РАШИДУДДИН АЛ-ВОТВОТ
(1114-16—1191)
Асли Балх шаҳридан бўлиб, Хоразмга келиб ижод шоҳсупасининг юқори тўридан жой олган шоир ва адиб, машҳур котиб даражасига кўтарилган давлат арбоби Рашидуддин ал-Вотвот ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми Рашидуддин Муҳаммад ибн Абдужалил ал-Умарийдир. Ал-Вотвот эса унинг лақаби бўлиб («вотвот» арабча «кўршапалак» демакдир, у калта бўйли, тепакал ва ҳунук башарали бўлганлигидан шу лақабни олган бўлиши мумкин), унинг тўғилган йили тўғрисида аниқ маълумот юқ. Баъзи манбаларда унинг тўғилган йили 1114—1116 йиллар орасида, деб кўрсатилса, бошқа жойда 1087 ёки 1094 рақамлари тилга олинади. Бўлғуси адибнинг ёшлиги Балхда кечган. У ўша пайтда Шарқнинг йирик маданий ва маъмурий марказларидан бири саналган Балхдаги энг эътиборли мадрасалардан бири — Низомия мадрасасида таниқли олим ва имом Абу Саъд ал-Ҳаравий қўлида таҳсил кўрган.
Тез орада Балхда ўз даврининг таниқли шоири ва адиби сифатида эл кўзига ташланган Рашидуддин ал-Вотвот сўнгра Хоразмга келади ва умрининг охиригача шу ерда қолади. У қарийб ўттиз йил мобайнида Хоразмшоҳлар саройида дастлаб Отсиз, сўнгра эл Арслон ва Аловиддин Такашлар ҳузурида обрў-еътибор билан маҳсус (котиб ал-хосс) вазифани бажаради. Бу юқори мартабада Рашидуддин ал-Вотвотнинг катта ҳурмат ва эътиборли бир шахс сифатида фаолият кўрсатишига асосий сабаб, энг аввало, ундаги шаҳсий ақл ва қобилият бўлса, иккинчидан, унинг юқори савияли иш тажрибага эга эканлиги, араб ва форс тилларини мукаммал билганлиги ва котиблик сир-асрорларини пуҳта эгаллаганлигидир. Арабшунос Убайдулла Уватов берган маълумотларда қайд қилинишича, Ёкут ал-Ҳаманий Рашидуддин ал-Вотвот хусусида бундай деган: «У ўз замонасининг энг нодир ва ажиб кишиларидаи, ўз даврининг ғаройиб шаҳсларидан бўлиб, наср ва начз бобида ўз асрининг энг фозили эди. Араб тилининг энг нозик томонлари, наҳву адабнинг ғоятда билимдони эди. Унинг шуҳрати чор атрофга ёйилган бўлиб, номи эса барча иқлимларда маълум эди»9.
Рашидуддин ал-Вотвот Хоразмшоҳлар саройида бўлган чоғида жуда кўплаб олимлар, адиблар, шоирлар ва бошқа ижод аҳллари билан яқиндан алоқада бўлган, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. У аз-Замаҳшарийни жуда катта ҳурмат билан эъзозлаган, уни ўз устози деб билган ва устози вафотидан сўнг унинг ёзган асарларини кўплаб ноурин ва ғаразли тузатишлардан сақлаган. Буни биз адибнинг ўша пайтда машҳур алломалардан бирига ёзган куйидаги мазмундаги хатидан очиқ-ойдин кўришимиз мумкин: «Яқинда қўлимга устоз аз-Замаҳшарийнинг «Асос ал-балога» асарининг бир нусхаси тушиб қолди. Қарасам, асарга шундай ўзгартиришлар киритилганки, буларни эътиборсиз шу зайлда қолдиришни виждоним мақбул кўрмаётир... Башарти Аллоҳ умрларини узоқ қилгур ҳазратлари (яъни сиз) маъқул кўрсангиз, мен ушбу нусхани Аллоҳ руҳини мунаввар қилгур Жоруллоҳ аз-Замаҳшарийнинг шахсан ўзлари кўриб чиққан нусха билан муқобила қилиб ўзгартирилган ғалати ибораларни тузатаман. Хатосини савобига айлантириб бу хайрли ишни камолига йетказаман. Жанобларига мен тамонимдан бениҳоя кўп шукурлар ва битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин»10.
Рашидуддин ал-Вотвот бадий ижод бобида ҳам шоир ва адиб сифатида баракали мерос қолдирган. У араб ва форс тилларини мукаммал билганлигидан ҳар иккала тилда насрий ва назмийда баб-баробар ижод қилган. Ижодкорнинг форсийда ёзган асарлари э.Брауннинг Давлатшоҳ ас-Самарқандийга таяниб берган маълумотига қараганда ўн беш минг шеърий девондан иборат бўлган.
Ал-Вотвотнинг араб тилида ёзган шеърлари ҳам алоҳида девондан иборат эди. Уларнинг каттагина қисми шоирнинг асосий асари ҳисоблангаи «Ҳадоиқ, ас-сиҳр фи дақоиқ аш-шиър» («Шеърият нозикликларида сеҳр бўстонлари») га киритилган. Форс тилида тузилган мазкур китоб рус шарқшуноси Н. Чалисова томонидан таржима қилиниб, 1985 йилда Москвада чоп этилган.
Раҳшдуддин ал-Вотвот ижодида унинг «Ар-расоил» («Мактублар») номи билан аталган ёзишмалар тўплами алоҳида аҳамиятлидир. Тўплам 1156—1173 йиллар орасида ёзилган. Унда Хоразмшоҳ Отсизнинг набираси султон Маҳмуд (1172—1193 йилларда ҳукмронлик қилган)га бағишланган мактублар ўз аксини топган. Бу мактублар асосан икки қисмдан иборатдир. Биринчи қисм: халифалар, султонлар, ҳоқонлар, вазиру амирлар, валийлар, қоза ва муфтилар номига жўнатилган турли-туман мактублардан иборат. «Мактублар»нинг иккинчи қисми эса олимлар, юқори мансабли амалдорлар, машҳур шахслар, шоиру адиблар ва муаллифнинг ўз яқин ёру дўстларига йўллаган мактубларидан ташкил топган. Рашидуддин ал-Вотвотнинг «Мактублар»ида ўша даврнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий хаётига оид масалалар ва маълумотлар ўрин олган.
Хуллас, она Ватан тарихини ҳар томонлама ва чуқур ўрганишда Рашидуддин ал-Вотвот қолдирган илмий ва бадиий мерос бениҳоя қимматга эга бўлган маънавий бойликдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |