Ўпкани сурункали обструктив касаллигига чалинган беморларни даволаш тамойиллари:
Беморларга ўқитиш дастурларини олиб бориш;
Дориларсиз даволаш;
Бронходилататорлар қабул қилиш;
Мукорегулятор терапия;
Нафас етишмовчилигини даволаш;
Инфекцияга қарши (қўзиган даврда) муолажалар;
Яллиғланишга қарши даво.
СОЎК га чалинган беморларни тегишли дастур бўйича ўқитиш - бу доимий жараён бўлиб, жисмоний зўриқишларга чидамлиликни ошириш, респиратор белгиларни камайтириш ва бемор ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган. Бунинг учун махсус тайёрланган ўқув режаси асосида шифокор томонидан ўтказиладиган дарсларга бемор ва унинг оила аъзоларини жалб қилиш лозим бўлади. Бунда беморга касаллиги тўғрисида батафсил маълумот бериш, даволаш усуллари билан уни таништириш, аэрозол ингаляторларни ва пикфлоуметрни ишлатишни ҳамда ўз-ўзини назорат қилишни ўргатиш юқори даво самарасига эришишга ёрдам беради.
Дориларсиз даволаш. Ушбу тадбирлардан чекишни ташлаш, турмуш ва ишлаб чиқаришдаги поллютантлар, респиратор вирусли инфекцияга қарши курашиш ҳисобланади. Инфекция ўчоқларини бартараф этиш, оғиз бўшлиғи ва бурундан нафас олишни тиклаш.
Оқсил, витаминлар (витамин Е, аскорбин кислота) ва минерал моддаларга бой овқатларни истеъмол қилиш. Нафас етишмовчилиги кузатилганда ва кислота-ишқор мувозанати бузилганда гипокалорияли овқатлар ва углеводларни чеклаш.
Балғам ажралишини яхшилаш мақсадида кўп миқдорда иссиқ суюқликлар ичиш, кунига 2 марта тебранма (вибрацион) массаж, бронхларнинг ҳолатий дренажи.
Дорилар билан даволаш ва ундан мақсад қуйидагилардан иборат
бронхлар спазмини камайтириш;
бронхлар шиллиқ қаватларидаги яллиғланиш жараёнларини сусайтириш;
балғам ажралишига ёрдам бериш.
Бронходилататорлар билан даволаш. Улар ЎСОК даволашда ишлатиладиган асосий гуруҳ дорилардан бири ҳисобланади ва беморларда функционал соғайиш кузатилмаса ҳам (1ЖНЧҲ пасайиб кетмаслиги учун) тавсия этилади ҳамда 3 та катта гуруҳга бўлинади:
β 2-агонистлар – уларнинг ўз навбатида селектив, носелектив, қисқа ва узоқ таъсир қилувчи турлари фарқланади. Селектив қисқа таъсир қилувчиларга - сальбутамол, фенотерол, тербуталин, селектив узоқ таъсир қилувчиларга - сальметерол, формотероллар, қисман селективга эса алупент, астмопентлар киради.
Антихолинэргиклар - атровент (ипратропиум бромид), спирива (тиотропиум бромид), окситропиум бромидлар ушбу гуруҳ вакиллари ҳисобланади.
Метилксантинлар ёки теофиллинлар - икки авлод фарқланади. Биринчиси 12 соат ва иккинчиси 24 соат таъсир этади. Уларнинг биринчисига теопек, теодур, дурофиллин, ретафил, теобилонг, теотард, иккинчисига эса унифил, теодур-24, эуфилонглар киради Юқоридагилардан ташқари комбинация ҳолида чиқариладиган ингаляцияли дорилардан дитэк (фенотерол гидробромид 0,05 мг + кромогликат натрий 1,0 мг), интал плюс (сальбутамол 0,1мг + кромогликат натрий 1,0 мг), беродуал (фенотерол гидробромид 0,05 мг + ипратропиум бромид 20 мг), комбивент (сальбутамол 0,1мг + ипратропиум бромид 20 мг) аэрозоллари самарали қўлланилади. Улардан фойдаланиш тегишли препарат дозасини камайтириш ҳамда иқтисодий самарага эришиш имконини яратади. Қуйидаги 6-жадвалда юқорида келтирилган бронходилататорларнинг дозалари, чиқарилиш шакли ва таъсир давомийлиги келтирилган.
Антихолинэргиклар қуйидаги сабабларга кўра ЎСОК ни даволашда қўлланиладиган биринчи қатордаги дорилар гуруҳига киради:
Даволашда юқори самара беради ва деярли ножўя таъсирга эга (шиллиқ парда орқали жуда кам сўрилиши натижасида юраги хаста ва циркулятор бузилишлари мавжуд бўлган беморларда ҳам қўллаш мумкин) эмас;
Тахифилаксик таъсир яъни кўникиш кузатилмайди;
Ёши катта беморларда бронх рецепторларининг М-холинолитик препаратларга сезувчанлигининг сақланиб қолиши, ушбу дори гуруҳининг юқори самарадорлигини таъминлайди.
Республикамиздаги тиббиёт муассасаларида антихолинэргик дори гуруҳига мансуб бўлган атровент кенг қўлланилади ва кунда 2-4 ингаляциядан 3-4 марта ишлатилади. У парасимпатик таъсирни сусайтириши сабабли бронхолитик таъсир кўрсатиш қобилиятига эга. Бу унинг рецепторлардаги ацетилхолин билан рақобатли антагонист ҳолатига боғлиқ.
М-холиноблокаторларни глаукомада, аденомада эҳтиёт бўлиб ишлатиш лозим.
Β 2-агонистларни бронхолитик самараси ЎСОК да БА га қараганда кам. Шунинг учун касалликнинг кўпроқ енгил кечишида, антихолинэргик препаратлар билан бирга қўлланилади ёки комбинациядаги (беродуал) ингалятор дори воситалари яхши самара беради. Улар бир марта фойдаланганда 2 ингаляциядан кунда 3-4 маҳал ишлатилади.
Глюкокортикостероидлар – улар билан узоқ даволаганда 1ЖНЧҲ барқарорлашади. Яллиғланишга қарши восита сифатида касалликнинг ўрта ва оғир кечишининг қўзиган даврида 3 кун томир ичига метилпреднизолон 125 мг ҳар 6 соатда юборилади. Ундан сўнг преднизолон бир кунда 60 мг. дан 4-7 кун, 40 мг дан 8-11 кун, 20 мг дан 12-15 кун ичилади. Агар ўтказилган даво чоралари самарали бўлса, ингаляциядаги кортикостероидларга ўтилади (серетид, флунизолид, ингакорт) ва динамикада 1ЖНЧҲ текширган ҳолда камида 3 ой муолажалар давом эттирилади.
Муколитиклар ва антиоксидантлар. ЎСОК да асосан кичик бронхлар ва бронхиолалардаги қадаҳсимон ҳужайралар гиперплазияга учраган ҳолларда балғам ажрала бошлайди. Бизолвон (бромгексин деривати ва лазолван), ацетилцистеин, карбоцистеин каби муколитиклар унинг ажралишига самарали таъсир кўрсатади. Улар балғам ёпишқоқлигини ва йўтални камайтиради ҳамда кўчишини осонлаштиради. Таркибида 30 мг амброксал гидрохлорид бўлган лазолван, мукокинетик ва секретолитик хусусиятга ҳам эга. 1 таблеткадан ёки сиропи 5 мл дан кунда уч маҳал ичилади.
Антибиотиклар - кўрсатмалар бўлганда яъни, касалликнинг қўзиш даврида ишлатилади. Аммо айрим ҳолларда жараён ареактив кечиб, қонда лейкоцитлар формуласининг чапга силжиши, ЭЧТ тезлашиши кузатилмайди. Лекин бундай ҳолларда ҳам касаллик қўзишининг клиник белгилари мавжудлиги антибиотикларни буюришга кўрсатма ҳисобланади. Сўнгги маълумотларга кўра H.influenzae (52%), M.catarrhalis (13%), S.pneumoniae (16,5%), Enterobacteriaceae, P.aeruginosa каби қўзғатувчилар кўпроқ касалликни қўзишига сабаб бўлади. Ҳозирги пайтда цефалоспоринларнинг II-III авлоди, макролидлар, фторхинолонлар кенг ишлатилади. Таркибида бета-лактамазалар бўлган амоксициллин/клавуланат 625 мг ҳар 8 соатда ичишга, фторхинолонлардан левофлоксацин, моксифлоксацин, ципрофлоксацин 500 мг дан ва офлоксацин 400 мг дан ҳар 12 соатда ичишга, макролидлардан азитромицин 500 мг дан 3 кун, кейин 250 мг дан 5 кун, кларитромицин 250-500 мг дан ичишга буюрилганда юқоридаги микробларга самарали таъсир кўрсатади.
Поликомпонент вакциналар рибомунил ва бронхомунал маҳаллий иммун тизимга ижобий таъсир этади ва шамоллашга бўлган мойилликни камайтириб, ремиссия даврини узайтиради.
Кислород билан даволаш. Кислород кичик дозаларда, ниқоб орқали ёки назал канюла ёрдамида ҳар дақиқада 1-2 литр юборилиб, кўрсатма бўлганда 5 литрга етказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |