2. Психик зўриқишларнинг ва ўта зўриқишларнинг
спорт фаолиятига таъсири
Психик зўриқишлар ҳар қандай фаолиятга ҳос бўлиб, у машғулотлар жараёнида ҳам, мусоқабалар жараёнида ҳам юзага келади. Аммо ўзининг йўналиши ва мазмунига кўра психик зўриқишлар бир-биридан фарқланади. Машғулотлар жараёнида юзага келадиган зўриқишлар асосан фаолият жараёни билан, тобора ошиб борадиган жисмоний юкламани бажариш зарурияти билан боғлиқдир. Мусобақаларга хос экстремал шароитларда унга қўшимча равишда белгиланган натижаларни қўлга киритиш мақсади туфайли юзага келадиган психик зўриқишлар ҳам қўшилади. Шартли равишда машғулотлар жараёнида юзага келадиган зўриқишни процессуал, мусобақалардаги зўриқишни эса натижавий зўриқиш деб аташади. Одатда улар нафақат фаолият жараёнида, балки у бошлангунга қадар ҳам намоён бўлади. Бу борада уларнинг фарқи, жараёнга ҳос зўриқишлар бевосита машғулотлар олдидан пайдо бўлса, натижавий зўриқишлар эса мусобақалардан анча олдин вужудга келиши мумкин (Г.Д.Горбунов).
Узоқ давом этадиган ва юқори даражадаги зўриқишлар спортчига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозирги замон машғулотлари шароитида шу даражада юқори жисмоний машқлар ўтказиладики, аксарият ҳолларда спортчилар кучли психик зўриқиш ҳолатига тушиб қоладилар. Аслини олганда спортдаги психик зўриқиш - ижобий омил, зеро у спортчи организмининг барча функциялар ва тизимлари фаоллашганини кўрсатади, юқори самарали фаолиятни таъминлайди. Бироқ бунда нохуш омиллар асосида (узоқ давом этадиган ва юқори даражадаги зўриқишлар, жисмоний машқлар олдидаги қўрқув, теварак атрофидагилар билан ёмон муносабат, мотивациянинг етарли даражада асосланмаганлиги, ўзига ишонмаслик ва ҳоказолар) психик зўриқишлар функциялар уйғунлигини бузиши, спортчи танасидаги куч—қувватнинг ортиқча даражада ва беҳуда сарфланишига сабаб бўлиши мумкин. Психик зўриқишнинг у қадар кучли бўлмаган даражаси хеч қандай асорат қолдирмайди ва бир неча кундан сўнг мутлақо барҳам топади.
3. Машғулот жараёнидаги психик ўта зўриқишнинг
белгилари
Психик ўта зўриқишларни уч босқичга ажратиш мумкин. Булар: асабийлик, нуқсонли стениклик, астениклик. Ҳар бир психик ўта зўриқиш босқичлари учун умумий ва ўзига хос белгилари мавжуддир (Г.Д.Горбунов).
Умумий белгилар: тезда толиқиш, ишчанлик қобилиятининг тушиб кетиши, уйқунинг бузилиши, уйқудан кейин тетиклик ва бардамлик туйғусининг йўқолиши, аҳён-аҳён бошнинг оғриши. Машғулотлар жараёнида юз берадиган психологик ўта зўриқишларнинг ягона қиёфасини яратиш учун иккинчи жадвалда психик ўта зўриқишларнинг 3та белгиси кўрсатилган.
Биринчи босқич—асабийлик. Унинг белгилари - инжиқлик, кайфиятнинг беқарорлиги, ички (узоқ сақланиб турадиган) тажанглик, мушакларда, ички аъзоларда ва ҳоказоларда ёқимсиз, баъзан эса оғриқли сезгиларнинг пайдо бўлиши.
Ўзига хос белгилар ҳар бир босқични алоҳида ифодалайди.
Ўта зўриқиш биринчи босқичининг белгилари дастлаб аҳён-аҳёнда намоён бўлади, бироқ шундай бўлса-да, улар жуда сезиларли тарзда кўзга ташланади. Инжиқлик ёки жиззакилик намоён бўлганда, спортчи интизомлилигича қолаверади, у ҳар доимгидек ўзини қўлга ола билади, мураббийнинг топшириқларини сифатли тарзда адо этади, аммо вақти-вақти билан у ёки бу машғулот топшириқларига нисбатан, ёки ўзига нисбатан бўлаётган муносабатларга, ё бўлмаса маиший шарт-шароитлар ва ҳоказоларга нисбатан норозолигини намойиш қилади. Бу спортчининг нафақат сўзларида, балки мимикасида, хатти-ҳаракатларида ва умуман ўзини тутишида кўринади. Агар ёши катта спортчида инжиқлик пайдо бўлса, бу унинг ожизлигини, чарчаганлигини кўрсатувчи биринчи белгидир. Бинобарин, у низоли шароитларда юзага келадиган қийин аҳволлардан чиқиб кетиш йўлини топа олмайди, бундай вазиятларда зарур бўладиган иродавий кучга эга эмас ва оқилона ҳатти-ҳаракат қилишни истамайди. Аксарият ҳолларда катта ёшли спортчининг инжиқлиги асоссиз ва сабабсиз норозилик билан уйғунлашиб кетади. Агар спортчи ўз инжиқлигининг асоссизлигини тезда англаб, унинг воситасида ўз психик ҳолатида юз берган толиқишдан халос бўлса, тез орада мураббийнинг барча топшириқларини сифатли ва бехато бажаришга киришиб кетади.
Аммо, нима бўлганда ҳам, инжиқликни эътиборсиз қолдирмаслик лозим. Мураббий спортчилар билан мулоқот чоғида, нозик педагогик муомала усулларини қўллай билиши керак. Яъни: спортчининг инжиқлигини юзига солмаслиги, зеро шундай қилса бу инжиқлик янада авж олиши мумкин, бу ҳолат катта можарога айланиб кетмаслиги учун унга қатъий ва кескин жавоб бермаслиги, аксинча юмшоқлик билан, спортчига кўмаклашган ҳолда уни бу ҳолатдан чиқаришга интилиши керак.
Кайфиятнинг беқарорлик белгилари – спортчининг ўзига нисбатан қилинган ҳазилларга асабий тарзда кулиши ёки мутлақо хўмрайиб олган ҳолда ҳамма нарсадан норози кишидай юришида намоён бўлади. Бундай ҳолатдаги спортчи ўзида баъзан арзимаган ютуқларга, сабабсиз хурсандчиликни хис этиб, тез орада бу шодликлар ўрнини ёмон муносабат эгаллаши мумкин.
Тарбия кўрган спортчи ўзининг ёмон кайфияти бошқаларга таъсир қилмаслигига интилади. Ҳар қандай тарбияли, одобли инсон каби у ҳам, ўз ҳаётида юз берган нохуш ҳодисаларни ҳамма билан ўртоқлашавермайди. Тарбиясида камчиликлар бўлган спортчи эса, аксинча ўз кайфиятидаги беқарорлик туфайли юзага келадиган турли куракда турмайдиган хатти-ҳаракатлари, қилиқлари, мулоқот шакли билан мураббийсини ва барча атрофидагиларни боши берк кўчага киритиб қўйиши мумкин. Албатта, мураббий, бундай спортчининг айрим қилиқларига тоқат қилиши мумкин, аммо гарчи унинг олдида истеъдодли спортчидан ажралиб қолиш хавфи турган бўлса-да, ҳеч қачон унинг ҳақоратларига, қўпол муомаласига чидаш керак эмас. Мураббийнинг инсонийлик шаъни ва касбий обрўси ҳамма нарсадан, ҳатто унинг фаолият мақсади - юқори спорт натижаларини қўлга киритишдан ҳам баланд турмоғи керак. Зеро, бир маротаба мураббий спортчига ўзини камситишига изн бериш орқали, у спортчининг шахсини тарбиялаш жараёнини “барбод қилиши” мумкин. Чунки, мукаммал шахс бўлиб вояга етмаган спортчидан хеч қачон юқори спорт натижаларини қўлга киритишни кутиш мумкин эмас.
Кайфият беқарорлигининг яна бир кўриниши бу-ички жиззакиликдир. Бу ҳолат аксарият ҳолларда спортчининг нигоҳларида, мимикасида, пантомимикасида намоён бўлиб, дастлаб спортчининг ўзгалар билан муносабатларида кўзга ташланмайди. Бундай спортчи ўз фикрини билдиришда, тобора бирёқлама, баъзан эса ўта қўрс бўлиб боради, бироқ бирданига айтиб юборган гапларини кейин бироз юмшатишга уринади, яъни у ўзини нисбатан бошқариб туришга қодир бўлади.
Баъзан спортчиларнинг мушакларида, ички тана аъзоларида, бўғинларида, терисида ва ҳоказо жойларида оғриқ сезгилари пайдо бўлади. Улар одатда жуда тез ўтиб кетади ёки тананинг бошқа бир қисмига кўчиши мумкин. Спортчилар мураббийнинг бирор бир топшириғини бажаришни истамаганларида ёки мусобақада бирор бир машқни нотўғри бажарганларида айни шу оғриқларни баҳона қиладилар. Аслида спортчилар ўз таналарини бошқара оладилар, чунки улар таналарини доимий тарзда чиниқтириб, парваришлаб борадилар. Оддий ҳаётда ҳам ҳар биримизнинг танамизда баъзан турли нохуш оғриқлар юз бериб туради, аммо биз доим ҳам уларга эътибор беравермаймиз, ва бу оғриқлар ўз-ўзидан изсиз йўқолиб кетади. Спортчилар эса аксинча тобора кучайиб борувчи психик зўрбериш остида уларга борган сари кўпроқ эътибор қаратадилар. Бу айниқса, ҳар нарсани ўзига яқин олувчи, ҳамма нарсадан ҳам ваҳимага тушаверадиган спортчиларга хосдир. Улар бу одатий ва табиий сезгиларни баъзан ваҳима таъсири остида жиддий касаллик даражасигача олиб чиқишлари мумкин. Шу сабабли ҳам, мураббийлар бундай спортчиларнинг мазкур тарздаги шикоятларига жиддий эътибор бермасликлари, баъзан эса уларни мутлақо эшитмасликлари, ҳатто спортчиларнинг бу “ваҳимакаш” одатларига барҳам беришига уринишлари маъқулдир.
Машғулотнинг айниқса қийин жараёнларида кучли психик зўриқишнинг намоён бўлиши табиий бўлиб, уларга аҳамият бериш керак. Бу ҳолат спортчи билан мулоқот қилувчи барча кишиларни, биринчи галда, мураббийнинг эътиборини жалб этиши керак. Спортчининг психик ҳолатини меъёрга келтириш учун мураббий, бундай зўриқишнинг келиб чиқиш сабабини аниқлаши, мумкин бўлса, вақтинча машғулот вазифаларини ўзгартириши, мақсадли дам олишни ташкил этиши, психик тартиблаш услубларидан самарали фойдаланмоғи керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |