Тимсолларнинг пайдо бўлиш тарихи (Ўқув қўлланмасининг 306-бетига ҳам қаранг).
1859 йил. Анри Дюнан Сольферино остонасидаги жангнинг гувоҳи бўлди. Бу жангдан сўнг минглаб ярадор жангчиларга жанг майдонида ҳеч қандай ёрдам берилмай ташлаб кетилди. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари йиртқичлар ва кафандуздларга қолиб кетди.
Армияларнинг санитария хизматлари ўз вазифаларини уддалай олишмади. Бунинг сабабларидан бири уларда низолашаётган томонларнинг ҳар бири осон таниб олиши мумкин бўлган ягона фарқловчи тимсол бўлмаганлигида эди.
1863 йил. Женевада армиялар санитария хизматлари жанг майдонида олиб борадиган ишининг бесамарлиги муаммосининг ечимини топишга уринган Халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференция қатнашчилари ярадорларга ёрдам кўрсатиш жамиятларининг фарқловчи белгиси сифатида оқ сатҳда қизил хоч тимсолини тасдиқладилар. Бу жамиятлар кейинчалик Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой миллий жамиятлари номини олди.
1864 йил. Женева конвенцияларидан биринчиси қабул қилинди; оқ сатҳдаги қизил хоч тимсоли қуролли кучлар тиббий хизматларининг фарқловчи белгиси сифатида расман тан олинди.
1876 йил. Болқон ярим оролидаги рус-турк уруши даврида Усмонли турклар империяси қизил хоч тимсоли ўрнига оқ сатҳдаги қизил ярим ой тимсолидан фойдаланишга қарор қилди. Миср ҳам қизил ярим ойни танлади, Форс давлати эса кейинроқ ўзи учун оқ сатҳдаги қизил шер ва қуёш тимсолини танлади. Бу тимсоллар эса кейинроқ, 1929 йилдаги Дипломатия конференциясида тасдиқланди.
1949 йил. 1949 йилги I Женева конвенциясининг 38-моддаси оқ сатҳдаги қизил хоч, қизил ярим ой ҳамда қизил шер ва қуёш тимсолларини ҳарбий-тиббий хизматларнинг ҳимоя белгиси деб тан олди. Шу билан санаб ўтилган учта тимсолдан бошқа бирор-бир алоҳида белгидан фойдаланиш мумкинлигига ўрин қолмади.
1980 йил. Эрон Ислом Республикаси қизил шер ва қуёш тимсолидан кечиш ва унинг ўрнига қизил ярим ой тимсолидан фойдаланишга қарор қилди.
1982 йил. Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Халқаро Федерацияси ўз тимсоли сифатида оқ сатҳда бирга тасвирланувчи қизил хоч ва қизил ярим ой белгисини қабул қилди. (Бу белги ўқув қўлланмасининг 310-бетида келтирилган)
XX асрнинг 80-йилларидан бошлаб ҳозирги пайтгача қизил хоч ва қизил ярим ой тимсолларини умуман бошқа белги билан алмаштириш масаласи муҳокама қилиб келинмоқда, чунки кўпчилик учун бу тимсолларда диний жиҳат мавжуддек туюлади.
1-савол. Ўқувчиларга анъаналарни ўрганишда “кластер” усулини қўллашни таклиф қилиш мумкин.
Шуни эслатиб ўтиш керакки, мавзу доирасида анъаналар ва одатлар ижтимоий ҳодисалар сифатида ўрганилади, шунинг учун ўқитувчи ўқувчиларга инсонпарварлик йўналишидаги ижтимоий бирлашмалар шаклланишига бу ҳодисаларнинг таъсирини кўриб чиқишни таклиф этиши мумкин.
“ЁРДАМ” кичик бўлимига
Дарснинг ушбу қисмида “ёрдам” тушунчасининг турли жиҳатларини кўриб чиқиш ҳамда биргаликда ва якка тартибда кўрсатилган ёрдамнинг самараси ва аҳамияти қанақа бўлиши устида мулоҳаза юритиш таклиф этилади.
Ўқитувчининг вазифаси ўқувчиларнинг мулоҳазаларини ҳар бир киши ёрдамнинг аҳамиятини яхши тушунишга ва ёрдамни айни пайтда азоб чекаётган, лекин ҳатти-ҳаракатлари маъқулланмаганлар тоифасига кирувчиларга ёки ҳатто душманларга ҳам кўрсатишдан бош тортмасликка интилиш лозимлигини тушунишга олиб келишдан иборатдир.
10- савол. Ўқитувчи ўқувчиларнинг эътиборини ҳашарда самимий ва расмиятчилик учун иштирок этиш ўртасидаги фарққа қаратиши керак. Буни таҳлил қилишда ўқувчилар ҳашарда самимий иштирок этиш ҳам, расмиятчилик учун иштирок этиш ҳам мумкинлиги ҳақида хулосага келишлари керак. Мавзудан келиб чиққан ҳолда, муҳокама иштирокчилари ҳашарда энг муҳими конкрет ёрдам кўрсатиш эканлиги ҳақида хулоса қиладилар.
304-бетдаги расмлар, 12-14-саволлар.
Бу ерда жамиятнинг турли тоифаларига мансуб вакиллар тасвирланган: етим бола, ногирон, кўп болали оила, ёлғиз қария, ичкиликбоз киши, собиқ маҳбус, уй-жойсиз киши, 305-бетдаги катакчаларда эса шахсий сабабларга кўра ёмон кўриш эҳтимоли бўлган кишилар келтирилган. Бу расмлар, катакчаларда тилга олинганлар ва саволларнинг мақсади ёлғиз ва ожиз инсонларга, шунингдек ҳатти-ҳаракатларини биз хуш кўрмайдиган ёки маъқулламайдиган кишиларга ёрдам кўрсатиш ҳақида мулоҳаза юритишга ундашдир.
Ўқитувчи ўқувчиларнинг эътиборини ёрдам кўрсатишда кишилар бошдан кечираётган қийинчиликлар даражасини ҳисобга олиш зарурлигига қаратиши лозим. Одамларга ёрдам бераётиб, кўрсатиладиган ёрдам миқёсига таъсир қилиши мумкин бўлган шахсий субъектив мулоҳазаларга амал қилиш ёки одамларни ирқи, дини, миллати ва ҳоказоларга кўра тоифаларга бўлиш керак эмас. Кўрсатиладиган ёрдам беғараз бўлиши шарт (Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой Халқаро ҳаракатининг етти тамойилида беғаразликка берилган таърифга қаранг).
Ушбу бўлимдаги саволларни муҳокама қилишда ўқитувчи ўқувчиларнинг эътиборини шунга қаратиши керакки, ёрдам кўрсатишда ҳаддан ортиқ ғайрат кўрсатиш ҳам, ёки буни менсимаслик билан амалга ошириш ҳам, хуллас ёрдамнинг етарли даражада бўлмаслиги бу ёрдамни қабул қилаётган кишини камситиб қўйиши мумкин.
304-бетдаги жадвал турлича тўлдирилиши мумкин. Мумкин бўлган вариатнлардан бири қуйидагича:
Do'stlaringiz bilan baham: |