1.2. Бозор иқтисодиёти шароитида маъмурий менежментнинг аҳамияти
Бозор муносабатлари шароитида ҳар бир раҳбар, энг аввало, ўз идорасидаги, бошқарув аппаратидаги ходимларни, мутахассислар ва хизматчилар ишини бошқара олиши керак. Чунки фаолият самарадорлиги кўп жиҳатдан бошқарув командаси ишининг тўғри ташкил этилишига боғлиқ.
Бу масалани ижобий ҳал қилиш раҳбар ходимлардан уларнинг шахсий қобилиятлари билан бирга бошқарув фаолияти асослари илмини мукаммал эгаллашларини, маъмурий менежмент асосларини билишлари ва юқори даражали малакага эга бўлишларини талаб қилинади. Ташкилотда маъмурият ишини тўғри ташкил эта билиш, вазифа ва ваколатларни тақсимлашда ходимнинг малакасини эътиборга олиш, бошқарув усулларидан ўз ўрнида фойдаланиш, самарали ва аҳил бошқарув аппаратини шакллантириш ҳар бир раҳбар фаолиятининг асосини ташкил этади (1.2-расм). Раҳбарнинг қўл остидаги ходимларга бўлган илиқ муносабати ходимларнинг ўз ишларини юқори сифатли қилиб бажаришларини ва кўтаринки руҳда ишлашларини таъминлайди. Раҳбарларнинг ходимлар билан ишлаш жараёнида ходимларнинг ҳолатларини ва шахсий хусусиятларини инобатга олиши, ижтимоий адолат тамойилига риоя этиши уларнинг қалбига йўл топа билиши унинг билим даражасига, муомала маданиятига боғлиқдир. Бу каби ҳусусиятларга эга бўлган раҳбарлар ўзлари бошқариб турган жамоалари олдига қуйилган мураккаб масалаларни тўғри ҳал қилишга ва режаларни юқори самарали қилиб бажаришга қодир бўладилар.
Бундай жамоаларда руҳий иқлим муқаррар барқарор топган бўлади. Бошқача қилиб айтганда, бундай жамоалар ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга қодир бўладилар. Мазкур жамоалар Республикамиз иқтисодиётини кўтаришда марказий устун бўлиб хизмат қилади. Шундай ҳусусиятларга эга бўлган раҳбарларнинг сонини ошириш олий ўқув юртларида мутахассисларни тайёрлаш даражасига ва ишлаб турган раҳбарларнинг малакасини узлуксиз тарзда оширишга боғлиқдир.
Бунда малака ошириш маъмурий менежментнинг турли жиҳатларни қамраб олиши кўзда тутилади. Бошқарув ходимлари маъмурият ишини ташкил қила олишлари, тааллуқли меъёрий-хуқуқий ҳужжатларни яхши билишлари, ишловчиларга зарур моддий ва ижтимоий шарт-шароитларни яратиб беришлари, кадрларни тўғри танлаш ва жой-жойига қуйишда етарли билим ва малакага эга бўлишлари керак. Вазифа ва ваколатларни тўғри тақсимлаш иш ҳужжатлари айланишини ташкил қилиш, мажлисларни ўтказиш, мулоқотларни самарали олиб бориш, хизмат эткетига риоя қилиш замонавий менежер ва иқтисодчига хос фазилат ҳисобланади. Маъмурий бошқарувнинг мазкур жихатлари бу курсда ўрганилади. Шунингдек, фанни ўрганиш жараёнида маъмурий бизнесни ташкил қилиш ва бошқариш, маъмурий менежмент фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари ҳам кўриб чиқилади.
Маъмурий менежмент фани назарий масалалар ва амалий тажрибаларини ўз ичига олади ҳамда маъмуриятни бошқариш тизими билан боғлиқ барча билимларни қамраб олган. Ушбу фан «Бошқариш псиҳологияси», «Социология», «Сиёсатшунослик» каби ижтимоий фанлар билан ҳам боғлиқ. Шундан келиб чиққан ҳолда маъмурий менежмент билан бошқарув соҳасига оид барча фанлар билан боғланиши табиийдир. «Бошқариш назарияси» фанидан маъмурий менежмент таъсир ўтказишнинг умумий қонун ва қонуниятларини талқин қилиш услубиятини олади. «Менежмент» фани ҳамда маъмурий менежментнинг ўзаро боғлиқлиги ижтимоий ташкилотларнинг табиатини ўхшашлигидан келиб чиқади.
Худди шундай менежмент таркибидаги «Бошқарув қарорларини ишлаб чиқариш технологияси», «Ташкилотчилик назарияси», «Персонални бошқариш» ва бошқалар маъмурий менежмент услубиятини белгилашга катта таъсир кўрсатадилар. Ўз навбатида маъмурий менежмент ҳам юқоридаги фанларнинг ривожланишига ўз таъсирини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |