
Атроф муҳит муаммоларини муваффақиятли ҳал қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳитга салбий таъсирларнинг олдини олиш мақсадида Табиатни мухофаза қилиш Давлат кўмитаси сувдан пулли фойдаланиш – «ифлослантирувчи тўлайди» ва «фойдаланувчи тўлайди» тамойиллари асосида табиатдан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш фаолиятини бошқаришнинг иқтисодий услубларини жорий этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида табиатдан фойдаланишнинг илмий асосланган иқтисодий ва ҳуқуқий механизмларини жорий қилиш» Концепциясига мувофиқ ҳозирги вақтда табиатдан фойдаланиш соҳасида иқтисодий услубларни босқичма-босқич жорий қилиш давом этмоқда.
Ўзбекистонда табиатдан фойдаланишда илмий асосланган иқтисодий ва ҳуқуқий механизмларни жорий этишни 2010 йилда якунланиши лозим бўлган уч босқичда амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Биринчи босқичда 1992 йилдан бошлаб (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 29 июндаги 303-сонли қарори) Ўзбекистонда атроф муҳитни меъёрдан ортиқча ифлослантирганлик, яъни атроф муҳитга меъёрдан ортиқча чиқиндилар, ифлослантирувчи моддалар чиқиндилари учун тўловлар жорий қилинди,.
Иккинчи босқичда атроф муҳитни тўлиғича ифлослантирганлик, яъни атроф муҳитни ифлослантирувчи моддалар, чиқиндиларнинг меъёрий ва меъёрдан ортиқча ташламаси учун тўловлар жорий этилди. Бу босқич 2000 йилда амалга оширилди (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 31 декабрдаги 554-сонли қарори). Бу тўловларни тақсимлаш тартиби ўзгартирилди: маблағларнинг 80% давлат бюджетига, 20% – табиатни муҳофаза қилиш жамғармаларига келиб тушади.
Учинчи босқичда табиий ресурслардан (сув, ер ва уни қаъри, ўрмон ва х.к.) нооқилона, комплексиз тарзда фойдаланганлик учун тўловларни жорий этиш ва табиатдан махсус мақсадларда фойдаланганлик учун тўловларни ундириш механизмини янада такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |