28 МАЪРУЗА
МАШҒУЛОТЛАР ЖАРАЁНИДА СПОРТЧИЛАР МОТИВАЦИЯСИНИ
ШАКЛЛАНТИРИШ
Режа.
1. Машғулотлар жараёнида спортчилар мотивациясини шакллантириш
2. Олис мақсадларни кўзлаш
3. Жамоа психологик муҳитини шакллантириш
4. Муваффақиятга эришиш кўрсатмасини шакллантириш ва даъват этиш
5.. Моддий мотивация
6. Натижалар мотивацияси ва машғулотлар мотивациясининг ўзгариши
Барчамизга яхши маълумки, спортдаги энг муҳим нарса бу - мусобақалардир. Мусобақа бу спортчининг тайёргарлигини кўрсатувчи имтиҳон, текширув ёҳуд унга баҳо бериш мезонидир. Бугунги замонавий спортдаги юқори натижаларга узоқ йиллик мунтазам машғулотлар, ҳаётда ҳам, спортда ҳам қатъий режимга амал қилиш эвазига эришилади. Бунга ҳар бир спортчи психологик жиҳатдан тайёрланган бўлмоғи керак. Эришилган тайёргарлик машғулотлар жараёнида доимий ва изчил равишда ривожланиб бориши лозим.
Спортчининг машғулотлар жараёнига, ўзининг спорт мажбуриятларига нисбатан муносабати, асосан унда аввалдан шакл-
ланган машғулотлар ва мусобақаларда иштирок этиш мотивларига боғлиқ бўлади. Психологияда мотивлар дейилганда, кишининг у ёки бу эҳтиёжига боғлиқ ва унинг у ёки бу фаолият турини бажаришига сабаб бўладиган, уни шунга даъват этувчи фикрлари, интилишлари ва туйғулари тушунилади.
Спортчининг машғулотлардаги ва спорт чиқишларидаги мотивларини билиш мураббий учун ниҳоятда катта амалий аҳамият касб этади. Зеро, айни шу мотивлар спортчининг машғулотларга, олдинда турган мусобақаларга, мавжуд иш режимига муносабатига таъсир кўрсатиб, унинг спорт билан шуғулланишининг мақсадини белгилаб беради. Қолаверса, мотивлар спортчи машқларни нечоғли аниқ ва маҳорат билан бажаришини ҳам белгилаб беради. Шу сабабли ҳам, машғулотлар жараёнида спортчилар фаоллигини оширадиган, уларнинг куч-қувватини олдиндаги қийинчиликларни енгиб ўтишга энг юқори даражада сафарбар эта оладиган мотивларни такомиллаштириб бориши ўта муҳимдир.
Қуйида таниқли спорт психологи Г.Д.Горбунов томонидан тавсия этилган, спортчиларни машғулотлар жараёнида мотивациялашнинг усуллари баён этилади.
1. Олис мақсадларни кўзлаш
Спортчи спортнинг қайси босқичида бўлмасин, унинг олдига доимо олис, узоқ йиллик истиқболни кўзловчи мақсадларни қўйиб бориш зарур. Ҳатто, бу мақсадлар энг юқори, рўёбга чиқиши номаълум бўлган мақсадлар ҳам бўлиши мумкин. Спортчи қандай муваффақиятга эришмасин, унга доимий равишда, эришилган натижа ҳали унинг имкониятлари олдида ҳеч нарса эмаслиги, уни олдинда бундан ҳам юқорироқ ва унга муносиброқ мақсадлар, масъулиятли вазифалар, жудаям олис мақсадлар кутиб турганлиги сингдириб борилади. Олис мақсадлар, машғулотлар жараёнида спортчини янада фаол бўлишга, ҳар бир машқни янада мукаммалроқ бажаришга даъват этиб туради. Ушбу мақсадларга босқичма-босқич эришиб бориш спортчининг хотиржам ва ўзига ишонган ҳолатини қарор топтиради, унда чемпионлик характерини шакллантиради ва мустаҳкамлайди.
Юқори мақсадлар йўлида спортчи илгари эришган мақсадларига (ўзи эришган, дўстлари, рақиблари эришган ютуқларга) таянади ва улардан келиб чиқиб ҳаракат қилади, келгуси машғулотлар учун мотив куч олади.
Спортчилар онгида олис мотивацияларни шакллантириш - бу ўзига хос психологик-педагогик вазифадир.
2. Жамоа психологик муҳитини шакллантириш
Яхлит, бириккан умумий интилишлар жуда катта кучни ташкил этади, кишидаги теран куч-қувват ресурсларини очиб бериб, ҳар бир спортчининг ўз орзу-умидларига биргаликдаги ҳаракатлар воситасида етишиш иштиёқини кучайтиради.
Умумий мақсадларга, орзу-интилишларга садоқат, ана шу кўзга кўринмас, улуғ туйғу - жамоа ички дунёсини ҳосил қилади.Жамоанинг ҳар бир аъзоси томонидан ягона мақсад сари интилиш, уларнинг индивидуал режаларининг амалга оширилишига ҳам хизмат қилади. Спортнинг жамоавий турими ёки якка тартибдаги турими, бундан қатъий назар, жамоавий руҳни шакллантиришга интилган ва бунга алоҳида эътибор қаратган мураббий барибир якуний натижаларда анча ютуқларга эришади. Бунда ҳар қандай умумий мақсад ва режалар ҳам ҳар бир спортчи учун чуқур шахсий аҳамият касб этишини унутмаслик лозим.
Оқилона тарзда шакллантирилган жамоавий манфаатлар мураббийга кўплаб зиддиятли ва низоли ҳолатларни бартараф этиш, уларнинг чиндан ҳам можароларга айланиб кетмаслигини таъминлаш имкониятини беради. Ҳатто жамоа ичидаги рақиблар ўртасига ўзаро рақобатдан ҳам, уларнинг ҳар бири онгидаги жамоавий манфаатларнинг тўғри шакллантирилиши туфайли, спортчиларнинг камолоти йўлида, шунингдек жамоанинг ютуқлари йўлида самарали фойдаланиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |