Спорт психологиясининг тадқиқот методлари
4.1-расм. Психология фанининг асосий методлари
Метод (юнонча, methods – тадқиқот, текшириш) – назарий ва амалий ўзлаштириш усуллари йиғиндиси.
Кузатиш методи. Спортчининг машғулот, мусобақа олди, мусобақа ва мусобақадан сўнги ҳолатларини ўрганиш ва таҳлил қилишдан иборатдир.
Спортчи психикасидаги ўзгаришларни кузатиш учун қуйидагилар амалга оширилади:
а) кузатишнинг мақсади, вазифаси белгиланади;
б) кузатиладиган объект танланади;
в) синалувчининг ёши, жинси ҳақида маълумотлар тўпланади;
г) тадқиқот ўтказиш вақти режалаштирилади;
д) кузатиш қанча давом этиши белгиланилади;
е) кузатиш инсоннингг қайси фаолиятида (ўйин, ўқиш, меҳнат, спортда), амалга оширилиши тавсия этилади;
ё) кузатишнинг шакли (якка, гуруҳ, жамоа) тайинланади;
ж) кузатилганларни қайд қилиб бориш воситалари (кундалик суҳбат дафтари, кузатиш варақаси, магнитофон, видеомагнитофон ва бошқалар) тахт қилинади.
Спортчини кузатиш орқали ундаги эмоционал ўзгаришларни аниқлашдан ташқари, спортчининг мусобоқадаги хавфли вазиятларда ақл-заковатининг ички механизмлари вужудга келиши ва кечиши юзасидан маълумотлар олинди. Натижада спортчининг мусобоқага жисмоний ва психологик тайёргарлик ҳолати қай тарзда, қай тезликда, қай шаклда рўй бериши кузатилади. Тажрибаларимизнинг кўрсатишича, кузатиш ёрдамида спорт билан шуғулланаётган ўқувчининг чаққонлиги, чидамлилиги, ташаббускорлиги, спорт мусобоқаси жараёнида фикрнинг бир объекти йўналтирилганлиги, ташқи таъсирга берилмаслиги, юз аломатларидаги ташвиш ва изтироб, ўз-ўзича ички нутқнинг пайдо бўлиши, ўз рақибига томошабин ва хакамларга синчковлик билан қараши, ғазаб ва хурсандлик каби руҳий кечинмаларни кузатиш орқали илмий-услубий маълумотларни тўплаш мумкин.
Эксперимент методи. Янги психологик фактларга эга бўлишнинг объектив усулларидан бири - эксперимент методидир. Кузатишдан фарқи, эксперимент ўтказувчи синалаётган фаоиятга фаол аралашуви, сунъий вазият пайдо қилиниши мумкин. Бу метод спортчи психикасини чуқур, аниқ тадқиқ қилишда энг муҳими ҳисобланади. Эксперимент методи ёрдамида сунъий тушунчаларнинг шаклланиши, фавқулодда ҳолатдан чиқиш, муаммоли вазиятни ҳал қилиш жараёнлари, шахснинг ҳис-туйғулари, характери ва типологик хусусиятлари ўрганилади. Спортчи психикасининг нозик ички боғланишлари, муносабатлари, қонуниятлари, қонунлари, хоссалари, мураккаб механизмлари текширилади.
Эксперимент методининг иккита асосий тури фарқланади: табиий эксперимент ва лаборатория эксперименти. Табиий эксперимент педагогик-психологик масалаларни ҳал қилишда қўлланилади. (Синфда сунъий, одатдагидан бошқача вазият ва муҳит яратиб кузатиш). Бу методнинг илмий асосларини 1910 йилда Алексей Федорович Лазурский (1874-1917) ишлаб чиққан. Бу методдан ишлаб чиқариш жамоалари аъзоларининг, илмий муассаса ходимларининг, ўқитувчиларнинг,кексайган кишиларнинг психологик ўзгаришларини, ўзаро муносабатлар, иш қобилиятлари, мутахассисликка яроқлиликлари муаммоларини ҳал қилишда кўпроқ фойдаланиш мумкин. Табиий шароитда инсон психикасини ўрганишда синалувчиларнинг ўзлари бехабар бўлиши, кундалик меҳнат тарзи доирасида амалга оширилиши, завод ва фабрикада моддий маҳсулот ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган ҳолатларда қўланилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |