11,12- маъруза
СПОРТ МУРАББИЙСИ ШАХСИ ВА ФАОЛИЯТИНИНГ ПСИХОЛОГИК ТАВСИФИ.
режа
1. Мураббий фаолиятининг психологик хусусиятлари.
2. Спорт мураббийси фаолиятига қўйиладиган талаблар.
3. Мураббий фаолиятининг тузилиши.
4. Педагогик тактнинг психологик асослари
5. Спорт мураббийсининг обрўси
6. Спорт мураббийсининг бошқарув услуби ва унинг психологик тайёргарликдаги аҳамияти.
7. “Мураббий-спортчи” тизимидаги муносабатларнинг хусусиятлари.
1. Мураббий фаолиятининг психологик хусусиятлари
Жисмоний тарбия ва спортнинг бугунги тараққиёт даражаси спорт мураббийлари фаолиятига тобора юқори талабларни қўймоқда.
Спорт мураббийси касби аввало педагогик касбдир. Маълумки, спорт - бу инсонни тарбиялашнинг энг самарали шакл-
ларидан биридир. Бу вазифа бугунги кунда, яъни замонавий спорт йилдан йилга ёшариб бораётган бир пайтда янада муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Барча касблар каби спорт мураббийси фаолияти ҳам ўзига хос хусусиятларга эга. Ушбу хусусиятлар қуйидагилардан иборат:
1. Профессионал мураббий машқ қилишга мажбур эта олмайди, у фақат ўз ўқувчиларини маҳлиё қилиш, қизиқтириш орқали самарали меҳнат қилиши мумкин.
2. Спорт мураббийси мактаб ўқитувчисидан кўра кўпроқ ўз шогирдлари билан учрашади: бу кундалик машғулотлар, ёзги оромгоҳлар, мусобақалар, бошқа шаҳарларда ўтказиладиган беллашувлар ва ҳоказолар туфайли юз беради. Бошқа шаҳарларда уюштириладиган мусобақалар даврида спорт мураббийси спортчи—ўсмирлар учун ота-оналари вазифасини ҳам ўташи керак бўлади.
3. Ёш спортчи севган спорт турига боғланиб қолади. Шунинг учун спорт мураббийсининг шахсий ибрати ва айтган ҳар бир сўзи унинг учун қонун ҳисобланади.
4. Мураббийлик ишининг яна бир муҳим хусусиятларидан бири – унинг ижодий мазмунга эга эканлигидир. Янги нарсани яратиш тараққиётнинг, мукаммалликнинг ва ривожланишнинг биринчи шартидир. Ижодий ёндашувсиз, изланиш, ўрганишларсиз мураббийнинг фаолиятини тасаввур қилиб бўлмайди.
5. Аксарият ҳолларда мураббий ўз шогирдларига ўзи ҳам бажара олмайдиган машқларни ўргатишига тўғри келади. Ўзи бажара олмайдиган нарсага бошқаларни ўргатиш, бемалол қўлидан келадиган ишни ўргатишга қараганда албатта қийин. Шу сабабли ҳам мураббий методик жиҳатдан жуда пухта тайёргарлик кўриши керак бўлади.
Қандай психик сифатлар, фазилатлар эвазига мураббийлик жараёнини муваффақиятли амалга ошириш мумкин? Диққат-эътиборни жамлашга, тассаввурлар аниқлигини, фикрлаш жараёнларининг тезлиги ва тўғрилигини аниқлашга йўналтирилган тестлар мураббийлар томонидан спортчиларга нисбатан яхшироқ бажарилади ва уларнинг кўрсаткичи юқори бўлиши қайд этилган.
6. Мураббий касбининг яна бир алоҳида жиҳати шундаки, унинг ишида ҳам, ҳаётида ҳам экстремал омиллар мавжуд. Улар қаторига турли йиғинларда ва мусобақаларда доимий иштирок этиш, оиласи бағридан тез-тез узилиш, ўқув машқ ишларининг катта ва чекланмаган ҳажми, кучли асаб психик (эмоционал) зўриқишлар айниқса, мусобақаларда талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |