7. Жамоадаги социометрия усуллари
Жамоадаги шахслараро муносабатлар социометрия усули воситасида ўрганилади. Ушбу усул асосчиси Ж.Морено кишиларнинг ўзаро муносабатлари асосида ўзига хос синтонлик,яъни ҳар қандай инсонга хос бўлган ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, бошқаларга нисбатан ихтиёрий симпатия ёки антипатия ётади, деб ҳисоблайди. Шахслараро муносабатларни гарчи бу жиҳатлар гуруҳ таркиби, унинг уюшганлиги ва ҳоказоларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этсада, фақат кишидаги эмоционал психологик феноменларнинг (симпатия ёки антипатия) ифодаси сифатида талқин этиш мумкин эмас. Шахслараро муносабатларни меъёрлар, қадрият йўналишлари, гуруҳда (спорт жамоасида) ҳосил бўлган вазифа ва топшириқлар билан боғлиқ равишда ва гуруҳ барча аъзоларининг жадал фаолияти асосида кўриб чиқиш лозим.
Социометриянинг қуйидаги таърифлари мавжуд: социометрия – бу индивидларнинг шахслараро муносабатлар ва ўзаро ҳамкорлик жараёнида пайдо бўладиган муайян нарсага нисбатан ёқтириш ёки бефарқлигини, шунингдек хушламаслик жиҳатларини аниқлаб берувчи айрим усуллар тизимидан иборат.
Социометрияда кўплаб усуллардан фойдаланиш мумкин, бироқ уларнинг барчаси гуруҳ аъзоларини танлашга асосланади, яъни улардан кимларни ёқтириш,кимларнидир рад этиш керак бўлади. Танловлар эркин ёки қайд этилган тарзда амалга оширилиши мумкин. Биринчи ҳолда танланган шахсларнинг сони чекланмайди; иккинчисида эса танланган шахсларнинг сони кўрсатилади (масалан, “энг яхши 5 та ўйинчининг номини айтинг”). 10-15 нафар кишидан ошмайдиган гуруҳларда (спорт жамоларнинг деярли барчаси ана шу тоифага киради) сайланганлар сонини чекламаслик мақсадга мувофиқдир, 30-40 кишидан иборат гуруҳларда эса (спорт синфини тадқиқ этишда) танловни 3-5 субъект билан чеклаш тавсия этилади.
8.. Спортчи шахсининг шаклланишига коллективнинг
таъсири
Спортчининг социал гуруҳдаги фаолияти унинг хислатларига муайян таъсир кўрсатиб, унинг ижтимоий онгини, ҳаётий принципларини шакллантиради. Бошқа кишилар билан мулоқотда бўлиш спорт билан шуғулланувчиларда нафақат рақиблик эффектини (мусобақалашув реакциясини) ҳосил қилади,балки айни пайтда уларда биргаликда фаолият юритиш билан боғлиқ бўлган шахсий фазилатларни ҳам тарбиялайди.
Ана шундай фазилатлатлардан бири бу коллективизм,яъни инсоннинг жамоа мақсади билан муштараклик туйғуси бўлиб, унинг таркибига жамоанинг идеаллари ва қадриятлар йўналишига амал қилиш, уларни қадрлаш киради. Жамоа туйғуси шаклланган спортчиларда масъулият ва бурч ҳисси, дўстона ҳамкорлик, ўзига ва бошқаларга нисбатан талабчанлик фазилатлари пайдо бўлади.
Коллективнинг таъсири остида спортчида яна бошқа бир қатор шахсий ҳусусиятлар ҳам таркиб топиб, улардан бири – ўзини танқидий баҳолаш ҳиссидир. Спортчида адекват даражада ўзини танқидий баҳолаш ҳиссини (ўзига- ўзи баҳо беришни) шакллантириш ўта муҳим. Зеро танқидий баҳо меъёридан ошиб кетиши спортчида ўзига ишончсизликни юзага келтиради, агар бу ҳиссиёт етишмаса спортчида ўзига юқори баҳо бериш юзага келади. Уларнинг ҳар иккиси ҳам спортчи муваффақиятсизликка учраганда юз берадиган фрустрация номли салбий ва нохуш эмоционал ҳолатнинг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Коллектив фаолият спортчининг жамоа олдидаги вазифаларни ҳал этишга бор имкониятларини сафарбар этиш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Қатор тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, жамоавий, яъни коллектив мусобақалашув мотивлари шахсий мотивларга нисбатан спортчи фаолиятининг яхшиланишига кўпроқ таъсир қилади. Шундай спортчилар ҳам учрайдики, улар жамоа учун кураш олиб бораётганларида, ўз шахсий ҳисоблари учун бўладиган беллашувлардан кўра яхшироқ натижаларни қўлга киритадилар. Афсуски, бундай феноменнинг психологик табиати ҳанузгача яхши ўрганилмаган (Е.П.Ильин).
Коллектив таркибида бўлиш спортчининг можароли вазиятларда юзага келадиган тажовузкорлиги даражасини ҳамда йўналишини ўзгартиради. Юқори тажовузкорлик ҳусусиятига эга шахслар доимо коллективда бўлишлари эвазига ҳосил қиладиган эмпатия туйғуси (ўз жамоасидаги дўстларига ҳамдард бўлиш, ўзининг эмоционал ҳолатини бошқаларга мувофиқлаштириш) эвазига бу ҳисни камайтирадилар. Натижада улардаги тажовузкорлик “спортчи ғазаби”га айланиб, рақиб томон йўналтирилади.
Спортчининг коллектив даражасида етилган спорт гуруҳига кириши, унда тайёргарлик машғулотларга онгли равишда ва мақсадли тарзда муносабатда бўлишини шакллантиради, ундаги маънавий фазилатлари шаклланишига ижобий таъсир кўрсатади. Спортчи ўзи ва гуруҳи ўртасидаги боғлиқликни ҳис этар экан, ўзини гуруҳнинг ажралмас қисми деб билади ва бутун жамоасига соя ташлайдиган номаъқул хатти-ҳаркаталарни қилишдан, жамоани ўзига қарши қилиб қўйишдан тийилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |