АБУЛҚОСИМ МАҲМУД АЗ-ЗАМАҲШАРИЙ
(1075—1144)
Хоразм илм-фани ва маданиятини дунёга танитган буюк сиймолардан яна бири арабшунос олим, шоир, ёзувчи ва имом Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Аҳмад Жаруллоҳ Замаҳшарийдир. У 18 мартда Хоразмнинг Замаҳшар (ҳозирги вақтда Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятига қарашли Пахта туманидаги Измихшар қишлоғи) қишлоғида таваллуд топган. Бошланғич маълумотни у ўз замонасининг ўқимишли имоми бўлган отаси Умар ибн Аҳмад қўлида олади. Ёшлигида бахтсиз ҳодиса туфайли томдан йиқилиб майиб бўлиб қолган ва ёғоч оёда юришга мажбур бўлган Замаҳшарий руҳий тушкунликка тушмайди. У отасидан Урганч мадрасаларидан бирига ўқишга олиб бориб қўйишни илтимос қилади. Ота ўғлининг илтимосини қондирса-да, бироқ камбағаллик туфайли уни моддий томондан қўллай олмайди.
Замаҳшарий моҳир ҳуснихат соҳиби бўлганлигидан мадрасада ўқиш билан бирга қўлёзма асарларни кучириш билан ҳам шуғулланади ва бунинг эвазига маош олиб яшаш имкоиятига эга бўлади. Булғуси олимдаги нодир қобилиятни пайқаган Абу Музар Маҳмуд аз-Заббий Исфаҳоний Замаҳшарийга устозлик қилишни ўз зиммасига олади, унга ҳар томонлама ҳам илмий, ҳам моддий ёрдам кўрсатади. Абу Музар Хоразмда мутазимийлар таълимотини ёйиш билан шуғулланарди. Бу таълимотга кўра, инсоннинг қилмиши азал ва тақдирда белгиланганидай мажбурий бўлмасдан, эркин ҳолатда, унинг ўз ихтиёри билан содир бўлиши лозим. Замаҳшарий умрининг охириги қадар ана шу тариқатга содиқ қолди.
Урганжда таҳсил кўрган Замаҳшарий ўз билимини такомиллаштириш мақсадида Бухоро, Хуросон ва Исфахонга боради, ўз замонасининг йирик олимлари ва мута-факкирларидан сабоқлар ва маслахатлар олади. Ундан кейинги ҳаётини буюк олим Боғдод, Дамашқ, Хижоз ва Маккаи Мукаррама каби қадамжо тупроқлар билан боғлайди. Замаҳшарий умрининг сўнгги йилларини Урганчда турганликда илмий ишлар ёзиш билан ўтказади ва 1144 (538) йил Қурбон хайити арафасида 71 ёшда вафот этади.
Аз-Замаҳшарийдан жуда кўп илмий мерос қолган, унинг тилшунослик адабиётшунослик луғатшунослик фиқҳ, тафсифшунослиқ ислом тарихи, фалсафа, услуб ва нотиқлик санъати, тафсир, ҳадис ва бошқа фанлар бўйича ёзган элликдан ортиқ асарлари бор. Машҳур турк олими Ҳожи Халиф («Кашф аз-Зунун» асарида) Замаҳшарийнинг 29 асари, араб олими Ибн Халликон («Вафаёт ал-Аъён» асарида) 30 асари ва Ёқут Ҳамавий эса 50 асарйнинг тавсифини берган.8 Ироқ олими Фозил Солиҳ аз-Самарий эса улуғ ватандошимизнинг 56 асари борлигини айтиб, уларнинг номларини бирма-бир келтириб ўтади.
Сўзсиз, аз-Замаҳшарийнинг энг йирик ва машхур асари «Ал-Кашшоф ан ҳақайиқ ут танзийл ва уйин ил-ақовийл фи вужуҳ ит-таъвийл» («Қуръондаги яширин ҳақиқатларни очиб берувчи») дир. У қисқача «Ал-кашшоф» деб аталади. Бу китобни олим 1132—1135 йилларда Маккаи Мукаррамада бўлган чоғида ёзган. Замаҳшарий Маккада узоқ вақт яшаганлиги учун Жаруллоҳ (Аллоҳнинг қўшниси) деган фахрли лақабни олган. Асарда буюк аллома, Қуръони Каримни тил жиҳатидан изоҳлаб, ҳар бир сўз маъносини араб грамматикаси асосида тушунтиради. Ватандошимизнинг мазкур китоби Қуръонга ёзилган энг машхур ва мўтабар тафсирлардан бўлиб, ҳозирга қадар мусулмон дунёси ва илмий жамоатчилик ундан кенг фойдаланиб келмоқда. Қоҳирадаги бутун дунёга машҳур Ал-Азҳар диний университетининг талабалари Замаҳшарийнинг «Ал-Кашшоф» асари асосида Қуръонни ва унинг тафсирини ўрганиб, ундан муҳим бир қўлланма сифатида фойдаланиб келадилар. Аз-Замаҳшарий асарининг ғоятда қимматли асар эканлигига яна ёрқин бир далил сифатида унинг қўлёзма нусхаларининг кўплиги, асарга ёзилган бир қанча шарҳлар ва унинг араб мамлакатларида қайта-қайта нашр қилинишини кўрсатиш мумкин. Немис шарҳшунос олими Карл Брок Келман дунёнинг турли қўлёзма жамланмаларида «Ал-Кашшоф»нинг юзга яқин қўлёзмалари ва йигирмадан ортиқ асарнинг ўзига ёзилган шарҳ ва тафсирлари борлигини маълум қилади. Тошкентда ҳам «Ал-Кашшоф»нинг ўндан ортиқ нусхалари сақланади.
Аз-Замаҳшарийнинг яна бир асари «Ал-Муфассал» бўлиб, у 1119—1121 йилларда ёзилган. Бу асар араб грамматикасига оид энг қимматли асардир. Асар Мисрда нашр этилган, немис тилига таржима қилинган. «Ал-Муфассал» нинг бир қўлёзма нусхаси Тошкентда Шарқшунослик илмий тадқиқот институтининг ҳужжатхонасида сақланмоқда.
Буюк арабшунос олимнинг «Асос ал-балоға» («Нотиқлик асослари») китоби араб тилининг изоҳли луғати бўлиб, араб луғатшунослигини юқори поғонага кўтарди. Бу асар Қохирада икки жилдда нашр қилинган.
Замаҳшарийнинг «Ал-фоиқ фи ғариб ил-ҳадис» («Ҳадислардаги нотаниш сўзларни ўзлаштирувчи») асари Пайғамбар ҳадисларида учрайдиган, кам ишлатилиб, кўчма маънода қўлланиладиган сўзларнинг изоҳли луғати ҳисобланади.
Ал-жибол ва-л-амкина ва-л-миёҳ» («Тоғлар, манзиллар ва сувлар») география ва топонимикага оид асардир. «Муқаддимат ал-адаб» («Адабиётга кириш») араб тилининг сўз бойлигига бағишланган.
Ватандошимизнинг «Девон аз-Замаҳшарий» («Замаҳшарий девони») номли девонида олимнинг қасида, қитъа ва назмий хатлари ўрин олган. Унинг лирик шеърлари асосан фалсафа ва аҳлоқ мавзуларига бағишланган. Биз улуғ алломанинг бой ижодий меросидан баъзилари тўғрисида қисман фикр юритдик, холос. Замаҳшарий дунё тан олган аллома. У ҳали хаётлигидаёқ олим ёзган асарлар мусулмон оламида унга шон ва шуҳрат келтирган. Дунё олимлари Замаҳшарийни юксак ҳурмат ва меҳр билан улуғлаб «Устоз ул-араб ва л-ажам» («Араблар ва ғайри-араблар устози»), «Жоруллоҳ» («Аллохнинг қўшниси»), «Фаҳру Хоразм» («Хоразм фаҳри») дея эъзозлаганлар. Унинг асарлари жаҳон халқларининг, жумладан, араб,. лотин, немис, франтсуз, турк тилларига қайта-қайта нашр қилинмоқда. Абусаиди Самъоний-Марвазий (1113—1167), Ёқут Ҳамавий (1179—1227) каби жаҳонда танилган олимлар «Насабнома», «Адиблар ҳақида тўълам» асарларида Замаҳшарийни «Адаблар пешвоси» деб баҳолаганлар. Ҳатто улуғ бобомиз Алишер Навоий «Сабъаи сайёр» («Етти сайёҳ») достонининг устози Абдураҳмон Жомий таърифига бағишланган бобида Замаҳшарийни эслаб, унга мурожаат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |