АБУ АБДУЛЛОҲ АЛ-ХОРАЗМИЙ
(997 йилда вафот этган)
Ўз қомусий ижоди билан Шарқ ўрта аср маданиятини юксак чўқилар сари кўтаришда муносиб ҳисса кўшган улуғ алломалардан яна бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ахмад ибн Юсуф ал-Хоразмийдир. Алломанинг ҳаётий фаолиятига оид маълумотлар деярли сақланмаган. Абу Абдуллоҳ Хоразмийнинг қачон, қаерда тугилганлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот ё`қ,. Фақат 997 йилда вафот қилганлиги маълум холос. Улуғ мутафаккир ёшлик йилларини Хива, Замахшар, Кат каби шаҳарларда ўтказган. Хуросонда ҳам яшаган. Олим фаолиятининг машҳурлиги вазир Абул Ҳасан Улутбий ҳузурида котиблик лавозимида ишлаган пайтига тўғри келади. Бу даврда аллома «Ал-котиб ал-Хоразмий» номи билан шуҳрат топди. У вазифа нуқтаи назаридан Бухорога тез-тез бориб турган ва у ерда машҳур илм намояндалари билан учрашиб турган бўлиши еҳтимолдан узоқ эмас.
Абу Абдуллоҳ Хоразмийнинг илмий дунёқараши ўша даврда кенг тарқалган юнон фалсафаси ва маданияти, Шарқ маданиятининг буюк намояндалари Ёқуб ибн Ишоқ ал-Киндий, Абу Наср ал-Форобий, Абу Бакр ар-Розий ва бошқаларнинг илғор ғоялари таъсири остида шаклланди ва камол топди. Улуғ алломадан бизгача араб тилида ёзилган ягона «Мафотиҳ ал-Улум» («Илмлар калити») асари этиб келган, холос. Бу асарнинг кўлёзма нусхалари кўп эмас. Яқин-яқинларгача унинг фақат тўрттагина нусхаси борлиги ёзма ахборотларда маълум қилинган. Ана шу тўрт нусханинг учтаси Буюк Британиядаги музейда 7528,23429 ва 2524 рақамлари ҳамда 1051 рақами остида Берлин кутубхонасида сақланади. 60-йилларга келиб амриқолик олим К. Босворт Туркия кутубхоналарида мазкур асарнинг яна олти нусхаси борлигини аниқлади. Бу асарнинг барча олти нусхаси ҳам Истамбул шаҳрининг кутубхоналаридан жой олган. Бир нусхаси Фотиҳ Миллий кутубхонасида 2047 рақами, Нури Усмония кутубхонасида 3667 рақами ва тўрт нусхаси Сулаймония халқ кутубхонасида 2911, 329, 3758 ва 791 рақамлари остида сақланади.
Абу Абдуллоҳ Хоразмийнинг ушбу асарини 1160 йилдаги кўлёзма нусхаси асосида биринчи ўрганган ва унинг аниқланган матнини матбуотда 1895 йилда нашр қилган олим — голланд шарқшуноси Ван Флотендир. Рус академиги И. Ю. Крачковский бу асарни 976 ва 991 йиллар оралиғида яратилган деб ҳисоблайди. Дунёдаги жуда кўп олимлар «Мафотиҳ ал-улум» асарини қомусий асар сифатида баҳолаб, унга жуда катта эътибор берганлар. Бу асар шу пайтга қадар Ҳ. Ҳадюжам-томонидан фақат форс тилига тўлиқ таржима қилинган, бошқа тилларга эса унинг фақат айрим бўлим ёки боблари ағдарилган холос (инглиз, франсуз, немис, рус ва бошқа тилларда). Аммо ватандошимизнинг бутун жаҳон тан олиб қизиқиб ўрганаётган бу қимматбаҳо асари унинг ўз юртида шу кунга қадар ҳам ўзбек тилига таржима қилинмаганлиги ачинарли ҳолдир.
Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийнинг «Илмлар калити»да ўша даврдаги деярли ҳамма асосий фанлар бўйича фикр юритилади. И. Ю. Крачковскийнинг фикрича, бу асар ўша давр «билимларининг барча соҳаларини ўз ичига олувчи изоҳли терминологик луғатдир». Мутафаккир ўз даври анъаналарига кўра илмларни икки қисмга бўлиб текширади. Биринчи қисм шариат ва у билан боғлиқ бўлган араб илм-лари ва иккинчи қисм — араб бўлмаган, яъни юнонлар ва бошқа халқлар илмлари. Араб илмлари қисмига мутафаккир: ўн бир бобдан иборат фиқх, йетти бобдан иборат калом, ўн икки бобдан иборат грамматика (сарф ва наҳв), саккиз бобдан иборат иш юргизиш, беш бобдан иборат шеърият ва аруз, тўққиз бобдан иборат тарихни киритади. Иккинчи қисмга, яъни «араб бўлмаган» халклар илмларига олим: уч бобдан иборат фалсафа, тўққиз бобдан иборат мантиқ, саккиз бобдан иборат тиб, беш бобдан иборат арифметика, тўрт бобдан иборат хандаса, тўрт бобдан иборат илму-нужум, уч бобдан иборат мусиқа, икки бобдан иборат механика ва уч бобдан иборат кимёни киритади. Хулоса шуки, буюк олим ва доно мутафаккир Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий халқимизнинг ифтихоридир. Унинг шу пайтга қадар ўрганилмаган ва илмий таҳлил этилмаган бой ижодий меросини чуқур ва атрофлича ўрганиб, уни умумхалқ эътиборига ҳавола этиш Ўзбекистон илмий жамоатчи-лигининг биринчи даражали вазифасидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |