Ер муносабатларини тартибга солишдаги муаммолар. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эгалик ҳуқуқининг вужудга келиши ва уни амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар фермер хўжаликлариниг бундай ерлардан самарали фойдаланишга имкон бермайди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилиши белгиланган.
Бироқ, фермер хўжалиги фаолияти амалда ер участкасини ижарага олиш шартномаси билан чегараланиб қолмоқда. Яъни ушбу Қонуннинг 32-моддасида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ёки ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, шу жумладан фермер хўжалиги ер участкасидан белгиланган мақсадда фойдаланмаганида, хусусан контрактация шартномасида назарда тутилмаган қишлоқ хўжалиги экинларини экканида ер участкасини олиб қўйиш зарурати бўлган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси белгиланган тартибда бекор қилиниши муносабати билан фермер хўжалиги тугатилиши назарда тутилган.
Мазкур нормада фермер хўжалигининг тугатилиши ва ер майдонининг олиб қўйилиши бир-бирига боғлиқ қилиб қўйилган. Таъкидаш керакки, фермерлар томонидан контрактация шартномаларини бузганлик ижара шартномаси бекор қилиниши ва фермер хўжалиги тугатилиши орқали эмас, балки шартномавий қоидалар орқали тартибга солиниши лозим.
Бундан ташқари, Ер кодексининг 53 ва 55-моддаларида қишлоқ хўжалигига мўжалланган ерлар узоқ муддатли ижарага фақат фермер хўжаликларига ёки фуқароларга деҳқон хўжалиги шаклида юридик шахс ташкил этиш шарти билан берилиши белгиланган. Аммо, мазкур норма бошқа шаклдаги юридик шахсларнинг (масалан, МЧЖ, ҚМЖ, АЖ сингари) қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш учун узоқ муддатли ижарага ер олиш имкониятлари чекламоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасига янги иштирокчилар ва уларнинг маблағлари кириб келишига тўсиқ бўлмоқда.
Бу борадаги хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, Литванинг “Ер тўғрисида”ги қонуни 9-моддасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг Ҳукумат томонидан белгиланган тартибда ким ошди савдоларини ўтказмасдан ижарага берилиши белгиланган.
Бундай ерларни ижарага беришда қуйидагилар устун ҳуқуқга эга бўлади:
1) “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда фермер хўжалигини рўйхатдан ўтказган ёки ваколатли орган томонидан белгилаган фермер хўжалигини юритишга тайёрлигини билдирган жисмоний шахслар;
2) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан олган йиллик даромади умумий даромадининг 50 фоизидан кўпроғини ташкил этадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи юридик шахслар.
Хитойнинг “Қишлоқ хўжалиги тўғрисида”ги Қонунида ер участкалари ижара шартномаларига мувофиқ давлат идораларига, корхона ва муассасаларга, фермер хўжаликлари жамоаларига ва жисмоний шахсларга, шунингдек хорижий капитал иштирокидаги корхоналарга берилиши, ерга бўлган мулк ҳуқуқи ўзгаришсиз қолиши, шартнома бўйича ер сотиб олиниши ёки сотилиши мумкин эмаслиги назарда тутилган. Ердан фойдаланишнинг энг кам муддати 50 йилни ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |