Узунқанотсимонлар (Apodiformes) туркуми. Бу туркумга узунқанотлар ва майда қушлардан Америка колибрилари киради. Узунқанотлар ва колибрилар яхши уча олиши, узун ўткир қанотларининг борлиги ва оёқларининг калталиги билан характерланади. Бу туркум узунқанотлар ёки жарқалдирғочлар (Apodi) ва колибрилар (Trochili) кенжа туркумларига бўлинади. Узунқанотлар, яъни жарқалдирғочлар кенжа туркуми вакиллари ташқи кўринишидан қалдирғочга ўхшайди. Улар ҳаётининг кўп қисмини ҳавода ўтказади. Ҳаводаги ҳашаротларга ўзини ўқдек ташлайди. Малай архипелаги оролларида саланган жарқалдирғочлари яшайди. Бу қушлар сўлак безларидан чиқадиган ёпишқоқ, тез қурийдиган моддадан уя қуради. Бу уяни одамлар териб олиб қалдирғоч уяси деб аталадиган тансиқ таом тайёрлайдилар. Жарқалдирғочларни оёғи калта ва 4 та бармоқлари ҳам олдинга қараганлиги учун ерда юролмайди ва ердан ҳавога кўтарила олмайди. Шунинг учун улар ерга қўнмасдан учади. Тумшуғи ҳам калта, лекин оғиз кесиги жуда кенг, кўзини олдигача етиб боради. Қанотлари узун бўлиб, ўроқсимон қайрилган. Узунқанотлар ёки жарқалдирғочлар ҳаётининг кўп қисмини ҳавода ўтказади, улар озиғини ҳам ҳавода тутади, ҳатто чўмилганда ҳам ҳаводан сувга учиб тушиб яна ҳавога кўтарилади. Жарқалдирғочларнинг айрим турларини учиш тезлиги соатига 120-170 км гача боради. Уларни тана ҳарорати доимий эмас, қаттиқ совуқ бўлганда қисқа муддатли уйқуга кетади. Узунқанотлар моногам, жиш жўжа очувчи. Узунқанотлар кенжа туркумининг попукли узунқанотлар (Hemiprocnidae) ва асл узунқанотлар (Apodidae) оилалари бор. Попукли узунқанотлар оиласига 3 та тур кириб, улар Жанубий Ҳиндистондан бошлаб Янги Гвинеягача бўлган ҳудудларда тарқалган. Бошида оқиш попуги (тожи) бор. Асл узунқанотлар оиласига 67 та тур киради. Улар қутблардан ташқари барча ҳудудларда тарқалган. Жануби – Шарқий Осиёда ва Полинезия оролларида саланган жарқалдирғочлари (Cаllocalia) учрайди(180-расм). Саланган жарқалдирғочлар асосан қоронғи ғорларда яшаганлиги учун уларда эхолокация ҳодисаси кузатилади, яъни тим қоронғида ориентирлаш хусусиятига эга. Бу қушлар сўлаги билан уя қурганида, жуда узоқ, яъни 40 кун давомида қуради. Асл узунқанотлар оиласидан 5 та тури: игнадум узунқанот (Hirundapus caudacutus), қора узунқанот (Apus apus), оқ қоринли узунқанот (Apus melba), кичик узунқанот (Apus affinis) ва оқбел узунқанот (Apus pacificus) республикамизда учрайди.
Улар март ойларида учиб кела бошлайди. Ҳашаротларни йўқ қилиб қишлоқ хўжалигига фойда келтиради. Колибрилар кенжа туркумига дунёдаги энг майда қушлар кириб, оғирлиги 2 г дан 20 г гача ва узунлиги 1,7 см дан 21,6 см гача боради, уларнинг энг йириги қалдирғочдай келади. Бу кенжа туркумга 1 та колибрилар оиласи ва 320 га яқин тур киради. Асосан Жанубий ва Марказий Америкада тарқалган, қаноти яхши ривожланган, шунинг учун яхши уча олади. Тумшуғи узун, ингичка, бироз учи қайрилган, мускулли тили найга айланган, гул нектарини сўриб олишга мослашган. Колибрилар ўрмонда ва йирик бутазорларда яшайди. Улар ўсимликларнинг нектари билан озиқланади. Ўсимликларни чанглатиб фойда келтиради. Майда ҳашаротлар билан ҳам озиқланади. Уяси дарахтда бўлиб, вазни 0,2 г келадиган 1-2 та тухум қўяди. Бир йилда 2-3 марта тухум қўяди. Тухумини 14-19 кун босади, жўжаси бир ойдан кейин учирма бўлади. Тухумдан чиққан жўжаси ожиз, ночор бўлади. Колибрилар жуда тез учади, секундига 20-25 ва ҳатто 50 марта қанот қоқиб, ҳавода муаллақ тура олади. Уларнинг юраги ошқозонидан 3 марта катта. Тана ҳарорати доимий эмас. Тунги совуқда тана ҳарорати +17-210С гача тушиб, карахт ҳолатда бўлади. Ранги жуда очиқ ва ялтироқ. Колибрилар гулдан нектар сўрганида ҳавода бир жойда муаллақ учиб туради. Кўп вақтини ҳавода учиб ўтказади. Ерда юролмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |