17. маъруза
СПОРТЧИНИ ЖИСМОНИЙ ТАЙЁРЛАШНИНГ ПСИХОЛОГИК АСОСЛАРИ.
Режа
1. Жисмоний тайёргарликнинг психологик хусусиятлари ҳақида тушунча.
2. Спортчи жисмоний сифатларининг психологик тавсифи
3. Жисмоний сифатларни билиш (англаш)нинг ўзига хос жиҳатлари.
4. Жисмоний тайёргарликда психик омилларнинг йўналтирилганлиги
1. Жисмоний тайёргарликнинг психологик хусусиятлари
ҳақида тушунча
Юқори кўрсаткичлар спортида олий натижаларни қўлга киритиш учун спортчиларда зарур жисмоний сифатларни шакл-
лантириш ва тарбиялаш учун барча шарт-шароитларни яратишни тақозо этади.
Спортчиларни жисмоний тайёрлаш – бу шундай ўзига хос педагогик жараён бўлиб, у спортчилардаги жисмоний сифатларни такомиллаштиришга ва уларнинг олий спорт натижаларини қўлга киритишларига йўналтирилган бўлади.
Жисмоний тайёргарлик жараёни ўзига хос таркибга эга бўлиб, у ўзида қуйидагиларни қамраб олади:
- инсоннинг жисмоний сифатлари тўғрисида тушунча;
- кишининг ўз жисмоний сифатлари тўғрисидаги тасаввури;
- жисмоний сифатларни уларнинг комплекс намоён бўлишида ихтисослашган идрок этиш.
Инсоннинг жисмоний сифати тўғрисидаги тушунчалар аввало унинг ҳаракат фаоллиги жараёнида ва ана шу ҳаракат жараёнининг ўзига хос, муҳим жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда эгаллаб борилади. Жисмоний тарбия фанининг назарияси ва амалиётида ўзига хос тарзда шаклланган бир қатор тушунчалар мавжуд бўлиб, улардан куч, чидамлилик, тезлик, одамнинг эпчиллиги, тезликдаги чидам, кучнинг чидамлилиги кабиларни алоҳида тилга олиш мумкин. Ушбу тушунчалар маълум маънода умумийлик касб этади. Уларнинг аниқ ва ойдинлаштирилиши спортдаги ҳаракат фаолиятининг тури ва махсус хусусиятларига боғлиқ равишда амалга оширилади.
Аниқлаштириш натижасида штангага бериладиган куч, портловчи куч, тезликдаги чидам, ҳаракатлар суръати, куч чидамлилиги ва ҳоказо тушунчалар пайдо бўлади. Кишининг ўз жисмоний сифатлари тўғрисидаги тасаввурлари ундаги асосий жисмоний сифатларнинг конкрет тимсоллари кўринишида намоён бўлади.
Жисмоний сифат тўғрисидаги тасаввурлар таркибига улар таркибининг алоҳида элементларидаги фарқ даражаси ҳамда ўлчами киради. Бундан ташқари унинг таркибига спорт билан машғул бўлаётган шахснинг организми функцияларини ўзгаришини англаш ҳам киритилади, масалан: зўриқиш ва мушакларнинг бўшашиши, нафас олишнинг тезлиги ва чуқурлиги ҳамда бошқа жиҳатлар.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кишининг ўз жисмоний сифатлари тўғрисидаги тасаввурлари динамик даражаси билан характерланади. Бироқ, бу кўрсаткичлар доимий барқарор бўлмайди. Зеро улар кишининг функционал имкониятларидан, шунингдек машқ қилганлиги даражасидан келиб чиқиб доимий равишда ўзгариб туради. Уларни шакллантириш учун кишидан мускул-ҳаракати ҳамда органик сезгиларини юқори даражада фаоллаштириши талаб этилади. Жисмоний сифатларни идрок қилиш ўта мураккаб жараёндир, бунда ҳар бир жисмоний сифатнинг моҳияти умуман унинг юзага келишида ҳамда бажарилаётган хатти-ҳаракатлар шароитида ўз ифодасини топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |