Тентакқушсимонлар (Caprimulgiformes) туркуми. Тентакқушсимонлар туркуми вакиллари ўртача катталикдаги қушлар бўлиб, массаси 50 г дан 700 г гача боради, тирикчилигини тунда ўтказади, тумшуғи қисқа, лекин оғиз кесими жуда катта. Оғиз бурчагида узун-узун қил патлари бор. Патлари майин бўлиб, учганида товуш (шовқун) чиқармайди, қанотлари узун ва ўткир.
Ҳавода учиб ҳашаротларни тутиб ейди. Эшитиш органи кучли ривожланган. Моногам, тухумини урғочиси ва эркаги навбатлашиб босади. Инкубация даври 18-20 кун. МДҲ да, шу жумладан Ўзбекистонда оддий тентакқуш (Caprimulgus europaeus) кенг тарқалган. Оддий тентакқуш тоғдаги баргли ўрмонларда, саксовулзорларда яшайди. Яшаш шароитига мослашиб, ҳимоя рангига эга бўлади. Орқасидаги патлари оч қўнғир-кулранг тусда бўлиб, ингичка қорамтир чизиқлари узунасига кетган қора йўллари бор, яъни жигарранг, ер рангига ўхшайди. Тентакқуш ерга чуқурча ясаб, 1-2 та тухум қўяди. Жўжаларини боқишда эркаги ва урғочиси иштирок этади. Тентакқуш зараркунанда ҳашаротларни қирадиган фойдали қуш бўлганлиги учун уни муҳофаза қилиш лозим. Айрим турлари ғорларда яшайди, уларда эхолокация ҳодисаси яхши ривожланган. Бу туркумнинг 90 дан ортиқ тури бор. МДҲ да 3 та тури, жумладан Ўзбекистонда 2 та тури, яъни оддий тентакқуш (Caprimulgus europaeus) ва малла тентакқуш (Caprimulgus aegyptius) учрайди. Улар жўжа болали қушлар билан жиш болали қушлар ўртасидаги оралиқ форма ҳисобланади.
Япалоққушсимонлар (Strigiformes) туркуми. Япалоққушсимонларнинг тумшуғи илмоқдек пастга қайрилган, бармоқлари ўткир тирноқли, патлари юмшоқ, юз қисмида ҳам патлари бор. Уларнинг патлари кўзларининг атрофидан худди марказдан чиққандай тарқалади ва юз диски деб аталадиган диск ҳосил қилади, юзи япалоқ, патли, кўзлари бошининг олдинги томонида жойлашган, яъни улар бинокуляр (икки кўз билан) кўриш хусусиятига эга. Патлари юмшоқ бўлганлигидан овоз чиқармасдан учади. Улар ўз ўлжасини кучли ривожланган эшитиш органлари орқали сезади. Эшитиш тешиги атрофида тери бурмалари бўлиб, овозни яхши эшитишга ёрдам беради. Кўзлари жуда катта, улар шомда ҳам кундузи ҳам яхши кўриш қобилиятига эга. Боши жуда ҳаракатчан, бошини 2700 га бура олади. Панжасидаги узун бармоқлари асосий ўлжа тутиш қуроли бўлиб ҳисобланади. Япалоққушсимонлар лочинсимонлардан фарқ қилиб, жиғилдони бўлмайди ва кўр ичаги узун бўлади, асосан тунда ов қилади. Япалоққушсимонлар ер юзида кенг тарқалган. Уларнинг узунлиги 12 см дан 84 см гача (соқолли япалоққуш) боради. Одатда урғочилари эркакларига нисбатан йирикроқ бўлади. Моногам, фақат урғочилари тухум босади, жиш болали, жўжаларини урғочиси ва эркаги бирга озиқлантиради. Япалоққушсимонлар туркумига 140 га яқин тур киради. Шулардан 20 та тури МДҲ да, шу жумладан 10 та тури Ўзбекистонда учрайди. Бу туркумнинг типик вакилларига ер юзида кенг тарқалган ботқоқ япалоққуши (Asio flammenus), тирикчилигини кундузи ўтказадиган ва тундрада уялайдиган, қишда МДҲ нинг жануб томонларига учиб кетадиган йирик оқ япалоққуш (Nyctea scandiaca), қисман товушқонлар билан озиқланиб, баъзи жойларда овчилик хўжалигига зарар келтирадиган энг йирик япалоққуш оддий уккини (Bubo bubo) кўрсатиш мумкин. Бу туркумга яна бойўғли ёки бойқуш (Athene noctua) ҳам киради(179-расм). Кўпчилик япалоққушлар фойдали, улар майда зараркунанда кемирувчилар ва ҳашаротларни овлаб, фойда келтиради. Япалоққушсимонлар асосан тунда фаол бўлади.
Олимларнинг кузатишларига қараганда битта япалоққуш бир йил давомида мингга яқин сичқонларни тутиб озиқланиб, 500 кг дан ортиқ ғаллани сақлаб қолиш мумкин экан. Йирик япалоққушлар 1-2 та, майдалари эса 10-12 та тухум қўяди. Урғочиси биринчи тухумини қўйиши билан уни босади. Шунинг учун уядаги жўжалари ҳар хил катталикда бўлади. Укки энг катта япалоққушлардан бўлиб, МДҲ да кенг тарқалган. Тоғ, тоғолди ва чўлларда яшайди. Бошининг устида қулоққа ўхшаш икки тўп патлари диккайиб туради. Ерга, дарахтга уя қуради. Уясида 2-3 та тухум бўлади. Кечаси ов қилади. Қулоқдор япалоққуш (Asio otus) бошқа қушларнинг уясига 3-7 та тухум қўяди. Улар тунда ов қилади, кемирувчилар билан озиқланади. Бойўғлилар кичик япалоққушлар бўлиб, қанотларининг узунлиги 9-15 см атрофида бўлади. Уларни боши катта ва кенг. Тери бурмали қулоғи йўқ. Жиш болали. Кулранг пунгқуш (Strix aluco) ҳамда соғлар (Otus) япалоққушларнинг энг кичик вакиллари ҳисобланади. Юқорида келтирилган япалоққушлардан оқ япалоққушдан ташқари бошқа турлари Ўзбекистонда учрайди. Бойўғлилар Ўзбекистонда кенг тарқалган. Пахмоқ оёқли бойўғли Фарғона, Зарафшонда; қирғий укки Тяншань арчазорларида; оддий укки чўл, дашт ва тоғли ҳудудларда, оддий соғ тоғли ҳудудларда ва чўл соғи боғ ҳамда тўқайларда яшайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |