Холдор билан келишмаган яқин ошналармиз
Холдор ғулий билан суҳбатларимиз авж пардасига чиқди. Энди,
илгариги эҳтиёткорлик, ўртадаги масофа сақланиб турган бўлса-да, ҳар
қалай, бу бир-бирини ўрганган икки томоннинг мулоқоти, кўп изоҳоту
азмойишлар унча шарт эмас, аксинча, баъзи гапларимиз тиғдор,
келишмовчиликка тўла, ҳатто чўқишиб ҳам олар эдик. Холдор хизматчи қиз
билан алоқамиздан, тез-тез чироқ ўчиб туришининг асл сабабидан ё
тамомила бехабар ёки… майли, ҳамма нарсадан гумон қилавермай,
билмайдими ё билмасликка оляптими, бари бир, менга яхши-ку. Ўзим ҳам
чироқ ўчишини қиз тушмагурнинг ўзи уюштираётганини кейин англадим.
Жойини билар экан, мени хуфяда кўргиси келса, бориб шундоқ бир
тугмасини пастга босса, сим-сиёҳ қоронғи икки талпинган дилнинг
тасарруфида!
Лекин рўмон ёзган дўстим бу талпинишни озодликка, занжирдан
қутулишга интилиш деб кўрсатади; йигит билан қиз осмонни юлдуз
босганми ё булут қоплаганми, фарқи йўқ, кўкка боққанларича асоратдан
чиқишни орзу қилаверадилар. Мен эса ғулийларнинг бу ҳақда тамоман
ўйламасликларини кўрдим, улар мазкур масалага қизиқмайдилар ҳам, масала
ҳам деб қарамайдилар. Шу ҳаётми – ҳаёт, бўлди, яша, уни ўйлаш нима керак
деб, ҳатто бу ҳақда фикр ҳам юритмаганлар. Занжир шу қадар кўникмаки,
усиз ғулийлик тасаввурларига сиғмайди. Занжири йўқ ғулий - ғулий эмас,
яшамайди ҳам. Ҳа, ҳам руҳан, ҳам жисман йитади. Руҳан – унсиз нафратдан,
жисман – ана шу нафрат келтирадиган руҳий касалликлардан. Секин ақлдан
озади, ё ақли дош берса, юраги чидамайди ё қони томирларига сиғмай қўяди.
Шунинг учун ҳам, ғулия қиз мени қанча суйса, шунча ажабланади.
Занжирбанд бўлмаганим ҳолда гавдамни бардам кўтариб юришимдан, яна
севгига ҳам ярашимдан ҳайронлиги тўхтамайди, одам шу ҳолида ҳам
бемалол нафас олиши мумкин экан-да, деб таажжубланади, чунки менга
ўхшаган эркин одамни кўрмаган, яна ўзининг ҳам шундай одамни, яъни мени
136
севиб қолганидан ҳайратга тушади. Занжирнинг бўйинчаси туриши керак
бўлган бўйнимни нозик бармоқлари билан силаб, менда йўқлигини ақлига
сиғдира олмайди. Ҳаяжонда қизиб турган пайтларим занжири яланғоч
баданимга совуқ тегиб, сакраб кетсам, шундай мўътабар нарсадан
довюраклик билан сесканганимга тонг қотади. «Қўрқмайсиз-а! Қандай
журъат, а!», деб мен билан фахрланади, ўзига ҳам қойил бўлади.
Бир куни кечаси елкаларимни силаб, «Уялиб кетаман, жуда яланғочсиз-
да», деб қолди. Ҳайрон бўлдим, «Нима ёнингда ётганда чопон кийиб олишим
керакми? Ўзинг ҳам ҳамма нарсангни ечиб ташлагансан-ку», дедим. «Йўқ,
менда занжирим бор, - деди у, қоронғида юзини ғира-шира кўраётган бўлсам-
да, ўйланиб гапираётганини туйдим. – Сиз эса қип-яланғочсиз, шармингиз
йўқ». Тонг қотдим, иккаламиз бирдек кийимсиз бирга ётибмиз-у, занжирга
чулғангани учун унинг шарму ҳаёси жойида экан-да, меники йўқ эмиш.
Кўряпсизми ғулийлик буларнинг қон-қонига сингиб кетганини. Ёзувчи
дўстим эса тўғри келмаган нарсаларни ёзаверади. Fулийлар ўзларига энг
қадрдон нарсадан айрилишни орзу қилар эмиш! Кишанни севишга калла йўқ-
да… Эй, ўзи бориб кўрмагандан кейин нима ҳам дейсиз. Қўлимни силтайман.
Бўзчи билганини тўқийди, таппи таппидан йироқ тушмайди, дегани ҳам ўзи
шу.
Мен яна бир куни холдор ғулийдан ўзимни соддаликка солиб сўраган
эдим, ўртамизда ажабтовур бир суҳбат воқе бўлди.
- Fулийлар қийналмайдими?
- Ўзларидан сўранг.
- Сўрашимнинг ҳожати йўқ, сўрамаслигимни ўзим ҳам биламан. Биз
қанча қийналсак, шунча қийналаверамиз, қийналганимизни тушунмаслик
учун ҳам янада қийналамиз, деб жавоб берар эди улар, менга
тушунтирганларида.
137
- Ана, кўрдингизми, қийналишни тушунишга эҳтиёж йўқ. Бутун инон-
ихтиёрини занжирга топширганлар қийналиш нималигини билмайди ҳам.
- Лекин сиз тушунасиз-ку?
- Ким айтди, мени тушунади, деб? Мен тушунмайдиганларнинг
каттасиман, бинобарин, улардан кўпроқ тушунмайман..
- Тушунмайсизми ёки тушунмасликка оласизми?
- Сиз мени қаёққа бошламоқчисиз? Тушуниш бу – ихтилолнинг боши-
ку.
Энди мен ҳам тушунмай, анграйиб қоляпман.
- Бу нима деганингиз?
- Мен тушунмайдиганларнинг каттаси бўлганимдек, менга ўхшаган
катталарни тушунмайдиганларнинг ҳам каттаси бор, у катталарнинг ҳам
тушунмайдиган катталари бор. У катталарнинг яна катталари…
Тушуняпсизми?
«Тушуняпман», демоқчи бўлдим-у, лекин яна мени ихтилолчиликда
айбламаса деб, тилимни тишладим.
- Нима, бутун бошқарув тизимларингиз омиликка қурилганми?
Холдор ғулий деразага қараб истеҳзоли кулди.
- Ҳеҳ-ҳе, омиликка эмас, тартибга! Муаззам, буюк тартибга қурилган
бутун ҳаёт. Мана, кўчада бирон одамни кўрдингизми бу тартибга юрмаган?
Юрмай ҳам кўрсин-чи, нақ занжирини ечиб оласизлар, демоқчи
бўлдим-у, ҳар ҳолда, юрт уники, мезбон эканини ўйладим.
- Бир мартагина чиқиб нимани ҳам кўраман?
138
- Бор бўлса, бир мартада ҳам белги беради. Зиёратчилар орасида
зиёратга мажбуран келган ғулийга кўзингиз тушдими? Йўқ, албатта! Шу сиз
кўрган майдону кўчаларда биронта намойишни кўрдингизми?
- Кўрмадим, кўрмадим…
- Тушунганда ғулийлар митингга чиқар эди. Кўрмайсиз ҳам!
- Йўқ, кўрмайман ҳам.
Кўрмаслигимни-ку аллақачон тушуниб етганман, лекин холдор
ғулийнинг бу қадар ишонч билан гапиришидан бошқа бир нарсани илғаб
қолдим: тушунган одамлар намойишга чиқар экан, буларда мутлақо
чиқмайди, буларда умуман ҳеч ким хоҳиш-иродасини намойиш этмаса,
холдорнинг ўзи намойиш ё митинг деган нарсани қаёқдан эшитган ё ўқиган?
Англаяпсизми? У менга шама қиляпти, сизда бунақа нарсалар бор, бизда йўқ,
деяпти! Унда, демак… демак, у бизнинг дунёмиз борлигини билар экан-да, а?
Аниқ билмадим-у, лекин буларнинг бизга уланадиган қанақадир
робиталари борга ўхшайди. Кейин, кутубхонада яна бир қанча жилдларни
варақлаб, маълумотларни тўплаб, холдор билан бўлган баҳсларимиз мағзини
чақиб кўриб, шу хулосага келдим. Унинг жуда кўп гаплари бизга қарши эди,
қарши бўлиб, ғирт душман эмас, айрим масалаларда фикримиз бир жойдан
ҳам чиқар эди. Масалан, ер, сув, табиат, обу ҳаво ҳақида. Айниқса табиатни
асраш борасида биздан хийла илғор ҳам эканлар. Фикрда эмас, атроф
муҳитни тоза сақлаш маъносида, яна ҳам тўғрироғи, уларда бу нарсаларнинг
ўзи ҳали анча тоза экан. Ҳа, масалан, мен майнани кўрмадим дедим-а, лекин
буларда ҳам чиқибди, лекин ҳали фақат қафасда, ғулийлар унинг қанақа қуш,
қушларнинг қайси оиласига мансублигини ўрганишни энди бошлаган экан,
мен уларга уни аввалбошданоқ йўқотишни, агар ҳайвонларни ҳимоя
этадиган ташкилотлари монелик кўрсатса, келган жойига қайтариб
жўнатишни маслаҳат бердим. Холдор орқали, албатта. Қафасга кўз-қулоқ
бўлинг, чиқиб кетса, нақ катта бувингизни кўзингизга кўрсатади, деб қаттиқ
139
тайинладим. Агар бу шумғиянинг тухумини қуритмаса, оқибати нима
бўлишини яхши билганим учун, Fулистон халқига, унинг табиатидаги
жонзотларга қилган катта хизматим ҳам шу бўлса керак дейман. Лекин, бари
бир, шу майнанинг ҳам Fулистонга қаердан келиб қолгани, тадқиқотларни
ўқиб аниқладимки, ғулий олимларга ҳам жумбоқ экан. Келган жойи қаер,
унда у қаер қаерда деган мазмунда. Менда аниқ илмий фараз бор, лекин буни
уларга айтмадим, зеро, унинг ҳам биз томондан бориб қолгани маълум бўлса,
зараркунандага қўшиб ўзимни ҳам айблашлари, ҳатто мени уни олиб
келишда гумон этишлари ҳам ҳеч гап эмас эди. Бу ўринда ғулий
олимларнинг майнани чалкаш масалага айлантиришлари жонимга ора кирди.
Ҳа, яна бир оз чалғидим, аслида бу чалғиш эмас, Fулистоннинг ўзи
кенг қамровли дунё бўлгани боис, у ҳақдаги гапни бир йўналишда олиб
бориш жуда мушкул, ҳар хил масалалар одамнинг эътиборини ҳар томонга
тортадики, уларни йўл-йўлакай бир тартибда сўзлаб бериш иложи йўқ.
Кейин, тан олишим керак, ўзим ҳам шунча кўп ўқиганим билан, бари бир,
унча чуқур фикрлайдиган одам эмасман, ўқиганларимнинг туб-тагига
кўпинча етолмайман. Илмий маълумотлардан миям ачиб кетади, олган
билимим ҳам алалхусус юзакироқ чиқади, узр, сўзловчи ўзимдан бўлак ҳеч
ким йўқлиги боис, бор-боримча, йўқ ҳолимча айтавераман-да.
Холдор ғулийнинг Fулистон, бу ердаги ҳаётнинг ўзига хосликлари
борасидаги қиёсларидан, таққослаб гапиришларидан, бемалол айтиш
мумкин, улар бизни ҳам билади ёки… ҳар бир нарсанинг инъикоси бордек,
борлигимизни эҳтимоллайди. Менинг Fулистонга бориб қолганим эса бу
эҳтимолни тасдиқлаган. Энди боғҳовлига газета ҳам келиб бошлагани
менинг ҳам тахминим рост эканини кўрсатади. Дастлабки кунлари
Fулистоннинг кундалик ҳаётини ўрганиш учун газетага жуда муштоқ эдим,
лекин биронта ҳам келмади. Шунча китобу кассеталарни тахлаб қўйган
ғулийларнинг менга газета беришга ақллари етмаяпти, деган ҳам ўйга борган
эдим. Сабабини кейин ўзим англаб олдим – булар мен учун алоҳида нашр
140
чиқарганлар. Чунки бу газета чилт янги, бўёғининг ҳиди кетмаган,
ғулийларга хос шиорлар йўқ, бори ҳам меъёрида, яна кунда-кунора
қандайдир мамлакатнинг элчихонаси очилгани, шу куниёқ унинг фавқулодда
ва мухтор вакили тегишли мўътабар даргоҳда қабул этилиб, ишонч
ёрлиқларини топширгани ва, энг, қизиғи, ҳамма элчининг биринчи марта
кўриб тургани Fулистонга чексиз ҳайрати чоп этилар эди. Fулистон
матбуотига хос услуб: элчининг кимлиги, аниқ мамлакати ҳақида
маълумотлар жуда тежамли, шу ихчам ҳолида яна қуюқ туманли, у
қаердадир туғилганми ё туғилмоқчи бўлганми, ўша юртнинг ўзи борми ёки
бор-йўқлиги энди аниқланяптими, буни билиш учун ҳам кўп бош қотириш
зарур бўлар, охири, хай, шу экан-да, ё бор, ё йўқ экан, деб доно хулосага
келар эдингиз. Элчининг гапида ҳам ўз мамлакати ҳақида ҳеч гап йўқ, лекин
Fулистонга қойиллиги, ундан албатта ўрнак олиши ҳақида бир дунё
ҳиссиётлар айтилади ва кейин битта мамлакат эмас, қайсининг элчихонаси
очилиб, элчиси чиқиш қилган бўлса, ҳаммаси Fулистондан ҳайратда ва
албатта ўз мамлакатига ундан ўрнак олишни маслаҳат беради. Нимадан
ўрнак олиши керак, буни ҳам тахминлаб англадим, зеро, бу ерда, бошқа
манбалардан ё шиорлардан фарқли ўлароқ, занжирга шама-ишора ҳам йўқ,
лекин ақлли одам гап нима тўғрисида бораётганини сезиб олади.
Элчиларнинг занжир таққан ё тақмаганликлари, уларнинг бунга муносабати
тўғрисида ҳам лом-мим дейилмайдими, демак, улар Fулистоннинг
занжиридан, ғулийларнинг ғулийлигидан ҳайратда. Ҳайрат билдирадиган
бошқа нарсани мен, масалан, кўрмадим.
Сиз шунча элчию элчихоналар борлигини ўқиб, ёлғизлик ҳамда
занжирсизлик асоратида қийналган бу одам нима учун бирон элчихонага
кириб олиб, сиёсий бошпана сўрамади ёки мухтор вакилга бошига тушган
кўргуликларни айтиб, мени олиб кетинг, демади деган хаёлларга борсангиз,
янглишасиз. Энг аввало, сиёсий қочқин эмас, тўғри йўлда адашган ё
адаштирилган, ишқилиб, ҳайдовчиман, кейин, мазкур элчихоналарнинг
газета қоғози саҳифасидан бошқа жойда борлигига ишонмадим, демак, унда
141
элчи ё мухтор вакиллар билан учрашишнинг иложи ҳам жуда-жуда шубҳали.
Уларнинг Fулистон борасидаги ҳайратлари ҳам, газетанинг ўзи сингари,
бутун-бутун мамлакатларни оғзини очиб қўйган Fулистонга сен қойил
эмасмисан деган маънода, фақат менга мўлжалланганини ҳам билиб
турибман. Сўғин, янги газетани ўқиб улгурсангиз ҳам хўбу хўб, хотирангиз
бирон хабарни тутиб қолар, лекин солиштираман, мулоҳаза юритаман деб
қайта ўқий олмайсиз, газета бир зумда янгиланади. Ҳа, шундоқ, газетани
ўқиб бўлиб, тахлаб қўйишингиз билан, у бошқа рўзнома бўлиб қолади, худди
ноутбукни ёпиб, қайта очгандек. «Fулистон жаранги» деган сарлавҳаси, йилу
ой санаси туради, лекин куни ўзгаради, ичи батамом бошқа бўлиб қолади.
Аввалига мен ҳам роса ажабландим, ҳатто ишонмадим ҳам.
142
Do'stlaringiz bilan baham: |