4. Машғулотлар жараёни учун мураббийга тавсиялар
1. Машғулотлар чоғидаги қийинчиликлар энг олий даражага етган пайтларда спортчиларда юз берадиган психик ўта зўриқишнинг айрим даражалари – тўғри ташкил этилган машғулотлар жараёнининг табиий оқибатидир. Спортчилардаги психик ўта зўриқишнинг мутлақо сезилмаслиги, уларнинг бундан ҳам каттароқ жисмоний қийинчиликларни кўтара олишини ва янада қатъийроқ спорт режимига дош бериши мумкинлигини кўрсатади.
2. Агар унчалик оғир жисмоний зўриқишлардан ҳоли одатий машғулотлар жараёнида, спортчида психик ўта зўриқишнинг дастлабки белгилари кузатиладиган бўлса, бунинг сабабини қўшимча омиллардан қидириш лозим. Яъни:
а) спортчи учун жамоада яратилган нохуш психологик иқлим (масалан, жамоа аъзоларидан бири билан ўзаро низо, ёки спортчининг ўз уйидан, оиласидан узоқ муддат ажралиб, спорт йиғинларида иштирок этиши):
б) мотивациясининг пасайиб кетиши (масалан, спортчи иштирок этишни ниҳоятда хоҳлаган мусобақаларнинг бекор қилиниши):
в) спортчининг шахсий ҳаётида низоли, можароли вазиятларнинг юзага келиши (масалан, машғулотлар билан мактабдаги, институтдаги ёки аспирантурадаги имтиҳонлар учун бироз вақт ажратишнинг қийин кечиши, унинг уйланиши, ёки турмушга чиқиши ҳам баъзи ҳолларда бундай низоли ҳолатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин):
г) спортчининг қадриятлари тизимида янги, спортга нисбатан ҳам муҳимроқ бирор мавзунинг пайдо бўлиши, ёки муайян вазиятда унинг учун спортнинг қадри нисбатан пасайиши (масалан, спортчи квартирага эга бўлди, машина сотиб олди ва айни пайтда ана шу ташвишлар билан банд) ва ҳоказо.
3. Мураббий шуни доимо эсда тутиши лозимки, спортчида психик ўта зўриқишнинг дастлабки белгилари пайдо бўлганда аввало спортчининг ўзгалар билан муносабати ва хатти-ҳаракатларини тузатиш, уларга ўзгартириш киритиш лозим, ҳатто унинг режимини ҳам ўзгартириш мумкин. Лекин, машғулотларнинг жисмоний қийинчиликларидан зинҳор воз кечиш керак эмас. Спортчи ўзи ушбу ҳолатни албатта бошдан кечириши зарурлигини ҳис этиши ва тезда яна қайта оёққа туриб кетишига ишониши шарт.
4. Психик ўта зўриқишнинг иккинчи босқич белгилари намоён бўлганда, мураббий режалаштирилган машғулотлардаги жисмоний юкламани ва спортчини қайта тикланишини кўриб чиқиши керак.
5. Агар психик ўта зўриқишнинг учинчи босқичи белгилари намоён бўлиб қолса, демак бу мураббий спортчини тайёрлашда жуда қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйганлигини билдиради (яъни, машғулотларни ўтказиш услубида, уларни ташкил этишда, спортчилар яшаш шароитида, овқатланишида, улар билан мулоқотда, уларнинг дам олиш шароитларида ва ҳоказоларда).
Психик ўта зўриқишнинг учинчи босқичини бошдан кечирган спортчи жуда кам ҳолларда спортга қайтади.Бу ҳолатдан кейинги узоқ муддат давом этиши лозим бўлган дам олиш, унга барча имкониятларни муҳайё этувчи шарт-шароитлар, унинг қатъий талаблар, юқори жисмоний қийинчиликлар билан кечувчи спорт соҳасига қайтишига тўсқинлик қилади, олиймақом, яъни экстракласс тоифадаги спорт натижаларини қўлга киритишига, спортчининг яна илгаригидек ўзини буткул спортга сафарбар этишига монелик қилади.
6. Жисмоний юкламалар айниқса кучайган бир пайтда, агар спортчи машғулотларда иштирок этмасликни астойдил талаб қилаётган бўлса, унинг бу истагини ана шундай қатъият билан рад этиш ярамайди. Албатта, тушунтириш, уни ишонтириш, унга зулум ўтказиш, куч ишлатиш, таҳдид қилиш ва ёки бошқа воситалар билан спортчини машғулотларда иштирок этишга мажбур қилиш мумкин, аммо аввало шунга зарурият бор ёки йўқлигини билиб олиш лозим. Эҳтимол, бу спортчининг ўзига хос ожизлигидир ва унинг иродасини мустаҳкамлашга ёрдам бериш орқали уни бу нуқсондан халос этиш мумкин. Агар спортчининг машғулотлардан бу тарзда бош тортишига унинг психик-асаб тизимларининг дош бериш даражаси тугаб қолганлиги сабаб бўлса, унда спортчи биттагина машғулот деб, стартга тетик ва дам олган ҳолда бора олмай қоладими, - деган савол туғилади. Агар спортчи аввалдан ўзини ўта “дангаса” сифатида кўрсатган бўлса, бундай спортчини истаганча мажбуран машқ қилдириш мумкин, бироқ, чиндан ҳам астойдил ишлайдиган, ҳалол спортчига бу борада муаммони ҳал этишни ўз ихтиёрига қолдирган маъқул.
7. Спортчининг ёши ва тажрибаси қанча катта бўлса, у шунча катта мустақилликни талаб этади. Аммо ҳамма спортчиларга ҳам бирдек мустақиллик бериб бўлмайди.Бу можаро ва низоли вазиятларнинг юзага келиши учун замин тайёрлаб, юқори жисмоний қийинчиликлар пайтида ҳар қандай арзимас сабаблар билан турли норозиликлар, келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Бир томондан уларни олдиндан кўра билиш ва уларнинг олдини ола билмоқ жоиз бўлса, иккинчи томондан, бу низолар, жанжаллар ёш спортчиларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаслигига ҳаракат қилмоқ керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |