Нейродермит
тушунчаси фанга 1891 йилда француз олимлари Брок ва Жаке томонидан
киритилган. Улар ушбу дерматозни кучли қичишиш билан ўтадиган тери неврози деб
тушунганлар. Хорижий адабиѐтларда нейродермит термини атопик дерматит сўзи билан
алмаштирилди. Улар бу билан мазкур аллергик дерматознинг туғма эканлигини
таъкидладилар. Рус тиббий адабиѐтларида эса олимлар нейродерматозлар сўзини аллергик
дерматозлар термини билан алмаштириб, бу гуруҳга кирадиган касалликлар негизида
аллергия ҳолати ѐтганлигини тушунтирмоқчи бўладилар. Ҳақиқатан ҳам нейродермит,
қичима (строфулюс ва катталар қичимаси), эшакем каби нейродерматозларнинг
патогенезида аллерген-антитана реакцияси муҳим роль ўйнайди.
Болаларда кузатиладиган нейродермит асосан чилла (экссудатив диатез) замирида
ривожланади. Шунингдек гуш жараѐни ҳам нейродермитга айланиши мумкин. Маъ-лумки,
чилла ирсий аномалия ҳолати ҳисобланиб, бунинг замирида бир неча турдаги
касалликлар шаклланиши мумкин. Нейродермит ҳам ота-оналарида аллергик касалликлар
кузатилган болаларда кўпроқ учрайди. Нейродермит ривожланишида нотўғри овқатланиш
(болани бир томонлама ѐки сифатсиз боқиш, сунъий овқатлан-тириш), модда
алмашинувининг бузилиш касалликлари, ички аъзолар ва ички секреция безлари
фаолиятининг издан чиқиши каби омиллар муҳим аҳамиятга эга. Бу ўзгаришлар
касалликнинг шаклланишигагина эмас, балки унинг узоқ муддат кечишига, оғирлашишига
олиб келади. Атроф-муҳит таъсири, ундаги ноқулай омиллар, заҳарланишлар, сув ва ҳаво
таркибидаги салбий ўзгаришлар, шунингдек бошқа экологик омиллар ҳам касалликни
кучайтиради. Йил фаслларига қараб унинг тез-тез қўзиб туришига сабаб бўлади.
Олий нерв фаолиятининг бузилиши ҳам этиологик ва патогенетик аҳамиятга эга.
Нейродермитга дучор бўлган болаларнинг ота-оналарида, уларнинг маълум қисмида турли
нейроген ўзгаришлар, асаб системаси касалликлари, лоақал қўзғалиш ва сусайиш
жараѐнлари ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши аниқланган. Касалликнинг сурункали
кечиши, кучли қичишиш хуружлари билан ўтиши, уйқусизлик каби нохуш ҳолатлар ўз
навбатида бемор боланинг асаб системасини ишдан чиқаради. Бу нейроген ўзгаришлар
нейродермит жараѐнини чуқурлаштириб, касалликнинг кечишини оғирлаштиради. Демак,
ҳосил бўлган узлуксиз ҳалқа, ҳам ирсий, ҳам орттирилган омиллар йиғиндисидан ташкил
топган. Нейродермит номи (тери неврози) мана шу боисдан келиб чиққан.
Нейродермитнинг аллергик табиатга эга эканлигини тасдиқлайдиган маълумотлар
қуйидагилардан иборат:
1. Касаллик кўпинча чилла замирида шаклланиб, болаларда гуш касаллигидан кейин
ривожланади.
2. Нейродермитнинг чегараланган турларида аллергик тошмалар ва қичишиш асосий
ўчоқдан бошқа соҳаларда ҳам кузатилиши мумкин.
3.
Мазкур дерматозга чалинган беморларнинг маълум қисмида турли дорилар ва
антибиотикларга, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан сенсибилизация ҳолати
кузатилади.
4.
Нейродермит кўпинча бошқа аллергик касалликлар: аллергик диққинафас (астма),
ринит, эшакем билан бирга кечади.
5. Турли иммунологик ва аллергик кўрсаткичлар (Кумбс, Кунс реакциялари, ПГАР,
аллергик синовлар) нейродермитга дучор бўлган беморларда ўта мусбат натижалар беради.
Хулоса қилиб айтганда, нейродермит марказий нерв системасининг функционал
ўзгаришлари, эндокрин безлар фаолиятидаги бузилишлар ва аллергия ҳолати билан
ўтадиган касаллик бўлиб, бу ўзгаришларга ирсий ва орттирилган омиллар сабаб бўлади.
Нейродермитнинг асосий белгиси яғирланишдир. Яғирланиш ўткир яллиғланиш
белгиларисиз ўтадиган эритематоз доғлар сатҳида шаклланади. Бирламчи тошма
элементларидан эпидермал тугунчалар кузатилади. Бу папулалар ташқи кўриниши
жиҳатидан соғлом теридан унчалик фарқ қилмайди. Улар бир-бири билан қўшилиши
натижасида тери бир оз маддалайди, зарарланган соҳаларда пигментация кузатилади. Қаттиқ
қичишиш эса кўплаб тирналишлар ҳосил бўлишига олиб келади. Зарарланган соҳалардаги
тери қуруқ, унинг юза сатҳи аста-секин кўчиб туша бошлайди. Табиий бурмалар соҳасида
ривожланган мадда ҳосил бўлиш жараѐни терида йўл-йўл ѐриқлар пайдо бўлишига сабабчи
бўлади. Яғирланиш ўчоқлари кўпинча тирсак бурмасида, тиззанинг орқасида (тақимда), юз
териси, бўйин, қўл ва оѐқларнинг букилувчи юзасида жойлашади. Зарарланган соҳаларда
қичишиш пайдо бўлиб, вақти-вақти билан зўрайиб туради, тери дермографизми оқ, соч-
мушак рефлекси ривожланган. Нейродермитга чалинган беморларда гипокортицизм
белгилари ҳам сезиларли даражада аниқланади. Бу белгилардан қуйидагилар:
гиперпигментация, гипотония, адинамия, аллергик реакциялар, ошқозон ширасининг суст
ажралиши, гипогликемия, диурезнинг камайиши, ориқлаш, дармонсизлик кўп учрайди.
Клиник нуқтаи назардан нейродермитнинг тарқалган ва чегараланган турлари тафовут
этилади. Тарқалган нейродермитда тошма элементлари терининг бир неча соҳаларида (юз,
бошнинг сочли қисми, тана, қўл ва оѐқлар) кузатилади. Бундай болаларнинг териси жуда
қуруқ, лихенизация ўчоқлари бир неча, оқ дермографизм жуда ривожланган ва
гипокортицизм белгилари яққол кузатилади. Тарқалган нейродермит белгилари кўпинча
ѐзда сусайиб, қиш фаслида кучаяди. Турли аллергик касалликлар билан бирга кечади.
Терининг зарарланган соҳаларида пиодермия тошмалари, ҳатто гуш (экзема) элементлари
тез-тез учраб туради. Баъзан бир оз ривожланган сувчираш ва қизариш каби белгилар ҳам
кузатилиши мумкин.
Чегараланган нейродермитда лихенизация ўчоги кўпинча битта ва маълум соҳаларда
жойлашади. Айниқса бўйиннинг орқа юзаси, энса соҳаси, соннинг ички юзаларида, думба
оралиғи бурмасида, шунингдек жинсий аъзолар терисида, катта бўғимларнинг букилувчи
соҳаларида кўпроқ кузатилади. Касаллик қўшимча қаттиқ қичишиш билан ўтади. Қичишиш
локал характерга эга бўлиб, кечки пайтлари ва тунда зўраяди. Дастлаб тери-нинг қичийдиган
соҳаларида тошма элементлари кузатилмайди. Қашиниш натижасида қичишадиган
соҳаларда аста-секин тугунчалар ҳосил бўлади. Тугунчалар деярли барча ҳолларда қаттиқ,
баъзан қаттиқроқ бўлиши мумкин. Папулаларнинг усти кепаксимон қипиқлар билан
копланган. Касалликнинг ривожланиш жараѐнида папулалар бир-бири билан қўшилиб,
турли шакл ва ҳажмдаги пилакчалар ҳосил қилади. Нейродермит пилакчалари оч пушти
рангдан то қорамтир қизғиш ранггача бўлиб, юзаси ясси ва кўпинча айлана ва овал шаклни
олади. Пилакчалар ҳосил бўлиш жараѐни зўрайиши натижасида тери манзараси кучаяди,
яъни касаллик ўчоғининг сатҳи нотекис ва ғадир-будур бўлиб, тери пушталари яққол кўзга
ташлана бошлайди, тери сарғиш тус олади. Яғирланиш (лихенизация) мана шу йўсинда
шаклланади. Чегараланган нейродермит одатдагича кечаѐтган терининг зарарланган
соҳасида уч зонани кўриш мумкин:
1)
марказий зона- яллиғланиш шаклланган жой;
2)
ўрта зона - тугунчалар тўплана бошлаган жой;
3)
ташқи зона - тери гиперпигментацияга учраган жой.
Мазкур клиник белгиларнинг кузатилиши беморга ташхис қўйишни осонлаштиради.
Чегараланган нейродермитнинг қўзиган даврида ўткир яллиғланиш белгилари
ривожланмаган эритематоз доғ кузатилиб, бунда папулѐз тошмаларнинг гуруҳлашган,
терининг кўчиб тушиши, қичишишнинг зўрайиши диагностикага ѐрдам беради.
Нейродермитни даволаш комплекс ҳолда олиб борилиши лозим. Бунда марказий нерв
системаси фаолиятини нормаллаштирувчи дорилар: бром препаратлари, тинчлантирувчи
воситалар, транквилизаторлар яхши наф беради. Триоксазин, элениум, седуксен, мепротан,
мепробоматлар кенг қўлланилади.
Антигистамин дориларни (димедрол, пипольфен, дипразин, супрастин, диазолин, задитен)
навбат билан ва танлаб қўллаш қичишишни камайтириш билан бирга аллергик
тошмаларнинг олдини олади, шунингдек бошқа қўшилиб келган аллергик касалликларнинг
кечишини енгиллаштиради. Витаминларнинг В гуруҳи, никотин кислота, А ва Е
витаминлари кўпроқ наф қилади. Улар яғирланиш ўчоқларининг сўрилишини тезлаштириш
билан бирга маълум даражада сенсибилизацияни пасайтиради.
Юқорида санаб ўтилган дорилар кам наф берган ҳолларда глюкокортикоидлар
қўлланилади. Кўпинча преднизолон, унинг унумлари маълум схема асосида берилади.
Нейродермитни даволашда гипноз, электр ѐрдамида ухлатиш ва турли тинчлантирувчи
муолажалар ўтказиш муҳимдир. Айниқса электр уйқуни гипноз билан бирга қўллаш ва шу
муолажа жараѐнида глюкокортикоид гормонларни кам миқдорда бериш қичишишнинг
сезиларли камайишига олиб келади. Бемор болалар тинчланиб, касаллик элементларининг
сўрилиши тезлашади.
Сероводородли ва кремнийли сувларда чўмилиш, буйрак усти бези соҳаларига
диатермия қўллаш, очиқ ҳавода сайр қилиш даволаш самарадорлигини оширади. Турли
шифобахш ўсимликлар қўшилган сувда чўмилиб, сўнгра терига озиқлантирувчи кремлар
суртиш териси қуруқ беморларга жуда фойдали бўлади.
Маҳаллий қўлланиладиган дорилардан нафталан, қатрон, олтингугурт, ихтиол ва АСД
суюқлигидан тайѐрланган малҳамлар суртилади. Аллергик тошма элементларига
кортикостероид малҳамлардан синалар, целестодерм, локакортен, лоринден ва
преднизолонлар яхши наф беради. Йиринглаган соҳаларга анилин бўѐқлари, оксикорт,
гиоксизон суртган маъқул.
Эшакем
(urticaria) терида кузатиладиган аллергик касалликларнинг типик вакилидир.
Кўпгина олимларнинг фикрига қараганда эшакем токсико-аллергик дерматоз ҳисобланади.
Эшакемнинг ривожланишида озиқ овқат маҳсулотларидан келиб чиқадиган аллергия муҳим
роль ўйнайди. Шунингдек чегараланган йирингли инфекция ўчоқлари (тонзиллит, отит,
гайморит, пиелонефрит), гижжаларнинг бир неча турларидан зарарланиш, овқат ҳазм қилиш
аъзоларининг касалликлари (гепатит, гастрит, энтерит, колит) эшакем ҳосил бўлишига сабаб
бўлади. Дори-дармонларни пала-партиш қўллаш, айниқса кўп миқдорда антибиотиклар,
иситмани пасайтирадиган препаратлар қабул қилиш ҳам эшакемга олиб келаяпти.
Эшакемнинг патогенезида антиген-антитана реакцияси муҳим роль ўйнайди.
Организмнинг секин-тез типдаги сезувчанлигининг ошишига турли аллергенлар (микробли,
озиқ-овқат, дори моддалари, гижжалар ва бир ҳужайралилар) сабаб бўлади. Бу экзоген ва
эндоген аллергенлар қон ва тўқималарда кўп миқдорда гистамин ҳосил бўлишига олиб
келади. Ортиқча миқдорда ҳосил бўлган гистамин тўқималарга токсик таъсир этади,
жумладан қон томирлари ва капиллярларини кенгайтиради, томирдар ўтказувчанлигини
оширади ва ниҳоят аллергик яллиғланиш келтириб чиқаради. Эшакемда кузатиладиган
бўртма, яъни қаварчиқ (urtica)нинг ҳосил бўлиш негизида ана шу гистамин реакцияси ѐтади.
Эшакем жараѐнинг кўпайишига ва сурункали тус олишига бошқа биологик актив моддалар
(серотонин, ацетилхолин, брадикинин) ҳам ѐрдам беради.
Эшакемни келтириб чиқарувчи омиллар ичида вегетатив нерв системасининг
аҳамиятини, унинг маркази бўлмиш гипоталамус фаолиятини алоҳида таъкидлаш зарур.
Эшакемнинг холинергик тури бунга мисол бўлади. Холинергик эшакемда ацетилхолин
худди гистаминдек томир ва капиллярлар реакциясини юзага чиқариб, аллергик
яллиғланишни шакллантиради. Сурункали эшакем ривожланишига сабабчи бўладиган
омилларга ҳомиладор аѐлларда кузатиладиган токсикоз ҳолати ҳам киради. Шунингдек
турли хил хавфли ўсмалар, қон касалликларида ҳам эшакем кузатилади. Сурункали эшакем
совуққа ѐки қуѐш нурларига сезувчанликнинг ошиши натижасида ҳам ривожланади.
Эшакемни келтириб чиқарадиган сабабларнинг туридан катъи назар барчасида
организмнинг ирсий хусусиятларини, атопик ҳолатларини, тўқималар мочс келиши бош
системасининг (HLA соҳаси) ролини ѐдда тутмоқ даркор.
Болаларда кузатиладиган эшакемнинг тўрт турини фарқ қилиш лозим: ўткир,
Квинкенинг чегараланган шиши, сурункали қайталама ва чидамли тугунчасимон сурункали
эшакемлар.
Ўткир эшакемда бўртма (қаварчиқ)лар бехосдан жуда қисқа муддат ичида қавариб,
бўртиб чиқади. Тошма тошиши умумий ҳароратнинг кўтарилиши, ошқозон-ичак
фаолиятининг бузилиши ва турли невротик белгилар билан кечади. Қаварчиқ терини ҳар
қандай соҳасида пайдо бўлиб, тез муддат ичида изсиз йўқолиб кетади. Қаварчиқнинг
йўқолиши бошқа нохуш белгиларининг сусайиши билан кечади. Қаварчиқнинг бу турида
дори-дармонлар яхши наф беради.
Квинке шиши чегараланган, аммо ҳажм жиҳатидан катта бўртмалар пайдо бўлиши
билан таърифланади. Шу сабабли баҳайбат эшакем номини олган. Баҳайбат эшакемда ҳам
турли бошқа белгилар кузатилиб, ўткир эшакем белгилари билан ҳам кечиши мумкин.
Квинке шиши юз териси, бурун-томоқ соҳаси ва жинсий аъзоларда кўп учрайди. Бунда тери
таранглашган, босиб кўрилганда қаттиқ оғрийди, бир оз қичиши ва ачишиши мумкин.
Баҳайбат эшакемнинг кекирдак ѐки томоқ соҳасида жойлашиши жуда хавфлидир, бу тезда
асфиксия, яъни бўғилишга олиб келади.
Сурункали қайталама эшакем бир неча йиллар давом этади. Тошмалар гоҳ қўзиб, гоҳо
йўқолиб, беморни ҳолдан тойдиради. Касаллик қўзиганда субфебрил ҳарорат, ошқозон-ичак
фаолиятида бузилишлар, артралгия, бош оғриғи, дармонсизлик каби нохуш белгилар
кузатилади.
Чидамли тугунчасимон эшакем одатда сурункали қичимадан сўнг пайдо бўлади,
аниқроғи қаварчиқли эшакем тугунчали эшакемга ўтади. Бунда пайдо бўлган тугунчалар
яллиғланиш белгилари билан кечади. Улар кўпинча қаттиқ, баъзан юмшоқроқ бўлади.
Тугунчалар қаварчиқнинг ўрнида пайдо бўлиб, бўртманинг шакли ва ҳажмини такрорлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |