Стратегик инновация жамғармаси (The Strategic Innovation Fund) эса қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасига рақамли технологияларни ривожлантириш учун 50 млн долларгача маблағ ажратади. Бундан ташқари, Advance Payments Program, AgriInnovate Program, AgriInsurance Program, AgriScience Program дастурлари ҳам мавжуд.
Кореяда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фан ва АКТ вазирлиги томонидан ақлли фермер хўжаликлари лойиҳаси (Smart K-Farm Model) амалга оширилмоқда. Лойиҳа қуйидаги босқичлардан иборат:
1-авлод. ИТ технологияларидан ва фермерларнинг смартфонларидан фойдаланган ҳолда бошқаришга асосланган ақлли ферма модели;
2-авлод. Ақлли ахборот технологиялари маълумотлар базалари, масалан Big Data, AI ва IoT дан фойдаланишга асосланган ақлли ферма модели.
3-авлод. Ақлли ахборот технологияси, робот ва янги қайта тикланадиган энергия технологияси каби юқори даражадаги технологиялар воситасида тўлиқ автоматлаштирилган модел.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, фермер хўжаликларининг фаолиятини такомиллаштиришга, шартнома эркинлиги ва мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга, соҳага инвестицияларни жалб этишга қаратилган қуйидаги таклифларни бериш мумкин:
— фермер хўжаликлари фаолиятидаги шартномавий муносабатларда шартнома эркинлигини таъминлаш, шу мақсадда, контрактация шартномаларига оид қоидаларни Фуқаролик кодексидан чиқариб ташлаш ҳамда фермер хўжаликлари ва кластерлар ўртасида тузиладиган шартномаларга олди-сотди шартномалари қоидалари қўлланилишини белгилаш;
— туман (шаҳар) ҳокимликларининг фермер ҳўжаликлари фаолиятига аралашувларини камайтириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларини ҳатловдан ўтказиш;
— Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги 1012-сон қарори билан тасдиқланган Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисидаги низомни бекор қилиш;
— фермерларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва ижара шартномалари эркинлигини таъминлаш;
— қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини танлов асосида беришда фермер ва деҳқон хўжаликлари билан бир қаторда, бошқа шаклдаги юридик шахсларнинг ҳам қатнашиш имкониятини яратиш;
— фермер хўжаликларига ёқилғи, минерал ўғитлар, кимёвий ҳимоя воситаларини етказиб беришда рақобатни шакллантириш;
— қишлоқ хўжалигига инвестицияларни кириб келишини рағбатлантириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
— фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийлигини бекор қилиш;
— давлат томонидан ёш фермерларни қўллаб-қувватлашга, қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Мазкур таклифларнинг амалга оширилиши фермер хўжаликларининг эркин бозор муносабатларига киришига, улар фаолиятида шартномавий муносабатларнинг мустаҳкамланишига, фермерларнинг мулк ҳуқуқи таъминланишига, соҳага инвестициялар кириб келишига имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |