Каптарсимонлар (Columbiformes) туркуми. Каптарсимонлар туркуми бир-биридан кескин фарқ қиладиган 2 та кенжа туркумга бўлинади: каптарлар (Columbae) ва булдуруқлар (Pterocletes). Каптарсимонлар туркумига 311 та тур киради. Каптарлар (Columbae) кенжа туркумига кирувчи қушлар тирикчилигини кундузи ўтказади, тумшуғи калта ва устки тумшуғи асосида юмшоқ, тери-бурмали восковицаси бор. Бурун тешиги терили қопқоқ билан бекилган. Қаноти яхши ривожланган, тез учади. Ерда озиқланганлиги сабабли яхши югуради. Дум усти бези яхши ривожланмаган ёки йўқ. Жиғилдони яхши ривожланган ва кўпайиш жараёнида жиғилдони «қуш сути» деган суюқлик ишлаб чиқаради ва бу суюқлик билан каптар жўжаларини боқади. Моногам, урғочилари асосан 2 та, айрим турлари 3-4 та тухум қўяди. Тухумларини урғочиси ва эркаги 14-30 кун навбатлашиб босади. Бир йилда 2 марта, айрим турлари 4-5 мартагача тухум қўяди. 292 та тури бор, МДҲ да 12 та тури , шу жумладан Ўзбекистонда 9 та тури учрайди. Каптарлар кенжа туркуми 2 та, яъни дронтлар ва каптарлар оилаларига бўлинади. Ер юзининг қутб мамлакатларидан ташқари ҳамма минтақаларда тарқалган. Асосан ўрмон ва тоғларда яшайди. Каптарларнинг кўплаб турлари Малай архипелагида ва Австралия зоогеографик вилоятларида тарқалган. Каптарлар (Columbedae) оиласининг типик вакиллари кўк каптар (Columba livia), гов каптар (C. palumbus), клинтух (C. oenas), қора каптар (C.eversmfnni ), қоя каптари ( C. rupestris ), ғуррак (Streptopelia turtur), тоғ ғурраги (S. orientalis), кичик мусича (S. senegalensus), ҳалқали мусича ёки қумри (S. decaocto) ва бошқалар киради. Улар тоғ, қишлоқ ва шаҳарларда кенг тарқалган. Каптарнинг гўшти мазали ва сифатли бўлгани учун кўп овланади. Каптарлар жиш болали қушлар ҳисобланади. Барча каптар зотлари ёввойи кўк каптардан келиб чиққан. Хонаки каптарларнинг 200 га яқин зоти мавжуд. Қора каптар Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. Булдуруқлар (Рterocletes) кенжа туркумига кирувчи қушлар ўртача катталикда бўлиб, узунлиги 22-40 см, ташқи кўриниши билан каптарларга ўхшайди. Лекин каптарлардан фарқли ўлароқ, улар тоғларда яшамасдан, балки Африка ва Осиёнинг саҳро–чўлларида яшайди. Шунингдек, булдуруқлар жўжа болали қушлар ҳисобланади. Уяларини ерга қуради, уяларида 3-4 та тухум бўлади. Тухумини урғочи ва эркак булдуруқлар навбатлашиб бир ой босади. Озиқасини фақат ердан топади. Улар жуда тез учади, қанотлари узун, ўткир ва учли. Панжаси кичкина, баъзан бармоқлари бир-бирига ёпишиб кетган ва патлар билан қопланган. Булдуруқлар кенжа туркумининг битта булдуруқлар (Pterocletidae) оиласи бўлиб, бу оиланинг 16 та тури бор. МДҲ да, шу жумладан Ўзбекистоннинг дашт ва чўл минтақаларида сувга яқин ерларда булдуруқлардан оқбовур (Pterocles alchata), қорабовур (Pterocles orientalis) ва ўзига хос тузилган сув булдуриғи (Syrrhaptes paradoxus) тарқалган.
Сув булдуруғи Осиё чўлларидан МДҲ нинг Европа қисмига, ҳамда ғарбий Европага кўплаб учиб ўтади. Сув булдуруғининг орқа бармоғи бўлмайди, 3 та олдинги бармоқлари патлар билан қопланган ва сербар бўлиб, бир-бирига қўшилиб кетган товонга ўхшайди. Булдуруқларнинг массаси 300-500 г келади. Улар тўда бўлиб ерга уя қуради ва ҳар куни маълум вақтда 2 маҳал (чошгоҳда ва пешинда) гала бўлиб сув ичишга боради. Жўжаларига жиғилдонини тўлдириб сув олиб келади. Асосан ўсимликларнинг донлари, баҳорда эса куртак ва ёш новдалар билан озиқланади. Булдуруқлар ов аҳамиятига эга. Кўплаб овланиши сабабли жуда камайиб кетган. Оқбовур Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |