Катта гуруҳ – бу иқтисодий, маданий, ҳудудий, сиёсий ва бошқа алоҳида олинган ёки бирга қўшилган муайян белгиларига кўра фарқланадиган кишиларнинг ижтимоий бирлиги. Масалан, миллат – кишиларнинг саноат ишлаб чиқариш муносабатлари асосида тарихий шаклланган полиэтник, сиёсий ва ижтимоий-маданий бирлиги бўлиб, ягона ҳудудга, иқтисодий алоқаларга, адабий тилга, маданиятининг ўзига хос хусусиятларига, ўз-ўзининг моҳиятини англаш имконига ва менталитетга эга бўлиши билан характерланади.
Ўрта гуруҳ – бу қуйидаги хусусиятлар хос бўлган ижтимоий бирликдир: шаҳар ёки қишлоқдаги яшаш жойининг умумийлиги, турмуш ва касб фаолиятининг умум қабул қилинган тарзи, миллий бойликка қўшган ҳиссаси, бирликнинг уюшганлиги, қўйилган вазифаларни бажара олиш қобилияти ва бошқалар. Масалан, ташкилот (партиялар, касаба уюшмалари, парламентлар, банклар, ишлаб чиқариш бирлашмалари ва ҳоказо) – бу, энг аввало, низомли ҳамжамиятлар бўлиб, аниқ касб йўналишлари бўйича ҳаракат қилади, тегишли тузилишга ва бир-бирига бўйсуниш тизимига эга бўлади, хусусиятига кўра турли хил (сиёсий, ижтимоий, қонунчилик, молиявий, ишлаб чиқариш ва иқтисодий ва ҳоказо) вазифаларни ҳал этади.
Кичик гуруҳ – бу ижтимоий фаолият бирлаштирган кишиларнинг мулоқот қилиш мажмуи бўлиб, унда шахслараро муносабатлар, гуруҳий меъёрлар ва хулқ-атвор вужудга келади. Масалан, оила ўзаро муносабатга киришувчи ва бир-бирига таъсир кўрсатувчи, бола туғиш ва тарбиялаш, оила ичидаги яхши муносабатларни сақлаш, ҳаётга нисбатан умумий қарашларни шакллантириш, масъулият, бошқалар ҳақида ғамхўрлик каби умумий манфаатлар билан боғланган икки ёки ундан ортиқ индивидлардан иборат бўлади.
Катта, ўрта ва кичик гуруҳлар ўз ички қонунлари бўйича вужудга келади ва ривожланади (баъзан эса парчаланиб кетади ва фаолиятини тўхтатади), бироқ бир-бири билан боғлиқ бўлган ҳолда жамият ҳаётининг у ёки бу жиҳатларига таъсир кўрсатади. Иккинчи томондан, жамият ушбу гуруҳларнинг барчасидан ҳаёт ва фаолиятнинг ҳамма учун мажбурий бўлган қонунийлик, инсонийлик, ватанпарварлик каби меъёрларига амал қилишни талаб қилади.
XIX асрда ижтимоий тузилиш назариясида жамиятнинг табақаланишига нисбатан синфий ёндашув пайдо бўлганлигини, унинг асосчиси К.Маркс эканлигини таъкидлаб ўтиш керак. У фақат капиталистик жамиятнигина батафсил, синчиклаб тадқиқ қилди, бу жамиятда ҳақиқатан ҳам синфий бўлиниш белгиловчи аҳамиятга эга эди. К.Маркс бу жамият ижтимоий тузилишининг синфий моҳиятини бутун жаҳон тарихига татбиқ қилди.
Жамиятнинг синфий тузилиши тўғрисида икки оғиз сўз. Синфлар катта ижтимоий гуруҳлар сифатида ижтимоий тизимнинг энг йирик бўғинидир. Ишлаб чиқаришнинг характери ва техникавий-технологик даражага боғлиқ равишда, ҳар бир турдаги жамият учун муайян синфлар мос келади. Синфларнинг вужудга келишига меҳнат тақсимотидек объектив жараён сабаб бўлиб, бу жараён давомида муайян гуруҳ кишиларининг мулкка муносабати (эгалик қилиш, фойдаланиш, идора қилиш) шаклланади ва мустаҳкамланади, демак уларнинг мавқеи белгиланади.
Бир ижтимоий-иқтисодий формациядан бошқасига ўтиш даврида синфий тузилмаларнинг ва улар ўртасида мавжуд бўлган, хусусий мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган зиддиятлар характерининг ўзгариши юз берган. Масалан, қулдорнинг ишлаб чиқариш воситалари ва меҳнаткашга, яъни қулга тўлиқ эгалиги; феодалнинг ишлаб чиқариш воситаларига тўлиқ ва крепостной деҳқонга қисман эгалиги; буржуйларнинг ишлаб чиқариш воситаларига тўлиқ эгалиги ва ишчига эгалик қилмаслиги. Ишлаб чиқариш воситаларига ва миллий бойликнинг катта қисмига эга бўлган, жамиятни ва ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва бошқариш тизимида якка ҳокимлик мавқеини эгаллаган синф нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки сиёсий жиҳатдан ҳам ҳукмрон синф бўлади.
Марксизм нуқтаи назарига кўра синф деб одамларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришнинг тарихан шаклланган тизимидаги ўрни, ишлаб чиқариш воситаларига муносабати, ижтимоий меҳнатни ташкил қилишдаги роли ва, демак, жамият ижтимоий бойлигидан қанча миқдорда ва қандай усулда олишига кўра фарқ қиладиган катта гуруҳларига айтилади.
Марксга кўра, жамиятнинг синфий бўлиниши буржуазияни, пролетариатни, кичик буржуазияни, табақаланаётган деҳқонларни ва зиёлиларни ўз ичига олган. Икки асосий синф (буржуазия ва пролетариат) ўртасидаги кескин зиддият охир-оқибатда буржуазия ҳокимиятининг инқилоб йўли билан ағдарилишига ва синфсиз жамият қурилишига олиб келади.
Марксизм жамиятни синфларга бўлишда синфларнинг ишлаб чиқаришга алоқадор бўлмаган белгиларига жуда кам эътибор қаратган. Бунга М.Вебер сезиларли ҳисса қўшди. У ижтимоий тузилишни таҳлил қилишнинг бош мавзуси этиб ҳокимиятни танлади. Ҳокимиятнинг ҳамма вақт ҳам иқтисодга боғлиқ бўлиши шарт эмас, чунки инсон ижтимоий “ҳурмат-эҳтиромлар” учун ҳам ҳокимиятга интилиши мумкин.
Маркс сингари, Вебер ҳам жамиятни синфларга бўлади. Бу синфлар ҳамжамиятлар эмас, балки биргаликда ҳаракат қилиш учун негиздир. Вебернинг фикрига кўра, кишиларни синфларга бирлаштирадиган белгилар қуйидагилардир:
- маълум миқдордаги кишиларни бирлаштирувчи шахсий манфаат;
- товар харид қилиш ёки даромад олишдаги иқтисодий манфаат;
- товарлар ёки меҳнат бозоридан фойдалана олиш.
Бундан келиб чиқиб, Вебернинг синфий-статус модели қуйидаги синф турларини ўз ичига олади:
- мулкдорлар синфи (синфий мавқеи улар мулкининг ҳажмига боғлиқ бўлади);
- манфаатпарастлар (таъмагир, юлғичлар) синфи (устунлик индивидларнинг бозордаги хизматларни эксплуатация қилиш имкониятларига берилади);
- ижтимоий синф (ранг-баранг синфий мавқеларга эга бўлган кишиларни бирлаштиради).
Жамиятнинг ижтимоий табақаланишига оид яна бир модель Э.Райтнинг синфий модели бўлиб, бунда буржуазия синфи, кичик буржуазия синфи ва ишчилар синфи фарқланади. Табақаланиш мулкчилик, алмашинув ва ҳокимият муносабатлари асосида амалга ошади. Райт асосий синфлардан ташқари, ишбилармонлар, ярим мустақил ходимлар, менеджерлар ва назорат қилувчи шахсларни ўз ичига олган оралиқ табақаларни ҳам ажратади.
Кўриниб турибдики, синфлар бир хил таркибда бўлмайди, балки иқтисодий, маданий, ахлоқий ва бошқа хусусиятлари билан бир-биридан ажралиб турадиган синф ичидаги ҳамда синфлараро гуруҳлардан иборат бўлади. Жамият ижтимоий табақаланишига оид назарий моделларнинг кўплиги ҳам мана шундан келиб чиқади. Айтиб ўтилган моделлар жамият тараққий этиши билан унинг ижтимоий тузилиши фақат синфлардан иборат эмаслигидан, балки унинг кўп ўлчамли тузилма сифатида намоён бўлишидан далолат беради. Унда синфлар ва уларнинг мулкчилик муносабатлари билан бир қаторда, одамлар ва ҳокимиятнинг ижтимоий мавқеи, уларнинг мулкий аҳволи, назорат омиллари, даромадлари, меҳнат бозорида тутган ўринлари ва ҳоказолар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жамиятнинг иерархиявий тузилиши унда турли хил ижтимоий қатламлар ва қаватлар мавжуд бўлиши билан тўлдирилади. Жамиятнинг бундай қатлам ва қаватларга бўлиниши стратификация (лот. stratum – қатлам, қават) деб аталади.
Жамиятнинг стратификациявий тузилиши ҳақидаги қарашлар унинг синфий тузилиши тўғрисидаги ғояга муқобил сифатида пайдо бўлган. Чунки синфий тузилишда жамиятни горизонтал ва вертикал хилма-хиллиги нуқтаи назаридан тадқиқ қилишга ўрин бўлмайди ва унда янада кенгроқ кўламдаги белгиларга кўра (таълим, психология, бандлик, турмуш шароитлари, даромадлар, партияларга мансублик, малака ва ҳоказо) ижтимоий бўлинишнинг тўлиқроқ манзарасини олиш мумкин эмас. Жамиятнинг стратификациявий бўлиниши тарафдорлари синфий фарқлар кўламини, хусусан, мулкка муносабат билан бевосита боғлиқ бўлмаган фарқларни ҳам қўшган ҳолда кенгайтиришга уринадилар. Шунинг учун ижтимоий стратификация назарияси жамиятни ижтимоий статуси, мулкий аҳволи, малакаси, ижтимоий роли ва бошқалари билан фарқ қиладиган ижтимоий қатламларга бўлишдан иборат.
Хусусан, баъзи олимлар (масалан, Т.Заславская гуруҳи) бизнинг давримиздаги жамият юқори, ўрта, таянч, қуйи ва “ижтимоий тубан” деб номланувчи ижтимоий қатламлардан иборатлигини айтадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |