Болалигим қушлари
Бир куни эрталаб, кечаси югур-югурдан ҳоли, тиниқиб ухлаганман,
енгил туриб, ҳаво олгани хиёбонга чиқдим, одамнинг белидан келадиган
чавра тўсиқларни оралаб бориб, қалин боққа кирдим, шох-шабба тилиб
кетмасин деб, бетимни қўлим билан паналаб юриб бориб, боғҳовлининг
деворига тақалиб қолдим. Қарасам, кичкина бир темир эшик ҳам бор, итариб
кўрсам, занги ғингшиб очилди. Таваккал деб ташқарига чиқсам, бу ёғи
кенгиш дала. Унда-бунда ҳар хил мирзатерак, кўктерак, тут, тол, жийда
тарқоқ ўсиб ётибди, албатта, олма ҳам бор, ариқда сув оқади, бедапоя,
полизлар. Нарироқда катта буғдойпоя. Буғдойи ўриб олинган, ичида думини
елпиб бир от юрибди; қуруқ сомонни чимдилаш унга нима зарил,
тушунмадим, лекин қадрдонимни кўргандек хурсанд бўлиб кетдим. Бориб
бўйнидан силасамми деб чоғланиб турган эдим, бирдан қулоғимга «тра-тра»
деган товуш келиб, бошқа ҳаяжонга чўмдим. Ҳа, шу товушни эшитдим-у,
ҳали нимадан чиққанини кўрмай ҳам, туғилган қишлоғим, Булунғурнинг
сувига шўнғийвергандан бетим тўрлаб кетган болалигим ярқ этиб кўз
олдимга келса! Бошимни илкис кўтариб қарасам, устимдан патлари кўм-кўк
бир жаннатий қуш учиб ўтди – кўкқарға! Унинг сайроғига қараб, тра-тра ҳам
дейдилар. Илгарилари, ҳали мен кичкина пайтимда Fазирамизнинг боғ-
роғларида кўп бўлар, ташлаган патини сувга солиб ичирса, кўкйўталга ҳам
даво дейишар эди. Шу қушнинг йўқолиб кетганига, эҳ-ҳе, жуда кўп йиллар
бўлган. Кўкйўтал ҳали ҳам бор, учраб туради, лекин кўкқарға тамом
кўринмай кетган биз томонларда...
Кўкқарға кўктеракнинг шохига қўниб, менга эски танишини кўргандек
ажабланиб қаради-да, яна ўзининг юмушига учиб кетаверди. Орқасидан
ўзимнинг ҳам учгим келиб турган эди, бир нарса тўқиллаб қолди. Бунинг ҳам
нимасидир таниш, жуда яқин. Аланглаб топсам, теракнинг қуриган учида,
биласизми, нима экан - қизилиштон! Жонивор-эй, тумшуғи билан қуриган
оғочни роса тўқ-тўқ уради-да, дам олиб, калласини қийшайтириб қулоқ ҳам
130
солади, кейин яна бошлайди. Бу ҳам бизда йўқолиб кетган, қуриган
дарахтларимиз тўқилламай қўйганига кўпдан-кўп йиллар бўлган.
Ҳам бу ерда борлигидан ҳайратга тушиб, ҳам ўзимизда йўқолганидан
афсусга ботиб бораётган эдим, ерда бир чипор нарса пилдираб қолди. Бу –
сассиқпопишак экан! Ҳа, ўша тумшуғи узун сассиқпопишак! Фақат ерда,
майсанинг орасига эгри тумшуғини санчиб-санчиб емиш қидиради. Дубулға
попукли калласи лик-лик қилади, бир –икки қадамча пилдирайди, яна
тумшуғини ерга тиқиб кўради…Томоша қиласиз!
Кейин қоратолнинг шабада ҳар бирини алоҳида меҳр билан силаб, ҳар
бирини, ҳам ҳаммасини шивир-шивир жўровоз куйлатаёган барглари орасида
майдагина мовий фотмачумчуқни кўриб, роса тўлқинланиб кетдим. Жимит
бўлгани учун бу ҳам жаннатнинг бир туйнугидан чиқиб келиб қолганга
ўхшайди. Кўрмаганимга кўп йиллар бўлиб кетган. Бемалол, думпатчасини
ликиллатиб, новдаларнинг орасида чўпчиб-чўпчиб, тирикчилигини ўтказиб
юрибди.
Э-э, кўктарғоқни кўрганмисиз – кўкраги кўм-кўк балиқчи қушча.
Бунинг ҳам чий-чийи эс-эс таниш, нима экан деб алангласам, толнинг сувга
эгилган шохчасида пастга тикилиб овини пойлаяпти. Чийиллади-чийиллади,
кейин калла ташлаб, битта чавоқ балиқчани, қойил, тумшуғига илиб чиқди.
Fулистон ўзи қанақа жой а? Fулийларни бу аҳволга солишда, уларни
кузатиб туриш техникасида анча илгарилаб кетган бўлса-да, давр маъносида
биздан орқада қолган шекилли, бу қушлар ҳали ҳам бор. қишларда зағча ҳам
келса керак. Шуни англаб, қўрқиб ҳам кетдим: ўтмишга тушиб кетган
бўлсам-а! Худди ҳовузга чўккандай. Бу қушларнинг ҳаммаси болалигим-ку.
Ариқдаги сувга қарадим, тип-тиниқ, ишонасизми, кўм-кўк лимиллайди!
Тагидаги шағал тошчалари, сузиб юрган чавоқ балиқчалари ҳам дона-дона
кўринади. Бизда бунақа сувларнинг оқмай қўйганига қанча бўлган?
Шаҳарларимизнинг оқар сувлари мағзава-ю! Бу ариқ лабига кўкрагингиз
131
билан ётиб, сувни тўппа-тўғри оғзингиз билан симирсангиз бўлади, шунақа
тоза. Шу ўйимни тасдиқлагандек, тиниқ сувнинг тубига бир нарса шўнғиди-
да, ҳаялда салкам ўзидай қорабалиқни оғзида тишлаган сувкучук қайнаб
чиқди. Бир сувилон эса ундан қочиб, сув юзига расм чизгандек, ўзини нари
ёққа отди. Худди ундан чўчигандек, буғдойзор ичида зарғалдоқ сайраб
юборди. Атрофдаги ҳашаротлар-ку визиллаган, ғизиллаган, пир-пир учган.
Булунғур ариғимиз болалигимда шундай эди, чашмалардан чиққан
суви кўп, чуқур, ўрталарини бўйласак, тортиб кетар, тагига оёғимиз тегмас
эди; калла ташлаб чўмилардик, бўйлари қалин қамиш, қамиш устида қора
илонлар юрарди, балиғи сероб, айниқса ширмой, яъни қорабалиқ, биз
болалар қармоқ солиб, ҳар қалай тишга теккулик овимизни хивичга тизиб
олиб бориб, онамизга қовуртирардик-да, қилтиғи-пилтиғи билан қирс-қирс
туширар эдик. Ҳозир Булунғурнинг бўйлари яланг чанг-тупроқ, суви
тиззадан, ҳаклаб ўтса бўлади, у ҳам пахтанинг оқовасидан лойқа, қамишини
мол қиртишлаган, балиғини одамлар ток тиқиб, камарини кавлаб тутиб
қуритган, хай, битта-ярим илиниб турар. Ҳа, Булунғурнинг бўйида билмай
ушлаганнинг қўлини қийиб қонатадиган тўп-тўп ғишша қиёқ ҳам ўсиб
ётарди. Айғирқиёқ дегани ҳам шудир-да, а? Ёз кунлари қиёғини ўткир ўроқда
ўриб олиб, ўтга, пичанга боғ қиламиз, совуқ куз кунлари, пахта теримида
ҳузурижон гулхан, тўпи кўкка қадар ловуллаб ёнар, кўкламда эса ҳеч нарсани
кўрмагандек, яна гуркираб бўй чўзар эди. Ҳозир Булунғур бўйларида
йўқолган, болаларга шунақа тўп ғишша қамиш бўлар эди, қиёғи пичанга боғ,
қамиши бўйрага чўп деб, чизиб кўрсатинг, ўзини кўрмаган, ишонмайди.
Лекин бу ерда шу ғишша ҳали бор экан. Жайранинг тукидек тикка
ўсиб турибди. Биттасининг ёнига бориб, томоша қилмоқчи эдим, тубида
сариқ бир нарса йилтираб, шатир-шутур қилиб қолди - билакдай сариқ илон
ўзини олиб қочяпти экан. Сариқ илон эканини кўриб турсам ҳам, палакат-да,
юрагим шувиллаб кетди, лекин болалигимга қайтганимга мамнун эдим. Ҳа,
нарироқда тустовуқ учганини кўрдим. Биз томонларда уруғи қуриб кетган,
132
лекин бу ерда тилладай товланиб, думини осилтириб парвоз қилиб юрибди.
Узоқда бўлса ҳам, чиройи кўзни қувонтиради, ўзи ҳам ранг-баранг зарҳал
қуроқдан кийинганга ўхшайди-да. Бойвучча қизлар ҳам бундай келиштириб
ясана олмайди
Бир соатлар айланиб юрдим, нарироқда полизига уриниб ётган
ғулийлар бор эди, бормадим, менга улардан кўра бу тоза табиат қизиқроқ
эди, албатта.
Боя учиб кетган кўкқарға қайтиб келиб, худди ўша шохга қўнди. Яна
сиёҳ нуқтадек кўзчаларини менга қадагандек туюлди. Шунда юрагим бирдан
ҳовлиқди. Балки бу қушлар биз билан Fулистон ўртасида эркин учиб-қайтар,
мен ҳам машинада йўл юриб келдим-ку, булар ҳам осмонда чегара-пегарани
билмай келиб кетиб юргандир? Ҳа, уларга бемалол, занжири йўқ, қаноти
эркин, силкитади - ҳавога кўтарилади, юксакларга чиқади, чегаралар ҳам
беписанд. Шу кўкқарға ҳозир Fазирага бориб келган бўлса-я, а! Айни
қишлоғимда бўлмаган бўлса ҳам, занжирдан менга ўхшаб озод одамларни
кўрган! Эҳ, аттанг, бунинг тили йўқ, «тра-тра» дейди, нима деганини англаш
душвор. Балки… балки бу болалигимдаги ўша тра-тра мени излаб бу ёққа
энди учиб келгандир? Сайроғи балки катта бўлиб қолганимдан
ҳайронлигидир?
Қаёқдан тушган, бирон бола унутиб қолдирганми ёки шамол
илаштирганми, ўт устида битта ўн икки варақли бирчизиқ ўқувчи дафтари
ётган экан, тутилмаган, варақларига сал-пал доғ теккан-у, лекин бутун. Яна
болалигимни эсладим, ўн биринчи, тошбақа-, пушкинперолар билан шунақа
дафтарга ҳуснихат ёзар, варағидан учқич ясаб учирар эдик. Дарров бир
варақни буклаб, чиққан учқичимнинг қанотини ростлаб, осмонга учирдим.
Учқичим ҳаволаб кўтарилди… кўтарилди-да, йўқ бўлиб қолди. Учиб
бораётган жойида худди сувга чўккандек, ҳавога ютилиб кетди. Аввалига
англамадим, у ёқ-бу ёқни қарадим, учқич ерга тушмаган, йўқ. Яна битта
ясадим, буни ҳам учирсам, бояги аҳвол: қулочлаб отганимда отилди, икки
133
қулочча учди-ю, ўша етган нуқтасида йўқ бўлиб қолди. Биласизми, худди ўзи
шаффоф-у, лекин нариёқни кўрсатмайдиган деворга кириб кетгандек. Яна
ясаб, яна учирдим. Яна шу аҳвол. Кейи-ин тушундим. Қоғоз учқич учиб
қаёққадир ўтиб кетаётган эди. Бошқа дунёга! Шу ҳавода қандайдир сарҳад
бор эди, кўринмайдиган. Ундан нариси ҳам бу ёқдан кўринмайдиган дунё,
учқичим эса, қоғоз бўлгани учунми, у ёққа бемалол кириб кетаётган эди. Бу
кашфиётимдан ҳам қўрқдим, ҳам кўнглим таскин топди: демак, мен жуда
узоқда эмас, бошқа сайёрага ҳам тушиб қолмаганман, қандайдир яқин-
ўртадаман, яъни юртимнинг ёнгинасида, фақат бошқа ўлчамга кириб
турибман. Бошимни тиқиб қарасамми, гавдам бу ёқда, у ёққа фақат
бошимнинг ўзи чиқиб туради.. бир қўлимни ўша ёққа ўтказсамми… У ёқдан
қараганлар ҳавода битта қўлнинг ўзини кўрадилар… Бир хаёлим, қушларни
тутиб, нарироқда ёввойи каптарлар ҳам донлаб юрган эди, хатча ёзиб, оёғига
боғласам, ўзимнинг асл дунёимга етказар, деб ўйладим, кейин, агар бунақа
алоқа бўлганда, у ёқда Fулистон борлигидан аллақачон хабар топар эдилар,
бундан, албатта, кўп ўқиб, кўп қизиқадиган одам, ўзим ҳам бехабар қолмас
эдим, кейин эса, бу қушлар менга думини ҳам ушлатмас, қўлимда бирон
матраб ҳам йўқ. Балки ўзим бир баланд сакрасам, шу қоғоз учқичга ўхшаб
ўтиб кетарман, деб ҳам хаёл қилдим, албатта, бу фақат, фақат хаёл эди, лекин
болалигим, худди болалигим олдимдаги кўринмас девор ортида тургандек,
бўйнимни чўзиброқ қарасам, кўз олдимда бўй берадигандек туюлди…
Ариқдаги сув ҳам худди ўша чоғлардаги Булунғурдек сокин бир салобат
билан лимиллаб оқиб ётган эди. Бу сув қаёқдан келаётган бўлса? У чегара
билмайди-ку.
Шу аснода сарҳад нималигини туйиб, бирдан хатарга тушдим: мабодо
шу кўринмас чегара ёнимда бўлса, ўз юртимга деб ҳаклаб ўтиб, Fулистондан
ҳам баттар бегона мамлакатга тушиб, ё бундан ҳам ёмони, яна бир бошқа
мувозий оламга ичкарилаб, буткул сарсончиликда қолиб кетсам-да, бу ёққа,
яъни ҳозир турган жойимга қайтиш иложи ҳам йўққа чиқса-чи, деб жўяли
ўйга чўмдим. Қўй-э, оч қорним – тинч қулоғим, деб секи-ин ортимга
134
қайтдим, юришдан олдин қўлимни чўзиб ҳавони пайпаслаб, Ғулистонда
эканимга аниқ ишонч ҳосил қила-қила, эҳтиёт билан бир-бир одимлаб
келдим.
Мувозий оламнинг ҳам ақл бовар қилмайдиган даражада кенглигини
шундай чуқур англагач, бу ердан қочиш хаёлим ҳам ўз-ўзидан чиппакка
чиқиб, амниятимни авайлаб қолдим.
135
Do'stlaringiz bilan baham: |