Дўстимга раддия
Мен шу раддияни, яъни норозилигимни алоҳида айтмасам кўнглим
жойига тушмайди. Чунки дўстимнинг рўмони катта тиражда босилган, яна
эшитдимки, ҳозирги кунда қизиқиб ўқилаётган эмиш, бу сатрларни ўқиётган
сиз ҳам уни ўқигансиз, албатта. Мен оммавий машҳур асарларга унча
ишонмайман. Чунки кўпи ўрта-миёна китобхонга мўлжаллаб ёзилади, ўрта-
миёна китобхон эса ҳақиқатан ҳам омма. Сизни айтмаяпман, бир киши омма
бўлолмайди. Аммо ўша оммани ҳам алдаш инсофдан эмас, ёзувчи ҳамма
ерда, ҳатто фантастик асар ёзганда ҳам ҳаққонийликдан чекинмаслиги шарт
деб ҳисоблайман. Менинг фикрим шундай, қатъий. Дўстимнинг Fулистон
ҳақидаги рўмони эса, унда менинг ғояларим асосидалигини тўғри кўрсатгани
билан, ўзи нотўғри, Fулистондаги ҳаётни бузган, сюжету тасвирлари –
ҳаммаси ясама. Битта мисол, унда қаҳрамони қизи билан Fулистоннинг
ичида саёҳатга чиқади. Ҳу, қизни талашган ҳалиги рақиблари маҳв бўлгач.
Аввал поездда бир шаҳаргача борадилар, кейин шалоқ автобусда яна бир
туман марказигача, у ердан нари ёққа, яъни булар борадиган манзилга
уловлар кетиб бўлган бўлади. Буларнинг қорни оч, ўша ерда, йўл бўйидаги
сомсахонадан сомса олишса, жуда шўр ҳам аччиқ, яъни серқалампир экан,
бир амаллаб еб олиб, чой ичайлик дейишса, чойхона ёпиқ, ёпиқ ҳам эмас, ўзи
йўқ, ҳатто совуқ сув ичайлик деса, шу ҳам топилмабди; эсингиздами, бизда
ҳам шўро пайти маъданли сувлар ҳозиргидек ҳамма жойда бемалол эмас эди,
тимсоли шундан-да. Кейин қаҳрамонимиз ўша ерда оташин бўлиб,
сомсапазга нутқ сўзлаб, унинг кўзини очиб қўйибди. Сомсапаз унинг
хитобларидан ҳаяжонга тушиб, ҳатто шу пайтгача қизга ҳирс билан
термулгани учун уялиб ҳам қолибди, хуллас, у ҳам қаҳрамонимизнинг
мухлисига, издошига айланибди, занжирга қарши курашишга онт ичибди.
Кейин булар бир «Камаз»га ўтириб, манзилга отланган экан, йўлда
машинанинг баллони тешилиб, тўхтабдилар. Бу ер жуда баҳаво, оромбахш
экан, мингми, икки мингми йиллик чинор бор экан, бир вақтлар танасининг
кавагида саводсизликни тугатиш курси очилиб, ғулийлар ўқиган бўлса, ҳозир
113
келинчакнинг уйига ўхшатма қилиб ясатиб қўйилган, қаҳрамонимиз у ерга
кириб, қизининг қўлидан ушлаб ўтирибди, лабидан ният билан бўса олибди.
Ҳа, шу ернинг ўзида бир булоқ ҳам бор экан, булоқ сувида ўйноқлаб юрган
қорабалиқлар муқаддас бўлиб, қаҳрамонимиз билан қизи уларга нон ушатиб
ташласа, балиқларнинг ҳаммаси худди буларга бахт тилаб келгандек булоқ
лабига тўпланиб келибди. Қаҳрамонимиз қизининг белидан қучоқлаб,
озодлик ҳақидаги хаёлларга чўмибди.
Биляпсизми, қаердан кўчирганини? Ҳа, шу ўзимизнинг Сайроб!
Чинори ҳам, чинор кавагидаги келинчакнинг уйи ҳам, булоқ, ундаги
қорабалиқлар ҳам Сайробники. Буни ҳам ўзим айтганман. Лекин мен
Сайробга ҳеч қанақа қиз-пиз билан бормаганман, ёнимда иккита дўстим бор
эди. Дўстларим билан Қумқўрғондаги бир дўстлариникига бораётган эдик,
шунда ҳақиқатан ҳам «Камаз»нинг баллони тешилиб, Сайробда яматганда
ўша чинорнинг кавагини ҳам томоша қилганмиз. Кейин «Камаз» билан
Шерободгача бориб, тушиб қолганмиз-да, кечқурун еттидан ўн биргача
йўлмошин пойлаганмиз, не саргузаштлар билан ўн икки яримларда
Қумқурғонга кириб борсак, дўстларимнинг дўсти уйида йўқ экан, хотини
чиқиб биздан олдин бошқа меҳмон келганини, у одам меҳмонни олиб
акасиникига кетганини айтди. Чунки ишдан бўшаб, пулсиз жуда сиқилган,
яна меҳмон айтиб қўйган, харажатни чўнтак кўтармайди, ноилождан
меҳмонни олиб, акасиникига ўзи ҳам меҳмон бўлиб жўнаган экан. Устига яна
биз ҳам борибмиз, йўлга охирги пулимизни сарфлаб, қайтишга унинг ўзидан
олармиз деб. Ана, томошани кўринг. Майли, бунинг ўзи алоҳида асарга
арзийди. Ҳа, Қаршигача поездда бордик, у ердан Сурхондарёга кетадиган
автобусларнинг ҳаммаси кетиб бўлган экан, қанақадир бир экспедициянинг
эски автобуси келиб қолди, шу билан Деҳқонободга етиб олдик. Тўғри, очқаб
кетган эдик. Сомсадан бошқа ҳеч нарса йўқ, бу ҳам шўр экан, ноилож едик,
шу пайти қаторлашиб тўрт «Камаз» келиб қолди, ҳаммасининг тумшуғи
илма-тешик, фаралари синиб тушган, Афғонистонга қатнайдиган колонна
экан, ҳарбий аскарлар, прапоршчиги «Агар аскарларим билан гаплашиб,
114
ухлаб қолгани қўймасанглар, марҳамат», деб учовимизни учта ҳайдовчи
ёнига ўтирғизди. Ўзи ҳам юзингда кўзинг борми деб босар экан булар, Чак-
чакдан шундай учириб ҳайдашдики, Сайробга борганда биттасининг баллони
тешилиб тўхтаганимизда, «э-э, худога шукур-э», деб юбордик.
Мен буни ҳангомани қизитиш учун, бир латифадек қилиб айтганман.
Кейин Сайробда тўхтаб ўтганим ҳам бошқа эди. Бунинг ҳам маъшуқа қизга
сира алоқаси йўқ. Кўп йиллардан кейин, бу мустақиллик пайти, Сайробда
ўзимиз тўхтаб, ҳайдовчим билан кабоб еб олиб, балиқларга нон бериб
турганимизда бир пичоқчи, қўлида туятовуқнинг қанотидай қилиб беш-олти
пичоқни тиғидан ушлаб ёйиб олган, ёпишди-қўйди, бизнинг пичоқдан
олинг, зиёрат жой, табаррук, деб. У десам, у деди, бу десам - бу, ишқилиб,
темиртагини ўтказса. Мен ҳам йўқ, деб туравердим. Пичоғининг учини
чертиб кўрсатдим, тирноқладим, пўлати ярамайди, дедим, пичоқчи
кетмондай соқол қўйган, жундор, дарвешга ўхшаган одам, молининг нархини
етти мингдан беш мингга, ундан тўрт мингга, тушиб-тушиб, охири «Иримига
бир нарса беринг, хай, келинг, мен сизни бир дуо қилай: илоё, ҳоким
бўлинг», деди. Мен кулдим-да, «Ўзи ҳокимман-ку, кўрмаяпсизми, мана,
галстук таққанман, ана, хизмат машинаси», дедим. Пичоқчи ишониб, бир зум
довдиради-да, дарров гап топди: «Э-э, келинг, бўлмаса, катта ҳоким бўлинг»,
деди. «Катта ҳокимингиз қанақа?» десам, «Ҳамма ҳокимларнинг каттаси-да»,
деди, тасаввури шундан нарига ўтмас экан. Яна кулиб юборган эдим, «Э-э,
ука, одамнинг шунча таваллоси минг сўмга ўтмайдими? Шуям бўлмаса, манг,
сизга шу, йўлда қовун-повун сўйиб ерсиз», деб пичоғини қўлимга тутқазди.
Ишқилиб, ўтмас матоҳини менга ўтказди-да. Минг сўм берган эдим, индамай
тумтайди, яна минг сўм қўшган эдим, юзи ёришди. Шу пичоқ ҳали ҳам бор,
ҳеч нарсага ўтмагани учун ишлатилмайди ҳам, шунинг учун турибди.
Бу воқеани ёзувчи дўстимга пичоқчининг молини ўтказиш учун артист
бўлиб кетганини кулги учун айтган эдим, холос. У эса буни тушириб
қолдирган, ишқий саргузаштга зўр берган. Яна сомсапаздан қаҳрамон
115
ясаганини айтмайсизми! Бечора бозори қайтиб, олдидаги бир тоғора сомсани
кимга ўтказишни билмай, хуноб бўлиб ўтирган эди, ҳатто сомсанг шўр экан
деб, қайтариб беришга ҳам раҳмимиз келди. Ейишга бошқа ҳеч нарса ҳам
топилмади-да. Рўмонда бўлса у шу туманда занжирга қарши курашадиган
яширин ташкилот етакчисига айланади, ғулийларга сомса едириш
баҳонасида қаҳрамонимизнинг фикрларини тарғиб қилади. Мантиқсизликни
қаранг, сомсапазда шунақа ташкилотчилик қобилиятию отнинг калласидек
юрак, яна одамларни эргаштирадиган доно ақл бўлса, тандирнинг тепасида
тутун еб, яна чанг босган Деҳқонободда қолиб кетар эдими? Ҳеч бўлмаса,
сомсапазларнинг каттаси бўлиб, кариллаб юрмайдими? Кўряпсизми, битта
тандир билан кунини зўрға кўриб юрган оддий сомсапаздан сохта қаҳрамон
ясаган. Ҳа, кейин Fулистонда «Камаз»га бало борми?
Буниси ҳам майли, лекин мен юртимизнинг чиройли-чиройли
жойларини бошқа мамлакатга, яна бизга тескари бўлган Fулистонга
ёпиштиришга тамомила қаршиман. Биз ўзимизни қадрлашни ўрганишимиз
керак. Ўзимиздаги гўзал нарсаларни кўз-кўз қилишни билмаймиз-у, яна
уларни Fулистонники қилиб кўрсатсак, энди бу нонкўрлик-да. Ҳа, яхши эмас.
Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб шу учун айтадилар. Бу, ахир,
сувнинг эмас, ўзингнинг қадринг-ку. Шунинг учун худога шукр қиламан, кўп
нарсаларни айтмаганимга. Ўзим ёзарман деб асраб юрибман-да. Мана,
масалан, Хоразмга енгил машинада борганман, лекин ўзимникида эмас.
Бухоронинг Олотидан чўлу биёбон бошланади, унгача ҳам бор қум
барханлари, лекин Олотдан кейин худди дунё бир хил кенгликдан иборатдек
туюлади. Билмаган одамнинг юраги сиқилади, э-э, худо, бу чўлинг қачон
тугар экан, дейди. Ўзи чўл эмас, қум саҳроси, фақат яккам-дуккам бута кўп,
нуқул дўнглик, йўл эса тор, яна кўп жойини ярмигача қум босган;
кетаверасиз, тепаликлар тугамайди, шунисидан ошиб ўтсангиз, қишлоққа,
одамлар яшайдиган жойга кириб борадигандек кўзингиз тўрт, ошасиз, яна
худди шундай дўнглик, орқасида ҳу уйлар кўриниш берадигандек
бўлаверади. Одамнинг юраги торс ёрилиб кетай дейди. Лекин билган одам
116
маза қилади: жазирама бўлса ҳам тоза ҳаво, кўкракни тўлдириб нафас олинг,
машинани тўхтатиб тушиб, қумга тикилсангиз, ундаги ҳаёт асарини кўриб
кўзингиз ҳайрон: чумолилар ғимирлайди, яна қанақадир майда ҳашаротлар,
ёмон чаққон калтакесак кўриниб қолади, худди таёқнинг учига оқ ғунча
ёпиштириб қўйилгандек гуллайдиган бир бели йўғон карракка ўхшаш
ўсимлик ҳам бор, осмонда эса қорақуш учади, бургути шудир, яқин
келмайди, жуда узоқда-да; кейин ичкарироқда, ўқиганман, товушқон,
қорақулоқ, ёввойи чўчқаларнинг ҳам умри шу қум ичида кечади; эчкемар
бўлар экан, илон, қорақурт.. Қани энди, вақтингиз бўлса, қум кечиб пиёда
кетсангиз. Унақа тиззагача ботмайсиз, қумнинг усти тинг, бемалол юрса ҳам
бўлади. Саксовулни айтмайсизми, шу ҳақда жуда кўп ўқиб, ўзини энди кўриб
турганингиз учун, э-э, қаранглар-эй, ҳақиқий саксовул, ҳа, китобларда
ёзилгани шу-ку, деб қийқириб юборасиз. Қучоқ-қучоқ қилиб олиб кетай
дейсиз-у, лекин олиб борганда нима қиласиз, саксовул саҳрода саксовул-да,
уйда ўтиндан бошқасига ярамайди. Агар ҳам саксовулнинг чўғида қайнаган
чойдан ичишга кўнглингиз кетмаса. Лекин одам бари бир ҳаяжонга тушади,
албатта.
Яхши ҳам ёзувчи дўстимга шуларни айтмаганим дейман. Бўлмаса,
бундан ҳам бир нарса тўқиб чиқаради. Чинор масаласига келсак, менда
бошқаси ҳам бор. Бу – Косонсойдаги чинор. Кўрмаганмисиз? Эй, жуда
қадимий, Сайробдагидан ҳам кўҳна, ҳовузнинг ўртасида битта ўзи тўп чинор
бўлиб қолган, мўъжазгина ўрмон! Буни ўзим учун асраб юрибман, бирон
катта асар ёзсам, киритаман деб. Ёзувчи дўстим яхши ҳам бундан бехабар.
Чунки у асар қиламан деб, эшитганига ўзи билганича бир нарсаларни
қўшади-да, оқибатда ҳаммасини бузади.
Мана, энди раддиямнинг асосий қисмига, яъни сабабига келдик.
Унинг қаҳрамони Fулистонга боргандан кейин дарров бузғунчиликни
бошлаб юборган. Ҳа, ғирт бузғунчиликни. Кўрадики, одамларнинг ҳаммаси
занжирбанд қилинган, халқнинг аҳволига чидаш жуда оғир, бола-чақа
117
демаса, ғулийлар ўзини осиб юборишга ҳам тайёр. Фақат йўл кўрсатадиган
бир йўлбошчи етишмайди, холос. Бунимиз ўша тайёр йўлбошчи бўлиб бориб
қоладилар-ку. Уни ҳам бир қиз севган, ҳам бутун халқнинг муҳаббати унда.
Fулийлар унинг орқасидан тўда-тўда бўлиб эргашиб юради, кечалари ҳам
хуфия йиғилишларга айтиб кетишади, ҳатто у қиз билан дилгуфторлик
қилишга ҳам вақт топиши қийин. Ора-сира ўпишиб туради, чидамаган
пайтлари, машинасига ўтириб, ҳайю ҳуйт деганча, ўрикзоргами, тоққами йўл
олади. Албатта, маъшуқаси билан. Маъшуқанинг ҳам туруми йўқ, қаёққа
етакласа, шу ёққа эргашиб кетаверади. Худди мажбурлаб ёдлатгандек,
одимда қаҳрамонимизга севги изҳор қилади. қиз бола-я? Занжирбанд қизга
шарму ҳаё, одоб керак эмасми? Ёзувчи ўзини бунча яхши кўрмаса! Ахир,
қаҳрамонининг тагида ўзи ётади-да.
Бу ҳам майли-ю, лекин унинг бирпасда ғулийларнинг кўзини очиши,
бутун мамлакатда озодлик ҳаракатини бошлаб юборишига нима дейсиз!
Яширин мажлислар, хуфя режалар, ҳалқа-ҳалқа тармоқланиб кетган
қаршилик ташкилоти; қаҳрамонимиз гоҳ бекиниб юради, унинг орқасидан
юзлаб воқеанавис қўйилган, гоҳ шунча айғоқчи изига тушганига қарамай,
ҳалигидақа чақирим-чақирим чўзилган ўрикзорларда маъшуқаси билан
ошкора қувлашмачоқ ўйнайди, худди ёш бола сувга чанқагандек, энтикиб
ўпишаверади. Ишқий саҳналарни шунақа чўзадики, бу ўзи ўпкасини
қўлтиқлаб қиз билан чопиб юришдан бошқа иш ҳам қиладими, деб ўйлаб
қоласан. Йўлбошчилик қилишга қачон улгуради, деб бошинг қотади.
Fирт, ғирт, ғирт ёлғон, ўтирик, қоғозбўямачилик! Ким уни ўпиштириб
қўяди? Яна очиқ ҳавода, ўрикзорда! Ўзлари бекингани билан машинаси очиқ
кўчада-ку. Қувлашмачоғ-а! Учмабсизлар-да, а! Нима, ўрикзор беэгами?
Ёввойи, ўзича ўсиб ётибдими шунча ўрик? Ҳеч ким қарамайди, а? Боғбони
йўқ! Битта эмас, ўнта бордир. Чақирим-чақирим чўзилган боғларни камида
юзта ғулий парваришлар, ахир. Бир ғулия қизнинг занжир тақмаган мосуво
билан қийқиришиб қувлашиб юрганини кўргани заҳоти керакли жойга
118
етказар. Етказмаса, ўзининг боши кетади, кўрибсан, нимага ўз вақтида, ўша
заҳоти айтмадинг, деб. Ҳар бир ўрик, ўрикнинг ҳар бир япроғигача ҳам
эшитадиган, ёзиб оладиган ускуначалар қўйилгандир. Кўриб келдим-ку мен.
Бу бўлса, бўлиқ майса устида, қизининг чумоли белидан қучоқлаганча мовий
осмонга термилиб, занжирсиз келажак ҳақидаги хаёлларини сўзлаб берар
экан-да, қиз ҳам бу савдойига жўр бўлиб, куйлагандек оҳиста сўзлар эмиш.
Ол-а! Сомсапазни йўлдан уриб, курашчиларнинг етакчисига айлантирар
эмиш! Э тавба, қоғоз ҳаммасини кўтараверар экан-да. Тандир-тоғораси
билан қўшиб олиб бориб тиқиб қўяр! Яширин ташкилотлар, тармоқ отиб
кетган ҳалқалар! Тушини кузатадию! Ғулиянинг қандай қўрққанини айтдим-
ку сизга. Туш кўрибди, тушида занжирсиз юрган экан, энди уйғонгандан
кейин ҳам икки дунёси қоронғи, ичига ўт қўйиб юборсангиз ҳам ёришмайди,
билиб қолишади деб. Ҳа, билмоқ ҳам гапми, қизнинг ўзи бориб айтиб беради,
шундай-шундай, мен тушимда шундай гуноҳга ботибман, йўқ, кечирилмас
жиноят қилиб қўйибман деб. Ҳали менинг ҳам ёқамдан олишлари мумкин,
занжирсиз бўла туриб, асл ғулия қизимизнинг, яна махсус ходимамизнинг
тушида нима қилдинг, деб. Рўмоннинг қаҳрамони бўлса, учрашувлар қилади,
яширин мажлислар ўтказади, оташин нутқларни гапиради, овозини чиқариб!
Тушингни сувга айт, агар сув ҳам ўша бир қоши оқ ғулийнинг маҳкамасига
қараб оқиб бориб етказмаса, унинг тубида ҳам ёзиб оладиган ускуналар
бўлмаса! Ҳеҳ, пўконидан ел ўтмаган, деб шуни айтади-да. Чучварани хом
санабсан!
Ҳа, воқеан, Fулистонда чучваранинг ўзи борми, йўқми, эътибор
қилмабман. Ҳамма хамир овқатларимиз у ерда бисёр, лағмон ҳам бор,
лағмонки бўлгандан кейин, чучварани ҳам билишса керак лекин. Шу
чучварани киритиб, бир нарсаларни тўқиганда ҳам майли, индамас эдим,
чунки Fулистоннинг таомлари ўзи жуда қизиқ. Ўзи эмас, сузилиши. Шуни
алоҳида айтиб беришим керак, албатта. Санъат бу, санъат. Сиз буни
эшитмагансиз ҳам, кўрмагансиз ҳам. Мен ҳам кутубхонада ўқиб билдим.
Чунки қозоннинг тепасига боришга вақтим ҳам, имконим ҳам бўлмади.
119
Қизиқиб борганимда ҳам бирон ғулий ошпаз менга қарамас, гапирмас,
аксинча, капкири билан солиб, кейин, меҳмон билан муносабатга киришгани
учун, сўнгра ўзи жазога учраши ҳам ҳеч гап эмас эди. Шунинг учун оч
қорним - тинч қулоғим, жону дилим китоб деб, қомуснинг жилдларига калла
ташладим.
120
Do'stlaringiz bilan baham: |