Сен бу кўзгуни кўнгул қилғил хаёл, ‒
Ким солур аксини онда ул жамол.
Демак, Шайх Санъон ҳикоятидаги хослик ҳақида гап борган байтда: ишқ йўлига кирилдими, энди авомлик тамом, бундан бу ёғига мақсад (яъни ҳақиқат) сари олға босавериш керак, вассалом, деган фикр илгари сурилган. Бошқача айтганда, энди шариат босқичидан ўтилиб-ку тариқатга кирилган (чунки қушлар пир, яъни Ҳудҳуд раҳнамолигида учишни аллақачон бошлаб, анча ергача парвоз этишган), лекин тариқатни мукаммал қилиб, ҳақиқатга етиб бориш керак-да. Ахир, бош мақсад ‒ ҳақиқат-ку.
Шайх Санъон, асар мазмун-моҳиятига суяниб айтиш мумкинки, ҳали тасаввуфнинг зоҳидлик даражасида эди. Чунки зоҳидлик ҳам ‒ аслида, тасаввуф. Лекин у сўфийликнинг илк босқичи. Шунинг учун Навоий лирикасида ошиқ образи тинимсиз равишда зоҳидга қарши «курашади».
Таъбир жоиз бЎлса, зоҳидлик ш а р и а т д а н т а р и қ а т г а ў т и ш ҳолатини билдиради. Достон воқеаси бўйича Ҳудҳуд Шайх Санъон ҳикоятини келтиргунига қадар қушлар бу босқичдан ўтиб бўлдилар.
Энди юзни тариқатдан ҳақиқат сари буриш керак. Ошиқлик айнан ана шу ‒ т а р и қ а т д а н ҳ а қ и қ а т г а ў т и ш жараёнини англатади. Тасаввуф адабиётида ишқ мавзуининг бу қадар кенг ва чуқур ишлангани сири ҳам шунда.
Шайх Санъон ҳам ҳали ошиққа айланмаган. Чунки у ёрни кўрганича йўқ. Кўнглида маъшуқ жамоли акс этган эмас.
Зоҳид билан ошиқнинг мақсадларида кескин фарқ бор. Тасаввуф адабиёти, жумладан, Навоий шеъриятида шоирнинг лирик қаҳрамони зоҳидга таъна-дашному маломат тошлари ёғдирганда айнан ошиқ тарзида намоён бўлади. Унинг машҳур рубоийсини эсга олайлик:
Зоҳид, санга ‒ ҳур, манга ‒ жонона керак,
Жаннат ‒ санга бўлсин, манга ‒ майхона керак.
Майхона аро соқию паймона керак,
Паймона неча бўлса тўла, ёна керак.
Шу мисраларга суяниб айтилганда ҳам, зоҳидга ‒ жаннат, ундаги ҳур, ошиққа эса ‒ майхона (яъни ишқ), соқий (яъни пир), жонона (яъни Оллоҳ васли) керак. Зоҳидлик билан ошиқлик ҳақиқат йўлидаги босқичлар: зоҳидлик ‒ бошланғич босқич (зоҳид ҳам интиляпти, лекин нимага интилаётгани аниқ эмас ёки бирламчи нарса ‒ маъшуқа қолиб, иккиламчи нарса ‒ жаннатга интиляпти, ўзи қолиб, у яратган нарса ‒ жаннатга тушиш учун умрни фақат ибодат билан ўтказиш лозим, деб ҳисоблаяпти), ошиқлик ‒ олий босқич (у асл манзарга талпинади).
Бир босқичдан иккинчисига ўтилдими, энди биринчи босқич вазифаси адо этилган ҳисобланади.
Биз тасаввуф назарияси масалаларини муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Чунки у соф тасаввуфшуносликнинг иши. Бизни бадиий манба ‒ «Лисон ут-тайр» матни қизиқтиради. Бироқ бошдан-оёқ тасаввуф руҳи билан суғорилган бу каби асарларни айни фалсафий-амалий таълимотдан айри тушунишнинг ҳам, тушунтиришнинг ҳам иложи йўқ.
Шу маънода достоннинг бу ерида ишқнинг ўти билан нафсни, демакки, худбинликни батамом, охиригача енгиш кўзда тутиляпти. Шунинг учун энди ошиқ учун и й м о н ё к у ф р деган масаланинг аҳамияти йўқ. Чунки у шундай дарди олийга мубталоки, бу ёғига уни майда-чуйда нарсалар ўртасидаги фарқ қизиқтирмайди. Солик бунақа масалаларни мутлақо унутган. Сабаби ‒ улардан устунроқ мушкулотларни ечиш даражасига кЎтарилган. Аниқроғи, айни муаммо унинг учун асосий бўлмай қолган.
Санъон ‒ шайх, ҳатто, «восили даргоҳ», «ғайб асроридин огоҳ» эди. Каъбада унинг атрофига тўрт юз мурид тўпланган. «Шоҳлар унинг остонаси гадойи» эдилар. Шайхлигининг даражаси шу қадар баланд поғоналарга етган эдики, дуоси ижобат бўлар эди. Тушида кўргани воқеаси ўнгида ҳам юз берар эди.
Лекин нима бЎлибди, ишқдан бебаҳрами, бас, Оллоҳга етиш учун булар ҳали етарли эмас-да.
Хўш, исбот?
Шайх Санъон бир кеча туш кўрди. Рум мамлакатида эмиш. Бутхонада худди унинг сокинлари каби маст-аласт ётган эмиш...
Шайх:
Do'stlaringiz bilan baham: |